“Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаларини қайтариш ва ҳисобга олиш” интерактив хизмати нимага ишламаслиги мумкин

preview

18 апрель ҳолатига солиқ тўловчи I чорак учун фойда солиғи бўйича ва март учун ҚҚС бўйича ҳисоб-китобларни топширди. Фойда солиғи бўйича шахсий карточкада ортиқча тўлов, ҚҚС бўйича эса - боқимонда акс эттирилмоқда. Ортиқча тўланган фойда солиғи суммаси ҚҚС бўйича боқимондани ёпиш учун етарли. Бироқ “Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаларини қайтариш ва ҳисобга олиш” интерактив хизмати ёрдамида маблағларни олиб ўтишнинг имконияти йўқ, тизим қарз мавжуд эмас, деган хабар чиқармоқда. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ департаменти бошлиғи Рамшид ХЎЖАҚУЛОВ шарҳлаб берди:

 

– “Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаларини қайтариш ва ҳисобга олиш” интерактив хизмати қатъий СК нормаларига биноан ишлаяпти.

СКнинг 103-моддасига мувофиқ ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим. Муҳим сўз - “қарз”. Агар қарз мавжуд бўлмаса, маблағларни олиб ўтиш имконияти ҳам бўлмайди.

Ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг суммалари СКнинг 55-моддасига мувофиқ солиқ қарзи деб эътироф этилади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда солиқ тўловчи солиқ ҳисоботини топширган, шахсий карточкасида боқимонда акс этган. Бироқ ушбу боқимонда фақат ҚҚС тўлаш учун белгиланган муддатлар ўтгандан, яъни - 20 апрелдан сўнг солиқ қарзи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз
СКнинг 273-моддасига мувофиқ ҚҚСни тўлаш муддати - солиқ давридан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирилмаган муддатда.

Бинобарин, 20 апрелдан кейин боқимонда солиқ қарзига айланади. Солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Ортиқча тўланган (ундирилган) солиқ суммаларини қайтариш ва ҳисобга олиш” интерактив хизмати ёрдамида солиқ тўловчи уни узиш ҳисобига - ортиқча тўланган фойда солиғи бўйича маблағларни ҚҚС бўйича қарзни тўлаш ҳисобига ўтказиш тўғрисида ариза бериши мумкин. Бундай талаб тўлиқ қаноатлантирилади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади