ҚҚС ҳисоб-китоби шакли (10006_14) билан қандай муаммо бор

preview

my.soliq.uz да Электрон ҳисоботлар таркибида ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шакли (шакл коди - 10006_14) пайдо бўлди. 10006_13 кодли эски шакл жўнатиш учун ёпиқ. Бироқ янги шакл билан ҳам ҳозирча ҳаммаси жойида эмас. Buxgalter.uz ушбу масалани ДСҚда аниқлаштирди.

Биринчидан, 10006_14 кодли ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шаклида 4 ва 5-иловаларда баъзи сатрларни қўлда тўлдиришнинг имкони йўқ (оч бинафша ранг билан ажратилганлари):

  • 4-иловада “Ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) Реестри” – “Йил бошидан жами (солиқ даври бошига қадар) сатри”;
  • 5-иловада “Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) Реестри” – “Солиқ даври бўйича жами” сатри.

Энди мазкур сатрлар ДСҚ тизими томонидан E-factura тизими маълумотлари асосида тасдиқланган ЭҲФнинг кирувчи ва чиқувчи кўрсаткичларидан келиб чиқиб автоматик тарзда тўлдирилади. Жараён 20 июнга қадар чўзилмаслиги учун контрагентларни тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни имзолашга шошилтиришга тўғри келади.

Иккинчидан, жисмоний шахсларга нақд пул маблағларига товарлар, хизматларни реализация қилиш суммалари қандай тўлдирилиши ҳозирча тушунарли эмас.  Илгари мазкур кўрсаткичлар 5-иловада “Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) Реестрида – умумий  сумма билан ҳисобот ойининг сўнгги санасига кўрсатилган. Энди эса бунинг ҳаммаси автоматик тарзда тўлдирилади.

Афтидан бундай вазиятда ушбу кўрсаткичлар ҚҚС ҳисоб-китобига 5-иловада акс этиши учун энди ЭҲФни бир томонлама тартибда тақдим этиш лозим бўлади.

ДСҚ оғзаки шарҳларида маълум қилишича, барча ушбу масалалар шу кунларда ҳал қилинади, янги шакл ҳали қайта ишланмоқда. Шу боис бироз кутиш лозим.

Кутамиз, албатта, нима ҳам қила олардик! Ҳозирча эса эслатиб ўтамиз: ҚҚС ҳисоб-китоби ўсиб бормайдиган якун билан, айнан 2020 йилнинг май ойи учун кўрсаткичлар билан тўлдирилади . ҚҚС шаклларини тўлдиришнинг муайян ўзига хос жиҳатларини сиз my.soliq.uz да мазкур шаклга Йўриқномада ҳам кўришингиз мумкин.

2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ҚҚС тўловчилар ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга ҳақли. Бундай тўловчилар чоракнинг биринчи ойи учун солиқ тўлашнинг биринчи муддати келишидан кечиктирмай (яъни май учун – 20 июндан кечиктирмай) солиқ органларига тегишли хабарномани тақдим этишлари керак (шакл my.soliq.uz да жойлаштирилган, шакл коди – 10012_1) .

Юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2020 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот хабарининг I бўлими 8-бандига асосан ҳисобварақ-фактуралар, қоидага кўра, электрон шаклда ёзилиши назарда тутилган.

2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт.

 

Эътибор беринг
2020 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органлари ЭҲФ тақдим этишнинг белгиланган тартиби бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллайдилар. Шу жумладан – буни амалга ошириши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан улар электрон шаклда тақдим этилмаганлиги учун.

 

Татьяна ЛИМАРЕВА