Реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланма бўлса, ҳисобга олинадиган ҚҚС қандай аниқланади

preview

“2022 йилнинг январидан октябрига қадар ташкилот фақат ҚҚСдан озод қилинган дори воситаларини сотди. ҚҚС бўйича ҳисоботда январь ойидан бошлаб ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлашнинг  мутаносиб усулини кўрсатиб келдик, бутун кирувчи солиқ ҳисобга олинмаган. Ноябрь ойидан бошлаб қўшимча равишда ҚҚС (15%) билан маиший кимё воситаларини сотишни бошладик. Шу боис алоҳида-алоҳида ҳисобни юритишни бошладик ва маиший кимё товарлари бўйича кирувчи ҚҚСни ҳисобга олмоқчи бўлдик. Бироқ тизим ҚҚС ҳисоб-китоби алоҳида-алоҳида усулни танлашда ҳисоб мутаносиб усул асосида эканлигига ҳавола берган ҳолда, хато кўрсатмоқда. Маиший кимё бўйича кирувчи ҳисобварақ-фактуралар бўйича суммани ҳисобга олиш учун ҚҚС ҳисоб-китобини қандай топшириш керак?”. 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:

 

– Агар 2022 йилнинг январь ойида корхона ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚСни аниқлашнинг мутаносиб усулини танлаган бўлса, 2022 йилнинг охирига қадар у алоҳида-алоҳида усулга ўтишга ҳақли эмас .

Ҳисоб-китобда ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси мутаносиб усул орқали – йил бошидан реализация қилиш бўйича умумий айланмада  маиший кимё товарларини реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган айланманинг улушидан келиб чиққан ҳолда автоматик тарзда аниқланади (ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илова 020-0202-сатрлари).

Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди. Фақат солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёхуд солиқ солиш шартларига ўзгартириш киритилганда ҳисоб сиёсатига ўзгартиришлар қилишга йўл қўйилади. Ва фақат ушбу ўзгартиришлар тааллуқли бўлган қисмида ҲСни ўзгартириш мумкин .

Эслатиб ўтамиз

Агар ҚҚС тўловчиси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмаларга эга бўлса, у солиқни ҳисобга олишнинг алоҳида-алоҳида усули ва (ёки) мутаносиб усулини танлаши керак .

Алоҳида-алоҳида усул бўйича солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмалар учун фойдаланиладиган, олинган товарларнинг (хизматларнинг) алоҳида-алоҳида ҳисоби юритилади. Бунда алоҳида-алоҳида ҳисобни юритиш имкони бўлмаган умумий харажатлар бўйича мутаносиб усул қўлланилади .

Мутаносиб усул бўйича ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган ҚҚС суммаси солиқ солинадиган айланма суммасининг товарларни (хизматларни) реализация қилиш (солиқни ҳисобга олмасдан) бўйича айланманинг умумий суммасидаги жорий календарь йил ичида ўсиб борувчи якун билан аниқланадиган солиштирма миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

Агар сиз келаси йилдан ҳисобга олишнинг алоҳида-алоҳида усулига ўтишга қарор қилсангиз, келаси йил учун солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатига ўзгартириш киритинг ва январь ойидан ҚҚС ҳисоб-китобида алоҳида-алоҳида усулни танланг.

Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида, бошқалар қатори, қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак :

  • алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби;
  • ҚҚСни ҳисобга олишнинг танланган усули.