Солиқ кодекси-2020: ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш учун янги сабаблар

preview

Солиқ тўловчига таъсир ўтказиш усулларидан бири ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳисобланади. Янги Солиқ кодекси жорий этилиши муносабати билан ҳисобварақлар бўйича операцияларни  тўхтатиб туришга оид сабаблар кўпайди.

Худди илгаригидек, қуйидаги ҳолатларда ҳисобварақлар бўйича операциялар  тўхтатиб турилиши мумкин:

  • солиқ ҳисоботи белгиланган муддат тугаганидан кейин 10 кун ичида тақдим этилмаганда;
  • камерал текширув доирасида талабномага тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар 10 кун ичида тақдим этилмаганда;
  • корхонанинг ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.

Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, ҳисобварақлар бўйича операциялар  тўхтатиб турилиши учун янги асослар киритилди :

  • солиқ текширувини ўтказадиган инспекторлар кўрсатилган ҳудудга ёки бинога киришига солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганда.

Мазкур ҳолатда текширувчилар ҳудудга киритилгунига қадар ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб турилади. Бундай сабаб ДСХОда аввал ҳам мавжуд бўлган, бироқ фақат суднинг қарорига биноан қўлланилган;

  • солиқ тўловчи томонидан қуйидаги ҳолатларда солиқ инспекциясининг талабига кўра ҳужжатлар тақдим этилмаганда:

- камерал ва солиқ текширувларида ;

- текширилаётган шахсларга алоқадор бўлган учинчи шахслардан ҳужжатлар сўралганда ;

- трансферт нархни шакллантиришда солиқ назорати доирасида ;

Эътибор беринг
Камерал текширув доирасида ҳужжатлар талаб қилиб олиниши – бу солиқ органларига берилган янги ҳуқуқ. Илгари камерал текширув давомида инспектор ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли бўлмаган. Солиқ тўловчи уларни ўз ташаббуси билан тақдим этган.
  • Консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчиси томонидан солиқ ҳисоботи белгиланган муддатдан 10 кун кечикиб тақдим этилганда.

Бунда нафақат унинг, балки консолидациялашган гуруҳнинг барча иштирокчиларининг ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши мумкин.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Янги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан назорат тартиб-таомиллари анча қатъийлаштирилди. Шу боис солиқ органларининг қонуний талабларини аниқ бажариш, ҳисоботларни ўз вақтида топшириш ва барча сўровларга жавоб қайтариш лозим. Ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб қўйилганидан кейин корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий санкциялар қўлланилиши мумкинлигини эътиборга олинг.

Солиқлар тўланишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида батафсил солиштирма жадвалда танишиб чиқишингиз мумкин:

Солиқлар тўланишини таъминлаш учун қандай ўзгартиришлар киритилди

 Аввал

Амалда

 Мол-мулкни хатлаш, гаровга қўйиш, кафиллик ва банк кафолати 

2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқлар тўланишини таъминлашнинг бундай чоралари назарда тутилмаган. Солиқ органлари томонидан фақат солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган  . Қарздорлик ихтиёрий асосда узилмаган тақдирда, мажбурий ундириш чоралари қўлланилган 

 Мол-мулкни хатлаш суд қарори асосида амалга оширилади. Корхона томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, суд қарори шарт бўлмайди .

 

Солиқ қарзини узиш учун зарур ва етарли бўлган мол-мулк хатлаб қўйилиши лозим.

Хатлаб қўйилган мол-мулк корхона ҳудудида ёки солиқ органи томонидан белгиланган жойда бўлиши мумкин.

Хатлаш мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан алмаштирилиши мумкин .

Мол-мулк гарови солиқ органи ва корхона ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади . Корхона ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобига солиқ ва пеня тўланади.

Кафиллик солиқ органи ва кафил ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади . Солиқ ва пенялар тўламаганда, кафил томонидан улар тўлиқ ҳажмда тўланиши шарт.

Корхона солиқ қарзи ва пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, кафолат бўлганда банк корхонанинг солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади . Солиқ органи корхонага мол-мулкни хатлашни банк кафолатига алмаштиришни рад этишга ҳақли эмас .

 Пеня

 

Илгари муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, боқимонда суммасининг 0,045% миқдорида пеня ҳисобланган. Боқимонда солиқ текшируви натижасида аниқланган тақдирда, пеня 0,06%ни ташкил этган

 

Энди ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиққан ҳолда МБнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1/300 қисмига тенг миқдорда фоиз ҳисобланади.

 Ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш 

 

Қуйидаги ҳолатларда қўлланилган:

  • солиқ ҳисоботи ёки камерал назорат доирасидаги талабларга тушунтиришлар ва тузатишлар тақдим этилмаганда;
  • корхона қайд этилган манзилда бўлмаганда;
  • товарлар кирим ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан реализация қилинганда

Солиқ инспекцияси корхонани ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб турилиши ҳақида хабардор қилишга мажбур эмас эди.

Корхона ҳисобварақлар бўйича операциялар ноқонуний тарзда тўхтатиб турилишидан кўрилган зарарни суд орқали ундириб олиши мумкин бўлган 

 

Солиқ органи томонидан ҳисобварақни суднинг қарорисиз тўхтатиб туриш имкониятлари кенгайтирилди 

Ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб турилиши учун янги асослар киритилди:

1)     қуйидаги ҳолатларда талаб этилган ҳужжатларни тақдим этмаслик:

- камерал ва солиқ текширувларида;

- текширув ўтказилаётган шахснинг контрагентидан ҳужжатлар сўралган тақдирда;

- трансферт нархни шакллантиришда солиқ назорати доирасида;

2)   солиқ текширувини ўтказаётган текширувчиларни кўрсатилган ҳудудга ёки бинога киришига тўсқинлик қилишда (илгари фақат суднинг қарори билан амалга оширилар эди);

3)  солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳининг иштирокчиси томонидан солиқ ҳисоботи тақдим этилмаганда.

Солиқ органи томонидан солиқ тўловчини  шахсий кабинети орқали корхонанинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабардор қилади. Операцияларнинг тўхтатиб турилиши қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • солиқларни тўлашга;
  • иш ҳақи, алимент, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлашга, инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга;
  • махсус счётга.

Ноқонуний ёки асосланмаган тарзда ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб турилганда, солиқ инспекцияси томонидан компенсация тўланади. Компенсация миқдори муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдордаги фоиз ставкасида, тўхтатиб тутилган пул маблағларини суммасида белгиланади

 

Альберт САФИН,

юридик масалалар бўйича «Norma» МЧЖ эксперти.