ДСҚ тушунтирди: III чорак учун айланмадан олинадиган солиқ қандай тўлдирилади

preview

III чоракдан бошлаб Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби ЭҲФ тизими маълумотлари асосида автоматик тарзда тўлдирилади. Бу қандай ишлашини buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Абдукарим ЭШБОЕВ гапириб берди:

- 2020 йилнинг III чораги учун  Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини топшириш учун солиқ тўловчи my.soliq.uz да шахсий кабинетга кириши ва  10104_23 коди билан солиқ ҳисоботи шаклини танлаши зарур.

Ҳисоб-китоб топшириладиган солиқ даври (2020 йилнинг III чораги) киритилгандан кейин, шу давр учун электрон ҳисобварақ-фактуралар реестрини юклаш имконияти пайдо бўлади. Реестрни юклаб олган ҳолда сизнинг товарлар ва хизматларни реализация қилиш операцияларингизни таҳлил қилиш мумкин.

Товарлар ва хизматларни реализация қилишга кирмайдиган даромадлар Ҳисоб-китобнинг 0101-сатр “Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда реализация қилиш сифатида қаралмайдиган даромадлар”да акс эттирилади ва Ҳисоб-китобга 1-илова “Бошқа даромадлар”нинг 0301-0320-сатрларида расшифровка қилинади.

010-сатр “Товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад”нинг 3-устуни маълумотлари автоматик тарзда шакллантирилади. II чорак учун маълумотлар шу давр учун Ҳисоб-китобдан олинади. III чорак бўйича маълумотлар ташкилотлар томонидан  шу даврда тақдим этилган ЭҲФ асосида, БЮД бўйича – ДБҚ маълумотлари асосида шакллантирилади.

Эътибор беринг
III чорак учун ҳисоб-китоб маълумотлари бузиб кўрсатилмаслиги учун, июль, август ва сентябрь ойлари учун барча ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган қоидалар бўйича тақдим этилиши керак.

Эътибор беринг
Тизимга барча ЭҲФ, жумладан ижарага берувчининг харажатларини қоплаш, воситачилик операциялари ва ҳ.к. киради. Хусусан, агар ижара шартномаси бўйича коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари қиймати ижара ҳақи суммасига киритилмаса, балки ижарага олувчи томонидан у томондан истеъмол қилинган хизматлар миқдорида қопланса, унинг номига тақдим этиладиган ЭҲФда ижарага берувчи алоҳида сатрлар билан мазкур хизматлар қийматига тўғри келадиган қопланадиган ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатган ҳолда коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари учун қопланадиган суммани кўрсатиши керак.

Асосий воситаларни реализация қилиш билан қандай йўл тутиш лозим

Асосий воситаларни реализация қилишда ЭҲФ товарлар (хизматлар)ни реализация қилишда каби тўлдирилади .

Бунда, юқорида кўрсатилганидек, корхоналарнинг 2020 йилнинг III ва IV чораклари учун жами даромади жорий чорак учун тақдим этилган ЭҲФ маълумотларидан келиб чиқиб ва олдинги чорак учун солиқ органларига тақдим этилган Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 010-сарти 3-устунининг жами суммаси асосида шакллантирилади.

Асосий воситаларни реализация қилишда бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган уларнинг чиқиб кетишидан олинган даромад (фойда) айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш базаси ҳисобланади . Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 3-устуни 010-сатрининг асосий воситаларни реализация қилишда ЭҲФ асосида автоматик тарзда тўлдирилиши солиқ солиш базасининг бузиб кўрсатилиши ва солиқ суммасининг нотўғри ҳисобланишига олиб келади.

Ҳисобварақ-фактура бўйича асосий воситаларни реализация қилиш бўйича барча суммани Ҳисоб-китобнинг 0101-сатрида кўрсатиш зарур, Ҳисоб-китобга 1-илованинг 0303-сатрида эса – ижобий фарқни (асосий воситани чиқиб кетишидан олинган даромад суммаси)ни кўрсатиш зарур. Натижада Ҳисоб-китобнинг 040-сатри бўйича сиз солиқ солинадиган жами даромаднинг аниқ суммасини оласиз.