Божхона тўловларини ташқи юридик шахс тўлаган бўлса

preview

Чет эл компанияси “А” корхонасига ускунага эҳтиёт қисмларни бепул топширди. БЮД бўйича юкни олувчи - “А” корхонаси. Чет эл компаниясининг топшириғига биноан божхона расмийлаштирувини Ўзбекистон резиденти бўлган “Б” компанияси амалга оширди. У ИМ-70 ва ИМ-40 режимларига расмийлаштиришда “А” компанияси учун барча тўловларни тўлади.

Ушбу божхона тўловларини бепул олинган эҳтиёт қисмлар таннархига киритиш зарурми? Буни “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтирди:

 

– Ташкилот томонидан бепул олинган ТМЗнинг таннархи уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиниш санасидаги жорий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

ТМЗнинг қуйидаги қиймати унинг жорий қиймати ҳисобланади :

  • маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари бўйича;

ёки

  • бир-биридан мустақил, хабардор ва бундай битимни амалга оширишни хоҳловчи тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма.

Агар ташкилот томонидан ТМЗ бепул (ҳадя шартномаси бўйича) олинаётганда 4-сон БҲМСнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар амалга оширилса, шу жумладан - божхона божи, йиғимлар ва қопланмайдиган солиқларни тўланса, ТМЗнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига оширилади .

Божхона тўловлари тўланган тақдирда импорт қилинган товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилиши мумкин .

“А” корхонаси божхона расмийлаштирувига чиқим қилмаганлиги боис, таннархни божхона тўловлари суммасига оширмаса бўлади. Бироқ, агар эркин ички бозорда бундай эҳтиёт қисмлар бўлмаса ва уларнинг бозор қийматини аниқлаш мураккаб бўлса, уларни эҳтиёт қисмларни сотиб олиш учун етарли бўлган сумма бўйича кирим қилиш зарур. Бепул олинган импорт қилинган эҳтиёт қисмларнинг жорий қийматини аниқлашда тўловлар учинчи шахс томонидан тўланган бўлса ҳам уларнинг қийматида божхона тўловлари ҳисобга олинган бўлиши керак.

Бунда “А” компанияси “божхона” ҚҚСни ҳисобга ололмайди , сабаби у ҳақиқатда солиқни тўламаган.

Эслатиб ўтамиз

Бепул олинган мол-мулк қиймати жами даромадга киритилади ва фойда солиғи солинади . Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун ушбу даромадга ҳисобот даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади .