ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши муносабати билан ўтувчи контрактларга қандай тузатиш киритилади?

preview

ҚҚС ставкасининг 2019 йил 1 октябрдан 15%гача пасайтирилиши нафақат корхонага солиқ юкини пасайтирди, балки бир қатор саволларни қўйди. Улардан бири – 20 фоиз солиқ ставкасида тузилган ва ҳозир ҳам амал қилаётган ўтувчи контрактлар билан қандай йўл тутиш лозим. Шартномада ҚҚС ставкаси ўзгаришини қандай тўғри назарда тутиш ва қандай ҳолларда буни амалга ошириш лозимлиги ҳақида buxgalter.uz порталига Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон АЛЛАНАЗАРОВ сўзлаб берди.

Ўтувчи контрактлар нима дегани?

Корхоналар ўртасидаги шартномалар кўпинча узоқ муддатга тузилади.

Шу боис амалдаги контрактларнинг кўпи ҚҚС ставкаси 20%га тенг бўлган даврда имзоланиб, унинг пасайтирилиши тахмин қилинмаган эди. Президентнинг ПФ-5837-сон Фармони чиқиши билан корхоналар раҳбарлари олдида ўтувчи шартномаларга ўзгартиришлар киритиш масаласи кўндаланг бўлди. Чунки 1 октябрдан бошлаб имтиёзли тоифалар ва ноль даражали ставкадан ташқари реализациянинг бутун ҳажмига 15% ставка бўйича  солиқ солинади.

Эътибор беринг! Шартнома қоидалари билан юк жўнатиш ҳужжатлари ўртасидаги номувофиқлик ҳам контрагентлар, ҳам текширувчи органлар билан талай муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳар қандай турдаги битим: ижара, олди-сотди, пудрат ва ҳ.к. шартномаларига тегишли. 

Бироқ ҳамма ҳам ҚҚС ставкаси пасайишини шартномада акс эттириши зарур эмас. Ким ўз контрактини ўзгаришсиз қолдириши мумкинлиги, ким қўшимча келишув тузиши лозимлигини кўриб чиқамиз.

Ким шартнома шартларини ўзгартирмаса бўлади?

Биринчи навбатда – ҚҚС тўламайдиган имтиёз эгалари, шунингдек 0% ставка бўйича ҚҚС тўлайдиган ёки уни соддалаштирилган тартибда ҳисоблаб чиқадиган ва тўлайдиганлар.

Ноль даражали ставкадан асосан экспорт қилувчилар фойдаланади .

Соддалаштирилган тартибда ҚҚС ставкаси корхонанинг фаолият турига боғлиқ .

Бу ҳолларда қўшимча келишув зарур эмас.

У шартномада ҚҚС ставкаси кўрсатилмаган тақдирда ҳам зарур эмас.

Мисол. Шартномада ҚҚС ставкаси кўрсатилмаган

Шартномада: “товар бирлигининг нархи – 500 000 сўм ҚҚСсиз” дейилган. Бу ҳолда барча юклаб жўнатиш бўйича 30.09.2019 йилгача бир бирлик ҳисобида 100 000 сўм, 01.10.2019 йилдан бошлаб эса – бир бирликка 75 000 сўм ҚҚС ҳисобланади.

Шунингдек, шартнома матнини ҳам ўзгартирмаса бўлади. Шу типдаги контрактлар ҳар бир юклаб жўнатиш бўйича қиймат алоҳида келишилишини назарда тутади. Бунинг учун тарафлар шартнома ёки спецификацияга иловани имзолайдилар. Бу ерда ҳам ҳаммаси тушунарли – 01.10.2019 йилдан бошлаб ҳужжатларни 15% ставкани инобатга олган ҳолда расмийлаштириш лозим, асосий контракт матни эса ўзгаришсиз қолади.

Яна битта вариант бор, унда илгари тузилган контрактларни ўзгартирмаса бўлади. Гап шартномада сотувчининг ҚҚС ўзгарганда нархни ўзгартириш ҳуқуқи белгиланган вазиятлар хусусида. Бироқ узоқни кўра биладиган бундай раҳбарлар жуда кўп бўлмаса керак.

Шартномага ўзгартиришлар қандай киритилади?

Қолган барча шартномада ҚҚС пасайтирилганлигини инобатга олишига тўғри келади. Яхшиси қўшимча келишув тузган маъқул. Асос сифатида Президент Фармонини ҳавола қилиш мумкин.

Мисол. Ўзгартиришларни  қўшимча келишувда асослаш

«Товар бирлигининг нархи ҚҚСсиз 500 000 сўмни ташкил этади. 26.09.2019 йилдаги ПФ-5837-сон Фармоннинг 1-бандига мувофиқ 1.10.2019 йилгача реализация қилинганда 20% ставка бўйича ҚҚС ҳисобланади, 01.10.2019 йилдан кейин реализация қилинганда – 15% ставка бўйича ҚҚС ҳисобланади».

Қайси шартномаларни тузатиш лозим?

Қуйидагиларни ўз ичига олган шартномаларни тузатишга тўғри келади:

1.  Товар қиймати «20% ҚҚСни инобатга олган ҳолда» кўрсатилган.

Қандай тузатилади: қўшимча келишувда ҚҚС ставкаси 15%га ўзгартирилади:

  • товар нархи ва шартнома қиймати пасайтирилади;

ёки

  • товар нархи оширилади ва шартноманинг илгариги қиймати қолдирилади;

ҚҚС ставкаси ва шартнома суммасини ўзгартириш тўғрисидаги қўшимча келишув намунасини юклаб олиш;

2. Товар қиймати «ҚҚСни инобатга олган ҳолда» фоиз ставкаси кўрсатилмаган ҳолда ёзилган.

Қандай тузатилади: агар тарафлар товар нархини ва шартнома қийматини пасайтиришга келишишган бўлса, қўшимча келишув тузилади;

Қўшимча келишув намунасини юклаб олиш;

3. Товар нархи, ҳисобланадиган ҚҚС суммаси ва контрактнинг умумий суммаси алоҳида ёзилган.

Қандай тузатилади: қўшимча келишувда ҚҚС ставкаси 15%га ўзгартирилади:

  • товар нархи ва шартнома қиймати пасайтирилади;

ёки

  • товар нархи оширилади ва шартноманинг илгариги қиймати қолдирилади;

Агар сиз ўтувчи шартномаларда 15% ҚҚСни кўрсатмаган бўлсангиз, контрагентлар билан келишишга ва кейинчалик текширувларда саволлар юзага келмаслиги учун иложи борича тезроқ қўшимча келишувни имзолашга ҳаракат қилинг.

Бироқ ҳар доим ҳам келишиб олишнинг имкони бўлмайди. Агар етказиб берувчи амалдаги шартнома бўйича нархни пасайтиришга рози бўлмаса, харидор зарар кўради.

ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши боис тарафлар учун оқибатлар

Ҳисоб-китоб шартноманинг илгариги қиймати харидор учун манфаатли эмаслигини кўрсатди. Илгари қиймати 600 минг сўм (нархи 500 минг сўм ва ҚҚС 100 минг сўм) бўлганда у 100 минг сўмни ҳисобга олиши мумкин эди. Энди эса – қиймати 600 минг сўм миқдорида сақлаб қолинганда – у фақат 78,26 минг сўмни ҳисобга олиши мумкин. Яъни товар нархи унинг учун 521,74 минг сўмгача ошади, бу бошланғич нархга нисбатан 4,35% кўпдир.

Мисолдаги сумма катта эмас, бироқ амалиётда контракт қиймати кўпинча ўнлаб ва юзлаб миллион сўмга ҳисобланади. Шу боис шартномада нархнинг 4,35%га ўзгариши харидор учун товар нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин.

У ўз контрагенти билан келишиб олишга -  сотувчига агар товар қиймати ўзгармаса ҳақиқатда харидор ҚҚСни инобатга олмаган ҳолда келишилган суммадан кўпроқ тўлашини тушунтиришга уриниб кўриши мумкин.

Эътибор беринг! Молия вазирлиги ва ДСҚ ўз хатида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб реализация қилинадиган товарлар бўйича ҚҚС ставкаси шартномалар тузилган ва улар бўйича тўлов амалга оширилган санадан қатъи назар 15% миқдорида қўлланилишини тушунтирди . Бироқ тушунтиришда шартнома нархларини тузатиш тўғрисида ҳеч нима дейилмаган.

