Бўнак тушумларига ҚҚС солиш огоҳлантиришсиз бошландими?

preview

Кўп тадбиркорлар ҳисобга олиш дастурида сотишлар реестрида бир кеча давомида қаердан олинганлиги номаълум бўлган суммалар пайдо бўлаётганлигига эътибор қаратишди. Эҳтимол, бу онлайн-НКМ кўрсаткичлари, эҳтимол - келиб тушган бўнак тўловлари. 1 апрель куни кечқурунга келиб ДСҚнинг расмий тушунтириши чиқди. Buxgalter.uz учун вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:


- Бизда 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ мавжуд, унда хизматлар/товарларни чакана сотиш мавжуд бўлганда, кейинги ойнинг 5 кунига қадар бир томонлама ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши зарурлиги ёзилган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ бухгалтерлар ой давомида ўз ҳисобварақ-фактураларини жўнатишган. Реестрни очганда эса тизим қайта созланганлигини ва айни бир ҳисобварақ-фактуралар бўйича иккиёқлама ҳисобга олиш амалга оширилганлигини ва тегишинча - реализация қилиш икки марта ошганлигини кўрган. Дастурда, бироқ амалда эмас.

Қаердан олинганлиги номаълум бўлган суммаларнинг сотишлар реестрида пайдо бўлаётганлигининг иккинчи эҳтимолий сабаби огоҳлантиришсиз бўнакларга ҚҚС солишнинг бошланганлиги бўлиши мумкин. Агар ўз-ўзидан ва тўсатдан ўтиш шу тариқа рўй берган бўлса, ечими ҳеч қандай тарзда ўйланмаган муаммолар юзага келади.

Мисол учун, агар мен уяли алоқа учун апрель ойи учун 31 мартда ҳақ тўласам, операторда ушбу сумма март учун тушумга ўтирган, бироқ ҳақиқатда у апрель учун тушум ҳисобланади. Бу - шартли мисол, сабаби операторларда оммавий оферта мавжуд ва тушумни аниқлаштириш осонроқ. Бироқ ҳаммада ҳам бундай эмас. Бўнакларни кўплар олишади - мебеллар ва пластик ромлар ишлаб чиқарувчилардан бошлаб қурилиш-пудрат ташкилотларигача.

Ўзбекистонда ҳисобга олишда касса усули эмас, балки ҳисоблаш усули қабул қилинган, кассага жуда кўп ҳолларда бу қайсидир давр учун тушум эканлигини билдирмайдиган пуллар келиб тушади.


Юзага келган вазият бўйича таклифлар:


1. Жорий этилаётган ўзгартиришлар бўйича эълонлар ва тушунтиришлар

Агар чакана сотишлар энди автоматик тарзда сотишлар реестрига ўтирадиган бўлса, қуйидагиларни амалга ошириш лозим эди:

  • бу ҳақда солиқ тўловчиларни олдиндан огоҳлантириш;
  • эҳтимолий сотиш ҳолатлари - товарларни қайтариш, воситачилик савдоси, бўнаклар ва ҳ.к.ни батафсил тушунтириш.


2. Уларни жорий этгунга қадар Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш
 

Бўнаклардан ҚҚС ҳисоби касса усулидан фойдаланишни назарда тутади. Уни жорий этиш учун СКга тегишли ўзгартиришлар зарур. Ҳозирги вазиятда эса огоҳлантириш бўлмади, СКга ўзгартиришлар бўлмади, бироқ бунда маблағлардан барча бўнак тушумлари ҚҚС солиш остига тушди.

Бухгалтерлар қандай йўл тутишлари лозим?


3. Тушунтиришлар билан техник носозликлар тўғрисида эълонлар - вазият қандай ҳал қилинади

Агарда 5-иловада тушум реестрида пайдо бўлаётган суммалар - ноқонуний, техник тусдаги хато ҳисобланса, солиқ тўловчиларга тезкор тушунтиришлар ва вазиятни тузатиш зарур (2021 йил январь ва февраль учун маълумотлар пайдо бўлган ва уларни кейинроқ регулятор олиб ташлаган).

Илгари buxgalter.uz 23 март куни ДСҚ ташаббусига кўра ЭҲФ бўйича тўпланиб қолган муаммоларни муҳокама қилиш учун ўтказилган “давра суҳбати” якунлари ҳақида ёзганди (бу ерда ва бу ерда). Тадбирда Молия вазирлиги бўнакларга ҚҚС солинмаслиги, бу солиқ маъмурчилигида муайян қийинчиликлар туғдираётганлиги боис бўнаклардан ҚҚС тўлашни жорий қилиш имкониятини таҳлил қилишни режалаштираётганлиги маълум қилинганди. Бироқ ўзгартиришлар апрелнинг ўзидаёқ кучга кириши ҳақида гапирилмаганди.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади