Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.09.2011 й. 252-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 8 сентябрдаги

252-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат пенсияларини тайинлаш

ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш, пенсия имтиёзларини қўллаш ва фуқароларни пенсия билан таъминлашга боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадларида қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


яшаш жойи - турар жой, квартира, хизмат турар жойи, ихтисослаштирилган уйлар (ётоқхона, пансионат, ёлғиз кексалар учун махсус уй, ногиронлар, фахрийлар учун интернат уй ва бошқалар), шунингдек пенсия учун мурожаат қилган жисмоний шахс ижарага олиш шартномаси (иккиламчи ижара), ижара шартномаси ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича мулкдор сифатида доимий яшайдиган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) бошқа турар жой, доимий яшаш жойи мавжуд бўлмаган (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган) тақдирда - вақтинча яшаш (вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш) жойи;

пенсия - уни олиш ҳуқуқи Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;


қонуний вакил - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шундай деб эътироф этилган фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийлик қилувчи;


пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди турадиган жой - пенсия олиш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими;


пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш - пенсия тайинлаш, пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш, шунингдек илгари тўхтатиб қўйилган (тўхтатилган) пенсия тўлашни белгиланган тартибда тиклаш (қайта тиклаш) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ариза бериш;


пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди - улар асосида пенсия сўраб мурожаат қилган шахсга пенсия тайинланган ҳужжатларнинг тикилган туркуми;


банд шахс - ўзини иш билан мустақил таъминлайдиган ва иш вақтини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган жисмоний шахс, тадбиркор, ўзини ўзи банд қилган шахс, шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, бевосита қорамол ўстирадиган ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотадиган шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжалигида банд бўлган шахс, шунингдек оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъекти;

шахс - Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган ва белгиланган тартибда истиқомат учун берилган гувоҳнома олган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс;


иш ҳақи - шахснинг пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи;

иш стажи - меҳнат дафтарчаси ва иш жойидан, хизматдан, ўқишдан ёки архивдан берилган бошқа ҳужжатлар бўйича аниқланган, ишдаги танаффуслардан қатъи назар, қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолияти ва бошқа фаолиятнинг умумий давомийлиги;


махсус иш стажи - халқ хўжалигининг муайян тармоқларида, касблар ва лавозимларда қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолиятининг давомийлиги;


қайднома - пенсионер ва нафақа олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт маълумотлари, пенсия ва нафақа тўлов муддати ҳамда суммасига доир маълумотлар акс эттирилган, пенсия ва нафақа тўлови учун пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва тижорат банки филиалига тақдим этиладиган ҳужжат.

3. Бир вақтнинг ўзида Қонун бўйича ва Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган алоҳида тоифадаги фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга пенсиянинг бир тури унинг танлаши бўйича тайинланади.

4. Пенсия тайинлаш ва тўлаш, шунингдек фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш Қонунда назарда тутилган шартлар ва нормалар асосида ҳамда ушбу Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади.


II. ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Ташкилот маъмурияти ҳар йили декабрь ойида шахсий варақчалар ва меҳнат дафтарчалари асосида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар рўйхатини тузади.

Рўйхатда ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми; туғилган йили, ойи, куни, шунингдек ходим яшайдиган жой; таркибий бўлинманинг номи; лавозими (касби); пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш учун асослар; ҳужжатлар билан тасдиқланган умумий иш стажи; имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи махсус иш стажи кўрсатилган бўлиши керак.


6. Кўрсатиб ўтилган рўйхатга киритилган ходимларга нисбатан ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни олдиндан тайёрлашга киришади. Зарур бўлганда ташкилот маъмурияти етишмаётган ҳужжатларни сўраб олиш чораларини кўриши керак.

Ташкилот маъмурияти тўпланган барча ҳужжатлар асосида пенсия тайинлаш учун тақдимномани расмийлаштиради.


7. Ташкилот маъмурияти ходим пенсия ёшига етган кундан кечиктирмай унинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлигини билдиришга мажбур.

Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда, ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради.

Ҳужжатлар ва тақдимнома ходимнинг аризаси билан бирга ариза берувчининг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплай олмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлимига бор ҳужжатлар топширилади, етишмаган ҳужжатлар эса ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган муддатларда қўшимча равишда тақдим этилади.

Агар ходимга пенсия тайинлаш рад этилган бўлса, бу ҳақда унга рад этиш сабаблари кўрсатилиб, ёзма равишда хабар берилади. Пенсия сўраб мурожаат қилган киши маъмурият қароридан норози бўлса, у пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризани яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига бевосита бериши мумкин.


8. Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Ходимга ва унинг оила аъзоларига пенсия (боқувчисини йўқотганлик пенсияси) тайинланган тақдирда, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ходимнинг ёки вафот этган боқувчининг (унинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган тақдирда) охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Пенсия тайинланадиган шахс балоғатга етмаган ёки ҳуқуқий муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ариза унинг ота-онаси ёки васийси томонидан уларнинг яшаш жойи орқали берилади.


8-1. Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш, тиклаш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш) тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Шахснинг пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш, тиклаш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш) тўғрисидаги аризаси манзил-колония маъмурияти томонидан манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) тўғрисидаги аризага иш стажига оид маълумотлар қўшимча равишда тақдим этилади.

Пенсия жамғармаси бўлими:

шахснинг иш стажига оид маълумотлар асосида пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур бўлган ушбу Низомнинг 12 - 14-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам кўрсатади;

пенсия тўловини тиклаш ёки давом эттириш тўғрисидаги аризага асосан пенсия йиғмажилдини Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимидан талаб қилиб олади.

9. Пенсия тайинлашни сўраб пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб исталган вақтда, бирор муддат билан чекланмаган ҳолда мурожаат этиш мумкин.


10. Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар ҳам илова қилинган бўлса, ушбу аризани жўнатишнинг почта штемпелида кўрсатилган санаси пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.


11. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги учун шубҳа пайдо бўлган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Текшириш тасдиқловчи ҳужжатларни берган ташкилотда ёки архивда амалга оширилади. Текшириш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, у текширувчининг ва ташкилот ёки архив мансабдор шахсининг имзоси, шунингдек ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади. Далолатноманинг бир нусхаси ташкилот ёки архивда, иккинчи нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимида қолади. Далолатномада тасдиқловчи ҳужжатларнинг ким томонидан берилганлиги ва текшириш вақтида ҳужжатларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумот мажбурий тартибда кўрсатилади.

Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади.


12. Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

а) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматни, партизан отрядлари ва қўшилмаларда бўлганликни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотнома;

б) тегишли орган томонидан берилган, идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва кон-қутқарув қисмларидаги хизматни тасдиқлайдиган маълумотнома;

в) банд бўлган шахсга Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома;

г) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси (кейинги ўринларда ТМК деб юритилади) томонидан берилган ариза берувчининг боласи 16 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси ёки Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (кейинги ўринларда ТМЭК деб юритилади) томонидан берилган парвариш остидаги шахс I гуруҳ ногирони деб тан олинишини тасдиқлайдиган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисми;

е) олий таълим муассасаларида (шу жумладан, ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар - изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқишни, шу жумладан, чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

ж) болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилганидан бошлаб у уч ёшга тўлгунигача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва муддатдан ташқари хизмат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтни тасдиқлайдиган маълумотнома;

з-1) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

и) ариза берувчи уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат;

к) даволаш-профилактика муассасасининг ариза берувчи гипофизар нанизм бемори (лилипут) ёхуд диспропорционал пакана эканлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

л) фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

м) ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми - меҳнатда ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида I ва II гуруҳлар ногирони бўлган вақт стажга ҳисобланадиган ҳолларда;

