Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни қайта сотувчи корхонада ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаш

preview

“Улгуржи савдо корхонаси юқори ликвидли товарларни биржа орқали монопол ишлаб чиқарувчилардан харид қилган ҳолда, уларни реализация қилади. Камерал текширув натижаларига кўра солиқчилар 24.11.2022 йилдаги ПҚ-430-сон қарорнинг 3-банди 3-хатбошиси асосида қўшимча ҚҚС ва фойда солиғи суммасини ҳисоблашди. Солиқ тўловчи ушбу норма шартларига у жавоб бермайди ва бинобарин, буни унга қўллаш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Солиқчилар ўзгача фикрда”.

Ушбу масаланинг ечими амалдаги нормаларни қўшимча аниқлаштириш ва тушунтиришларни талаб қилади. Ваколатли давлат органлари мутахассисларининг эътиборини нимага қаратиш лозимлиги ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

– Мазкур вазиятда ҳаммаси солиқчилар талқин қилганидек аниқ эмас. Бир хил тушуниш учун амалдаги норматив ҳужжатларга аниқлаштиришлар ва уларни қўллаш юзасидан расмий тушунтиришлар зарур.

ПҚ-430-сон қарорга асосан, биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари “ўша кундаги биржа савдолари якунларига кўра бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкаси (нарх) ва тўғридан-тўғри шартномада кўрсатилган нарх ўртасидаги фарқ суммасига белгиланган ставкада ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблайди”.

Солиқ тўловчи ушбу норма кимга татбиқ этилиши юзасидан Солиқ қўмитасига тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилди ва қуйидаги жавобни олди:

“Товарлар (хизматлар) бозор нархидан паст нархда, шу жумладан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган тақдирда, мазкур реализация қилиш давлат харидлари доирасида амалга оширилиши ёки амалга оширилмаслигидан қатъи назар, солиқ органлари ПҚ-430-сон қарорнинг 3-банди учинчи хатбошиси нормаларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҚҚС ва фойда солиғи суммасини ҳисоблашга ҳақлидир”.

Назаримда, солиқчилар нормани тушунтиришда асоссиз равишда унинг қўлланиш соҳасини кенгайтириб юборишган. Эътибор беринг: аслида норма биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган ҳолларга татбиқ этилади, дейилган. Бироқ, солиқчилар ушбу тушунча остига тушмаганларга ҳам қўшимча солиқлар суммасини ҳисоблашган.

Биринчидан, норматив ҳужжатларда “тўғридан-тўғри шартнома” атамасининг таърифини топишнинг имкони бўлмади. 26.05.2018 йилдаги АВ рўйхат рақами 3016-сон Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланишича, давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартнома (тўғридан-тўғри шартнома) – бу махсус ахборот порталида рўйхатга қўйилиши шарт бўлган, давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим. Аммо Низом 2022 йил 25 июлда ўз кучини йўқотган. Таърифнинг мавжуд эмаслиги мазкур атамани бир хил тушуниш ва қўллашни қийинлаштиради.

Иккинчидан, нормадан келиб чиққан ҳолда, унинг таъсири остига фақат монопол ишлаб чиқарувчилар тушади, асло ушбу маҳсулотларни биржада ишлаб чиқарувчилардан харид қиладиган ва уларни учинчи шахсларга реализация қиладиган ташкилотлар эмас.

Учинчидан, ушбу товарлар учинчи шахсларга қайта сотиладиган шартномалар “тўғридан-тўғри шартнома” тушунчаси остига тушмайди, ҳатто ушбу тушунчани ўз ичига олган ҳужжат ўз кучини йўқотган бўлса ҳам.

Кўрганимиздек, солиқчилар ва солиқ тўловчиларнинг фикрлари турлича. Юқори турувчи солиқ органи ва судга мурожаат қилишда ҳимоя тактикасини тузишдан олдин, биз бошқа ваколатли давлат органларининг тушунтиришларини олишга қарор қилдик. Солиқ тўловчи Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мурожаат қилди. Биз асослантирилган ва аниқ жавоб оламиз, бу эса солиқчилар билан боғлиқ низони судсиз ҳал қилишга ёрдам беради деб умид қиламиз.

Эътибор беринг
Илтимос, бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг! Бу buxgalter.uzда Гулнора ЭРГАШЕВАнинг янги материаллари ҳақида тезроқ билишга ёрдам беради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади