Сизда ҳисобот жўнатишда техник носозлик бўлганлигини қандай исботлаш мумкин

preview

ДСҚ об-ҳавонинг кескин совиб кетганлиги муносабати билан, электр энергияси истеъмолига бўлган талабнинг ошиб кетиши мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишларга олиб келаётганлигини маълум қилди. Бу ўз навбатида, алоқа каналларида ҳам техник носозликларни келтириб чиқарди. Шу жумладан - 2019 йил 25 ноябрь ҳолатига ҳисоботларни қабул қилишда муаммолар юзага келди.

Бунда амалдаги Солиқ кодексининг 45-моддаси билан ҳисоботларни жўнатишда техник носозликлар масаласи тартибга солинмаган. Унинг янги таҳрири лойиҳасида эса – фақат электрон ҳисобварақ-фактуралар қисмида тартибга солинган.

Солиқ қўмитаси юқорида кўрсатилган объектив ҳолатларга кўра октябрь ойи учун солиқ  ҳисоботларини муддатида - 2019 йил 25 ноябргача топширмаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилмаслиги, жумладан пеня ҳисоблаб ёзилмаслигини ваъда қилди.

Фақатгина, бу вазиятда - “айрим ҳудудларда электр таъминотида узилишлар”... таърифи иккилантириб қўяди. Солиқ тўловчига кейин айнан унинг ҳудудида узилишлар бўлганлигини исботлашига тўғри келмайдими? Ва буни қай тарзда амалга ошириш лозим? Муаммони қандайдир тарзда қайд этиш мумкинми?

Шу каби ҳолатларда қуйидагиларни  тавсия қиламиз:

  1. Ҳисобот топширишнинг сўнгги муддати тугагунга қадар уни жўнатишга уриниб кўрилганлиги тасдиғини олиш. Агар мавжуд бўлса, тизимнинг техник носозлик тўғрисидаги хабарларини скриншот қилинг. Агар компьютер шунчаки “осилиб” қолган бўлса, буни қилиб бўлмайди.
  2. Провайдер-ташкилот билан боғланиш. Узилиш ва сизнинг ҳисобот илова қилинган файлни жўнатишга муваффақиятсиз уринишларингизни  интернет-провайдернинг расмий маълумотномаси техник носозлик фактининг исботи бўлиши мумкин. Сизнинг провайдерингиз шундай маълумотнома бера оладими, шуни аниқлаштириб олинг. Агар техник носозлик тармоққа таъсир этган бўлса, бундай ҳужжатни олиш мумкин. Агар носозлик фақат ДСХО серверида рўй берган бўлса, провайдер буни тасдиқлай олмайди.
  3. Техник имконият пайдо бўлиши билан, масалан – узилишдан кейинги кун ҳисоботни юбориш.

Энг муҳими - ҳисобот топширишни сўнгги кунгача кечиктирманг.

Бизнинг “Бухгалтер тақвимимизда” солиқлар тўлаш ва ҳисобот топширишнинг сўнгги саналарини аниқлаштириб олишингиз мумкин.