Раҳбарнинг нуфузини қандай тиклаш мумкин

preview

Корхона ўз вақтида солиқ ҳисоботини топширади ва солиқларни тўлайди. Бироқ «Менинг ҳолатимни текшириш» тизими муассиснинг бошқа фирмасида ўз вақтида солиқлар тўланмаганлиги ва солиқ ҳисоботлари топширилмаганлиги билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги сабабли хатар даражаси юқори эканлигини кўрсатган. Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бўлим бошлиғи Сахийбек МИРЗАЛИЕВ тушунтириб берди:

 

– Раҳбар, муассис (иштирокчи)нинг ишбилармонлик нуфузи катта аҳамиятга эгадир.

«Менинг ҳолатимни текшириш» тизимининг 11–13-сонли мезонларида шундай тамойил келтирилган: шахс бир нечта ташкилотнинг муассиси (иштирокчиси) бўлса, барча корхоналар бўйича солиқ қарздорлиги, топширилмаган ҳисоботлар ҳамда солиқлар тўланмаганлиги юзасидан юқори хатар даражасига олиб борувчи бошқа муаммолар бўлмаслиги лозим.

Қуйидаги муассислар (иштирокчилар) ва раҳбарлар алоҳида назорат остида бўлади:

  • охир-оқибатда банкрот бўлган ташкилотларнинг бошқарувига дахлдор бўлган;
  • солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган.
Эътибор беринг
Муассиснинг (иштирокчининг) ҳеч бўлмаганда битта ташкилоти хатар даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига киритилган бўлса, унинг бошқарувига дахли бўлган қолган барча ташкилотлар ҳам хатар даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар сифатида баҳоланади.

Бошқарув тажрибаси етарли бўлмаган раҳбар ғараз ниятда ёки бошқача тарзда хатони такрорлаши мумкинлиги эҳтимолдан холи бўлмайди.

Айни пайтда «Менинг ҳолатимни текшириш» тизимида 11, 12 ва 13-сонли мезонлар қизил доирадаги белги билан кўрсатилган бўлса, бу корхона учун сигнал ҳисобланади. Дастурни тестлаш ишлари якунлангандан сўнг бундай баҳо ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини беришни рад этиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш учун асос бўлади.

Эътиборни қуйидагиларга қаратмоқчиман: ҳисоб маълумотлари, солиқ ҳисоботлари, солиқларнинг ўз вақтида тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ДСҚнинг ягона ахборот тизимида жамланади ва таҳлил қилинади. Хатарни таҳлил қилиш тизимида битта шахс бир нечта ташкилотнинг раҳбари ёки муассиси (иштирокчиси) эканлиги кўриниб туради ҳамда ўз вақтида солиқ ҳисоботлари тақдим этилиши ва солиқлар тўланиши юзасидан мазкур ташкилотларнинг фаолиятини баҳолаш мумкин бўлади.   

Фаолият юритаётган раҳбарлар ва муассислар (иштирокчилар) томонидан қуйидагилар амалга оширилган ҳолатларда солиқ тўловчи баҳога таъсир кўрсатиши мумкин:

  • раҳбар ёки муассис сифатида иш юритадиган барча ташкилотларида ўз вақтида ҳисоботлар топширилиши ва солиқлар тўланиши масаласи юзасидан тартиб ўрнатилганда. Хусусан, – солиқлар бўйича қарздорлик сўндирилганда ва ҳисоботлар топширилганда;
  • раҳбар ёки муассис (иштирокчи) сифатида иш юритадиган барча корхоналарини хатар даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасидан чиқариш учун зарур чора-тадбирлар кўрилганда.

Вариант сифатида айтиб ўтилган мезонларни ҳисобга олган ҳолда раҳбар номзоди ҳамда муассислар таркиби қайтадан кўриб чиқилиши мумкин. Янги раҳбарият ўз вақтида солиқ ҳисоботлари топширилиши ва солиқлар тўланишини таъминлаши лозим.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.