Иккита монитор ва бошланғич ҳужжатлар билан ишлашнинг бошқа усуллари

05.04.2020

Карантин шароитида бошланғич ҳужжатларни қандай ёзиб бериш, имзолаш, топшириш ва олиш мумкин? Принтерни қаердан топиш мумкин, бош бухгалтерга бир йўла иккита монитор нега керак? Buxgalter. uz таътил ва сафарларда масофадан туриб ишлаш тажрибасига эга бўлган бухгалтерларни саволга тутди. Сиз ҳам ишингизда уларнинг тавсияларидан фойдаланишингиз мумкин.

Нурия СУҲРОБОВА, кичик чакана савдо корхонасининг бош бухгалтери:

– Менежерларимиз билан Telegram-гуруҳ тузганмиз, улар товар юклаб жўнатилишига асос бўлган барча юкхат-ҳисобварақ-фактураларнинг фотосуратларини ҳар куни унга ташлашади. Мен ўз навбатида ҳисобда – 1С дастурида уларга ишлов бериб, ЭҲФ тизимига киритаман. Бундай юкхатларни олдиндан – бир ойга етадиган қилиб кўп нусхада қоғозга чиқариб олганмиз. Қолган иш ҳужжатларини флешкада, уйдаги ва офисдаги компьютернинг «D» ишчи дискида сақлаб қўйганман.

Илгари ишимнинг бир қисмини доим уйда бажарганман, шу сабабли иш жараёни тўхтаб қолмаслиги учун 1С базасини резервлаш ва тиклашга кўникиб қолганман. Бундан ташқари, таъсис ҳужжатлари ва кадрларга оид ҳужжатлар, керак бўлганда ишлов бериш зарур бўладиган сўнгги буйруқларни ҳам олдиндан сканердан ўтказганман. 

Гулчеҳра АВАЗМАТОВА, йирик фармацевтика корхонасининг бош бухгалтери:

– Раҳбаримиз ҳар куни биз билан шошилинч йиғилиш ўтказиб, кўрсатмалар беради, корхонамиздаги ҳар бир хизмат учун масъул шахсни тайинлайди. Юзага келган шароитда кўпчилик ходимларни ҳақ тўланадиган таътилга чиқардик. Бошқалари қисқартирилган иш жадвали асосида ишламоқда. Ишини тўхтатиши мумкин бўлмаганлар, шу жумладан мен масофадан туриб ишлай бошладик.

Карантин пайтида ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани ҳақида буйруқ чиқардик.

Дастлаб ЭҲФ тизимида харидорнинг буюртмасини, сўнг ишончномани расмийлаштирамиз, шундан кейин товар юклаб жўнатилиб, ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади. Карантин пайтига мўлжаллаб олдиндан қоғозга чиқарилган, имзоланган ва муҳрланган юкхатлар асосида товарларни юклаб жўнатамиз. Ҳужжатлар: буюртма – ишончнома – юкхат-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш бўйича бутун жараён якунланиб, товар юклаб жўнатилгач, уларни экспедиторларимиз тўлдирадилар. Шундан сўнг менежерларимиз Excel шаклидаги ҳисоботни топширадилар (электрон почтамга йўллайдилар), унда юкхатлардаги барча маълумотларни акс эттирадилар, шунингдек уларнинг фотосуратларини илова қиладилар.

Тармоқдаги стационар 1Сни булутли тизимга ўтказдик, кириш имконини чекладик, ҳар бир ходим, илгари офисда бўлганидек, иш куни давомида дастурдаги функционал вазифаларини бажаради. Чат ва дастурда ишлов берилиши зарур бўлган иш кунидаги бошланғич ҳужжатлар сақланадиган «ҳужжатлар қутисини» ҳам очдик.

Нигина АЗИЗОВА, кичик умумий овқатланиш корхонасининг бош бухгалтери:

– Автомобилга «стикер» олдик, энди маҳсулотларимизни етказиб бера оламиз! Бунда хавфсизлик техникаси ва санитария ишлови бериш қоидаларига риоя этаяпмиз.

Мижозларга етказиб бериладиган буюртмаларни Telegram-бот ёрдамида расмийлаштирамиз. Сўнг экспедиторлар буюртма асосида тузилган юкхатни расмийлаштирадилар. Карантин пайтига мўлжаллаб олдиндан юкхат бланкаларини тайёрлаб қўйганмиз, уларда муҳр, директор ва менинг имзоимиз бор. Маҳсулот реализациясига доир қолган барча реквизитларни – миқдори, нархи ва ҳ.к. – менежер-экспедиторларимиз расмийлаштирилган ва мижоз тасдиқлаган буюртма бажарилганда киритадилар.

Мижозлар билан камроқ алоқа қилиш учун барча тўловларни Clik, PayMе ва бошқа тўлов тизимлари орқали онлайн-режимга ўтказдик.

Иш учун зарур бўладиган қолган барча ҳужжатларни флешкамга кўчириб олдим, бошлиғимдан масофадан туриб ишлаш учун ноутбук сотиб олишга рухсат сўрадим. Карантингача улгурдик: сотиб олиб, созладик, унга дастуримни ўрнатдик, энди уйда хотиржам ишлаяпман.

Умида ИСЛОМОВА, хизмат кўрсатиш соҳасидаги бош бухгалтер:

– «Электрон ҳисобварақ-фактуралар» сервиси масофадан туриб ва бошланғич ҳужжатлар билан ишлашда жуда қўл келаяпти. Унга вақтида ўтибмиз! Аввалига кўп ҳамкасбларим унга ўтишни истамай: «Ҳам пул тўлаш, ҳам янги тизимда ишлашни ўрганиш керак экан», – дейишганди. Ҳозир эса у роса асқотаяпти.

