Маркетплейснинг қайси чеклари солиқ ҳисоботларида автоматик тарзда акс эттирилади ва кешбэк беради

preview

Маркетплейс, банк ва бошқа мобиль тўлов иловалари масофадан туриб тўлов амалга оширилганда фискал белги ва QR-код билан электрон чекларни шакллантириш ва беришни бошлашди. ДСҚнинг маълум қилишича, ушбу сотувлар тўғрисидаги маълумотлар солиқ ҳисоботларида автоматик тарзда акс эттирилади. Мижозлар эса бундай чеклар бўйича тўлов қийматининг 1%и миқдорида кешбэк олишлари мумкин. Buxgalter.uz янгиликни синаб кўрди ва айрим муҳим жиҳатларни аниқлаштирди.

Қачон тўлов иловаси онлайн-НКМнинг электрон чекини шакллантиради

 

Агар харидор товар ёки хизматга тўлов иловаси орқали ҳақ тўласа, ҳар қандай ҳолда тўлов ҳолати бўйича у фискал чек (фискал белги ва QR-кодли онлайн-НКМ чеки) олиши керак. Ушбу чек ҳам онлайн-НКМ ва виртуал касса ёрдамида, ҳам бевосита тўлов иловаси билан шакллантирилиши мумкин. Чекни шакллантириш усули тадбиркорлик субъекти ва тўлов тизими оператори ўртасидаги шартнома билан белгиланади.

Жойларда тўловни амалга оширишда (сотувчи кассада харидорнинг мобиль иловаси орқали генерация қилинган QR-кодни ўқиганда ёки харидор мобиль иловаси орқали сотувчининг QR-кодини ўқиганда) сотувчи харидорга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини беради, унда тўлов банк картаси орқали амалга оширилганлиги кўрсатилади. Мисол - супермаркет ёки дорихонада харид учун Click, PayME ва ҳоказо ёрдамида ҳақ тўлаш. Онлайн-НКМ орқали бундай сотувлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда солиқ ҳисоботларида акс эттирилади (солиқ бўйича ҳисоб-китобга 1-илованинг сатрида - онлайн-НКМ орқали тўлов сифатида).

Масофадан туриб тўловни амалга ошириш, қоидага кўра, харидор ва сотувчининг жисмонан мулоқотда бўлишини назарда тутмайди. Масалан, харидор уйдан туриб мобиль илова ёрдамида телевидение, алоқа, интернет оператори хизматлари, таълим хизматлари ва ҳоказо учун ҳақ тўлайди. Яқин вақтгача бундай ҳолларда онлайн-НКМ чекини бериш масаласи - ҳал қилинмай қолганди. Солиқ ҳисоботларидан бундай айланмалар ҳисобварақ-фактуралар тизими ёрдамида ўтган.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб тўлов тизимларини фискал маълумотлар операторининг онлайн-НКМ тизими билан интеграциялаш бошланди . Бу тўлов иловаларига онлайн-НКМ чекларини 943-сон ВМҚга 1-илованинг 7-бандида назарда тутилган барча мажбурий реквизитлар билан шакллантириш имконини берди. Ушбу чеклар, қоидага кўра - электрон чеклар. Улар онлайн-НКМ чеклари сингари айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботларда автоматик тарзда акс эттирилади (солиқ бўйича ҳисоб-китобга 1-илованинг сатрида - маркетплейс  орқали тўлов сифатида). Бу ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этиш шарт эмас.

 

Тўлов иловаси томонидан шакллантирилган фискал чек бўйича кешбэкни қандай олиш мумкин

ДСҚнинг хабарига кўра, энди харид суммасининг 1%и миқдоридаги кешбэк товарлар ва хизматлар учун масофадан туриб ҳақ тўланганда тўлов тизими томонидан шакллантирилган фискал чеклар (фискал модуль ва фискал белги кўрсатилган) бўйича ҳам тўланади.

Бироқ бу ҳамма тўловларга ҳам тааллуқли эмас. Кешбэк автомобиллар сотиб олганда, авиа ва темир йўл чипталари харид қилишда, коммунал ва алоқа хизматлари учун ҳақ тўлашда тўланмайди .

Тўлов иловасининг фискал чеки soliq.uz мобиль иловасида автоматик тарзда акс эттирилади, агар тўлов тизими ва soliq.uz айни бир мобиль телефони рақамига рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Агар иловалар турли телефон рақамларига рўйхатдан ўтказилган бўлса, чекни кешбэк тўлаш учун қўлда рўйхатдан ўтказиш лозим. Буни иккита усулда амалга ошириш мумкин:

    1) soliq.uz мобиль иловаси ёрдамида электрон чекнинг QR-кодини бошқа қурилманинг экранидан сканерлаган ҳолда;

    2) Soliq.uz мобиль иловасининг “Чекни рўйхатдан ўтказиш (фискал белги орқали)” опцияси ёрдамида. Экранда очилган шаклга чекдан фискал модулни (12 та рақам, уларнинг олдида 2 та литер бўлади) ва фискал белгини (12 та рақам) кўчириб ёзиш керак бўлади.

Битта усул ёрдамида чекни рўйхатдан ўтказишнинг имкони бўлмаса, иккинчи усулдан фойдаланинг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади