ҚҚС ҳисобга олингандан кейин камомад аниқланса

preview

“МЧЖни текшириш чоғида ТМҚнинг камомади аниқланди. Камомаднинг қийматии моддий-жавобгар шахслардан ҚҚСсиз ундириб олинди. Ушбу етишмаётган ТМҚ ҚҚС билан харид қилинган, ҚҚС суммаси ҳисобга олинган”. 

Мазкур вазиятнинг солиқ оқибатлари ва хатони қандай тузатиш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан  Молия вазирлиги Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ гапириб берди:

 

ҚҚСга қандай тузатиш киритилади

Илгари товарларни (хизматларни) олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган, олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасига улар бузилганда ёхуд табиий камайиш нормаларидан ортиқча йўқотилган тақдирда тузатиш киритилиши лозим, бундан фавқулодда ҳолатлар муносабати билан товарларнинг бузилиши ёхуд йўқотилиши мустасно .

Шу боис сиз илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган етишмаётган захиралар бўйича ҚҚС суммасига тузатиш киритишингиз (ушбу қисмида ҳисобга олишни бекор қилишингиз) лозим.

ҚҚСга тузатиш киритиш суммаси ТМҚ қийматини оширишга тааллуқли бўлади ёки фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинадиган харажатлар таркибига киритилади .

Ҳисобга олинган ҚҚСга ТМҚнинг камомади аниқланган солиқ даврида тузатиш киритинг .

 

Етказилган зарар қандай қопланади

Етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва уни ундириш тартиби Меҳнат кодексининг 204-207-моддаларида назарда тутилган.

Иш берувчи зарарни муайян ходимлардан ундириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказиши шарт. Бунинг учун махсус комиссия тузилади.

Иш берувчига етказилган зарар миқдори ҳақиқий йўқотишлар бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида белгиланади.

Ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига мувофиқ ундирилади. Бундай фармойиш зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб 1 ой ичида чиқарилиши мумкин .

Эътибор беринг
Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг (шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим .

Етказилган зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин 1 ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади.

ТМЗ камомадининг бухгалтерия ҳисоби тартиби Инвентаризация жараёнида аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчасининг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисидаги 1334-сон Низомда белгиланган.