Солиқ ҳисоботининг янги шакллари – норезидентлар даромадлари, дивидендлар ва фоизлар бўйича

preview

Мy.soliq сайтида “Электрон солиқ ҳисоботи” таркибида учта янги шакл пайдо бўлди:  Дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадлардан олинадиган, солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ ҳисоб-китоби (шакл коди –10202_4), Чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби  (шакл коди –10001_4), Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган юридик шахслардан олинадиган фойда, норезидентлардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби (10307_2). Бухгалтерларнинг аксарияти улар бўйича 20 февралдан кечиктирмай ҳисобот топширишларига тўғри келади.

Ушбу шаклларда айнан нима ўзгарди, қайси муддатларда уларни тақдим этиш ва солиқларни тўлаш лозим?

I.  Чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китобида жиддий ўзгаришлар рўй бермади:

  • 010-сатр “Чет эллик шахслар томонидан реализация қилинган товарлар (хизматлар) – жами (0101-сатр + 0102-сатр)”;
  • 0101-сатр “Чет эллик шахслардан олинган, реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган товарлар (хизматлар)”;
  • 01011-сатр “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСдан озод этиладиганлари – жами”;
  • 01012-сатр “Қонун ҳужжатларига асосан озод этилганлари”:
  • 0102-сатр “Чет эллик шахслардан олинган, реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлмаган товарлар (хизматлар)”;
  • 020-сатр “Солиқ солинадиган база ва бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси (0101-сатр – (01011-сатр + 01012-сатр)”.

Бироқ, ҳисоб-китобни тўлдириш чоғида қуйидагиларни инобатга олиш зарур:

  • товарлар (хизматлар) чет эллик шахслар томонидан реализация қилинганда солиқ агентлари томонидан солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятларини ;
  • электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахсларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари. Ўзбекистон жисмоний шахсларига Интернет тармоғи орқали электрон хизматлар кўрсатувчи чет эл компанияларини қандай қилиб ҳисобга қўйиш ҳақида бу ерда ўқинг;
  • солиқ базасини аниқлаш чоғида солиқ тўловчининг чет эл валютасида ифодаланган тушуми (харажатлари) товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган санада МБ курси бўйича миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқилади ;
  • ҚҚС ставкаси 15% .

 

Эътибор беринг

1. Чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби ҳар ойда йил бошидан бошлаб ўсиб бормайдиган якун билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилади. Яъни 20 февралдан кечиктирмай ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш ва солиқни тўлаш лозим .

2. Электрон шаклда хизмат кўрсатувчи чет эл юридик шахслари солиқ ҳисоботи, ҳужжатлар (ахборот) ва бошқа маълумотларни ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этади. Солиқни эса улар солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўлашлари зарур бўлади. Солиқ базаси ҳар бир чорак бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов (қисман тўлов) келиб тушган вақтдан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

 

II. Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган юридик шахслардан олинадиган фойда, норезидентлардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китобида сатрларга ўзгартириш киритилди ва қўшимча сатрлар қўшилди:

  • 010-сатр “Ҳар қандай номоддий активдан Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш ёки фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун роялти, жами (010-0130-сатрлар жами), шу жумладан”;
  • 020-сатр “Реализация қилишдан олинган даромадлар жами (0201+0202+0203+0204-сатрлар йиғиндиси)”;
  • Акциялар, Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахсларнинг устав капиталидаги улуши (пайлар), жами (02011-02019-сатрлар йиғиндиси) шу жумладан”;
  • 0202-сатр “Кўчмас мулк жами (02021-02029-сатрлар йиғиндими) шу жумладан”;
  • 0203-сатр “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган кўчмас мулк
  • мулк мажмуаси сифатида корхона , “02031-02039-сатрлар йиғиндиси) шу жумладан”
  • 0204-сатр Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган инвестиция пай фондларининг инвестиция пайлари, (02041-02049-сатрлар йиғиндиси) шу жумладан”;
  • 030-сатр “Ўзбекистон Республикаси норезидентига тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси норезидентининг ўзи томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси резиденти томонидан топшириқ шартномаси асосида Ўзбекистон ҳудудида товарларни реализация қилишдан олинган даромадлар, жами (0301-0320-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 040-сатр “Ўзбекистон Республикасида юзага келадиган таваккалчиликларни суғурталаш, биргаликда суғурталаш ва қайта суғурталаш шартномалари бўйича тўланадиган суғурта мукофотлари, (0401-04...-сатрлар йиғиндиси) шу жумладан”;
  • 050-сатр “Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан халқаро алоқа учун симли ўтказгич, радио-оптик ёки бошқа электромагнит тизимлар орқали белгилар, сигналлар, матнлар, тасвирлар, товушларни узатиш, қабул қилиш ва қайта ишлаш учун тўловни назарда тутувчи телекоммуникация хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадлар, (0501-0520-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 060-сатр “Халқаро ташиш, шу жумладан юкларни юклаш, қайта юклаш, тушириш ва жойлаш учун ташиш шартномаси шартларида назарда тутилган тўлов бўйича хизматлар”, (0601-0630-стрлар йиғиндиси), шу жумладан;
  • 070-сатр “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиладиган мол-мулкни ижарага ва иккиламчи ижарага бериш, шу жумладан лизинг операцияларидан олинган даромадлар, дарё, ҳаво кемаларини ва (ёки) бошқа транспорт воситаларини, шунингдек контейнерларни ижарага ёки қўшимча ижарага беришдан олинган даромадлар, (0701-0730-сатрлар йиғиндими), шу жумладан”;
  • 080-сон “Транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар, (0801-0830-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 090-сатр “Шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жарималар, пенялар ва бошқа тўловлар, (0901-0915-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 100-сатр “Беғараз олинган мол-мулк, хизматлар, (1001-1015-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 110-сатр “Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентидан ёки Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидент бўлган юридик шахсдан қарзни талаб қилиш ҳуқуқини олиш чоғида талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечишдан олинган даромад, (1101-1115-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан ”;
  • 120-сатр “Серверга ахборот жойлаштириш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диск майдони ва (ёки) алоқа каналини тақдим этишдан олинган даромадлар, (1201-1220-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 130-сатр “Бошқарувга оид, техник ёки маслаҳат хусусиятига эга хизматлар учун тўлов сифатида белгиланган техник хизматлардан олинган даромадлар, (1301-1315-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 140-сатр “Норезидент томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олинган бошқа даромадлар, (1401-1430-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 150-сатр “Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан олинган бошқа даромадлар, (1501-1530-сатрлар йиғиндиси), шу жумладан”;
  • 160-сатр “Жами”.

 

Эътибор беринг

Энди ушбу Ҳисоб-китоб ҳар ойда норезидентга даромадлар тўланган ой якунлари бўйича тақдим этилади. Тақдим этиш муддати - даромадлар тўланган ойдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай. Яъни, январь ойида тўлаган даромадлар бўйича Ҳисоб-китобни 20 февралдан кечиктирмай топшириш лозим . Бунда солиқ суммаси бюджетга норезидентга даромадлар тўланган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай тўланади.

Ҳисоб-китобнинг мазкур шаклини йил бошидан бошлаб ўсиб борувчи ёки ўсиб бормайдиган якун билан тўлдириш борасидаги савол очиқ қолмоқда. СК нормаси ва Шахсий карточкани мазкур солиқ бўйича солиқ органлари тизимида шакллантириш тартибидан келиб чиқиб, ушбу саволга аниқ жавоб бериш мумкин эмас. Бунда Ҳисоб-китобда “Кўрсаткичлар (жорий ҳисобот даври учун)” номли 1-графа мавжуд.

 

III.  Дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадлардан олинадиган, солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ ҳисоб-китобида кўрсаткичлар сатрлари ўзгаришсиз қолдирилди, бироқ янги сатрлар қўшилди:

  • I бўлим “Дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадлар”да – 030-сатр “Ҳисобга киритиладиган  олинган дивидендлар суммаси”;
  • II бўлим “Жисмоний шахсларнинг Дивидендлар ва фоизлар кўринишида олинган даромадлари”да – 100-сатр “Ҳисобга киритиладиган  олинган  дивидендлар суммаси”.

Дивидендлар (ҳисобга олиш механизмини инобатга олган ҳолда) ва фоизлардан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш базасини аниқлаш тартиби ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.

Эътибор беринг
Дивидендлар ва фоизлардан олинадиган солиқ суммаси бўйича солиқ ҳисоботи ўзининг солиқ ҳисобига олинган жойидаги солиқ органига дивидендлар ва фоизлар ҳисобланган ойдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай солиқ агентлари томонидан тақдим этилади . Январь ойида тўланган дивидендлар учун Ҳисоб-китобни 20 февралдан кечиктирмай топшириш лозим.

 

Эътибор беринг

Ҳисоб-китоб йил бошидан бошлаб ўсиб борувчи якун билан тўлдирилади. Унга изоҳлар назарда тутилган:

  • фоиз даромадлари тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, нотижорат ва бюджет ташкилотларига тўловни амалга ошириш чоғида тўлдириш лозим;
  • 030 ва 100-сатрлар СКнинг 345-моддаси талабларига мувофиқ дивидендлар миқдорини кўрсатади. Тўланган дивидендлар ва фоизлар суммаси ушлаб қолинган солиқни инобатга олган ҳолда ҳисобланади.

 

Ҳисоб-китобни тўлдириш чоғида унга керакли иловаларни тўлдиришни, шунингдек қуйидаги шаблон-файлларни тўлдириш ва илова қилишни унутманг:

  • 1-илова “Юридик шахсларга дивидендлар ва фоизлар тарзида даромадлар тўлашда солиқ агентлари томонидан ушлаб қолинган солиқлар тўғрисида маълумотнома”;
  • 2-илова “Жисмоний шахсларга дивидендлар ва фоизлар тарзида даромадлар тўлашда солиқ агентлари томонидан ушлаб қолинган солиқлар тўғрисида маълумотнома”;
  • 3-илова “Солиқ агентлари томонидан тўлашда солиқ ушлаб қолинган олинган дивидендлар тўғрисида маълумотнома”.
Мисол
Дивидендларни ҳисоблаб ёзиш ва солиқ ушлаб қолиш
“ХХХ” МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилишининг 06.01.2020 йилдаги баённомасига асосан 2019 йил якунлари бўйича фойда тақсимланди (100 млн сўм) ва таъсисчилар-жисмоний шахсларга дивидендлар ҳисоблаб ёзилди:
  • 1-таъсисчи (Қосимов Азиз Хуршидович) – 50 млн сўм;
  • 2-таъсисчи (Ҳасанов Ойбек Икромович) – 50 млн сўм.
Дивиденддан олинадиган солиқ ушлаб қолинди – 5 млн сўм.
Дивидендлар 30.01.2020 йилда дивиденддан олинадиган солиқ айирилган ҳолда тўланди:
  • 1-таъсисчи – 47,5 млн сўм;
  • 2-таъсисчи – 47,5 млн сўм.
Солиқ (5 млн сўм) 30.01.2020 йилда тўланди.
Ҳисоб-китоб ва унга шаблон-файлни тўлдириш намунасини илова қиламиз.

 

Эътибор беринг

1. Агар сиз Ҳисоб-китобга зарур иловани тўлдирмасангиз ёки Ҳисоб-китоб ва унга иловани хато тўлдирсангиз, ҳисоботни юбориб бўлмайди, тизим хатони кўрсатади: “Ҳисобланаётган катакларда хато бор! Киритиладиган қийматларни тўғриланг ва яна юборишга уриниб кўринг”. Бунда Ҳисоб-китобга илова (1,2 ёки 3) саҳифасида хато айнан нима эканлиги кўрсатилади.

2. Агар Маълумотнома-шаблон-файлни тўлдириш пайтида ўзингизнинг таъсисчилар-жисмоний шахсларингиз СТИРларини кўрсатишда сизда қийинчиликлар юзага келса, сиз “Ўз СТИРингни билиб ол” хизматидан фойдаланган ҳолда мазкур таъсисчиларнинг паспорт маълумотлари асосида ушбу мажбурий реквизитни тезкор тарзда олишингиз мумкин.

 

Татьяна ЛИМАРЕВА