Умумий овқатланиш корхоналари солиқлар бўйича преференцияларни қандай қўллайдилар

preview

Пандемия шароитларида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод қилинди. Шунингдек, уларга мавжуд қарзлар бўйича кечиктириш тақдим этилди . Ушбу преференциялар бўйича саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:

 

-  Умумий овқатланиш корхоналари ушбу солиқлар бўйича имтиёзларни қўллаш учун мол-мулк ва ер солиқлари бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китоблар тақдим этишлари зарурми?

- Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарганлиги муносабати билан  умумий овқатланиш корхоналари  юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини тақдим этишга ҳақли . Ер солиғи бўйича эса улар бир ой муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишлари шарт .

Солиқ органлари мазкур озод этиш тақдим этилиши муносабати билан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини солиқ тўловчилар эътиборига етказади.

- Корхона умумий овқатланишдан ташқари бошқа фаолият турлари билан ҳам шуғулланади. Мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёз қандай қўлланилади?

- Солиқ тўловчи томонидан мол-мулк (ер) солиғини тўлаш назарда тутилмаган фаолият турлари амалга оширилган тақдирда, солиқ базаси  :

  • солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган мол-мулк (ер участкаси) ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш асосида;

ёки

  • солиқ тўланиши назарда тутилган фаолиятдан олинадиган соф тушумнинг жами соф тушум ҳажмидаги улушига қараб (алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг имкони бўлмаса) аниқланади.

 

- Умумий овқатланиш корхоналарига айрим солиқлар бўйича қарзни сўндиришни кечиктириш тақдим этилган. Ундан фойдаланиш учун қандайдир ҳужжатларни тақдим этиш зарурми?

- Умумий овқатланиш корхоналари:

  • 2021 йил 15 август ҳолатига кўра айланадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича қарздорликни;
  • 2021 йил 15 август ҳолатига кўра барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқига эга бўлишди.

Кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш қарздорликни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда сўндиришни назарда тутади. Бунда солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги солиқ органларини - сиз ушбу ҳуқуқдан фойдаланаётганлигингиз ҳақида хабардор қилиш зарур. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилиш шарт эмас.