Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.09.1999 й. 417-сон "Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.09.1999 й.

N 417



ВАЗИРЛИКЛАР, ИДОРАЛАР ВА БОШҚА

РЕСПУБЛИКА ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ

ЧЕТ ЭЛ ХИЗМАТ САФАРЛАРИГА БОРИШИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 7 июлдаги 1030-Ф-сон Фармойиши билан ташкил этилган республика комиссияси томонидан вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришини ўрганиш материаллари хизмат сафарлари натижалари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқалари янада ривожланишига, иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни амалга оширишга, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этишга, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлашга кўмаклашганлигидан далолат бермоқда.

Шу билан бирга, бир қанча давлат-акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва хўжалик бирлашмаларида ўтказилган текширишлар натижасида раҳбарлар ва мутахассисларнинг четга чиқиши қоидалари қўпол равишда бузилиши, валюта маблағларидан ноўрин фойдаланиш, хизмат сафарлари натижалари самарали қўлланилиши устидан назорат қилмаслик ҳоллари аниқланди.

Хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига боришни янада тартибга солиш ва уларнинг натижаларини самарали қўллаш устидан назоратни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришининг асосланганлигини текшириш бўйича республика комиссияси томонидан тайёрланган маълумотнома маълумот учун кабул қилинсин ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар қуриш учун Вазирлар Маҳкамаси Комплексларига, вазирликлар ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилсин,


2. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, "Ёғмой-тамакисаноат" уюшмаси, Давлат мулки қўмитаси ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарлари томонидан асосланмаган равишда чет эл хизмат сафарларига боришларга йўл кўйилганлиги, хизмат сафарлари натижалари таҳлил қилинмаётганлиги ва улар самарадорлигига қатъий баҳо берилмаётганлиги қайд этилсин. Чет эл хизмат сафарларини режалаштиришда республика иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш ҳамда тармоқнинг аниқ муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлган масалаларни амалий ҳал этишга зарур эътибор берилмаяпти.


3. Давлат интизомини ва чет элга чиқишнинг белгиланган тартибини қўпол равишда бузганлиги, хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги ва чет элда хизмат сафарида бўлиш даврида йўл қўйган шахсий нокамтарлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси раиси Т.Ш. Шоёқубов ва Давлат геология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Р.А. Абдураҳмоновнинг, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси раиси Н.Э. Эрметовнинг бундан буён эгаллаб турган лавозимларида қолиши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовдан уларни эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш илтимос қилинсин.


4. Олмалиқ кон-металлургия комбинати бош директори В.Н. Сигедин ва "Ёғмой-тамакисаноат" уюшмаси раиси А.Б. Жамолов улар томонидан мансабдор шахсларнинг асоссиз равишда чет элга хизмат сафарларига боришига йўл кўйилганлиги ва валюта маблағларидан ноўрин фойдаланилганлиги учун огоҳлантирилсин.

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси М.А. Собировнинг эътибори мансабдор шахсларнинг асоссиз равишда чет эл хизмат сафарларига боришлари ва уларнинг самарадорлиги устидан зарур назоратнинг йўқлигига қаратилсин.


5. Вазирлар, давлат қўмиталари раислари, идораларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимлари чет эл хизмат сафарларига боришнинг асосланганлиги ва самарадорлиги, шунингдек, валюта маблағларидан самарали фойдаланилиши ва улар бошчилик қилаётган ташкилотлар мансабдор шахсларининг сафарлар якунлари бўйича ўз вақтида ҳисоботлар тақдим этиши учун шахсан жавоб беришлари тўғрисида огоҳлантирилсин.


6. Вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбардарининг чет эл хизмат сафарларига боришлари асосланганлиги ва самарадорлиги учун шахсий масъулият Бош вазирнинг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига юклансин.

7. Белгилансинки, вазирликлар, идоралар, бошқа республика органлари раҳбарлари, раҳбарларнинг ўринбосарлари ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг чет эл хизмат сафарларига чиқиши, уларнинг мақоми ва хизмат сафари мақсадидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамаси билан ёзма шаклда келишилиши мажбурийдир.

Биринчи ўринбосардан бошлаб барча мансабдор шахсларнинг хорижий сафарга чиқиш режа-топшириқлари вазирлик (идора) раҳбари томонидан мажбурий тасдиқланиши амалиётга киритилсин.


8. Ваколатхоналарда ишлаш учун ёки чет эл хизмат сафарига боришда вазирликлар ва идораларнинг мансабдор шахслари муайян мамлакатга келгач Ўзбекистон Республикаси элчихонаси (консуллиги)ни (борган мамлакатида улар мавжуд бўлган тақдирда) хизмат сафари мақсади ва муддатлари тўғрисида мажбурий тартибда хабардор қилиши зарурлиги эътироф этилсин.

Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари раҳбарлари чет эл хизмат сафаридан қайтганларидан кейин мажбурий тартибда уч кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига ва маслаҳатчисига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига, республиканинг Ташқи савдо алоқалари истиқболларини таҳлил қилиш учун маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида, сафар ва эришилган натижалар тўғрисидаги киска ҳисоботлар нусхаларини топширишлари керак.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банки ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибини ва чет элда хорижий валютадаги маблағларни сарфлаш нормалари (овқатланиш ва яшаш учун)ни, уларни бўлинадиган мамлакат шарт-шароитларига мувофиқлаштиришни ва аввало "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиация компанияси йўналишларидан фойдаланишни назарда тутган ҳолда, бир ой муддатда қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари фаолияти тартиби тўғрисидаги Низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин, унда мутахассисларни хизмат сафарига юбориш муддатлари ва уларни алмаштириш тартибини назарда тутсин ҳамда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари раҳбарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ў. Султонов