Корхона почта манзили ва банкни ўзгартирган бўлса, нима қилиш зарур

30.04.2020

Корхона почта манзили ва банк реквизитларини ўзгартирди. Ёпилмаган шартномалар бор. Бундай вазиятда нима қилиш лозим? Юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ бу борада босқичма-босқич йўриқномани тайёрлади. У карантин шароитида ҳам барча зарур масалаларни ҳал қилиш имконини беради.

– Корхонангизнинг жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган бўлса, қайта рўйхатдан ўтинг. Буни ўзгарган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида амалга оширинг .

Қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектини икки хил йўл билан: ўзи келган ҳолда ва интернет орқали қайта рўйхатдан ўтказиш назарда тутилган. Давлат хизматлари агентлиги директори юзага келган эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда давлат хизматлари марказларига вақтинча бормай туришни тавсия этди.

Шу сабабли иккинчи вариантдан фойдаланинг. У бир нечта кетма-кет босқичда амалга оширилади. Ҳаммаси реал вақт режимида юз беради, бунга кўпи билан ярим соат вақтингиз кетади .

1. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда – Тизим) киринг. Бунинг учун fo.birdarcha.uz  ҳаволаси орқали ўтинг.

2. ЭРИ ёки ONE ID тизими ёрдамида авторизацияланиб, сайт функционалига кириш имконини қўлга киритинг.

3. «Тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш» хизматини танлаб, белгиланган шаклда сўровнома (ариза) тузинг . Бунинг учун Тизим босқичма-босқич блокларни тўлдириш ва киритган маълумотларингизни сақлашни таклиф этади.

Биринчи бўлимда ташкилотингиз СТИРи ва рўйхатдан ўтказиш маълумотларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилган органни кўрсатинг. Бундай қарорни фақат иштирокчилар  ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши   ёхуд хусусий корхона мулкдори  қабул қилиши мумкинлигини назарда тутинг. Кейинги сатрда иштирокчилар, акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси ёхуд ягона иштирокчи, акциядор ёки мулкдорнинг қарори расмийлаштирилган санани қайд этинг.

Сўнг 2-1 «Жойлашган жойининг (почта манзилининг) ўзгариши» бандига белги қўйиб, III «Тадбиркорлик субъектининг – юридик шахснинг янги жойлашган жойи (почта манзили)» бўлимини диққат билан тўлдиринг.

Фирма номи, муассислар таркиби ва устав фонди миқдори ўзгармагани сабабли IV – VI бўлимларни тўлдирмаслигингиз мумкин.

VII бўлимда таъсис ҳужжатлари расмийлаштирилган (умумий йиғилиш ёхуд ягона муассис томонидан тасдиқланган) саналарни кўрсатиб, 7-2 бандга керакли белгиларни қўйинг: устав – мажбурий равишда, таъсис шартномаси эса мавжуд бўлса илова қилинади (МЧЖ иштирокчилари биттадан ортиқ бўлса, таъсис шартномаси расмийлаштирилади).

VIII – Х бўлимларни ҳам тўлдирманг.

Тузилган электрон аризани қуйидаги шахсларнинг ЭРИ билан тасдиқланг:

  • ариза берувчи – мулкдор (муассис) ёки юридик шахс раҳбари. Бунда унинг Ф.И.О., СТИР ва ЖШШИР (ШЖБПҲ)ни кўрсатиш лозим;
  • ариза берувчининг вакили (масалан, юрист ёки бош бухгалтер). Бу ҳолда қўшимча равишда унинг паспорт (серияси, рақами, берилган санаси) ҳамда ваколатларни тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома) маълумотлари кўрсатилади.

Иловаларга келсак, – устав ва таъсис шартномаси (мавжуд бўлганда) янги таҳрирда қабул қилинади. Намунавий шакллардан фойдаланишингиз мумкин . Ушбу файлларни  jpeg форматида ёки PDF форматидаги скан-нусха кўринишида бириктиришингиз мумкин. Бир жиҳатига эътибор беринг: файл ҳажми 10 Мб дан ошмаслиги керак. Ҳужжатлар: битта ҳужжат – битта файл принципи бўйича Тизимга юкланиши лозим.

4. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш чоғида тўланадиган ставканинг 25%и миқдорида давлат божини тўланг . Тизим тўланиши лозим бўлган суммани автоматик равишда ҳисоблаб, инвойс тақдим этади.

Тўлов тўлангач, Тизим ҳужжатларни давлат хизматлари марказининг масъул ходимига автоматик равишда йўллайди ва уларда кўрсатилган маълумотларни тегишли маълумотлар базалари билан солиштиради.

Текширув якунлангач:

  • тегишли ёзувлар Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига автоматик равишда киритилади;
  • электрон рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома шакллантирилади ;
  • гувоҳнома ва таъсис ҳужжатлари электрон ҳужжатлар репозиторийсида сақланади;
  • тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетига ва аризада кўрсатилган e-mail га давлат хизматлари маркази ходимининг ЭРИ билан тасдиқланган янги гувоҳнома ва таъсис ҳужжатларига ҳавола (гиперҳавола) келиб тушади. Ҳужжатларда QR-код ва идентификация рақамлари бўлиши керак.

Қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида қийинчиликларга ёки Тизимдаги техник носозликларга тўқнаш келсангиз, (+71) 207-00-66 телефони орқали мурожаат қилинг ёки сайтдаги алоқа боғлаш шаклидан фойдаланинг.


Солиқ инспекцияси, туман статистика бўлими ва Халқ банкини хабардор қилиш керакми?

Тизим рўйхатдан ўтказувчи органлар – давлат хизматлари марказларининг бошқа идоралар, шу жумладан солиқ органлари билан электрон ҳамкорлик қилишини назарда тутади, ҳужжатлар ва маълумотлар ўзгартирилгани тўғрисида уларни хабардор қилади .  

Солиқ кодексида бу борада шундай дейилган: юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили) солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари таркибига киради . СК 132-м. 1-қ. келиб чиқишича, солиқ органлари ҳисоб маълумотларини солиқ тўловчининг ўзидан ёхуд ваколатли органлардан олади.

 

Диққат
Давлат хизматлари марказлари юридик шахсларнинг давлат реестрига киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар тўғрисида солиқ органларини хабардор қилишлари шарт . Бироқ юридик шахснинг жойлашган манзили (почта манзили) Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрида кўрсатилмайди . Бинобарин, давлат хизматлари марказлари у ўзгартирилгани тўғрисида солиқчиларни хабардор қилишга расман мажбур эмас.

 

Шу сабабли корхона кўчиб ўтган туман ДСИдан у ташкилотингизнинг почта манзили ўзгаргани тўғрисида хабарнома олган-олмаганлиги ҳақида албатта суриштиринг.

Сиздан Солиқ тўловчи – юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш маълумотларини ўзгартириш карточкасини тақдим этишни сўрашлари мумкин . Буни my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириш мумкин.

«Фуқароларнинг мурожаати» хизматидан фойдаланинг, тўлдирилган, сканерланган Карточка шаклини PDF-форматда бириктириб жўнатинг. Айни пайтдаги карантин шароитида тўлдирилган Карточка фотосурати ҳам қабул қилинади.

Диққат
Почта манзили (яшаш жойи), банк реквизитлари ўзгаргани тўғрисида ёки ваколатли давлат органи томонидан қайта рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида 10 кун мобайнида маълумотлар тақдим этилмагани ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилгани учун мансабдор шахслардан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима ундирилади .

Ташкилотингизни солиқ бўйича ҳисобга олиш «йиғмажилди» аввалги ДСИдан янгисига топширилганини текширинг.my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали янги туманда сиз учун шахсий ҳисобрақамлар карточкалари ва солиқларни тўлаш учун ҳисоб-китоб рақамлари очилган-очилмаганини, солиқларни ҳисоблаш ва тўлашга доир барча маълумотларингиз уларга тўғри киритилган-киритилмаганини текширинг. 

Қоидаларга кўра давлат хизматлари марказлари Корхона ва ташкилотлар ягона давлат регистрини шакллантириш ва актуализациялаш учун зарур бўлган ахборотни давлат статистика органларига тақдим этишлари шарт . Бу Тизим орқали автоматик режимда юз беради . Шу сабабли маълумотларингиз аввалги туман статистика бўлимидан янгисига ўтказилганини ҳам қўнғироқ қилиб аниқланг.

Халқ банкига келсак... Ташкилот – иш берувчи жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи шахслар тўғрисидаги маълумотларни Халқ банкига тақдим этиши шарт . Янги манзилингиздаги Халқ банки филиалига қуйидагилар қайд этилган аризани тақдим этинг:

  • ШЖБПҲ рақами (жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси рақами);
  • ходимлар – жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчиларнинг Ф.И.О., уларнинг жинси, туғилган санаси ва жойи, шунингдек паспорт маълумотлари (серияси ва рақами);
  • жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйилган санаси;
  • уларни ҳисобга қўйган Халқ банки филиалининг номи.

Аризага давлат рўйхатидан ўтказилганингиз тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ходимларнинг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари нусхаларини илова қилинг. Жорий вазиятни инобатга олган ҳолда ҳужжатларни электрон шаклда, олингани тўғрисида хабар бериладиган қилиб топширинг. Бунинг учун Халқ банкига қўнғироқ қилиб, юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни қандай қилиб масъул ходимнинг почтасига жўнатиш мумкинлигини суриштиринг.


Лицензия ва рухсатномаларни ўзгартириш керакми?

– Ҳа, керак.

Юридик шахснинг жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда қуйидаги ҳужжатларни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза билан ваколатли органга мурожаат қилиш лозим: 

  • лицензияни  – қайта рўйхатдан ўтказилганидан кейин бир ой муддатда ;
  • рухсатнома тусидаги ҳужжатни  – қайта рўйхатдан ўтказилганидан кейин 7 иш куни мобайнида .


Контрагентлар билан тузилган шартномаларни ўзгартириш керакми?

– Ўзаро шартномалар «ёпилган», бироқ келгусида ҳамкорликни давом эттириш режалаштирилаётган контрагентларни компаниянгиз бошқа жойга кўчгани ҳақида хабардор қилиш мумкин. Бунинг учун янги почта манзили ва банк реквизитлари кўрсатилган хат йўллашнинг ўзи кифоя. Шундай қилсангиз, сизга йўлланган тижорат таклифлари, оферталар ва бошқа ишбилармонликка оид ёзишмалар келгусида ўз эгасини топади.

Улар бўйича мажбуриятлар ҳали бажарилмаган жорий шартномаларга қўшимча келишувларни расмийлаштириш зарур. Қўшимча келишув предмети – тегишли томоннинг манзили ва банк реквизитлари ўзгариши (янги таҳрирда баён этилади). Мисол учун, қуйидаги формулировкадан фойдаланиш мумкин:

«Томонлар ўртасида тузилган 2020 йил 1 январдаги 1-сон етказиб бериш шартномасининг VII бўлимида кўрсатилган етказиб берувчининг манзили ва банк реквизитлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин: …».

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг