2021 йилда ҚҚСни ҳар чоракда тўлаш мумкинми

preview

2020 йилда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва ЭҲФни қўллайдиган ҚҚС тўловчилар ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлишган . Бугунги кунда улар учун ҳисоб-китобнинг электрон шакли ёпилган. Бу улар ҚҚСни ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиш ва тўлашга ўтишлари кераклигини англатадими? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ ҚҚС бошқармаси бошлиғи Беҳзод ИСАҚУЛОВ тушунтирди:

– Энг аввало шуни маълум қилишни истардимки, товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган тадбиркорлар илгаригидек ҚҚСни ҳар чоракда тўлашлари мумкин.

Президентнинг ПФ-5978-сон Фармони ушбу норма 2021 йил 1 январга қадар амал қилишини назарда тутган. Бироқ 30.12.2020 йилдаги ЎРҚ-659-сон Қонуннинг қабул қилиниши билан СКнинг 259-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди: “Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак ҳисобланади”.  Яъни энди ушбу норма муддатсиз бўлди. Ва эндиликда бу ҳуқуқ эмас, балки белгиланган нормадир: айланмаси 1 млрд сўмдан ошмайдиган барча ҚҚСни ҳар чораклик асосда тўлайди.

2020 йилда ушбу тоифа ва солиқ тўловчилар учун амал қилган Ҳисоб-китобнинг электрон шакли ёпилган, сабаби 2021 йилда уни янги шакл бўйича топшириш зарур бўлади. Шакл my.soliq.uz да жорий йилнинг I чораги якунига яқин жойлаштирилади.

Агар сизнинг айланмангиз 1 млрд сўмдан ошмаса, солиқ маъмурчилигида хатони истисно қилиш учун солиқ органларига шахсий кабинет орқали хабарнома жўнатишни тавсия қиламиз (10012_1-сон шакл my.soliq.uz порталида электрон солиқ ҳисоботи шакллари таркибида жойлаштирилган).

Шуни назарда тутинг: солиқ органлари хабарномага жавоб беришмайди, дастлабки ҳолатда уни эътиборга қабул қилишади.

Агар ҳисобот чораги ойларидан бирида солиқ тўловчининг айланмаси 1 млрд сўмдан ошса, у ҚҚСни чоракда бир марта тўлаш ва у бўйича ҳисобот топшириш ҳуқуқини йўқотади. Бу ҳолда у солиқни ҳар ойда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга ўтиши керак.

Солиқ органлари солиқ тўловчини у солиқни ҳар чоракда тўлаш ҳуқуқини йўқотганлиги ҳақида хабардор қилишади, бироқ бундай билдиришномани кутиб туриш шарт эмас.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади