Солиқчилар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозори устидан назорат қилишда янги ваколатларга эга бўлишди

preview

Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бозорини ўзгаришлар кутмоқда. Акциз солиғининг миқдорлари қайта кўриб чиқилади, солиқлар бўйича имтиёзларнинг бир қисми бекор қилинади, қонунчилик, шу жумладан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилади. Комплекс чора-тадбирлар Президентнинг 3.06.2024 йилдаги ПФ-84-сон Фармони ва Президентнинг 3.06.2024 йилдаги ПҚ-204-сон қарори билан бошланди.

 

Қонунчилик янгиликларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқлар

Акциз солиғи ставкалари бирхиллаштирилади:

  • 2026 йил 1 январга қадар – тамаки маҳсулотлари учун;
  • 2027 йил 1 январга қадар – алкоголь маҳсулотлари ва шакар учун.

2025 йил 1 январдан бошлаб экспортни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этиладиган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, транспорт  харажатларини қисман қоплаш учун имтиёзларни бекор қилиш режалаштирилмоқда.

 

Улгуржи корхоналарга алкоголь учун минимал нархлар

Ҳозирча алкоголли маҳсулотлар учун минимал нархлар фақат алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва чакана савдо учун белгиланган. Бу йил, биринчидан, 1 июлга қадар ушбу минимал нархлар қайта кўриб чиқилади. Иккинчидан, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб алкоголь улгуржи савдоси учун минимал сотиш нархлари тасдиқланади.

 

Ишлаб чиқаришга лицензия олиш учун қўшимча талаблар

2024 йил 1 октябрдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади, шу жумладан:

  • йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;
  • алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;
  • алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.

 

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бош прокурорга бўйсунади

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилмоқда (Лицензиялаш бўйича комиссия ўрнига).

Инспекциянинг ваколатлари орасида қуйидагилар мавжуд:

  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;
  • соҳада лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилишини текшириш ва мониторинг қилиш;
  • мониторинг ва назорат қилиш бўйича замонавий ахборот тизимларини жорий этиш.

2025 йил 1 январга қадар истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно) ишлаб чиқарувчи ҳар бир корхонага Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари бириктирилади.

 

Назорат ва молиявий санкциялар

Инспекцияга истеъмол ва техник этил спиртини GPS тизими ўрнатилмаган, ЭҲФсиз, ТТЮсиз ҳамда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларига юклаш ва ташиш ҳолатлари лицензия талабларини бузиш деб баҳоланиб, лицензиянинг амал қилишини 10 кун муддатга тўхтатиб туриш ваколати берилди.

Ишлаб чиқарувчи “Лицензия” ахборот тизими орқали лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида солиқлар ва йиғимларнинг тўлиқ тўланганлиги ҳамда истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг қолдиқлари хатловдан ўтказилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб назорат ва санкцияларнинг янги инструментлари жорий этилади:

  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади;
  • яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади;
  • қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бекор қилинади;
  • ҳар ярим йил якунлари бўйича истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда етишмаётган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима ҳисобланади. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кўп бўлганда ва акциз солиғи тўлиқ тўланган тақдирда, ундирилган молиявий жарима суммалари корхонага қайтариб берилади. Ушбу механизмни қўллаш учун ишлаб чиқариш режалари, йўқотишларнинг энг юқори миқдорини белгилаш ва санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисида ВМҚни ишлаб чиқиш топширилди.

Ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида харид қилинган истеъмол ёки техник этил спиртидан биржанинг ахборот тизимига харид қилиш жараёнида жойлаштирилган истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш мақсадларида фойдаланишлари керак. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб биржада харид қилинган спирт бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланганда, солиқ органлари молиявий санкциялар қўллашади. Санкциянинг миқдори – охирги 12 ойда биржа савдоларида харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти ҳажмига ҳисобланадиган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдорида.

Лицензия талаблари 1 йил ичида такроран бузилган тақдирда, БҲМнинг 500 баравари миқдорида молиявий жарима қўлланилади.

Спирт, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан лицензия (хабардор қилиш) талабларига риоя этилишини ўрганиш учун назорат қилувчи органлар тўсатдан келишлари мумкин. Шунингдек, назорат қилувчи органлар ойига 1 000 далдан кўп истеъмол этил спиртини харид қилган антисептик воситалари ва парфюмерия-косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектларда истеъмол этил спиртидан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш учун келишга ҳақли. Ушбу назорат тадбирларига белгиланган тадбиркорлик субъектларини текшириш тартиб-таомиллари татбиқ этилмайди, бироқ текширувчилар текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши шарт.

 

Назорат қилиш учун янги ахборот тизимлари

2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар жорий этилади:

  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ахборот тизими;
  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил қилиш тизими;
  • истеъмол ва техник этил спирти ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини марказлаштирилган тарзда мониторинг ва назорат қилиш имкониятига эга геоахборот тизими.

Ушбу тизимлар Солиқ ва Божхона қўмиталари, Кадастр агентлиги, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ахборот тизимлари, Asl belgisi тизими ва бошқалар билан интеграция қилинади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text200435_soliqchilar_alkogol_va_tamaki_mahsulotlari_bozori_ustidan_nazorat_qilishda_yangi_vakolatlarga_ega_bulishdi