Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

7-сон БҲМС "Номоддий активлар"

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

20.10.1998 й.

N 506




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

ТАСДИҚЛАНГАН

12.10.1998 й.

N 49



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


БҲМС N 7


НОМОДДИЙ АКТИВЛАР


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўгрисида"ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий жиҳатдан тартибга солиш тизимининг бир қисмидир.



СТАНДАРТ МАҚСАДИ


2. Ушбу стандартнинг мақсади номоддий активларни ҳисоблаш тартибини белгилашдан иборат.


3. Номоддий активларни ҳисобга олишда активларни тан олиш вақтини белгилаш, уларнинг баланс қийматини, фойдали хизмат қилиш муддатини, амортизацияни ҳисоблаш ва уларнинг чиқиб кетиш натижалари тартибини аниқлаш асосий масалалар дан бири бўлиб ҳисобланади.



АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ


4. Барча хўжалик юритувчи субъектлар номоддий объектларни ҳисобга олишда мазкур стандартни қўллайдилар.


5. Мазкур стандарт қоидалари:

5.1. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига (ИТТКИ) доир харажатларни *;

5.2. Ижара турларини;

5.3. Субъектларни бирлаштиришда пайдо бўладиган гудвилни;

5.4. Келгуси даврлар харажатларини;

5.5. Минерал ресурслардан фойдаланишга, минерал ресурслар, нефть, табиий газ ва шу сингари тикланмайдиган ресурсларнинг геологик қидирилиши ва қазиб олинишига доир ҳуқуқларни ҳисобга олиш қоидаларига нисбатан қўлланмайди. Мазкур стандарт ана шу даражада фаолиятнинг ушбу турларини ривожлантириш ёки қўллаб-қувватлаш учун ишлатиладиган номоддий активларга нисбатан ҳам қўлланмайди.


-----------------------------------

*) "Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига доир харажатлар" деган  12-сон БҲМСга қаралсин.



ТАЪРИФЛАР


6. Ушбу стандартда ишлатиладиган асосий атамалар ва таърифлар.


7. Номоддий активлар - моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган, хўжалик юритувчи субъект томонидан хўжалик фаолиятида фойдаланиш ёки бошқариш учун фойдаланиш мақсадида назорат қилинадиган, шунингдек узоқ вақт (бир йилдан кўп) ишлатиш учун мўлжалланган мол-мулк объектлари.


8. Амортизация - унинг фойдали хизмат муддати давомида номоддий активнинг амортизация қийматини мунтазам равишда тақсимлаш ва кўчириш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси.


9. Амортизация қиймати - тахмин қилинаётган тугатилиш қийматини чиқариб ташлаган ҳолда активнинг дастлабки қиймати ёки молиявий ҳисоботларда кўрсатилган дастлабки қиймат ўрнини босадиган бошқа қийматнинг суммаси.


10. Фойдали хизмат муддати - субъект томонидан активлардан фойдаланиш кўзда тутилган давр ёки хўжалик юритувчи субъект ушбу активни ишлатиб олишни кутаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) миқдори.


11. Дастлабки қиймат - активни харид қилишда ҳақиқатда тўланган пул маблаглари ёки унинг эквивалентлари қиймати ёки уни ишлаб чиқаришда амалга оширилган ҳақиқий харажатлар.

Харид қилишнинг ҳақиқий қиймати номоддий активни харид қилиш ва уни ишлатиш учун тайёр ҳолатга келтириш учун қилинган барча харажатларни, яъни: харид нархи, юридик йигимлар ва бошқа зарур харажатларни ўз ичига олади.


12. Тугатилиш қиймати - чиқиб кетишга доир кутилаётган харажатларни чиқариб ташлаган ҳолда активнинг фойдали хизмати пировардида уни тугатиш пайтида пайдо бўладиган активларнинг тахмин қилинаётган қиймати.


13. Реализация (сотиш) қиймати - номоддий активларни битим пайтида манфаатдор тарафлар ўртасида айирбошлаш мумкин бўлган сумма.


14. Қолдиқ (баланс) қиймати - актив ҳисоб ва ҳисоботда акс эттириладиган жамгарилган (тўпланган) амортизацияни чиқариб ташлаган ҳолда номоддий активларнинг дастлабки ёки жорий қиймати.


15. Қоплаш қиймати - хўжалик юритувчи субъект активдан кейинчалик фойдаланиш ҳисобига қоплашни мўлжаллаётган сумма, шу жумладан тугатилиш қиймати.


16. Хўжалик юритувчи субъект хўжалик фаолияти жараёнида номоддий активларни харид қилиш, ривожлантириш ва кўпайтириш бўйича мажбуриятлар олади. Корхонанинг номоддий активлари таркибида патентлар, лицензиялар, ақлий мулк ва савдо маркалари (шу жумладан фирма маркалари ва эълон қилинаётган номлари) акс эттирилади. Танҳо ҳуқуқлар, компьютер дастурини таъминлаш, муаллифлик ҳуқуқлари, мижозларнинг рўйхатлари, лицензиялар, маркетинг ҳуқуқлари, импорт квоталари, ташкилий харажатлар (янги хўжалик юритувчи субъектни барпо этиш харажатлари, яъни бошлаш харажатлари), ноу-хау, бозор тўгрисидаги билим, техник кўникмалар ва ҳоказолар амалиётда учрайдиган активларга оддий мисоллар ҳисобланади.


17. Номоддий активлар таърифи активдан хўжалик фаолиятида фойдаланилиши ва жисмий моҳиятга эга бўлмаслиги (пул эмаслиги)ни тақозо этади. Активларни юридик ҳуқуқлар, шу жумладан мулк ҳуқуқи билан муқояса қилиш мумкин бўлган ва улардан узоқ муддат давомида фойдаланиш мумкин бўлган ҳолда жисмий моҳияти бўлмаган активлар номоддий активлар таърифига жавоб беради.


18. Активнинг юридик ҳуқуқини белгилайдиган шартнома ушбу ҳуқуқ тааллуқли бўлган активни ҳам белгилайди. Айрим ҳолларда номоддий актив юридик ҳуқуқ. билан муқоясалаш йўли билан белгиланиши мумкин эмас. Бундай активлар белгиловчи эканлигини белгилаш учун хўжалик юритувчи субъектга ушбу активдан қандай фойдалар олинишини аниқлаш имконини берадиган бир қатор омилларни диққат билан қараб чиқиш зарур.



НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИ ТАН ОЛИШ


19. Номоддий актив:

19.1. Актив таърифини қондирган;

19.2. Ўлчанадиган;

19.3. Аҳамиятга молик бўлган;

19.4. Ишончли бўлган;

19.5. Келгусида иқтисодий фойда келтирган;

19.6. Ажраладиган, яъни уни ишлатиладиган ишлаб чиқаришдан алоҳида фойдаланиш мумкин бўлган ҳолларда актив сифатида тан олинади.

Агар хўжалик юритувчи субъект мазкур активдан олинадиган махсус бўлгуси фойдаларни сотиши, айирбошлаши ёки тақсимлаши мумкин бўлса, активни ажратиш (бўлиш) мумкин.


20. Қуйидаги ҳоллардагина хўжалик юритувчи субъект келгусида номоддий активлар билан богланган иқтисодий фойдалар олиши эҳтимоли мавжуд бўлади:

20.1. Номоддий актив хўжалик юритувчи субъектга бўлгуси иқтисодий фойдаларнинг кутилаётган оқимини кўпайтиришдаги ўз ролини, ушбу ролни самарали бажара олиши ва хўжалик юритувчи субъектнинг номоддий активдан ана шу мақсадда фойдаланиш ниятини исботлай олиши мумкин бўлганда;

20.2. Хўжалик юритувчи субъект ўзи кутаётган бўлгуси иқтисодий фойдаларни олиши мумкин бўлган етарлича ресурслар мавжуд бўлса ёки уларни ишлатиш мумкинлигини исбот қилиш мумкин бўлган ҳолларда.



