Қандай қилиб харидорни илгари тузилган шартнома бўйича нархлар ўзгарганлиги ҳақида хабардор қилиш мумкин

preview

“Биз улгуржи савдо билан шуғулланамиз, озиқ-овқат маҳсулотларини сотамиз. Етказиб берувчилар вақти-вақти билан маҳсулот нархини ўзгартиришади ва тегишинча, бизда ҳам нарх ўзгаради. Биз мижозларимизни ушбу ўзгаришлар ҳақида оғзаки равишда огоҳлантирамиз - бу тўғрими? Буни ҳужжат билан (хатлар ёки спецификацияни ўзгартириш) амалга ошириш лозимми”?

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан юрист Икром АБДУЛҚОДИРОВ жавоб берди:

 

- “Улгуржи савдо билан юридик шахслар шуғулланишлари мумкин .

Қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ товарлар тузилган шартномалар асосида улгуржи сотилиши мумкин .

Хўжалик шартномаси шартнома предметини етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра ўзаро келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак .

Бинобарин, етказиб бериладиган товарнинг нархи - бу олди-сотди шартномаси, шу жумладан олди-сотди шартномасининг айрим тури сифатида, етказиб бериш шартномасининг муҳим шарти    .

Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги тарафларнинг келишуви ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса  .

Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади .

Муаллифнинг хулосаси: улгуржи савдо соҳасида шартномалар ёзма шаклда тузилишини, шунингдек, етказиб бериладиган товарнинг нархи - шартноманинг муҳим шарти эканлигини инобатга олган ҳолда, уни ўзгартиришда тарафлар ёзма шаклда шартномани (хўжалик шартномасини) ўзгартириш тўғрисида келишувга эришишлари керак. Эҳтимол - мазкур масала бўйича томонлар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган хатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан.

P.S. Амалиётда ўзгача ечим топилиши мумкин. Масалан, тарафлар шартномага шундай шартни киритишлари мумкинки, унга асосан етказиб берувчи нархнинг ўзгартирилиши ҳақида қоғоз шаклида ёки электрон хатлар тақдим этади (шу жумладан - хат етказиб берувчидан келганлигини аниқлаш имконини берадиган алоқа воситалари орқали). Нархларни эса - ҳисобварақ-фактуралар ва қабул қилиш-топшириш далолатномаларида белгилайдилар. Бунда шартномада тахминий умумий қийматни белгилаш мумкин”.