Импорт товарни харид қилиш қайси санада эътироф этилиши керак

preview

Импорт контрактларида ҳар доим ҳам товарга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши пайти кўрсатилмаган. Бу бухгалтерлар вазифасини мураккаблаштиради, сабаби уни харид қилишни қайси сана билан эътироф этиш тушунарли эмас. Мазкур масалани Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаменти директори ўринбосари Асал ХАШИМОВА тушунтирди:

 

- Ташқи савдо контрактларида ИНКОТЕРМС халқаро қоидалари қўлланилади. Улар товарни суғурталаш шартлари ва томонларнинг товарни белгиланган жойга етказиб бериш бўйича харажатлар қисмида мажбуриятларини белгилайди.

ИНКОТЕРМС қоидалари товарга мулк ҳуқуқини ўтиши пайти ва бухгалтерия ҳисоби талабларини тартибга солмайди. Шу боис мулк ҳуқуқининг ўтиши пайти тўғридан-тўғри шартномада (контрактда) кўрсатилган бўлиши керак.

Жумладан, ФКнинг 185-моддасига асосан шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

ФКнинг 186-моддасида белгиланишича, коносаментни ёки ашёга тегишли бошқа тасарруф этувчи ҳужжатни топшириш ҳам ашёни топширишга тенглаштирилади.

Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ хўжалик юритувчи субъектда ҳуқуқ юзага келган кун хорижий валютада операцияни амалга ошириш санаси ҳисобланади .

Чет эл валютасида харид қилинган активларни (бундан консигнация шартномалари бўйича товарлар мустасно) баҳолаш, уларнинг бошланғич ҳисоб ҳужжатларида кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб амалга оширилади . Бу уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки БЮД бўлиши мумкин. Қиймат мулк ҳуқуқини ўтиш (активни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш ҳуқуқи) санасида МБ курси бўйича қайта ҳисобланади.

Шу тариқа, ушбу товарларга мулк ҳуқуқини ўтишини тасдиқловчи товарнинг кузатув ҳужжатлари (инвойс, ҳисобварақ-фактура, юкхатлари, коносамент ва ҳ.к.) ёки БЮД импорт товарларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун асос ҳисобланади. Улар бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ҳисобланиб, улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритилади .


1-вазият

- Импорт контракти шартларига биноан етказиб берувчи товарни ўз мамлакатининг божхона чегарасигача етказиб беради. Белгиланган станциядаги божхона постининг т/й юкхатидаги штемпели контракт бўйича товарни етказиб бериш санаси ҳисобланади. Кейин товар “Божхона омбори” ИМ74 режимида расмийлаштирилади ва барча сертификатлар тўплангандан кейин - “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” ИМ40 режимида расмийлаштирилади.

Товарни харид қилишни қайси санада эътироф этиш ва уни ҳисобга қабул қилиш зарур - белгиланган станция штемпели, Им74 режимида расмийлаштириш ёки Им40 режимида расмийлаштириш санасидами?

- Бу вазиятда товарни ўтказиш шартлари контрактда белгиланган. Белгиланган станция божхона постининг товарнинг кузатув ҳужжатларидаги штемпели санаси контракт бўйича етказиб бериш ва товарни ўтказиш санаси ҳисобланади. Демак, бухгалтерия ҳисобида хорижий валютага харид қилинган товарлар қиймати товарнинг кузатув ҳужжатларида (т/й юкхати) қайд қилинган штемпель қўйиш санасида МБ курси бўйича аниқланади.


2-вазият

- Контракт бўйича етказиб бериш шартлари: СIP Тошкент шаҳридаги божхона пости. Товарни ўтказиш санаси контрактда белгиланмаган. Товар ИМ74 режимида расмийлаштирилади. Сертификатлар тўплангандан кейин - ИМ40 режимида расмийлаштирилади.

Товарни харид қилишни қайси санада эътироф этиш ва уни ҳисобга қабул қилиш зарур - Им74 режимида расмийлаштириш ёки Им40 режимида расмийлаштириш санасида?

- Контрактда товарни ўтказиш шартлари белгиланмаганда мулк ҳуқуқининг ўтиши санасини аниқлашда мураккабликлар юзага келади.

Эслатиб ўтамиз, ИНКОТЕРМС қоидалари товарга мулк ҳуқуқининг ўтиши шартларини регламентламайди.

Хорижий валютага харид қилинган товарларнинг бухгалтерия ҳисоби мақсадларида бухгалтерия ҳисоби стандартлари, шу жумладан 22-сон БҲМС қўлланилади.

Товарни божхона омбори божхона режими остида жойлаштириш учун декларант божхона органига БЮД ва товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади .

Тегишинча, бу вазиятда бухгалтерия ҳисоби мақсадларида импорт товари қиймати (кейинчалик товарларни харид қилиш билан боғлиқ сарфларни киритиш билан) ҳам товарнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган қийматдан келиб чиққан ҳолда - товарларни харид қилиш санасида МБ курси бўйича аниқланади. Мазкур ҳолда бу товарларни “Божхона омбори” Им74 режимида расмийлаштириш санаси.

Товарнинг кузатув ҳужжатларига (тижорат ва транспорт ҳужжатлари) қуйидагилар киради: ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш ва ташқи савдо фаолияти ва ўзга фаолият амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ битимлар тузилганлигини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар. Шунингдек - коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжат.

ТИФ ТИФ ТИФ /publish/doc/text170380_import_tovarni_harid_qilish_qaysi_sanada_etirof_etilishi_kerak