Қонунчилик
  • beta
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (ЎзР 22.09.1994 й. 2015-XII-сон Қонуни билан тасдиқланган)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ,

ЎзР 30.08.2019 й. ЎРҚ-560-сон Қонуни


БИРИНЧИ БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

I БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Маъмурий жавобгарлик

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг қарорлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларидан иборатдир.

Ушбу Кодекс қоидалари мазкур Кодексга киритилмаган қонун ҳужжатларида содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга ҳам тааллуқлидир.



2-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг вазифалари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун ушбу Кодекс қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.


3-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг принциплари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.



4-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари соҳасида Ўзбекистон

Республикасининг ваколатлари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ихтиёрига берилади:

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг принципларини аниқлаш ва умумий қоидаларини белгилаб бериш;

маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракат ёки ҳаракатсизликни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган органлар тизимини (мансабдор шахсларни), мазкур ишларни юритиш ва чиқарилган қарорларнинг ижроси тартибини белгилаш;

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида Қорақалпоғистон Республикасининг ваколатларини белгилаш;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимият вакиллик органлари ҳамда ҳокимлари маъмурий жавобгарлик назарда тутиладиган қарор қабул қилишлари мумкин бўлган масалалар доирасини белгилаш.


5-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари соҳасида Қорақалпоғистон

Республикасининг ваколатлари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасида қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси ихтиёрига берилади:

жамоат тартибини сақлаш масалалари бўйича, башарти бу масалалар ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек табиий офатлар ва эпидемияларга қарши кураш масалалари бўйича маъмурий жавобгарлик белгилаш;

ушбу Кодекснинг 90, 109, 110, 161, 162-моддаларига, 164-моддасининг иккинчи қисмига, 168-моддасига биноан бузилиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган қоидаларни белгилаш.



6-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарорлар қабул қилиш

борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қуйидаги ваколатларга эгадирлар:

жамоат тартибини сақлашга доир масалалар юзасидан, башарти бу масалалар ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек табиий офатлар ва эпидемияларга қарши кураш масалалари бўйича уларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш;

ушбу Кодекснинг 90, 109, 110, 161, 162-моддаларига, 164-моддасининг иккинчи қисмига, 168-моддасига биноан бузилиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган қоидаларни белгилаш.



7-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, фуқароларни онгли, интизомли бўлиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳам мувофиқ қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъмин эта бориб, ўз ҳудудларида барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларини мувофиқлаштириб турадилар, ички ишлар органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар ҳамда уларга ҳисобдор маъмурий ҳуқуқбузарлик билан кураш олиб борувчи бошқа органлар фаолиятига раҳбарлик қиладилар.


8-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун таъсир кўрсатиш

чораларини қўлланиш вақтида қонунийликни таъминлаш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қонунийликка риоя қилиш асосида олиб борилади.

Тегишли ваколат берилган органлар ва мансабдор шахслар маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини ўз ваколатлари доирасида қўллайдилар.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун таъсир кўрсатиш чораларини қўлланиш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ваколатли юқори турувчи органлар ва мансабдор шахслар томонидан мунтазам равишда назорат қилиб турилиши билан, прокурор назорати билан, шикоят бериш ҳуқуқи билан таъминланади.


9-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларининг амал қилиши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига ҳам тааллуқлидир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилаётган вақт ва жойда амал қилиб турган қонун ҳужжатлари асосида юритилади.



ИККИНЧИ БЎЛИМ. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК

ВА МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


УМУМИЙ ҚИСМ


II БОБ. МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК


10-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик, башарти бу ҳуқуқбузарлик ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, амалга оширилади.

11-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликни қасддан содир этиш

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайриҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланади.



12-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликни

эҳтиётсизлик орқасида содир этиш

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса ҳам, лекин калтабинлик билан уларнинг олдини олиш мумкин деб ўйлаган бўлса, ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигини олдиндан кўриши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб ҳисобланади.



13-модда. Маъмурий жавобгарликка тортилиш ёши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилади.


14-модда. Вояга етмаганларнинг маъмурий

ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Ана шу шахслар мазкур Кодекснинг 61, 116-1, 116-2, 116-3, 125, 125-1, 126, 127, 128, 128-1, 128-2, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 129, 130, 131, 132, 133, 134, 135, 135-1, 136, 138, 183, 185, 194, 209-1, 218, 220, 221-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда, улар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилади. Содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини ва ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда мазкур шахсларга нисбатан (ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар бундан мустасно) ишлар вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари ихтиёрига берилиши мумкин, ушбу Кодекснинг 61-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларнинг ишлари эса шу комиссияларга берилиши лозим.


15-модда. Мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Мансабдор шахслар бошқарув тартибини, давлат ва жамоат тартибини сақлаш, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган қоидаларга ва бажарилишини таъминлаш ўз хизмат вазифаларига кирадиган бошқа қоидаларга риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс мансабдор шахс деб эътироф этилади.

Давлатнинг бирон-бир ҳокимият органи номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳокимият вакили деб эътироф этилади.


16-модда. Ҳарбий хизматчилар ва интизом уставлари

татбиқ этиладиган бошқа шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Ҳарбий хизматчилар ва йиғинга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек ички ишлар органларининг оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига мансуб шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун интизом уставларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Мазкур шахслар йўл ҳаракати қоидаларини, ов қилиш, балиқ тутиш ва балиқ захираларини сақлаш қоидаларини, божхона қоидаларини бузганликлари учун умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар. Юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларга жарима солиниши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жумласига кирмайдиган, интизом уставлари ёки интизом тўғрисидаги махсус қоидалар татбиқ этиладиган бошқа шахслар, ана шу устав ёки қоидаларда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун интизомий жавобгар бўладилар, бошқа ҳолларда эса умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар.



17-модда. Ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги

бўлмаган шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилишлари лозим.

Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан ушбу Кодекснинг Ўзбекистон Республикаси қатнашчи бўлган халқаро шартномалар ва битимларга зид бўлмаган қисми қўлланилади.


17-1-модда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео

қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл

ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг

маъмурий жавобгарлиги

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 321-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото- ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

18-модда. Зарурий мудофаа

Ушбу Кодексда ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиловчи бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган, лекин зарурий мудофаа ҳолатида, яъни шахсни ёки мудофааланувчининг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини ғайриҳуқуқий тажовузлардан шундай тажовуз қилаётган шахсга зарар етказиш йўли билан ҳимоя қилиш вақтида, башарти бунда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб кетилишига йўл қўйилмаган бўлса, содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.



19-модда. Охирги зарурат

Ушбу Кодексда ёки бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган, ҳуқуқларга ҳамда қонун билан ҳимоя этиладиган манфаатларга зарар етказган, охирги зарурат ҳолатида, яъни шахсга ёки мазкур шахснинг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларига, жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид этаётган хавфни, башарти бу хавфни ўша ҳолатда бошқача чоралар билан бартараф этиб бўлмаса ҳамда етказилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса, бартараф этиш учун содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.



20-модда. Ақли норасолик

Ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган вақтида ақли норасолик ҳолатида бўлган шахс, яъни руҳий ҳолатининг сурункали ёки вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёхуд бошқа хил касаллик оқибатида ўз ҳаракатининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини идрок эта олмаган ёки бошқара олмаган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.



21-модда. Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги

сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин. Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги ҳақида хулосага келса, иш ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун ушбу Кодекснинг 308-1-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.

21-1-модда. Жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш

Жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида ушбу Кодекс билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказган шахс, агар бундай мажбурлаш ёки қўрқитиш натижасида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқара олмаган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Ушбу Кодекс билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги масала, агар бундай мажбурлаш ёки қўрқитиш оқибатида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқариш имкониятини сақлаб қолган бўлса, ушбу Кодекс 19-моддасининг қоидалари инобатга олинган ҳолда ҳал этилади.



III БОБ. МАЪМУРИЙ ЖАЗО


22-модда. Маъмурий жазонинг мақсади

Маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.


23-модда. Маъмурий жазонинг турлари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

1) жарима;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш;

4) муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш;

5) маъмурий қамоққа олиш.

6) чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2-6-бандларида санаб ўтилган маъмурий жазо чоралари фақат Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланиши мумкин.


24-модда. Асосий ва қўшимча маъмурий жазо чоралари

Ашёларни уларнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, мусодара қилиш ва махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан) маҳрум этиш ҳам асосий, ҳам қўшимча маъмурий жазо тариқасида, ушбу Кодекснинг 23-моддасида назарда тутилган бошқа маъмурий жазо чоралари эса фақат асосий жазо тариқасида қўлланилиши мумкин.

Битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ё асосий ёки ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо чораси қўлланилиши мумкин.



25-модда. Жарима

Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир.

Жариманинг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса бу ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Фуқароларга солинадиган жариманинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг элликдан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса - ўндан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

Фуқаро ва хизматчиларга солинадиган жариманинг энг кўп миқдори энг кам иш ҳақининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ошмаслиги керак. Баъзи ҳуқуқбузарликлар учун энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан белгиланадиган жариманинг энг кўп миқдори ушбу Кодекснинг 6-моддасига биноан фуқароларга - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ошмаслиги керак.



26-модда. Ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш шу ашёни мажбурий тарзда тортиб олиб, уни кейинчалик сотиб юбориш ҳамда сотишдан тушган пулни ашёнинг собиқ эгасига тортиб олинган ашёни сотиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда топширишдан иборатдир.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чорасини қўлланиш тартиби ва тортиб олинадиган ашёларнинг турлари ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


27-модда. Мусодара қилиш

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш мазкур ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат мулкига ўтказишдан иборат бўлиб, ушбу чора туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан қўлланилади. Ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаган ашё мусодара қилиниши мумкин эмас, муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни, бошқа ов қуролларини мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Мусодара қилиш чорасини қўлланиш тартиби ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


28-модда. Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш

Муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум қилиш чораси туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан уч йилгача муддатга қўлланилади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Ногиронлиги сабабли транспорт воситаларидан фойдаланадиган шахсларга нисбатан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин эмас, ушбу Кодекс 128-3-моддасининг бешинчи қисмида, 128-4-моддасининг учинчи қисмида, 131-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳоллар бундан мустасно.

Асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш чораси қўлланилиши мумкин эмас.



29-модда. Маъмурий қамоққа олиш

Маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун - ўттиз суткагача муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, шунингдек ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланади.

Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

29-1-модда. Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги

бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан

маъмурий тарзда чиқариб юбориш

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи кейинчалик бир йилдан уч йилгача муддатга чекланган ҳолда, мажбурий ёки назорат остида мустақил равишда чиқиб кетишидан иборат. Маъмурий тарзда чиқариб юбориш туман (шаҳар) маъмурий суди томонидан қўлланилади.

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ушбу Кодекснинг 51-2, 51-8, 51-9, 56, 57, 58-моддаларида, 61-1-моддаси биринчи қисмида, 94, 165-1, 184-2, 184-3, 189, 189-1, 201, 202-1, 224-1-моддаларида, 225-моддаси биринчи қисмида, 239, 240, 241-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда қўлланилиши мумкин.


IV БОБ. МАЪМУРИЙ ЖАЗОНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ


30-модда. Маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидалари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо ушбу Кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади.

Жазони қўлланиш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.


31-модда. Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар

Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;

2) айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши;

3) ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;

4) ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;

5) ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;

6) ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.


32-модда. Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар

Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;

2) маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;

3) вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш;

4) ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;

5) ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;

6) ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилиши. Маъмурий жазо чорасини қўлланувчи орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб мазкур ҳолатни айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.


33-модда. Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши

Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу Кодекснинг 308-1-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.


34-модда. Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик

учун маъмурий жазо қўлланиш

Битта шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.

Башарти шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган (мансабдор шахс) томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги бир неча модда билан маъмурий жавобгарлик белгиланган ва улар тўғрисидаги ишларни ҳар хил орган (мансабдор шахс) кўрадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган бўлса, унга нисбатан жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги тегишли модда билан маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилган ҳолда (ушбу Кодекснинг 188-1-моддаси) содир этган бўлса, иш материаллари кўриб чиқиш учун судга топширилади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда асосий жазога содир этилган ҳуқуқбузарликлардан исталган биттаси учун жавобгарлик тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган қўшимча жазо чораларидан бири қўшилиши мумкин.



35-модда. Маъмурий қамоқ ва махсус ҳуқуқдан

маҳрум этиш муддатларини ҳисоблаш

Маъмурий қамоқ муддати суткалар билан, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати эса - кунлар, ойлар, йиллар билан ҳисобланади.



36-модда. Маъмурий жазо қўлланиш муддатлари

Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида, агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтмаган бўлса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ашёларни божхона муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари асосида мусодара қилиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.


37-модда. Тугаганидан сўнг шахс маъмурий

жазога тортилмаган деб ҳисобланадиган муддат

Башарти маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.



38-модда. Етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклаш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш оқибатида жисмоний шахсга, корхона, муассаса, ташкилотга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки давлатга етказилган мулкий зарар белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақидан кўп бўлмаса, орган (мансабдор шахс) жазо қўлланиш пайтида айбдор бу зарарни қоплаши тўғрисидаги масалани ҳам ҳал этишга ҳақлидир, маъмурий суд эса - бу масалани етказилган зарар миқдоридан қатъи назар ҳал қилаверади.

Бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган мулкий зарарни қоплаш фуқаролик-ҳуқуқий тартибида ҳал қилинади.


39-модда. Бажарилмаганлиги учун маъмурий

жазо қўлланилган вазифани ижро этиш

Маъмурий жазони қўлланиш маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни бажарилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган вазифани бажаришдан озод этмайди.



МАХСУС ҚИСМ


V БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА

ТАЖОВУЗ ҚИЛАДИГАН ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР

УЧУН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК


40-модда. Туҳмат

Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


41-модда. Ҳақорат қилиш

Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


42-модда. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик, -

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


43-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


44-модда. Ҳужжатлар билан танишиб

чиқишни асоссиз равишда рад этиш

Фуқарога унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини беришни асоссиз равишда рад этиш -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


45-модда. Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш

Турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, мансабдор бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


46-модда. Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши

мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш

Тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, башарти ушбу Кодекснинг 46-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса - икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

46-1-модда. Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш

Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.



46-2-модда. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузиш

Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, -

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

47-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим

бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши, -

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

47-1-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган

болалар тўғрисидаги маълумотларни васийлик ва

ҳомийлик органига хабар қилмаслик

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни шундай болалар турган муассаса раҳбари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик, худди шунингдек улар томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақида атайин нотўғри маълумотлар бериш -

мансабдор шахсга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

47-2-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган

болаларни жойлаштиришда қонун

ҳужжатлари талабларини бузиш

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат), фарзандликка беришда, уларга васийлик (ҳомийлик) белгилашда ёхуд уларни етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган тегишли давлат му