Солиқчилар солиқ даври тугагач тақдим этиладиган ЭҲФ бўйича ўз позицияларини тушунтиришди

preview

5 октябрь куни buxgalter.uz ДСҚ томонидан йўлланган СКнинг 223-моддаси қўлланилиши тўғрисидаги эслатма Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда назарда тутилган ҳолларга нисбатан нотўғри эканлиги хусусида ёзган эди. ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ мазкур масала юзасидан ДСҚ позициясини тушунтирди.

Тушунтиришнинг аслини бу ерда кўриб чиқиш мумкин.

Муаллифнинг тушунтиришича, фойдани (даромадни) ёки бошқа солиқ солиш объектларини яшириш деганда қуйидагилар тушунилади:

  • солиқ ҳисоботида фойда (даромад) олиш бўйича амалдаги маълумотларни қасддан акс эттирмаслик;
  • фойда (даромад) мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида унинг тушуми ҳисоби тартибини бузиш.

Фойдани (даромадни) ёки бошқа солиқ солиш объектларини камайтириш солиқ ҳисоботига камайиш томонга тузатиш киритилган ва қасддан ҳақиқатга тўғри келмайдиган солиқ солиш объекти миқдори тўғрисидаги ахборотни киритишда ифодаланади.

Солиқ тўловчи учун жавобгарликнинг юзага келишининг мажбурий шарти – унинг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш қасдининг мавжудлиги.

Хусусан, товарларни сотишдан (хизмат кўрсатишдан) олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромадни (фойдани) қасддан камайтириш) фойдани (даромадни) ёки бошқа солиқ солиш объектларини қасддан яшириш, камайтириш белгилари ҳисобланади. Бунда солиқ тўловчининг ҳаракатларида тўғридан-тўғри солиқларни тўлашдан бўйин товлаш қасдининг далиллари бўлиши керак.

Азиз ҲОШИМОВ огоҳлантиради: бухгалтерлар ҳисобварақ-фактуралар хато тарзда амалда товарлар (хизматлар) реализация қилингандан кечроқ ва Низомда кўрсатилган муддатлар бузилган ҳолда расмийлаштирилган вазиятларга эътиборли бўлишлари зарур. Бу ҳолларда солиқ тўловчи:

  • ушбу ҳисобварақ-фактурани бекор қилиши ва унда товарлар (хизматлар) амалда реализация қилинган даврни кўрсатган ҳолда янги (тузатилган) ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириши;
  • солиқ ҳисоботларига тегишли тузитишлар киритиши даркор .

Акс ҳолда  унга нисбатан СКнинг 223-моддасида назарда тутилган санкциялар қўлланилади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади