Масофадан туриб ишлаётганда I чоракни қандай қилиб тўғри ёпиш мумкин

preview

2020 йил I чораги учун солиқ ва молиявий ҳисоботларни топшириш санаси келди. Барча бошланғич ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда уларни лозим даражада ёпиш, бухгалтерия дастурларида қайд этиш зарур. Карантин пайтида буни амалга ошириш осон эмас, бироқ шундай қилишга тўғри келади. Вuxgalter.uz тавсияларидан фойдаланинг.

Биринчидан, сизга ЭҲФ сервиси ёрдам беради. Унинг ёрдамида:

  • 2020 йил январь–март ойларида кимлар ҳисобварақ-фактураларни ва бажарилган ишлар далолатномаларини сизга тақдим этганини таҳлил қилишингиз;
  • бу даврда контрагентлардан қайси бирига уларни тақдим этганингизни текширишингиз;
  • ушбу маълумотларни бухгалтерия дастуридаги ҳисоб маълумотлари билан солиштиришингиз мумкин.

Сўнг қуйидагиларни амалга оширишингиз зарур:

  • масофадан туриб ишлашга ўтган пайтингиздан бошлаб олинган ҳужжатлар – Телеграм-каналлардаги фото-ҳисоботлар, файллар, ходимлар почта орқали сизга жўнатган ҳужжатларнинг фотосурати ва скриншотларини текширишингиз. Улар буйруқлар, иш вақти ҳисобини юритиш табеллари, савдо агентларининг ҳисоботлари, хизмат сафарлари ва корпоратив картадаги маблағлардан фойдаланиш бўйича бўнак ҳисоботлари ва ҳ.к. бўлиши мумкин;
  • «Банк-мижоз» ёки «Интернет-банкинг» тизими ёрдамида шакллантириб, банк счётларидаги, шу жумладан КПКдаги маблағлар ҳаракати бўйича банк кўчирмасини таҳлил қилишингиз;
  • контрагентларингиз билан ҳисобот давридаги солиштириш далолатномаларини имкон қадар электрон кўринишда сўрашингиз ва тузишингиз;
  • масофадан туриб ишлашга ўтаётганда бухгалтерия ҳақиқатда олган барча ҳужжатларни бухгалтерия ҳисобида қайд этмаган бўлсангиз, ижрочилар берган ахборот асосида ёки солиштириш далолатномаларига кўра уларни тиклашга уриниб кўришингиз;
  • 2020 йил I чораги учун айланма-сальдо қайдномасини шакллантириб, у «қизариб қолмаганини» текширишингиз;
  • контрагентлар билан барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳисобда акс эттирилгач – март ойи учун ҚҚСни ёки 2020 йил I чораги учун айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашингиз (ушбу солиқларни тўловчилар томонидан) ва солиқ ҳисоботини тақдим этишингиз:

- 15 апрелдан кечиктирмай - айланмадан олинадиган солиқ бўйича ;

- 20 апрелдан кечиктирмай – ҚҚС бўйича ;

  • таннархни шакллантиришингиз, даромадлар ва харажатлар счётларини (9000, 9100, 9300, 9400, 9500, 9600, 9700) ёпишингиз;
  • фойда солиғини ҳисоблашингиз (ушбу солиқни тўловчилар томонидан) ва ҳисобда Дт 9810 Кт 6410 проводкаси ёрдамида акс эттиришингиз;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобини 20 апрелдан кечиктирмай солиқ органларига тақдим этишингиз .
Диққат!
Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўласангиз , 2020 йил II чораги учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисида маълумотномани ДСИга тақдим этишингиз мақсадга мувофиқлигини аниқланг . Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома шакли my.soliq.uz сайтида жойлаштирилган, шакл коди – 10201_11.
  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот ва Бухгалтерия балансини шакллантиришингиз.
Диққат!

Молиявий ҳисобот Қоидаларга мувофиқ тўлдирилади. Уни йирик корхоналар 25 апрелгача тақдим этадилар , қуйидагилар бундан мустасно:

  • ҳисобот чораги тугагач 40 кун ичида чораклик ҳисобот тақдим этадиган вазирликлар, идоралар, ассоциациялар, корпорациялар, концернлар ва давлат мулкини бошқарувчи бошқа органлар;
  • йилда 1 марта, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай молиявий ҳисобот тақдим этадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий фирмаларнинг ваколатхоналари;
  • йилда 1 марта, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартигача молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот тақдим этадиган юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотлари;
  • йилда 1 марта, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот тақдим этадиган микрофирмалар ва кичик корхоналар.

Бошланғич ҳужжатларнинг ҳаммаси олингани ва ҳисобда акс эттирилгани юзасидан шубҳаларингиз аримаслиги мумкин. Карантиндан чиққач, ҳисоб маълумотларида қандайдир хатоликларни топсангиз:

  • уларга тузатиш киритиш ва кейинги ҳисобот давридаги молиявий ҳисоботда инобатга олиш ;
  • зарурат туғилганда солиқ ҳисоботларини қайта топшириш мумкин .

 

Татьяна ЛИМАРЕВА.