Товарлар экспорти бўйича солиқлар қандай тўланади

03.03.2021

Товарлар экспортининг солиқ оқибатлари тўғрисида buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ гапириб берди:


– Товарларнинг Ўзбекистон божхона ҳудудидан уларни қайта олиб кириш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб чиқиб кетилиши товарлар экспортидир .

Товарлар экспорти қуйидагилар билан тасдиқланади:

  • контракт ёки унинг тасдиқланган кўчирма нусхаси;
  • товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган БЮД;
  • божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар;
  • воситачилик шартномаси, топшириқ шартномаси ёки кўчирма нусхаси (товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда).

Шунингдек, бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши мумкин .


Эътибор беринг!
Ўз кучи билан хизматлар кўрсатишга (ишларни бажаришга) чет эл валютасида тузилган шартномалар:

  • ХМИ, донор мамлакатлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари, бошқа норезидентлар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича халқаро тендерларда иштирок этиш натижалари бўйича;
  • агар товар (иш, хизмат)лардан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилса, етказиб беришга норезидентлар билан тўғридан-тўғри битимлар шартида экспорт шартномаларига тенглаштирилади.

Мазкур шартномалар тўғрисидаги маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилган ҳолда экспорт шартномаларига тенглаштирилади .


Солиқ кодексида назарда тутилган преференцияларни инобатга олган ҳолда товарларни экспорт қилувчи корхоналар учун солиқ оқибатларини кўриб чиқамиз.


I. ҚҚС

Агар реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлса, товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти ҳисобланади .

Товарларни реализация қилиш бўйича айланма - бу:

  • товарга бўлган мулк ҳуқуқини пуллик асосда, шу жумладан товарнинг қарз шартномаси бўйича ўтказиш;
  • товарни бепул бериш, бундан шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно;
  • мол-мулкни молиявий ижарага (лизингга) бериш;
  • товарни бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида бериш .

Товарлар экспортига 0%ли ставка бўйича солиқ солиш қуйидагилар реализация қилинганда амалга оширилади:

  • Ўзбекистон ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилига олиб чиқилган товарлар;
  • илгари Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган, Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилган товарлар;
  • Ўзбекистон божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш натижасида олинган (ҳосил бўлган) товарлар (қайта ишлаш маҳсулотлари, чиқиндилар ва (ёки) қолдиқлар);
  • Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилган ғамлаб қўйилган нарсалар (ҳаво кемаларидан рисоладагидек фойдаланилишини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари) .

Агар товар Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилмаса, сиз ноль даражали ставкани қўллашга ҳақли эмассиз.

Эътибор беринг!
Ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар солиқ ҳисоботи билан бирга тақдим этилади.


ҚҚСни ҳисобга олиш

ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаган ҳолда товарлар экспортида ҳисобга олишнинг барча шартларига риоя қилинган тақдирда сиз етказиб берувчиларингиз томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган  ҚҚС суммаларини ҳисобга олишга ҳақлисиз .

ҚҚСни ҳисобга олиш учун шартлардан бири - чет эллик сотиб олувчи томонидан экспорт қилинаётган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирма.

Бунда ноль даражали ставка бўйича товарларни экспортга реализация қилиш мақсадида фойдаланиладиган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) солиқ сотувчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига келиб тушган валюта тушумининг улушида ҳисобга олинади.

Товар экспорти воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича воситачи (ишончли вакил) орқали амалга оширилган тақдирда, солиқ воситачининг, ишончли вакилнинг ёки солиқ тўловчининг ҳисобварағига келиб тушган валюта тушумининг суммаси улушида ҳисобга олинади.

Мисол
ҚҚСни келиб тушган валюта тушумининг улушида ҳисобга олиш

 

Корхона тайёр маҳсулотни экспортга реализация қилади. Уни ишлаб чиқариш учун хом ашё, материаллар ва хизматлар сотиб олинди, улар бўйича етказиб берувчиларнинг ҳисобварақ-фактураларида ҚҚС 90 млн сўм миқдорида акс эттирилган. Ҳисобга олиниши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш учун корхона алоҳида-алоҳида усулни қўллайди.

Ҳисобот ойининг сўнгги кунига сотиб олувчилар валюта тушумининг 70%ини тўлашди. Бинобарин, ҳисобот даврида корхона ҚҚСни 63 млн сўм (90 х 70%) суммада ҳисобга олишга ҳақли.


Импорт қилишда солиқни тўлаш бўйича кечиктиришда ҚҚСни ҳисобга олиш

Агар сизга товарларни импорт қилишда кечиктириш тақдим этилган бўлса, сиз солиқни ҚҚС ҳақиқатда бюджетга тўланган ойда ҳисобга олишингиз мумкин .

Мисол
ҚҚСни тўлаш бўйича кечиктириш тақдим этилганда ҚҚСни ҳисобга олиш

 

Корхона 2021 йил 1 февралда 920 млн сўмлик товарларни импорт қилди, шу жумладан ҚҚС - 120 млн сўм. Солиқни тўлаш бўйича 120 кун муддатга кечиктириш тақдим этилди.

Корхона ҚҚСнинг барча суммасини бюджетга 2021 йил 20 майда тўлайди. Тўланган солиқ суммасини май ойи учун солиқ ҳисоботини тақдим этишда ҳисобга олиш мумкин.


II.
Фойда солиғи

Товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага 0%ли ставка бўйича фойда солиғи солинади, агар:

  • товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг 15%дан ортиғини ташкил этса;
  • чет эл валютасида тўлов хизматлар кўрсатилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушган тақдирда .
Эътибор беринг!
Ноль даражали ставка рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига нисбатан татбиқ этилмайди .

Агар сизда 0%ли ставка ва бошқа ставкалар бўйича солиқ солинадиган айланмалар мавжуд бўлса, қуйидаги усуллардан бири ёрдамида даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг:

  • мутаносиб усул;
  • тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули .

Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартибини солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Сиз товарлар экспортидан олинган фойда ва бошқа фаолиятдан олинган фойдани алоҳида-алоҳида аниқлашингиз зарур.

Мисол
Даромадлар ва харажатларни тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули

 

Корхона товарларни ички бозорда ва экпортга реализация қилади. Ҳисобот даври учун товарларни реализация қилишдан олинган тушум ҚҚСсиз 2 700 млн сўмни, шу жумладан экспортга - 1 080 млн сўмни ташкил этди. Бошқа даромадлар бўлмаган.

Товарларни реализация қилишдан олинган тушумнинг жами даромаддаги улуши - 40% (1 080 : 2 700 х 100).

Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ортиқни ташкил этиши боис, корхона товарлар экспортидан олинган фойда бўйича ноль даражали ставкани қўллашга ҳақли.

Корхона даромадлар ва харажатларни тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усулидан фойдаланади.

Экспортга реализация қилинган товарларнинг таннархи ва товарлар экспорти билан боғлиқ бошқа чегириладиган харажатлар 650 млн сўмни ташкил этди.

Бевосита товарларни ички бозорда ёки экспортга реализация қилишга киритиш мумкин бўлмаган умумий чегириладиган харажатлар - 120 млн сўм. Биз мутаносиб усулда экспортга киритадиган харажатлар суммасини аниқлаймиз:

120 х 40% = 48 млн сўм, бунда 40% - товарларни экспортга реализация қилишдан олинган тушумнинг реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасидаги улуши.

Экспортга киритиладиган чегириладиган харажатларнинг умумий суммаси - 698 млн сўм (650 + 48).

Экспорт бўйича фойда - 382 млн сўмга (1 080 – 698) – ноль даражали ставка бўйича фойда солиғи солинади.


III. Айланмадан олинадиган солиқ

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаддан чегириб ташланади, ушбу даромадлар умумий даромаднинг 15%идан кўпроғини ташкил этиши шарти билан .

Мисол
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлаш

 

1. Корхонанинг жами даромади ҳисобот (солиқ) даври учун 620 млн сўмни, шу жумладан товарлар экспортидан олинган даромад - 186 млн сўмни (30%) ташкил этди. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси – 434 млн сўм (620 – 186).

2. Корхонанинг жами даромади ҳисобот (солиқ) даври учун 620 млн сўмни, шу жумладан товарлар экспортидан олинган даромад - 49,6 млн сўмни (8%) ташкил этди. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси – 620 млн сўм.

Эътибор беринг!
Хизматлар экспортига солиқ солиш тўғрисида Молия вазирлиги мутахассислари ва “Норма” экспертларининг қўшма тавсияларида ўқинг.


 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь