Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи хизматлар импортидан ҚҚС бўйича ҳисоботни қандай топширади

preview

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бўлган корхона чет эллик юридик шахс билан хизматлар импорти учун контракт тузди. Бажарилган ишлар далолатномаси ҳар ойда расмийлаштирилади. Чет эллик ҳамкорда Ўзбекистонда доимий муассаса мавжуд эмас, у ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйилмаган. ҚҚС ҳисоб-китобларини қандай муддатларда тақдим этиш зарур? Улар ўсиб борувчи ёки ўсиб бормайдиган якун билан тўлдириладими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга Молия вазирлигининг Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:


- Солиқни тўлаш солиқ тўловчини ушбу Кодекс билан унинг зиммасига юклатилган солиқ агентининг мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди . Ўзбекистон норезиденти томонидан кўрсатиладиган хизматлар импорти учун контрактга мувофиқ равишда, Ўзбекистон корхонаси ҚҚС бўйича солиқ агенти ҳисобланади, башарти уларни реализация қилиш жойи - Ўзбекистон бўлса .


ҚҚС бўйича мажбурият қачон юзага келади

Асосий қоидага биноан, башарти хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади . Бироқ чет эл ташкилоти томонидан кўрсатилган хизматлар СКнинг 241-моддаси 1-10-бандларида келтирилган бўлса, хизматларни реализация қилиш жойи  махсус қоидалар бўйича аниқланади.

Масалан, Ўзбекистон корхонаси Қозоғистон юридик шахси билан махсус техникага хизмат кўрсатиш учун шартнома тузди. Агар кўчар мулк (махсус техника) билан боғлиқ хизматлар ҳақиқатда Ўзбекистон ҳудудида кўрсатилса, ҚҚС бўйича солиқ агенти мажбурияти Ўзбекистон корхонасига юклатилади .

Эътибор беринг!
Агар хизматлар кўрсатиш асосий хизматларни реализация қилишга нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, бундай реализация қилиш жойи деб асосий хизматлар реализация қилинган жой эътироф этилади .

Ўзбекистон корхонаси, солиқ агенти сифатида, у ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигидан қатъи назар солиқ суммасини ҳисоблаб чиқариши, чет эллик шахсдан ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт .

Эътибор беринг!
СКнинг 243-245-моддаларида келтирилган, солиқ солишдан озод этилган хизматларга ҚҚС солинмайди.

Агар контракт шартларига мувофиқ чет эллик ҳамкор ҚҚСни ҳисобга олмасдан хизмат кўрсатса, улар бўйича солиқ базаси кўрсатилган хизматлар қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқни ҳисобга олмасдан аниқланади. Бу ҳолда солиқ агенти мустақил равишда солиқ суммасини ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт .

Мисол
Норезидентлар хизматлари бўйича ҚҚС суммасини аниқлаш

 

1. Чет эллик шахс томонидан кўрсатилган маркетинг хизматларининг контракт қиймати - $23 000, шу жумладан ҚҚС – $3 000. Ўзбекистон корхонаси солиқни МБ курси бўйича сўмда $3 000 миқдорида тўлайди, чет эллик ҳамкорга эса $20 000 ўтказади.

2. Чет эллик шахс томонидан кўрсатилган маркетинг хизматларининг контракт қиймати - $20 000 ҚҚСсиз. Ўзбекистон корхонаси чет эллик ҳамкорга $20 000 ўтказади ва ўз маблағлари ҳисобидан МБ курси бўйича сўмда $3 000 миқдорида солиқ тўлайди.

Солиқ хизматларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган (ҳисобварақ-фактура, бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномаси ёки бошқа ҳужжат имзоланган) санада МБ курси бўйича сўмда ҳисоблаб чиқарилади  .


ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш муддати

ҚҚС тўловчилар ҳисобланмайдиган солиқ агентлари учун хизматлар импортидан ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг алоҳида муддати белгиланган: солиқ тўлаш амалга оширилган ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай .

Умумий қоида бўйича ҚҚС бўйича солиқ даври - бир ой . Бунда СКнинг 259-моддаси  2-қисмининг товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даврини чорак этиб белгилаш тўғрисидаги қоидаси айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга дахл қилмайди, сабаби улар ҚҚС тўловчилар ҳисобланмайди, балки фақатгина солиқ агентлари функциясини бажаради.

Шу тариқа, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китобини:

  • фақат солиқ тўланган ойлар учун (ўсиб бормайдиган якун билан);
  • улар ҚҚСни бюджетга ўтказган ойдан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай тақдим этишлари лозим.

Мисол учун, агар 2021 йил мартда хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилган ва солиқ тўланган бўлса, ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этишнинг сўнгги куни - 2021 йил 20 апрель.

Эътибор беринг!
Чет эллик шахслардан товарларни (хизматларни) сотиб олишда ҚҚСни қандай ҳисоблаб чиқариш ҳақида бу ерда батафсил ўқинг.