Ижара учун тўлов ХМИ маблағлари ҳисобидан тўланганда

preview

“Корхона (ҚҚС тўловчиси, асосий фаолият тури – биноларни офис учун ижарага бериш) чет эл компаниясининг ДМ билан ижара шартномасини тузди. Ижарага олувчида 02.05.2017 йилдаги ПҚ-2947-сон қарорга асосан ОТБ қарзи ҳисобидан тўлов билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан контракт мавжуд (Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши). Чет эл компаниясининг ДМ учун офисни ижарага бериш хизмати ҚҚСдан озод қилинадими?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА жавоб берди:

 

– Халқаро шартномалар бўйича 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган, тўлиқ ёки қисман ХМИ ва ХҲМТнинг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага ҚҚС ва акциз солиғи солинмайди .

Ушбу норма Ўзбекистоннинг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган ХМИ ва ХҲМТнинг маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан қўлланилмайди .

ХМИ ва ХҲМТнинг қарзлари ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар), агар уларни солиқдан озод этиш қонунда назарда тутилган бўлса, ҚҚСдан озод қилинади .

Ўзбекистонга “Барқарор гидроэнергетика” (Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши) лойиҳасини амалга ошириш учун кредит маблағларининг ажратилиши ОТБ директорлар кенгашининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори билан маъқулланган, яъни – 2020 йилнинг 1 июлига қадар.

Норезидентнинг доимий муассасаси юридик шахс ҳисобланмайди, лекин чет эл юридик шахси номидан ҳаракат қилади.

Шу тариқа, корхонанинг бинони чет эл компаниясининг доимий муассасасига ижарага бериш бўйича хизматлари 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-моддаси асосида ҚҚСдан озод қилинади, башарти улар ХМИ ва ХҲМТнинг қарзлари (кредитлари) маблағлари ҳисобидан сотиб олинган бўлса.