БЎЛҒУСИ ИҚТИСОДИЙ ФОЙДАЛАР


21. Хўжалик юритувчи субъект ўзининг бирор-бир активидан келгусида иқтисодий фойдалар олиши эҳтимолини аниқлаш пайтида ҳужжатларда дастлабки рўйхатдан ўтказиш пайтида мавжуд бўлган исботлар асосида ана шу фойдалар билан богланган ишончга комиллик (муайянлик) даражасини баҳолаш зарур. Хўжалик юритувчи субъект келгусида иқтисодий фойдалар олишига ишонч хўжалик юритувчи субъект активдан фойда (даромад) олиши хусусидаги кафолатларни талаб этади. Агар хўжалик юритувчи субъект ушбу иқтисодий фойдалар устидан назоратни амалга оширгандагина, одатда, бундай кафолатлар берилиши мумкин.



НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИ БАҲОЛАШ


22. Барча хил номоддий активларнинг дастлабки баҳоси дастлабки қиймат бўлиши керак.


23. Агар номоддий активлар пулсиз айирбошлаш (бартер) тартибида харид қилинса, уларнинг қиймати, баҳоларнинг қайси бири афзалроқ эканига қараб, айирбошлашга берилган мол-мулкнинг ёки харид қилинган ҳуқуқларнинг бозор нархи бўйича белгиланиши мумкин.


24. Агар номоддий актив пулга харид қилинса, унинг қиймати контрактда иккиламчи бозорда фаол ишлаётган шу сингари активга аниқланган бозор нархи бўйича кўрсатилиши мумкин.


25. Номоддий актив хўжалик юритувчи субъектнинг ўзи томонидан яратилган ва уни яратиш чиқимларини аниқ белгилаш мумкин бўлган ҳолларда номоддий актив ҳақиқий таннарх бўйича акс эттирилади.

Номоддий актив қийматини белгилаш мумкин бўлган ҳолларда у актив сифатида алоҳида модда билан акс эттирилмайди.


26. Хўжалик юритувчи субъектнинг ўзи яратган гудвилл (фирманинг нархи) актив сифатида акс эттирилмаслиги керак, чунки у корхонани сотиб олиш пайтида харид қилиш нархи билан мазкур субъектни ташкил қилувчи активларнинг ҳақиқий нархи ўртасидаги тафовут сифатида юзага келади.

"Гудвилл (фирма баҳоси)" номоддий активининг суммаси ҳар ойда, унинг фойдали хизмат муддати мобайнида ҳисобдан чиқарилади. "Гудвилл (фирма баҳоси)" суммасининг ҳисобдан чиқарилиши бевосита "Гудвилл (фирма баҳоси)" номоддий активи ҳисобварағининг сальдосини камайтиришга харажатларни ҳисобга олишнинг тегишли ҳисобварақлари билан корреспонденцияда ёзиб борилади.

"Гудвилл (фирма баҳоси)" суммасини ҳисобдан чиқариш даври корхонага бўлғуси иқтисодий фойдалар тушуми кутилаётган даврнинг энг яхши баҳосини акс эттириши керак. "Гудвилл (фирма баҳоси)" номоддий активининг фойдали хизмат муддати дастлаб тан олинган пайтдан бошлаб йигирма йилдан ошмаслиги керак (лекин у хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият муддатидан ошиб кетмаслиги лозим).

Молиявий ҳисоботда "Гудвилл (фирма баҳоси)" номоддий активининг қиймати тегишли ҳисобот даврида амалга оширилган ҳисобдан чиқаришларни чегирган ҳолда акс эттирилади.

27. Корхонанинг бозор қиймати, эҳтимол, хўжалик юритувчи субъект томонидан келгусида олинадиган иқтисодий фойдалар бозори баҳосини акс эттиради. Корхонанинг бозор қиймати билан уни белгилайдиган активларнинг бозор қиймати ўртасидаги тафовут исталган пайтда ўз ичига субъект қийматига таъсир кўрсатадиган бир қатор омилларни олиши мумкин. Бироқ бундай тафовут ушбу пайтда субъект назорат қилаётган белгиловчи активларнинг қийматини кўрсатмайди.


28. Номоддий активларнинг баланс қиймати ҳукумат грантлари суммасига камайтирилиши мумкин.


29. Актив дастлабки қиймати, яъни таннархи ёки харид қилиш нархи бўйича тан олинганидан кейин номоддий актив балансда жамгарилган амортизация чиқариб ташланган ҳолда ҳисобга олинади.



ХАРАЖАТЛАРНИ АКС ЭТТИРИШ


30. Номоддий активни харид қилиш ёки барпо этишга тааллуқли бўлган, номоддий актив таърифини қаноатлантирмайдиган ёки ушбу БҲМС 19 ва 20 параграфларидаги акс эттириш мезонига тўгри келмайдиган харажатлар унинг пайдо бўлиш даврида харажат сифатида акс эттирилиши керак.


31. Номоддий активларга тааллуқли бўлган, дастлаб давр харажатлари сифатида акс эттирилган харажатлар кейинги даврларда актив сифатида акс эттирилмаслиги керак.


32. Номоддий активларга тааллуқли бўлган, тан олинган кейинги чиқимлар дастлаб баҳоланган стандарт активидан ташқари активнинг баланс қийматига қўшилиши керак. Кейинги барча қолган чиқимлар улар пайдо бўлган даврнинг харажатлари деб тан олиниши даркор.



ЙЎЛ ҚЎЙИЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН

МУҚОБИЛ БАҲОЛАШ УСУЛИ


33. Дастлабки қиймати бўйича ҳисобда актив сифатида акс эттирилганидан кейин, номоддий актив қайта баҳолаш санасида бозор қиймати бўйича қайта баҳоланади ва, агар бозор қийматини аниқлаш мумкин бўлса, кейинги жамгарилган амортизацияни чиқариб ташлаган ҳолда ҳисобга олинади. Номоддий активнинг бозор қийматини номоддий активнинг ушбу тури бўйича активлар иккиламчи бозоридаги нархлар бўйича белгилаш мумкин. Қайта баҳолашни етарлича мунтазамлик билан амалга ошириш лозим, токи баланс қиймати баланс қийматини тузиш санасидаги бозор қийматидан кучли фарқ қилмасин.


34. Номоддий активни қайта баҳолаганда ушбу актив тааллуқли бўлган акс эттирилган номоддий активларнинг бутун занжири қайта баҳоланиши керак.


35. Хўжалик юритувчи субъект томонидан бозор қийматини белгилаш мумкин бўлмаган ҳолларда номоддий активларга нисбатан муқобил усул йўл қўйган тартибдан фойдаланилганда, ушбу актив, унинг бозор қийматини аниқлаш пайтигача, кейинги жамгарилган амортизацияни чиқариб ташлаган ҳолда (мазкур баланс қиймати ҳар бир активнинг тикланаётган қийматидан ошмаслиги шарти билан) ўз таннархи бўйича акс эттирилиши керак.


36. Ушбу пайтда қайта баҳоланган номоддий актив учун иккиламчи бозор мавжуд бўлмаганда, мазкур баланс қиймати ушбу активнинг тикланаётган қийматидан ошмаслиги шарти билан, жамгарилган амортизацияни чиқариб ташлаган ҳолда, охирги қайта баҳолаш санасида активнинг қайта баҳоланган қиймати унинг баланс қиймати деб қабул қилиниши керак.


37. Қайта баҳолаш натижасида номоддий активнинг баланс қиймати кўпайган ҳолда ушбу кўпайиш аввалги баҳодан ошадиган суммада "Резерв капитал" кредитида илова ҳисобварагида акс эттирилиши шарт.


38. Қайта баҳолаш натижасида активнинг баланс қиймати камайганда бу камайиш аввалги баҳодан ошадиган суммада харажат сифатида акс эттирилиши керак.



АМОРТИЗАЦИЯ


39. Номоддий активнинг амортизация қиймати:

39.1. Унинг фойдали хизмат муддати мобайнида, лекин хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият муддатидан ошмаган ҳолда;

39.2. Фойдали ишлатиш муддатини белгилаш мумкин бўлмаган 5 йилни ҳисобга олиб (лекин хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти муддатидан ошмаган ҳолда) мунтазам асосда тақсимланиши керак.


40. Активда мужассамланган истеъмол хусусиятлари сарфланганда, активнинг баланс қиймати тегишли суммага камаяди. Бу нарса активнинг бутун фойдали ишлатиш муддати давомида қолдиқ қийматни чегирган ҳолда, актив қийматини харажатга мунтазам ҳисобдан ўчириш ҳисобига амалга оширилади. Активнинг жорий қиймати ёки унинг тикланаётган қиймати кўпайган-кўпаймаганидан қатъи назар амортизация тан олинади. Номоддий активда мужассамланган истеъмол хусусиятлари хўжалик юритувчи субъект томонидан асосан активни ишлатиш давомида сарфланади. Техника жиҳатидан эскириш активдан кутилаётган фойдани камайтиради. Шунга мувофиқ равишда активнинг фойдали ишлатилиш муддатини белгилашда қуйидаги омилларни эътиборга олиш зарур:

40.1. Хўжалик юритувчи субъект томонидан активдан фойдаланишнинг кутилаётган муддати;

40.2. Ишлаб чиқаришни ўзгартириш ва яхшилаш натижасида ёки мазкур актив томонидан ишлаб чиқарилаёттан маҳсулот (ишлар, хизматлар)га нисбатан бозор талабларининг ўзгариши натижасида техника жиҳатидан эскириш;

40.3. Активдан фойдаланишнинг юридик ва масалан, фойдаланиш муддати тугаши билан боглиқ бошқа чекланишлар.



АМОРТИЗАЦИЯНИ ҲИСОБЛАБ ЁЗИШ УСУЛИ


41. Амортизацияни ҳисоблаб ёзишнинг фойдаланилаётган усули хўжалик юритувчи субъект томонидан активнинг истеъмол хусусиятларидан фойдаланиш чизмасини акс эттириши керак. Ҳар бир давр учун амортизация суммаси. у бошқа активнинг баланс қийматига киритилган ҳоллардан ташқари, харажат сифатида тан олинади.


42. Амортизацияланувчи қиймат мунтазам равишда активни фойдали ишлатишнинг бутун даврига тақсимланади. Амортизация турли усулларни қўллаш йўли билан ҳисоблаб ёзилади, уларга: тўгри чизиқли ёки бир маромли усул, камайиб берувчи қолдиқ усули ва ҳосил қилинган бирликлар суммаси бўйича амортизацияни ҳисоблаб ёзиш усули киради.

Тўғри чизиқли усул активни фойдали ишлатишнинг бутун даври мобайнида эскиришнинг доимий суммаларини ҳисоблаб ёзишдан иборат.

Камайиб берувчи қолдиқ усули бўйича мунтазам ҳисоблаб ёзилаётган суммалар фойдали ишлатиш муддати давомида камаяди.

Эскиришни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблаб ёзиш усулига биноан амортизация миқдори фақат актив қанча марта ишлатилишига ёки қанча маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилиши кутилаётганига боглиқ бўлади.

Усулни танлаётганда активнинг истеъмол хусусиятлари қай тарзда сарфланишига асосланмоқ зарур. Агар активнинг истеъмол хусусиятлари таркибида ўзгаришлар кутилмаётган бўлса, у даврдан даврга изчиллик билан қўлланиши керак.


43. Амортизацияни ҳисоблаб ёзиш усулларидан бирортасини қўллашни аниқлаш қийин бўлган ҳолларда ҳисоблаб ёзишнинг тўгри чизиқли усулидан фойдаланилади.


44. Агар ушбу активлардан кутилаётган иқтисодий фойдалар сезиларли тарзда ўзгарадиган бўлса, номоддий активларга нисбатан қўлланиладиган амортизация усули ҳар йили ҳисобот даври охирида қайтадан кўрилиши мумкин. Амортизация усули ўзгарган тақдирда жорий давр учун ҳисоблаб ёзилган амортизация тузатилади.



ТУГАТИЛИШ ҚИЙМАТИ


45. Агар бошқа суммани ишончли тарзда ҳисоб-китоб қилиш мумкин бўлмаса, номоддий активнинг қолдиқ қиймати нолга тенг деб ҳисобланади.



ФОЙДАЛИ ХИЗМАТ МУДДАТИНИНГ ЎЗГАРИШИ


46. Ҳар бир ҳисобот даври охирида номоддий активнинг фойдали хизмат муддати қайтадан кўрилиши ва агар прогнозлар дастлабки баҳолардан жиддий фарқ қилса, амортизация суммасини жорий ва келгуси даврлар учун кўпайтириш ёхуд камайтириш лозим.



АКТИВНИНГ ЧИҚИБ КЕТИШИ


47. Номоддий актив тўлиқ эскирган, сотилган, текинга берилган ҳолларда ҳисобдан ўчирилади.


48. номоддий активнинг чиқиб кетишидан олинган даромад ёки зарар сотишдан кутилаётган тушум ва активнинг баланс (қолдиқ) қиймати ўртасидаги тафовут сифатида белгиланади. У молиявий натижалар тўгрисидаги ҳисоботда даромад ёки харажат сифатида тан олинади.



ОЧИБ КЎРСАТИШ


49. Молиявий ҳисобот номоддий активлар учун қабул қилинган ва номоддий активларнинг ҳар бир кўрсатилган даражасига нисбатан ҳисоб сиёсатини очиб кўрсатиши керак:

49.1. Амортизацияни ҳисоблаб ёзишнинг қўлланадиган усули;

49.2. Фойдали хизмат муддати ва амортизациянинг қўлланиладиган меъёрлари;

49.3. Баланс қиймати ҳамда ҳисобот даврининг бошланиши ва охирига жамгарилган амортизация;

49.4. Субъект ичида барпо этилган активларнинг баланс қиймати;

49.5. Давр бошланиши ва охирида қуйидагиларни акс эттирадиган баланс қийматини қиёслаш:

49.5.1. Тушум;

49.5.2. Чиқиб кетиш;

49.5.3. Қайта баҳолаш натижасида қийматнинг кўпайиши ёки камайиши;

49.5.4. Хорижий корхоналарининг молиявий ҳисоботларда бир валютани бошқасига қайта ҳисоблаётганда пайдо бўладиган соф курс тафовути;

49.5.5. Номоддий активларнинг бошқа ҳаракатлари.


50. Молиявий ҳисобот қуйидагиларни ҳам очиб бериши керак:

50.1. Номоддий активларнинг уни дастлабки акс эттириш санасидан бошлаб 5 йилдан ошган амортизация даврини қабул қилишнинг сабабини;

50.2. Тикланаётган қийматни белгилаш пайтида уларнинг жорий қиймати даражасига қадар дисконтлаш қўлланилган ёки қўлланилмаганини;

50.3. Мулк ҳуқуқига чеклашлар, шунингдек мажбуриятни таъминлаш сифатида ишлатилган номоддий активлар мавжудлиги ва суммасини;

50.4. Номоддий активларни харид қилишга ажратилган маблаглар суммасини.


51. Кейинги ахборот номоддий активлар моддаларининг қайта баҳоланган ушбу қийматларини акс эттиришда очиб берилиши керак:

51.1. Активларнинг бозор қиймати белгиланган асос;

51.2. Қайта баҳолашнинг ҳақиқий санаси;

51.3. Баҳолаш ушбу соҳадаги мустақил эксперт (баҳоловчи) томонидан амалга оширилдими ёки таҳлил қилиндими;

51.4. Номоддий активларнинг молиявий ҳисоботга киритиладиган ҳар бир даражаси - баланс қиймати, бунда барча активларнинг қиймати стандарт режимдан фойдаланганда белгиланиши шарт қилиб қўйилади;

51.5. Қайта баҳолашнинг давр ичида ўзгаришларни акс эттирувчи резерви ва акциядорлар ўртасида қолдиқ (сальдо)ни тақсимлаш бўйича ҳар қандай чеклашлар;

51.6. Номоддий активларнинг ҳар бир даражаси учун, бунинг сабаблари билан бирга уларнинг жорий бозор қийматини аниқ белгилаш мумкин бўлмаган активларнинг баланс қиймати;

51.7. Номоддий активларнинг ҳар бир даражаси учун, агар барча активлар қиймати стандарт режимдан фойдаланиб акс эттирилганда амортизация суммаси.


52. Рухсат берилган муқобиллик режимига мувофиқ белгиланган қиймат бўйича акс эттириладиган номоддий активлар даражалари стандарт режимга мувофиқ белгиланган қиймат бўйича кўрсатиладиган активлар даражаларидан алоҳида акс эттирилиши керак.