Ишлаб чиқариш циклли тусга эга бўлганда ва қурилиш тугалланмаганда ДСИга қандай жавоб бериш лозим

preview

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра солиқ органлари жўнатган талабномаларга жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият: Корхона 2014 йилдан ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. 2014 йил учун камерал назорат натижаларига кўра ДСИ органлари корхонада 1.01.2015 йил ҳолати бўйича 6 346 030,0 минг сўмлик суммадаги ТМБ қолдиғи мавжудлигини аниқлаган эдилар. ДСИ талабномасида айтилишича, кўрсатилган ТМБ қолдиғи ҳақиқатга тўғри келмайди, аслида, ташқи манбалардан олинган маълумотлардан келиб чиқилса, ТМБ реализация қилинган. Тегишинча, 2014 йил охирида Бухгалтерия балансида (140-сатрда) кўрсатилган ТМБ қолдиқлари қийматидан 20%лик ставкада ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш талаб этилган.

Компаниянинг позицияси: Барча ТМБ мавжуд бўлган ва кейинги солиқ даврида (2015 йилда) фойдаланилган. 2014 йил якунларига кўра кўрсатилган ТМБ, шу жумладан тайёр маҳсулотлар қолдиғи реализация қилинмаган. Шу муносабат билан ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон талабномангизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

2015 йил учун «Бухгалтерия баланси» 1-сон шакли 140-сатри (товар-моддий захиралар) «Ҳисобот даври бошида» устунидаги сумма 6 346 030,0 минг сўмни ташкил этган, шундан:

  • 150-сатр (ишлаб чиқариш захиралари) – 3 532 554,0 минг сўм – тайёр маҳсулотларни тайёрлаш мақсадида кейинчалик ишлаб чиқариш циклида фойдаланиш учун илгари харид қилинган хом ашё ва материаллар. Бунда кўрсатилган материаллар билан уларни реализация қилиш оборотига боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатлар амалга оширилмаган.
  • 160-сатр (тугалланмаган ишлаб чиқариш) – 76 454,0 минг сўм, 1.01.2015 йил ҳолати бўйича тугалланмаган ишлаб чиқариш жараёни натижасида олинган ярим тайёр маҳсулотлар қийматидан юзага келган сумма. 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»га (17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, кўрсатилган сумма тўғридан-тўғри моддий харажатларни ҳам, ишлаб чиқариш учун қўшимча харажатларни ҳам ўз ичига олган. Ушбу сумма кейинги солиқ даврида (2015 йилда) тайёр маҳсулотлар таннархига тақсимланган.
  • 170-сатр (тайёр маҳсулотлар) – 2 737 022,0 минг сўм. Кўрсатилган сумма 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»га (17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган), шунингдек ташкилотимизнинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ шакллантирилган тайёр маҳсулотлар таннархини акс эттиради. 2014 йил охиридаги ҳолатга кўра тайёр маҳсулотлар қолдиғи ҳали реализация қилинмаган ва, тегишинча, ушбу сумма 1.01.2015 йил ҳолати бўйича қолдиқ сифатида ўтган. Бунда 2015 йилда тайёр маҳсулотларнинг бутун қолдиғи реализация қилинган. Бинобарин, реализация қилинган маҳсулотларнинг кўрсатилган суммалари 2015 йил учун солиқ ва молиявий ҳисоботларни тақдим этиш чоғида, шу жумладан ҚҚС ҳисоб-китобида – 8-иловада инобатга олинган.      

Шу билан бирга, реализация қилинган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 8-илова) мувофиқ 2015 йил якунларига кўра солиқ солинадиган реализация қилиш обороти 10 240 670 минг сўмни ташкил этганини маълум қиламиз. Харид қилинган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрларига (ҚҚС ҳисоб-китобига 7-илова) мувофиқ сумма 3 175 769 минг сўмни ташкил этган. Солиқ кодексининг 218-моддасига мувофиқ ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш чоғида ушбу сумма ҳисобга олиниши лозим. Бу билан ташкилотимиз 2015 йил учун ҳисобланган ҚҚС суммаси ДСИ талабномасида кўрсатилган суммадан кўп эканлигини кўрсатмоқда.

Юқорида баён этилганларга кўра, шунингдек Солиқ кодексининг 199, 219, 224-моддалари, 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»нинг 9, 11, 12-бандлари асосида 2015 йил учун ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги талабнома асоссиз деб ҳисоблаймиз.

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини

бош бухгалтер Акбар Шоисломов тайёрлади.