Тузатилган ёки тўлиқ бўлмаган БЮД расмийлаштирилган бўлса, ҚҚС қандай ҳисобга олинади

preview

Тузатилган ёки тўлиқ бўлмаган божхона юк декларациясини расмийлаштириш қўшимча ҚҚС тўлашга олиб келади. Buxgalter.uz илтимосига биноан молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) корхона ушбу суммаларни ҳисобга олишга қарор қилган тақдирда у қандай хатарларга дуч келиши мумкинлигини тушунтирди:

 

– СКга биноан солиқ тўловчи ҳақиқатда бюджетга тўлаган ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин . Бироқ, амалиётда ҳар доим ҳам товарни эркин муомалага чиқариш биргина божхона юк декларациясини расмийлаштириш билан чекланмайди. Агар декларант ёки божхона брокери БЮДни тўлдириш учун барча зарур маълумотларга эга бўлмаса, дастлаб тўлиқ бўлмаган декларация расмийлаштирилади. Шунингдек, божхоначиларнинг талабига биноан ҳисобланган ҚҚС суммасини оширган ҳолда - тузатилган декларациялар расмийлаштирилиши мумкин.

Дастлабки БЮД (ИМ-40) ва тузатилган декларацияни расмийлаштириш саналари ўртасида, ёхуд тўлиқ бўлмаган декларация ва БЮД (ИМ-40)ни расмийлаштириш саналари ўртасида кўп вақт ўтиши мумкин. Баъзан ярим йил ва ҳатто ундан кўп вақт ўтади. Бироқ ушбу вазиятларда барча қўшимча тўловлар биринчи ҳолда - БЮД, иккинчи ҳолда - тўлиқ бўлмаган декларация расмийлаштирилган санада ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттирилади.

ҚҚС бўйича ҳисоботда солиқ даври бир ой бўлишига қарамасдан, қўшимча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун дастлабки БЮД ёки тўлиқ бўлмаган БЮД санасидан бошлаб улар расмийлаштирилган йил якунига қадар ёки жорий даврга қадар ҚҚС бўйича қайта ҳисобот топшириш лозим.

Солиқ тўловчи текширилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмас . Қолган вазиятларда у ҳисобга олиш ёки ҳисобга олмасликни танлашига тўғри келади. Агар ҳисобга олишга қарор қилинса, бу солиқни камайтириш бўйича ҳисоб-китобни қайта топшириш бўлишини инобатга олиш лозим. Бинобарин, қуйидагиларга тайёр бўлиш зарур:

  • камерал солиқ текширувига, унда солиқчилар бир ой ёки ундан кўп муддат давомида ҚҚС ҳисоблаб чиқариш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни текширади ;
  • солиқ хавфи кўрсаткичларининг ёмонлашишига ва тегишинча, обрўсига путур етишига .

Назаримда, бу вазиятда солиқ тўловчи бюджетга қўшимча солиқ тўлаётган экан, унда ушбу суммаларни ҳисобга олишга бўлган ҳуқуқи юзасидан муаммолар бўлмаслиги керак.

 

Нима қилиш керак

Биринчи навбатда, Молия вазирлиги, ДСҚ ва ДБҚ муаммога эътибор қаратиши керак. Уларнинг қарорисиз ҳеч нарса ўзгармайди.

Мазкур вазиятда солиқ органларининг ахборот тизимларига ўзгартиришлар киритиш зарур, деб ҳисоблайман. Агар қуйидаги тарзда йўл тутилса, мақбул бўлади:

  • тузатилган декларация бўйича ҚҚС суммаси солиқ ҳисоботида ҳозиргидек ИМ-40 режимига чиқариш санасида эмас, балки тузатилган декларацияни расмийлаштириш санасида акс эттирилиши керак;
  • тўлиқ бўлмаган декларация бўйича ҚҚС суммаси солиқ ҳисоботида ҳозиргидек тўлиқ бўлмаган декларацияни расмийлаштириш санасида эмас, балки ИМ-40 санасида акс эттирилиши лозим.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади