Умумий овқатланиш корхонаси алкоголни реализация қилди - ҚҚСга ўтиш зарурми

preview

2021 йилдан бошлаб алкоголли маҳсулотларни чакана реализация қилиш бўйича турғун савдо шохобчалари айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга бўлишмайди ва ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишлари керак.

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга молия вазиринниг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:

1. 2020 йилда алкоголли маҳсулотларни, шу жумладан пивони реализация қилган умумий овқатланиш корхоналари 2021 йилдан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтишлари керакми?

- 2021 йил 1 январдан бошлаб алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивони чакана реализация қилиш бўйича турғун савдо шохобчалари ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган бўлишлари керак .

Эътибор беринг! ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш айнан алкоголни чакана реализация қиладиган турғун савдо шохобчалари учун назарда тутилган.

Турғун чакана савдо шохобчаси - бу савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш, навларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, назорат-касса машиналари билан жиҳозланган бино (иншоот) . Бошқача айтганда, гап алкоголь билан чакана савдо қиладиган дўконлар ҳақида бормоқда.

Умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъект - бу умумий овқатланиш соҳасида кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сотиш ва истеъмол қилишни ташкил этувчи ҳамда хизматлар кўрсатувчи юридик шахсдир.

Умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш жараёнида тайёр маҳсулотлар ва харид қилинган товарлар истеъмолчининг хоҳишига кўра тегишли идишда ва ўрамда олиб чиқиб кетилиши мумкин, алкоголли ичимликлар бундан мустасно. Алкоголли ичимликларни олиб чиқиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар 2020 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда бериладиган рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлганда сотилган .

Яъни, умумий овқатланиш корхонасида 2020 йилда алкоголли маҳсулотларни чакана  сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлганда (олиб чиқиб кетиш учун сотишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги шартга риоя қилинган тақдирда) умумий овқатланиш шохобчасини алкоголни чакана сотиш объектига айлантирмайди. Ва унга ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга мажбурий ўтиш тўғрисидаги норма татбиқ этилмайди.


2. Бошқа фаолият қаторида алкоголь билан ҳам чакана савдо қиладиган кўп тармоқли корхона қандай йўл тутиши лозим?

- Агар кўп тармоқли корхонада алкоголни сотиш бўйича савдо шохобчаси мавжуд бўлса, 2021 йилдан бошлаб у ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланади.

Мисол
Кўп тармоқли корхонада алкоголь билан чакана савдо қилиш
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона 2020 йил учун қуйидаги кўрсаткичларга эга:

 

Фаолият тури

Даромад суммаси,

млн сўм

Жами даромаддаги улуши, %

1.

Умумий овқатланиш

310

44

2.

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш (шохобча 2020 йил декабрда очилган)

150

21

3.

Ижарага беришдан олинган даромадлар

250

35

 

Жами

710

100

Алкоголь билан чакана савдо қилишдан олинган даромад умумий жами даромадда устунлик қилмайди (21%). Шунга қарамай, корхона 2021 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлаши керак.


3. Корхона алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлайди, бироқ ҳали у алкоголь сотишни бошламади. У ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керакми?

- Йўқ, ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга турғун савдо шохобчалари орқали чакана реализация қилишни амалга оширадиган корхоналар ўтади.

Бевосита алкоголни реализация қилмаган ҳолда алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлаш ҚҚС ва фойда солиғига ўтиш учун асос ҳисобланмайди.


4. Умумий овқатланиш корхонаси 2021 йил февралдан ўзи ишлаб чиқарган пивони нафақат ташриф буюрувчиларга, балки чакана савдо шохобчаси орқали сотишни ҳам режалаштирмоқда. У қайси даврдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланади?

- Агар корхона 2021 йил февралдан чакана савдо шохобчаси орқали алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни бошласа, у 2021 йил 1 мартдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши керак.

Корхона 2021 йил 5 мартдан кечиктирмай ҚҚС тўлашга ўтиш ҳақида ариза бериши ва ҚҚС тўловчининг рўйхат рақамини олиши керак .