Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 20.09.2007 й. ЎРҚ-114-сон "Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 21.06.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2007 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.09.2007 й.

N ЎРҚ-114



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

КОДЕКСИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 21 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 24 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) қуйидаги мазмундаги 196-1-модда билан тўлдирилсин:


"196-1-модда. Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг

қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг

қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш


Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ ҳаракатларни тўхтатиш, шунингдек зарур ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмалар тарқатиш йўли билан чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш, худди шунингдек чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаслик, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади";

2) қуйидаги мазмундаги 224-1, 224-2-моддалар билан тўлдирилсин:


"224-1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Давлат чегараси орқали ўтказиш

пунктларидаги режимни бузиш


Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш, яъни шахслар ва транспорт воситаларининг ўтказиш пунктларида бўлиши ҳамда ҳаракатланиши тартибига риоя этмаслик, шахсларнинг ўтказиш пунктларидаги тақиқланган жойларга ва транспорт воситаларига ғайриқонуний кириши, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


224-2-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Давлат чегарасида барпо этилган муҳандислик-техника

иншоотларини ва тўсиқларни йўқ қилиб

юбориш ёки уларга шикаст етказиш


Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасида барпо этилган муҳандислик-техника иншоотларини ва тўсиқларни йўқ қилиб юбориш ёки уларга шикаст етказиш, -

ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";

3) 245-модданинг биринчи қисми "196" рақамидан кейин "196-1" рақами билан, "222" рақамидан кейин эса "224-1, 224-2" рақамлари билан тўлдирилсин;

4) 287-модданинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2) ушбу Кодекснинг 184-2, 184-3, 196-1 224, 224-1, 224-2-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда - чегара қўшинлари томонидан";

5) 291-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги "е" банд билан тўлдирилсин:

"е) ушбу Кодекснинг 196-1, 224, 224-1, 224-2-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганда - чегара қўшинларининг мансабдор шахслари томонидан".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Халқ сўзи" 2007 йил 25 сентябрь.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 39-сон, 400-модда.