Талабнома ва даъво аризалари беришнинг янги шартлари

preview

Buxgalter.uz  қандай қилиб солиқ тўловчи-юридик шахснинг шахсий кабинети орқали  даъво аризаси беришнинг мумкинлиги ҳақида ёзган. Бунда эълон қилиш куни – 10 мартда – ЎРҚ-607-сон Қонун кучга кирди ва my.soliq.uz янгилиги қонуний асосга эга бўлди. Ушбу ҳужжатда эътиборни нимага қаратиш лозим?

Талабномага тезкор муносабат билдириш лозим

Шартнома тарафлари ўртасида юзага келган муаммоларни ҳал қилиш контрагентга талабнома юборишдан бошланади. Илгари «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунга асосан талабнома олган контрагент унга 30 кун ичида жавоб бериши лозим бўлган. Энди ушбу муддат икки баравар – талабномани олган кундан эътиборан 15 кунгача қисқартирилди. Ушбу муддат ўтгач масала иқтисодий судга кўриб чиқиш учун жўнатилиши мумкин.

«Норма» эксперти  Олег ЗАМАНОВ:

- Эслатиб ўтамиз, талабномага жавоб хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади, ҳужжат муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади ва буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек унинг жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Муддатни ҳисоблашнинг умумий қоидалари:

Вақт даври билан белгиланган муддат календар санадан кейинги ёки унинг бошланиш куни деб белгиланган воқеа юз берганидан кейинги кундан ўта бошлайди (ФКнинг 146-моддаси).

Агар муддат бирон-бир ҳаракатни амалга ошириш учун тайинланган бўлса, бу ҳаракат муддатнинг охирги кунидаги соат йигирма тўртга қадар бажарилиши мумкин. Агар, бу ҳаракат ташкилотда амалга оширилиши керак бўлса, у ҳолда муддат белгиланган қоидаларга мувофиқ ушбу ташкилотда тегишли операциялар тўхтатиладиган соатда тамом бўлади. Муддатнинг охирги кунида соат йигирма тўртга қадар алоқа ташкилотига топширилган ёки бошқа алоқа воситалари билан юборилган барча ёзма баёнотлар ва хабарлар, пул ўтказмалари муддатида қилинган ҳисобланади (ФКнинг 148-моддаси).

Шартли мисол. «А» тараф етказиб бериш шартномаси бўйича ўз контрагенти - «Б» тарафга – юклаб жўнатилган товарлар тўплами учун тўловни амалга оширишнинг белгиланган муддатлари бузилиши муносабати билан талабнома жўнатди. «Б» тараф талабномани 2020 йил 12 мартда олди. «Б» тараф унга жавоб бериши керак бўлган муддат 2020 йил 13 мартдан бошланади. Тегишинча, жавоб «А» тарафга тилхат олиб топшириладиган ёки унинг номига юқорида кўрсатилган усуллардан бири орқали жўнатиладиган сўнгги кун – 2020 йил 27 март.

Судьялар ўртасида ишни тақсимлаш автоматлаштирилади

«Судлар тўғрисида»ги Қонун ва Иқтисодий процессуал кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Илгари бу тегишли судлар раислари, Олий судда эса – судлов ҳайъатлари раислари мажбуриятига кирган. Энди ушбу жараён автоматлаштирилади, шу боис суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлганлар унга “ўз” судьялари орқали таъсир кўрсата олишмайди. Судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартиби Олий суд Раёсати томонидан тасдиқланади.

Қоғоз шаклидаги ҳужжат ўрнига – электрон ҳужжат

Иқтисодий процессуал кодекснинг 5-моддасига қўшимча киритилди. Энди суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи ва ҳоказо) ахборот тизимидан фойдаланилган ҳолда электрон ҳужжат кўринишида шакллантирилиши мумкин.

ИПКнинг 150-моддасига киритилган қўшимчаларга асосан эса даъвогар даъво аризаси нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни  жавобгар ва бошқа шахсларга электрон шаклда жўнатиш имкониятига эга бўлди.

Ажримни тайёрлаш учун муддат белгиланди

ИПКнинг 162-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқариши лозим бўлган муддатларни аниқлаштиради.

Ажрим даъво аризаси келиб тушган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай, судгача мажлис ўтказишда эса даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган  ва иш қўзғатилган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай пайдо бўлиши лозим. Ажримда қуйидагилар кўрсатилади:

  • судья ва ишда иштирок этувчи шахслар амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар;
  • ушбу ҳаракатларни амалга ошириш муддатлари;
  • суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи.

Шу билан бирга ИПКнинг 163-моддасидан қонун чиқарувчилар ишни кўриб чиқишга тайёрлаш муддати бўйича чекловни олиб ташлашди. Илгари бунга 5 кун бериларди. Энди судья вақт бўйича ҳеч қандай тарзда чекланмаган ва ишни кўриб чиқишга тайёрлашга қанча вақт талаб этилса, шунча вақтда тайёрлаши мумкин.