Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2016 й. 234-сон "Юридик кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
15.07.2016 й.
N 234
ЮРИДИК КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИ
ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ
БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА
ҚЎШИМЧАЛАР ВА ЎЗГАРТИРИШ
КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сон қарорини самарали амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплекси раҳбари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
2016 йил 15 июлдаги
234-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
қўшимчалар ва ўзгартириш
1. Вазирлар Маҳкамасининг "Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 8-сон, 40-модда):
а) 2-иловага изоҳга қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
"Бакалавриат даражасида факультет деканати назарда тутилмайдиган олий таълим муассасаларида Ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарининг базавий лавозим маошлари, тегишли равишда, декан ва декан ўринбосарининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади";
б) 4-илованинг 7-бандига қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
"Бакалавриат даражасида факультет деканати назарда тутилмайдиган олий таълим муассасаларида Ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи ва бошлиқнинг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган шахслар ҳам раҳбарлар таркибига киради".
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2016 йил 25 июль, 29-сон, 350-модда
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",
2016 йил, 7-сон, 68-модда