Шу тариқа, шартномаларни ўзгартириш тўғрисидаги қарор шартнома тарафлари ихтиёрида қолади, бундан бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар билан тузилган шартномалар мустасно.

Агар келишиб олишнинг имкони бўлмаса, шартномадаги нархни фақат суд орқали ўзгартириш мумкин.

Norma тавсия қилади
Келгусида низоли вазиятларнинг олдини олиш учун, шартнома тузишда товар қиймати, шу товарга ҚҚС суммаси ва контракт бўйича жами қийматни алоҳида кўрсатинг. Бу ҳолда харидор ҚҚС ставкаси ўзгарганда низолардан ҳимояланган бўлади, сабаби товарнинг қиймати қайд қилинган бўлади, ҚҚС эса амалдаги ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади.

Суд сотувчининг нарх ўзгаришига рози бўлишини талаб қилиши мумкинми?

Харидор учун суд истиқболини прогнозлаштириш мушкул. Қонунчиликдаги ўзгаришлар тарафларни шартнома шартларига тузатиш киритишга мажбур қилмайди. Қуйидаги ҳолларда истиснолар  мавжуд, агар:

1. Янги норматив ҳужжат бундай ўзгаришлар киритилишини тўғридан-тўғри буюрса .

2. Ҳолат жиддий ўзгарса ва у юзага келиши билан манфаатдор тараф зарар кўрса . Шундай ҳолатлар жиддий равишда ўзгарган ҳисобланадики, агар тарафлар уларни олдиндан кўра олган тақдирда, шартномани умуман тузмаган бўлишарди. Ёки – сезиларли равишда фарқ қиладиган шартлар билан тузишарди.

Суд қарорига асосан фақат бир вақтнинг ўзида қуйидаги барча шартларга риоя қилган ҳолда шартномани ўзгартириш мумкин:

1. Шартнома тузиш пайтида тарафлар ҳолатларнинг бундай ўзгариши содир бўлмаслигидан келиб чиқишган;

2. Ҳолатларнинг ўзгаришига манфаатдор тараф улар юзага келгандан кейин уларни енгиб ўтолмаган важлар сабаб бўлган;

3. Шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафларнинг мулкий манфаатларини шунчалик бузади ва манфаатдор томонга шундай зарар етказадики, у шартнома тузишда умид қилганидан сезиларли даражада маҳрум бўлади;

4. Иш муомаласи одатларидан ёки шартнома моҳиятидан манфаатдор тараф ҳолат ўзгариши хатарини бошдан кечириши келиб чиқмаса.

Бунда ҳолат жиддий ўзгариши муносабати билан шартномани ўзгартиришга суд қарорига кўра фақат шартномани бекор қилиш ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга шартномани суд томонидан ўзгартирилган шартлар асосида бажариш учун талаб қилинадиган харажатлардан анча ортиқ зарар келтирадиган ҳолларда йўл қўйилади .

Шу тариқа, сотувчи томонидан шартнома қийматини пасайтиришнинг рад этилишидан кўриладиган зарар жиддий эканлигини судга исботлаш осон бўлмайди. Контракт суммаси ҳақиқатда юқори бўлган тақдирда буни амалга ошириш осонроқ бўлади. Бироқ, мазкур ҳолда ҳам суд фақат тарафларнинг шартномани бекор қилишдан кўрадиган зарари унинг шартларини ўзгартиришдан кўрадиган харажатларидан анча ортиқ бўлган тақдирда шартнома шартларини ўзгартириш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Хулоса қиламиз

ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши муносабати билан аксарият тижорат ташкилотларида шартномаларга тузатиш киритиш зарурати юзага келади. Фақат имтиёзга эга бўлганлар, соддалаштирилган тартибдаги корхоналар ва контрактларида илгариги ҚҚС ставкасига тўғридан-тўғри ҳавола бўлмаганлар шартларни ўзгаришсиз қолдириши мумкин.

Бироқ сотувчилар нархнинг пасайтирилишидан манфаатдор эмаслар ва қўшимча келишув имзолашни рад этишлари мумкин. Бу ҳолда харидорнинг етказиб берувчига баландроқ нарх тўлашга мажбур бўлиш эҳтимоли бор. Масалани суд орқали ҳал қилиш натижаларини прогноз қилиш жуда қийин.