Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 26.02.1999 й. ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

1999 йил 26 февралдаги

ПФ-2240-сон Фармонига

2-ИЛОВА


Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг

Ўзбекистон Республикасида яшаш

гувоҳномаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасидан (кейинги ўринларда - яшаш гувоҳномаси) фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Яшаш гувоҳномаси унда кўрсатилган амал қилиш муддати тугагунга қадар, 60 ёшга тўлгандан кейин олинган яшаш гувоҳномаси эса 2030 йил 31 декабргача чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картаси (кейинги ўринларда - ID-карта) билан бир қаторда чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет эл фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси қўшимча равишда унинг шахсини тасдиқловчи ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади. Яшаш гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси доирасида ҳақиқийдир.


3. Яшаш гувоҳномаси ички ишлар органлари томонидан давлат, рус, инглиз тилларида тўлдирилган ҳамда унга қуйидаги маълумотлар киритилган:

фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган йили, куни, ойи;

туғилган жойи;

миллати;

Ўзбекистон Республикасига келган кунидаги фуқаролиги;

оилавий аҳволи;

Ўзбекистон Республикасига келган куни;

келишдан мақсад;

яшаш гувоҳномаси ким томонидан ва қачон берилган;

яшаш гувоҳномаси қандай ҳужжатларга асосланиб берилган;

яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати ва амал қилиш муддатининг узайтирилганлиги;

вояга етмаган фарзандлари ҳақида;

доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақида;

алоҳида белгилар (қон гуруҳи, резус мансублиги (фактори) ва бошқалар);

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эслатма.


4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олиш учун жисмоний шахс яшаш жойидаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши керак.

Шахснинг розилиги билан яшаш гувоҳномасида соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан яшаш гувоҳномаси эгасининг қон гуруҳи ва резус мансублиги (фактори) тўғрисидаги белгилар қўйилади.

Яшаш гувоҳномасига ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувларни киритиш тақиқланади.


5. Яшаш гувоҳномаларида катталиги 35х45 миллиметрли қора-оқ ёки рангли фотосуратлар, ҳужжат эгасининг ва уни берган масъул шахснинг имзолари бўлиши лозим.



2-БОБ. ЯШАШ ГУВОҲНОМАСИНИ

ID-КАРТАГА АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ


6. Яшаш гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ID-картага алмаштирилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгарганида;

яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганида;

яшаш гувоҳномасидаги ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

яшаш гувоҳномаси бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

яшаш гувоҳномаси йўқотиб қўйилганида.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш гувоҳномаси амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг яшаш гувоҳномаси бир ой муддатда ID-картага алмаштириши лозим.


7. Яшаш гувоҳномаси йўқотилганда, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс у йўқотилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол маълум қилиши шарт.

Бундай ҳолларда ички ишлар органи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда янги ID-карта расмийлаштириб беради.


8. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномалари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ўз кучини йўқотади:

чет эл фуқароси доимий яшаш учун чет элга кетганида;

фуқаролиги бўлмаган шахс чет элга кетганида - фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узрли сабабларсиз узайтирмаган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтиришдан воз кечган ҳолларда;

чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганида ёки ўз мамлакати фуқаролигидан чиққанида;

фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ёки чет эл фуқаролигини қабул қилганида;

яшаш гувоҳномасини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун ёлғон маълумотлар ёхуд сохта ҳужжатлар тақдим қилинганда.


9. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этган ҳолларда яшаш гувоҳномалари мавжуд бўлган тақдирда экстерриториал тамойил асосида исталган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига, чет давлатларда эса - Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига топширилади, улар гувоҳномани ўлим рўйхатга олингандан кейин доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш жойидаги ички ишлар органларига юборади.


10. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг яшаш гувоҳномаси терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилса, унинг яшаш гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига юборилади.

Шахс ҳибсдан озод қилинганда ёки жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганида, унга яшаш гувоҳномаси терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари, суд ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан қайтарилади.


11. Яшаш гувоҳномаси ўғирланган ҳолларда бу ҳақидаги аризалар жиноят содир этилган жойдаги ёки шахснинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ходимлари томонидан қабул қилинади. Бундай аризалар қабул қилинганлиги ҳақида шахсларга маълумотномалар берилади ва улар жавобгарликка тортилмайди.

Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида яшаш гувоҳномаси йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахслар ҳам жавобгарликка тортилмайди.

Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни аризага илова қилади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчиликда белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.


12. Топиб олинган яшаш гувоҳномаси ички ишлар органларига топширилиши лозим.


13. Яшаш гувоҳномасини олиб қўйиш ман этилади (Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек, гаровга олиб туриш ва бошқа шахсга бериш тақиқланади.


14. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномасини эҳтиёт қилишлари шарт.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг талабларини бузганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


16. Ушбу Низомнинг бажарилиши ички ишлар органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан назорат қилинади.