Масалан, ҳисобварақ-фактурани ким ёзиб берганини дарҳол кўриб, унга асос бўлган шартномани юборишини сўраб менежеримизга қўнғироқ қиламан ёки Telegram-канал орқали ёзаман. У бундай шартномаларни почтамга ёки сканерланган кўринишда Telegram-канал орқали юборади.

Апрель ойидаги кадрлар ва бухгалтерия хизматлари ишини режалаштириб олдик, почта ва Telegram-канал орқали ишлаяпмиз, бир-биримизга зарур ҳужжатларни юбораяпмиз. Директор билан қандайдир ҳужжатлар – шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, буйруқлар юзасидан келишиб олиш керак бўлса, уларни аввал унга юборамиз. У маъқуллаганидан кейин улар билан ишлашга киришамиз.

Директордан «бундай демаганман» ёки «ёдимда йўқ» қабилидаги гапларни эшитмаслик учун у билан барча ёзишмаларимни сақлаб қўяман. Асосан бир йилга мўлжалланган шартномаларни тузамиз, шу сабабли ҳозир ЭҲФ сервиси ёрдамида контрагентларимизга фақат ҳисобварақ-фактураларни тақдим этаяпмиз.

Елена ГУСЕВА, кичик корхонанинг бош бухгалтери,  фаолият тури – радиостанция:

– Масофадан туриб ишлаётганимга анча бўлди, кадрлар ишини ҳам юритаман. Шу боис тажрибам билан ўртоқлашишим мумкин.

Биринчи навбатда қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

  • Интернет, шаҳар ва уяли алоқа воситасида ҳамкасблар билан мулоқот қилиш имконини яратиш;
  • доимий иш жойини жиҳозлаш: стол, стул, чироқ, компьютер, иккита монитор, интернет, уяли алоқа телефони, шаҳар телефон алоқаси, принтер.

Ишлаётганда иккита монитордан фойдаланаман, бу жуда қулай бўлиб, кўп вақтим тежалади. Иш жараёнида биттасида 1-Uz бухгалтерия дастури ва Telegram-канал очилган бўлади. Иккинчисида – иш учун керак бўладиган ҳамма нарса: my.soliq.uz сайти, банк-мижоз.

Масалан, Telegram орқали бошланғич ҳужжатларни олдим:

  • ой давомида бошловчилар, янгиликлар дастурини олиб борувчиларнинг эфирга чиқиш графиги фотосурати;
  • бошқа ходимларнинг ишга чиқиш графиги фотосурати;
  • штатдаги ходимлар ва ФҲШ асосида ишловчилардан олинган, тайёрланган, ёзиб олинган, монтаж қилинган радиоэшиттириш ва янгиликларнинг сони ҳақидаги маълумотлар;
  • таътил олиш учун аризалар ва ҳ.к.

Битта мониторда Telegram-каналда бошланғич ҳужжатни очсам, иккинчисида дарҳол ҳисоботни шакллантириб, маълумотларни киритаман ёки буйруқ тузаман.

Тўлов учун шартнома фотосуратини олдим, дейлик – у битта мониторда. Иккинчисида эса бухгалтерия дастурига дарҳол контрагентнинг маълумотлари, унинг реквизитларини киритиб, тўлов ҳужжатини тузаман ва ҳ.к.

Ҳамкасблардан Telegram-канал орқали фотосурат, матнли ҳужжат ёхуд Excel шаклидаги жадвал кўринишида бошланғич ҳужжатларни олишни тавсия этаман. Фақат ёзишма кўринишида эмас. Ёзишмага кўп вақт кетади, тушунмовчилик ва хатога йўл қўйиш мумкин, ахборотнинг маъноси бузиб кўрсатилади.

Бундай режимда ишлаб, март ойи учун иш ҳақини ҳисоблаб, 2020 йилнинг I чораги учун солиқ ҳисоботини топширишда асқотадиган барча зарур ҳужжатларни тайёрлаб қўйдим. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  1. Иш ҳақини ҳисоблаш учун зарур бўладиган қилинган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар, буйруқлар, табелни тайёрлаш. Тайёрланган ҳужжатларни бўлинмалар раҳбарлари ва ташкилот директори билан телефон ёки Telegram орқали келишиб олиш.
  2. Март ойида кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни тайёрлаш учун ташкилотлар рўйхати, шартномалар, кўрсатилаётган хизматлар турлари, ушбу хизматларнинг нархи, кўрсатилган хизматлар ҳажми, хизматларни кўрсатиш бошланган ва тугаган саналар қайд этилган Excel шаклидаги махсус жадвални тузиш.
  3. Принтер бўлса, зарур ҳужжатларни дарҳол қоғозга чиқариш, сабаби офисга қайтганда барибир уларни қоғозга чиқаришга тўғри келади. Бунда яна ҳужжатларни кўтариш, эслаш ва саралашга тўғри келади. Бунга қўшимча вақт талаб этилади. Принтерингиз бўлмаса, етказиб бериш хизматидан фойдаланиб, уни офисдан олиб келиш мумкин.
  4. Иш ҳақини ҳисоблаш, уни ходимларнинг пластик карточкаларига ўтказиш.
  5. ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини, шунингдек Халқ банкига ШЖБПҲ бўйича ҳисоботни ўз вақтида тайёрлаш ва жўнатиш.

Кичик корхона бўлганимиз сабабли 2020 йилнинг I чораги учун айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини ҳам тайёрлаш ва топшириш керак.

Татьяна ЛИМАРЕВА.

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг