Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 31.08.2000 й. 118-II-сон "Почта алоқаси тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири, ЎзР 22.04.2009 й. ЎРҚ-211-сон Қонуни билан тасдиқланган )

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.08.2000 й.

N 118-II



ПОЧТА АЛОҚАСИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади почта алоқасининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилик

Почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


абонемент почта жавони - почта алоқаси объектларида ўрнатиладиган қулфланадиган қутичалардан иборат махсус жавон бўлиб, бу қутичалар ёзма хат-хабарларни, даврий босма нашрларни, почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмалари келганлиги тўғрисидаги хабарномаларни олиш учун адресатлар томонидан муайян муддатга ижарага олинади;


абонент почта жавони - кўп квартирали уйда, шунингдек етказиб бериш участкасида ўрнатиладиган, ёзма хат-хабарларни, даврий босма нашрларни, почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмалари келганлиги тўғрисидаги хабарномаларни адресатларга етказиб бериш учун мўлжалланган қулфланадиган қутичалардан иборат махсус жавон;


адресат - почта, курьерлик жўнатмаси, пул маблағларининг почта ўтказмаси, телеграф хабари ёки бошқа хабар йўлланган юридик ёки жисмоний шахс;


ёзма хат-хабарлар - оддий, буюртма, қиймати эълон қилинган хатлар ва бандероллар, оддий, буюртма почта варақчалари ҳамда оддий, буюртма секограммалар, шунингдек майда пакетлар;


курьерлик жўнатмалари - жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб берилган (топширилган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлар;


курьерлик хизматлари - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича фаолияти;


назорат муддатлари - почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини қабул қилиш жойидаги почта алоқаси объектидан уларни топшириш ва етказиб бериш жойидаги почта алоқаси объектигача жўнатиш учун белгиланган энг кўп вақт оралиғи;


почта алоқаси - почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб беришни (топширишни) таъминловчи техника ва транспорт воситаларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборат алоқа тури;


почта алоқаси воситалари - почта алоқаси хизматлари кўрсатиш учун фойдаланиладиган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, асбоб-ускуналар, техника ва транспорт воситалари, шунингдек почта конвертлари, варақчалари ва таралар;


почта алоқасининг миллий оператори - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан зиммасига Ўзбекистон Республикаси доирасида мажбурий равишда универсал хизматлар кўрсатиш вазифаси юклатилган почта алоқаси оператори;

почта алоқаси объектлари - почта алоқаси операторларининг алоҳида бўлинмалари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари, бўлимлари, пунктлари, шунингдек бошқа бўлинмалар);


почта алоқаси оператори - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида почта алоқаси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;


почта алоқаси провайдери - фойдаланувчиларга почта алоқаси операторларининг тармоғи орқали почта, курьерлик хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;


почта алоқаси тармоғи - почта алоқаси объектлари ва почта йўналишлари мажмуи;


почта алоқаси хизматлари - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта ва курьерлик хизматлари кўрсатиш бўйича фаолияти;


почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчи (фойдаланувчи) - почта алоқаси хизматларининг истеъмолчиси бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


почта жўнатмалари - манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва тегишли ўровдаги босма нашрлар;


почта тўловининг давлат белгилари - почта маркалари ҳамда франкирлаш машиналарининг почта жўнатмаларига почта алоқаси хизматлари ҳақи тўланганлигини тасдиқлаш учун тушириладиган тамғаси;


почта хизматлари - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта жўнатмаларини, шунингдек пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича фаолияти;


почта қутиси - почта алоқаси миллий операторининг манзили кўрсатилган оддий хатлар ва почта варақчаларини йиғиш учун мўлжалланган, белгиланган шакл ва ўлчамдаги қулфланадиган махсус қутиси;


пул маблағларининг почта ўтказмаси - почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта алоқаси ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда пул маблағларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича хизмати;


секограмма - кўзи ожизлар учун муассасалар томонидан почта алоқаси тармоғи орқали жўнатиладиган, кўзи ожизлар учун мўлжалланган очиқ тарзда топшириладиган ёзма хат-хабарлар, босма нашрлар, кўзи ожизлар учун ёзув тизимининг белгиларига эга тамға, шунингдек кўзи ожизлар учун мўлжалланган овозли ёзувлар ва махсус қоғоз;


универсал хизматлар - фойдаланувчиларга Ўзбекистон Республикаси доирасида мақбул нархларда кўрсатиладиган ва белгиланган талабларга мос келадиган сифатдаги почта хизматлари;


франкирлаш машинаси - ёзма хат-хабарларга почта алоқаси хизматлари учун ҳақ тўланганлигини, ушбу хат-хабарлар қабул қилинган санани ва бошқа ахборотни тасдиқловчи тамға изларини туширишга мўлжалланган машина;


қиймати эълон қилинган жўнатмалар - жўнатилаётганда жойланма қиймати фойдаланувчи томонидан эълон қилинган почта ва курьерлик жўнатмалари.



4-модда. Почта алоқаси соҳасидаги

асосий принциплар

Почта алоқаси соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат: барча фойдаланувчилар учун почта алоқаси хизматларидан фойдаланишнинг эркинлиги;

стандартлар, нормалар ва қоидаларнинг ягоналиги; фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши; ёзишмалар, почта ва курьерлик жўнатмаларини сир тутишга риоя этилиши; почта ва курьерлик жўнатмалари транзитининг эркинлиги.



2-БОБ. ПОЧТА АЛОҚАСИ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА

СОЛИШ ВА БОШҚАРИШ

5-модда. Почта алоқаси соҳасини

давлат томонидан тартибга солиш

Почта алоқаси соҳасини давлат томонидан тартибга солиш илмий-техник сиёсатни шакллантириш, лицензиялаш, сертификатлаштириш орқали, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа воситалар билан амалга оширилади.



6-модда. Почта алоқаси соҳасидаги

махсус ваколатли орган

Почта алоқаси соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус ваколатли орган (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади) амалга оширади.

Махсус ваколатли орган:

почта алоқасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиради ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларини тасдиқлайди;

почта тўловининг давлат белгилари намуналарини тасдиқлайди ҳамда почта маркаларини нашр этиш, уларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш тартибини белгилайди;

почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини шакллантиради;

универсал хизматларга оид тарифларни тасдиқлайди;

почта алоқаси тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш, почта ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

почта алоқаси операторлари ва провайдерлари учун мажбурий бўлган почта индексларини, шунингдек ёзма хат-хабарларни олиб кетиш даврийлиги нормативларини ҳамда почта жўнатмалари ўтишининг назорат муддатларини тасдиқлайди;

франкирлаш машиналаридан фойдаланиш тартибини белгилайди;

кўрсатилаётган хизматлар сифати устидан давлат назоратини амалга оширади, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, почта алоқаси операторлари, провайдерлари ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

почта алоқаси мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Фавқулодда ҳолатларда почта

алоқаси хизматлари кўрсатиш

Фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқаларда) почта алоқаси хизматлари кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


8-модда. Почта алоқаси объектларида

рўй берган ҳодисалар, авариялар

оқибатларини бартараф этиш

Почта алоқаси объектларида рўй берган ҳодисалар, авариялар оқибатларини бартараф этиш уларнинг мулкдорлари, эгалари томонидан амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари почта алоқаси объектларида рўй берган ҳодисалар, авариялар оқибатларини бартараф этишда почта алоқаси операторларига кўмаклашади.

Почта алоқаси объектларида юридик ва жисмоний шахсларнинг айби билан рўй берган ҳодисалар, авариялар оқибатида почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган зарарларнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.


3-БОБ. ПОЧТА АЛОҚАСИ

ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ

9-модда. Почта алоқаси хизматлари

Почта алоқаси хизматлари почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан почта ва курьерлик хизматлари тарзида кўрсатилади.

Почта хизматлари қуйидагилардир:

почта жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро почта жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш);

пул маблағларининг почта ўтказмаларини, шу жумладан, пул маблағларининг халқаро почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш);

почта жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро почта жўнатмаларини тезкор почта режимида жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш).

Курьерлик хизматлари курьерлик жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб беришдир (топширишдир).


10-модда. Почта алоқаси хизматлари

кўрсатиш қоидалари

Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида қуйидагилар бўлиши керак:

фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни ташкил этишга доир талаблар;

почта алоқаси операторларининг номли буюмларидан (штамплар, штемпеллар, муҳрлардан) фойдаланиш тартиби;

почта ва курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш стандартлари;

почта ва курьерлик жўнатмаларининг турлари ҳамда уларнинг техник тавсифлари;

почта ва курьерлик жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) тартиби;

пул маблағларининг почта ўтказмаларини, шу жумладан, пул маблағларининг халқаро почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) тартиби;

почта жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро почта жўнатмаларини тезкор равишда жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) тартиби;

почта ва курьерлик жўнатмаларини сақлаш муддатлари;

почта ва курьерлик жўнатмаларини қайта жўнатиш ҳамда қайтариш шартлари;

почта алоқаси тармоғи орқали жўнатилиши тақиқланган ҳамда чекланган предметлар ва моддалар рўйхати;

почта ва курьерлик жўнатмаларини ушлаб туриш ва кўздан кечириш тартиби;

фойдаланувчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби;

Ўзбекистон Республикаси доирасида жўнатиладиган почта ва курьерлик жўнатмаларидан почта алоқаси тармоғи орқали жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни олиб қўйиш тартиби;

почта алоқаси тармоғи орқали жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни йўқ қилиб ташлаш тартиби;

универсал хизматлар кўрсатиш тартиби ва уларнинг сифатига доир талаблар.

Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида қонунчиликка мувофиқ бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.


11-модда. Универсал хизматлар

Универсал хизматларга қуйидагилар киради:

фойдаланувчиларнинг почта варақчалари, хатлар, бандероллар ва майда пакетларни Ўзбекистон Республикаси доирасида мақбул нархларда жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича эҳтиёжларини қаноатлантиришга доир почта хизматлари;

кўзи ожизларнинг ва кўзи ожизлар учун муассасаларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришда секограммалар алмашинуви бўйича почта хизматлари.

Универсал хизматлар кўрсатиш мажбурияти почта алоқасининг миллий оператори зиммасига юклатилади.


12-модда. Почта алоқаси хизматлари учун тўлов

Почта алоқаси хизматлари учун тўлов почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан шартнома асосида белгиланадиган тарифлар бўйича аниқланади.

Универсал хизматлар учун тўлов қонунчиликда белгиланган тартибда махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида аниқланади.

Ёзма хат-хабар жўнатганлик учун тўлов ёзма хат-хабарга почта тўловининг давлат белгиларини тушириш орқали тасдиқланади.


13-модда. Почта алоқаси хизматларидан

фойдаланишдаги имтиёзлар ва афзалликлар

Қонунчиликда фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари учун почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда имтиёзлар белгиланиши мумкин.

Фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда белгиланган имтиёзлар берилиши муносабати билан почта алоқаси операторлари ёки провайдерларининг маблағларини компенсация қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари учун почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар белгиланиши мумкин. Почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар бериладиган фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари рўйхати ҳамда ушбу хизматларни кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


14-модда. Почта, курьерлик жўнатмалари ва пул

маблағларининг бут сақланишини таъминлаш

Почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг бут сақланишини почта алоқаси операторлари ва провайдерлари таъминлайди.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари ўртасида почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини қабул қилиш ҳамда топшириш қабул қилинадиган ва топшириладиган почта, курьерлик жўнатмалари ҳамда пул маблағларининг почта ўтказмалари ҳужжатлаштирилиб қайд этилиши таъминланган ҳолда, Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағлари ташиладиган транспорт воситалари белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқ жиҳозланган бўлиши керак.

Почта, курьерлик жўнатмаларига ишлов бериладиган ва сақланадиган, шунингдек пул маблағлари сақланадиган бинолар, хоналар зарур асбоб-ускуналар, қўриқлаш-ёнғин сигнализация воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

Қиймати эълон қилинган жўнатмалар қонунчиликда белгиланган тартибда суғурталаниши мумкин.


15-модда. Топширилмай қолган почта, курьерлик

жўнатмаларидан ва пул маблағларининг

почта ўтказмаларидан фойдаланиш

Почта, курьерлик жўнатмасини ёки пул маблағларининг почта ўтказмасини фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотлар аниқ эмаслиги ёки йўқлиги, адресат кўчиб кетганлиги туфайли етказиб бериш (топшириш) имкони бўлмаса ёхуд почта алоқаси оператори ва провайдери почта алоқаси хизматлари кўрсатиш шартномасидаги ўз мажбуриятларини бажара олиши имкониятини истисно этадиган бошқа ҳолатларда улар жўнатувчига Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган муддатларда қайтарилади.

Агар фойдаланувчининг манзилига доир зарур маълумотлар аниқ эмаслиги ёки йўқлиги туфайли етказиб берилмаган (топширилмай қолган) почта, курьерлик жўнатмаларини ёки пул маблағларини жўнатувчига қайтаришнинг имкони бўлмаса ёхуд жўнатувчи қайтарилган почта, курьерлик жўнатмасини ёки пул маблағларини олишдан воз кечса, у ҳолда тарқатилмай қолган сифатида вақтинча сақлаш учун почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан қабул қилинади.

Тарқатилмай қолган почта ва курьерлик жўнатмаларини вақтинча сақлаш қонунчиликда белгиланган тартибда почта алоқаси оператори ёки провайдери томонидан олти ой давомида амалга оширилади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддат ўтганидан сўнг:

қимматли қоғозлар, қимматбаҳо металлар ва бошқа предметлар белгиланган тартибда реализация қилинади ҳамда почта алоқаси операторлари ёки провайдерлари харажатларининг ўрни қопланганидан сўнг тушган пул маблағлари, шунингдек почта ва курьерлик жўнатмаларида аниқланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига ўтказилади;

ҳужжатлар (паспортлар, дипломлар, шаҳодатномалар, гувоҳномалар ва бошқалар) уларни берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга топширилади;

хатлар тегишли далолатнома тузилиб, йўқ қилиб ташланади.

Адресатларни ва жўнатувчиларни қидиришнинг иложи бўлмаганда, тарқатилмай қолган пул маблағларининг почта ўтказмалари почта алоқаси оператори томонидан ўн саккиз ой давомида сақланади, шундан сўнг бу пул маблағлари маҳаллий бюджет даромадига ўтказилади.



16-модда. Ёзишмаларнинг, почта ва

курьерлик жўнатмаларининг сири

Ёзишмаларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг сирини сақлаш мақсадида почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг:

бошқа шахсга почта, курьерлик жўнатмалари, пул маблағларининг почта ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек фойдаланувчиларнинг манзиллари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиши;

почта ва курьерлик жўнатмасини очиши ёки очмаган ҳолда уларнинг мазмунига (жойланмасига) доир маълумотларни билиб олиши;

почта ва курьерлик жўнатмаларининг мазмуни (жойланмаси) тўғрисида бошқа шахсни хабардор қилиши тақиқланади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


17-модда. Почта ва курьерлик

жўнатмаларини жўнатишдаги чекловлар

Почта алоқаси тармоғи орқали почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатишга доир чекловлар қонунчиликда белгиланади.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари жўнатилиши тақиқланган жойланмаси бўлган почта ва курьерлик жўнатмаларини ушлаб туриш, шунингдек жойланмаси бошқа почта ва курьерлик жўнатмаларининг бузилишига (шикастланишига) олиб келувчи, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари ходимларининг ёки ўзга шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирадиган почта ва курьерлик жўнатмаларини, агар бу хавфни бошқа йўл билан бартараф этиб бўлмаса, йўқ қилиб ташлаш ёки йўқ қилиб ташлашга рухсат бериш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. ПОЧТА АЛОҚАСИ СОҲАСИНИНГ

ТАШКИЛИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ АСОСЛАРИ

18-модда. Почта алоқасининг мулки

Почта алоқасининг мол-мулки оммавий ёки хусусий мулк бўлиши мумкин.

Почта алоқаси мол-мулкининг мулкдорлари, эгалари қонун билан кафолатланган тенг ҳуқуқларга эгадир.



19-модда. Почта алоқаси тармоқлари ва воситаларини

ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш

Почта алоқаси тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш уларнинг мулкдорлари, эгалари томонидан ўз маблағлари, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, турар жой даҳалари ва мажмуалари, алоҳида бинолар ва иншоотлар лойиҳалаштирилаётганда ҳамда ривожлантирилаётганда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари почта алоқаси объектларини жойлаштириш учун бинолар ёки алоҳида хоналар қурилишини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ назарда тутишлари керак.

Почта алоқаси объектларини автомобиль ва темир йўл вокзаллари, аэропортлар қошида, бозорлар ва меҳмонхоналарда жойлаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Автомобиль ва темир йўл вокзаллари, аэропортлар қошида почта алоқаси объектларининг бинолари ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари бевосита уларга яқин жойлардан ажратилиши, шаҳарларда почтамтлар қурилиши учун эса шаҳарнинг марказий қисмидан, почта ва курьерлик жўнатмалари алмашинуви учун шароитлар таъминланган ҳолда ажратилиши керак.

Аҳоли пунктларини ва айрим биноларни янгидан қуриш, кенгайтириш, реконструкция қилиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш туфайли почта алоқаси объектларини кўчириш (қайта қуриш) буюртмачи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан, почта алоқаси операторларининг технологик шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Почта қутилари фойдаланувчилар учун ҳамда оддий хатлар ва почта варақчаларини йиғиб олиш учун қулай бўлган ерларга жойлаштирилиши керак.

Абонент почта жавонлари қурилиш ташкилотлари томонидан кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватларида ўрнатилади. Абонент почта жавонларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатлари ушбу кўп квартирали уйларнинг қурилиш сметасига киритилади. Абонент почта жавонларини соз ҳолатда сақлаш кўп квартирали уйларнинг мулкдорлари томонидан амалга оширилади.



20-модда. Почта алоқасининг транспорт

воситаларидан фойдаланиш

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун ўзларига тегишли транспорт воситалари: почта вагонларидан, автомобиллардан, шунингдек шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларидан фойдаланади.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган махсус фарқлаш белгиларига эга бўлиши керак.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланадиган транспорт воситалари бошқа ишларни бажариш учун уларнинг розилигисиз фойдаланилиши ва олиб қўйилиши мумкин эмас.

Шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ҳамда юкларни мунтазам ташувчи темир йўл, ҳаво ва автомобиль транспортининг хўжалик юритувчи субъектлари почта алоқаси операторлари ҳамда провайдерлари билан почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш шартномалари тузишни рад этишга ҳақли эмас.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланадиган транспорт воситалари шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг кўчалари бўйлаб, автомобиль йўлларида тўсқинликсиз юриш ҳамда автомобиль, темир йўл вокзаллари ва аэропортлар қошида жойлашган почта алоқаси объектларига, юк (багаж) мажмуаларига тўсқинликсиз кириш ҳуқуқига эга.



21-модда. Почта алоқаси миллий оператори

ходимининг формали кийим-боши ва кўкрак нишони

Почта алоқаси миллий оператори ходими хизмат вазифаларини бажариши учун формали кийим-бош ва кўкрак нишони билан таъминланади.

Почта алоқаси миллий оператори ходимининг формали кийим-бош ва кўкрак нишонини тасдиқлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.



5-БОБ. ПОЧТА АЛОҚАСИ

ОПЕРАТОРЛАРИ, ПРОВАЙДЕРЛАРИНИНГ

ҲАМДА ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

22-модда. Почта алоқаси операторлари

ва провайдерларининг ҳуқуқлари

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

почта алоқаси хизматлари кўрсатиш, бундан ушбу Қонуннинг 23-моддасида кўрсатилган хизматлар мустасно;

халқаро почта алоқаси хизматлари кўрсатилганлиги учун бошқа давлатларнинг почта алоқаси операторлари билан ўзаро ҳисоб-китобларни юритиш;

эмблемага эга бўлиш ва ундан ўз фаолиятида қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


23-модда. Почта алоқаси миллий

операторининг мутлақ ҳуқуқлари

Почта алоқаси миллий оператори қуйидаги мутлақ ҳуқуқларга эга: почта вагонлари ва почта қутиларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирини тушириш;

бошқа давлатларнинг почта алоқаси операторлари билан почта алоқаси соҳасидаги ўзаро ҳаракатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ўз ваколатлари доирасида ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

оддий хатлар ва почта варақчаларини жўнатиш, давлат пенсиялари ва нафақаларини етказиб бериш (топшириш) бўйича хизматлар кўрсатиш.


24-модда. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида почта алоқаси хизматларидан фойдаланиш;

ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари, кўрсатилаётган хизматлар тўғрисидаги ва ушбу хизматларга доир тарифлар ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланиш;

ўз почта манзили бўйича, йўқлаб олиш тарзида ёки абонемент почта жавонининг қутичаларидан фойдаланган ҳолда почта, курьерлик жўнатмаларини ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини олиш;

ўз почта манзилига келган почта, курьерлик жўнатмалари ёки пул маблағларининг почта ўтказмаларидан воз кечиш;

қиймати эълон қилинган жўнатма жойланмасининг баҳоси суммасини мустақил равишда белгилаш;

почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан ўз вақтида ҳамда сифатли хизмат кўрсатилиши;

почта алоқаси хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада кўрсатилмаганлиги натижасида етказилган зарарларнинг ўрни қопланиши, маънавий зиён компенсация қилиниши;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ва қарорлар устидан бевосита судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят билан мурожаат этиш.

Фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


25-модда. Почта алоқаси операторлари

ва провайдерларининг мажбуриятлари

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари:

почта алоқаси соҳасида ушбу Қонунга ва Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ фаолиятни амалга ошириши;

фойдаланувчиларнинг почта алоқаси хизматларидан эркин фойдалана олишини таъминлаши;

кўрсатилаётган почта алоқаси хизматларининг сифатини таъминлаши;

почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг бут сақланишини таъминлаши;

Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланган талаблар фойдаланувчи томонидан бузилган тақдирда, почта алоқаси хизматлари кўрсатишни тўхтатиб қўйиши;

почта алоқасининг узлуксиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаши;

почта алоқаси хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган технологик ускуналар, механизациялаштириш, автоматлаштириш ва ахборотлаштириш воситаларига эга бўлиши;

фойдаланувчиларга почта алоқаси хизматлари кўрсатиш шартлари ва тартиби тўғрисидаги, шунингдек почта алоқаси хизматлари тарифларининг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тақдим этиши;

почта алоқаси хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки лозим даражада кўрсатилмаганлиги натижасида фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрнини қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплаши, шунингдек уларга етказилган маънавий зиённи қонунчиликка мувофиқ компенсация қилиши шарт.

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


26-модда. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Фойдаланувчилар:

ушбу Қонунга ва Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидаларига риоя этиши;

ўзларига кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаши;

почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг иш сифатини пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар қилмаслиги шарт.

Фойдаланувчилар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

27-модда. Почта алоқаси операторлари

ва провайдерларининг жавобгарлиги

Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчилар олдида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг жавобгарлиги почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолган, бузилган (шикастланган), жойланмалар кам чиққан, почта ва курьерлик жўнатмалари етказиб берилмаган (топширилмаган), назорат муддатлари ҳамда почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда юзага келади.

Почта алоқаси хизматлари кўрсатишда фойдаланувчиларга етказилган зарарларнинг ўрни почта алоқасининг оператори ёки провайдери томонидан қуйидаги ҳолларда ва миқдорларда қопланади:

буюртма хат, буюртма почта варақчаси, буюртма бандерол ёки почта жўнатмаси олинганлиги тўғрисидаги буюртма билдиришнома йўқотилганда - почта алоқаси хизматига тўланган сумма миқдорида неустойка;

қиймати эълон қилинган посилка, бандерол ва хат йўқотилганда - эълон қилинган қийматнинг икки баравари миқдорида ва почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка, бундан эълон қилинган қиймат учун тариф тўлови мустасно;

қиймати эълон қилинган жўнатма жойланма рўйхати билан жўнатилганда жойланманинг бир қисми етишмаганда ёки бузилганда (шикастланганда) - жўнатувчи рўйхатда кўрсатган жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисми учун эълон қилинган қийматнинг икки баравари миқдорида;

қиймати эълон қилинган жўнатма жойланма рўйхатисиз жўнатилганда жойланманинг бир қисми етишмаганда ёки бузилганда (шикастланганда) - жойланманинг етишмаётган ёки бузилган (шикастланган) қисми оғирлигининг юборилган жойланманинг оғирлигига (почта ва курьерлик жўнатмаси ўровининг оғирлигисиз) нисбати билан мутаносиб тарзда аниқланадиган почта ва курьерлик жўнатмасининг қиймати эълон қилинган қисмининг икки баравари миқдорида;

адресатга пул маблағларининг почта ўтказмаси бўйича пул тўланмаганда ёки нотўғри тўланганда ёхуд агар ўтказилган пулларни адресатга беришнинг имкони бўлмай, у жўнатувчига ҳам тўланмаган бўлса - ўтказманинг тўланмаган ёки етарлича тўланмаган қисми суммаси миқдорида ҳамда почта алоқаси хизматига тўланган сумма миқдорида неустойка;

адресатдан устама тўлов миқдори етарлича олинмаганда ёки устама тўлов нотўғри тўланганда - олинмай қолган ёки нотўғри тўланган устама тўлов суммаси миқдорида;

қиймати эълон қилинган посилкалар, бандероллар ва хатлар, шунингдек пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ёки етказиб бериш (топшириш) назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинганда - ушлаб қолинган ҳар бир кун учун почта алоқаси хизматига тўланган сумманинг бир фоизи миқдорида, лекин ушбу хизматга тўланган суммадан кўп бўлмаган миқдорда неустойка. Зарарларнинг ўрни жўнатувчиларнинг ёки адресатларнинг талабига биноан қопланади;

авиажўнатмаларни (бандероллар, посилкаларни) жўнатиш ёки етказиб бериш (топшириш) назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинганда - авиа- ва ер усти транспортида жўнатиш ўртасидаги тўлов фарқи миқдорида ва бундан ташқари ер усти транспорти орқали жўнатишнинг назорат муддатларидан кўпроқ ушлаб қолинган ҳар бир сутка учун - ушбу модда иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошисига мувофиқ;

соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар, авиа- ва ер усти транспорти йўл чипталари солинган қиймати эълон қилинган хатларни жўнатиш ёки топшириш назорат муддатларидан кечикканлиги туфайли улардан фойдаланиш муддатлари ўтиб кетганда - етказилган зарарнинг икки баравари миқдорида, лекин жойланма рўйхатида эълон қилинган қийматнинг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ҳамда почта алоқаси хизмати учун тўланган сумма миқдорида неустойка;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари йўқотилганда, бузилганда (шикастланганда), жойланмалар етишмаганда, топширилмаганда, пул маблағларининг халқаро почта ўтказмалари амалга оширилмаганда - етказилган зарарнинг ўрнини Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан аниқланадиган миқдорда қоплаш.

Почта ва курьерлик жўнатмаларининг йўқолганлиги, бузилганлиги (шикастланганлиги), топширилмаганлиги ёки уларни жўнатиш муддатлари бузилганлиги учун, агар бу енгиб бўлмас куч ёки почта ва курьерлик жўнатмалари жойланмасининг хусусиятлари туфайли содир бўлганлиги исботланса, шунингдек почта ва курьерлик жўнатмаларини божхона кўригидан ўтказиш муддатлари бузилганлиги ёки уларнинг божхона органлари томонидан олиб қўйилганлиги учун почта алоқасининг операторлари ва провайдерлари жавобгар бўлмайди.


28-модда. Почта алоқаси хизматларидан

фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги

Почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчилар почта алоқаси хизматларининг бошқа фойдаланувчиларига, почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига етказилган, жўнатилиши тақиқланган предметлар ва моддаларни почта ва курьерлик жўнатмаларига жойлаш натижасида ёки улар лозим даражада ўралмаганлиги натижасида юзага келган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


29-модда. Қалбаки почта тўловининг

давлат белгиларини тайёрлаганлик,

сотганлик учун жавобгарлик

Қалбаки почта тўловининг давлат белгиларини сотиш мақсадида тайёрлаганликда ёки сотганликда, шунингдек била туриб, франкирлаш машиналарининг қалбакилаштирилган тамға изларидан фойдаланганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


30-модда. Талабномаларни тақдим

этиш тартиби ва муддатлари

Почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда фойдаланувчи почта алоқаси оператори ёки провайдерига талабнома тақдим этишга, шу жумладан, етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Почта ва курьерлик жўнатмалари топширилмаганлиги, ўз вақтида етказиб берилмаганлиги ёки йўқотилганлиги, бузилганлиги (шикастланганлиги) ёхуд ўтказилган пул маблағлари тўланмаганлиги тўғрисидаги талабномалар почта, курьерлик жўнатмалари ёки пул маблағларининг почта ўтказмаси топширилган кундан эътиборан олти ой давомида тақдим этилади.

Талабномалар ёзма шаклда тақдим этилади ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Талабномаларга ёзма жавоблар қуйидаги муддатларда берилиши керак:

бир аҳоли пункти доирасида жўнатиладиган (ўтказиладиган) почта, курьерлик жўнатмалари ҳамда пул маблағларининг почта ўтказмаларига доир талабномаларга - беш кун ичида;

бошқа барча почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларига доир талабномаларга - бир ой ичида.

Почта алоқаси операторлари ёки провайдерларига почта, курьерлик жўнатмаси ва пул маблағларининг почта ўтказмаси қабул қилинган ёки жўнатилиши белгиланган манзил бўйича талабнома тақдим этилиши мумкин.

Халқаро почта, курьерлик жўнатмаларини ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини қидириб топиш бўйича талабномалар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда халқаро шартномаларида назарда тутилган тартиб ва муддатларда қабул қилинади ҳамда кўриб чиқилади.


31-модда. Низоларни ҳал этиш

Почта алоқасининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


32-модда. Почта алоқаси тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Почта алоқаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи", 2009 йил 23 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 17-сон, 209-модда.