н) бола 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган ТМК томонидан берилган тиббиёт хулосаси ёки ТМК томонидан берилган ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган касаллик бўйича даволаш-профилактика муассасасида ҳисобда турганлик тўғрисидаги маълумотнома;

о) оқлов ҳукми ёки иш тўхтатилганлиги тўғрисида суднинг ажрими (қарори) ёки прокурор (терговчи)нинг иш тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори, шунингдек олдини олиш чораси сифатида шахсни тергов изоляторида (турмада) қамоқда сақлаш, қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш шаклида жазони ўташ даври тўғрисида тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномаси, шунингдек реабилитация тўғрисидаги ҳужжатлар (суд органлари, прокуратура органлари, суриштирув ва тергов органларининг оқлов ҳукми чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноят иши тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори (ажрими);

п) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномаси;

р) ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасининг асли ёки дубликати.

13. Ногиронлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар ногиронлик меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса - бошқа расмий ҳужжат.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

ушбу Низомнинг 12-банди "а" - "о" кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар.


14. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;

оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, у бўлмаган тақдирда - фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);

боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори;

вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

таълим муассасасининг вафот этган боқувчининг оила аъзолари 16 - 18 ёшдаги ўқувчилар ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотномаси;

бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар боқувчининг вафоти меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса - бошқа расмий ҳужжат;

ушбу Низомнинг 12-банди "а" - "п" кичик бандларида кўрсатилган, вафот этган боқувчининг номига расмийлаштирилган (ёзилган) ҳужжатлар.

Боқувчи-пенсионер вафот этган тақдирда ушбу бандда кўрсатилган зарур ҳужжатлар тақдим этилиши керак, вафот этганнинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлган ҳужжатлар бундан мустасно.

Пенсия жамғармаси бўлими аризага боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи ногиронлик оқибатида бериладиган оиланинг катта ёшдаги аъзосига ТМЭКдан олинган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисмини илова қилади.


15. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ушбу ҳужжатларни тегишли ташкилотлардан талаб қилиш юзасидан ёрдам кўрсатади.


16. Пенсияга устама ҳақ (қўшимча) белгилаш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

а) ариза берувчи I ёки II гуруҳ уруш ногирони эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

б) I гуруҳ ногиронликни белгилаш тўғрисида ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми;

в) II гуруҳ ногиронлигини белгилаш тўғрисида ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми;

г) ариза берувчининг уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

д) ариза берувчининг 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида ишлаганлигини ва ҳарбий мажбуриятларни бажарганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

е) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ходимининг ўлими ҳарбий хизмат мажбуриятларини ёки ички ишлар органларида хизматни бажариш билан боғлиқ эканлигини тасдиқлайдиган маълумотнома, шунингдек вафот этган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ходимининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки вафот этган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органлари ходими билан тузилган эр-хотин(лар) никоҳи тўғрисидаги гувоҳнома;

ж) "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

з) фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.


17. Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этиш масалалари бўйича тушунтиришлар ва маълумотномалар бериши шарт.


18. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилишда пенсия тайинланаётган шахснинг паспорти (истиқомат учун берилган гувоҳнома) тақдим этилиши керак. Паспорти бўлмаган вояга етмаган болаларга нисбатан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилади.


18-1. Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг паспорти (истиқомат учун берилган гувоҳнома) нусхаси манзил-колония маъмурияти томонидан манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

19. Қонуний вакилнинг аризасига туман (шаҳар) ҳокимининг васийлик ёки ҳомийликни тайинлаш тўғрисидаги қарори илова қилинади. Ота-она ёки қонуний вакил паспортни тақдим этади.


20. Ариза берувчининг уруш иштирокчиси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчисининг гувоҳномаси, байналмилалчи жангчиларга бериладиган имтиёз олиш ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳнома, шунингдек уларнинг уруш иштирокчисига тенглаштирилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Уруш қатнашчиларига тенглаштириладиган шахслар доираси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган.


21. Фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сифатида қуйидагилар тақдим этилади: никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги маълумотнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролик ҳолати далолатномасининг тегишли ёзувидан кўчирма, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари (мансабдор шахслари) маълумотномаси.


22. Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқлаш масаласи суд қарори билан ҳал этилиши мумкин.

23. Ариза берувчининг уруш ногирони эканлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми, шунингдек ҳарбий госпиталь томонидан бериладиган касаллик тарихидан кўчирма қабул қилинади.

Уруш ногиронларига тенглаштириладиган шахслар доираси ушбу Низомга 2-иловада келтирилган.


24. Меҳнат дафтарчаси, ташкилотлар ва архив маълумотномалари, шунингдек мудофаа ишлари бўйича органларнинг маълумотномалари ариза берувчининг 1941-1945 йиллардаги уруш даврида ишлаганлиги ва ҳарбий мажбуриятларни бажарганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида қабул қилинади.

25. Ишламайдиган II гуруҳ ногиронининг ёлғиз яшайдиган пенсионерга тегишлилиги ҳолати ички ишлар органлари томонидан берилган маълумотнома, ариза берувчининг яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.

26. Қонуннинг 12-моддаси "з" бандига мувофиқ пенсия тайинланаётганда бола туғилганлиги ҳолати туғилиш ҳақидаги гувоҳнома асосида белгиланади.

27. Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳам асл нусхада, ҳам Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тасдиқланган нусхаларда тақдим этилиши мумкин, фақат асл нусхаларда тақдим этиладиган маълумотномалар (иш ҳақи, ногиронлик ва бошқа маълумотномалар) бундан мустасно.

28. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган хорижий фуқароларнинг шахсини, ёшини, яшаш жойини, фуқароликка мансублигини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан берилган хорижий фуқаро учун истиқомат учун берилган рухсатнома тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини, ёшини, яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан берилган фуқаролиги бўлмаган шахс учун истиқомат учун берилган рухсатнома тақдим этилади.


29. Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашиш мудофаа ишлари бўйича орган томонидан берилган белгиланган намунадаги маълумотнома, шунингдек тугатишда қатнашиш учун ўз ходимларини юборган ташкилотларнинг маълумотномалари билан тасдиқланади.


30. Никоҳ муносабатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сифатида қуйидагилар тақдим этилади: никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролик ҳолати далолатномаси ёзувидан кўчирма, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари (мансабдор шахслари) маълумотномалари.


31. Пенсия жамғармаси бўлими шахс тегишли ариза билан мурожаат қилган тақдирда пенсия тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.

Шахснинг аризаси Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади. Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ёки ташкилотнинг вакилига ариза қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда тилхат, шунингдек олинган ва етишмаётган ҳужжатлар рўйхати берилади.

32. Пенсия жамғармаси бўлими ҳужжатларни қабул қилишда тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмуни ва расмийлаштирилишининг тўғрилигини, уларнинг нусхалари ҳужжатларнинг асл нусхасига мувофиқлигини текшириши керак.

Бунда шахснинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқи, талаб этиладиган иш стажи мавжудлиги, шунингдек пенсия тайинлаш учун асос ҳисобланадиган ҳужжатларнинг мавжудлиги кўриб чиқилади.

Пенсия жамғармаси бўлими ташкилотдан ёки шахсдан қабул қилинган ҳужжатларни расмийлаштиришни охирига етказишни ва қўшимча ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда ушбу ҳужжатларнинг тўғри берилганлигини текшириб кўриш ҳуқуқига эга.

33. Агар ҳужжатда туғилган вақт тўғрисида аниқ сана кўрсатилмаган ҳолда ой кўрсатилган бўлса, у ҳолда тегишли ойнинг 15-куни туғилган сана ҳисобланади.

Агар тақдим этилган ҳужжатда ой кўрсатилмасдан фақат туғилган йил кўрсатилган бўлса, ушбу йилнинг биринчи июли туғилган кун сифатида қабул қилинади.


34. Барча тақдим этилган ҳужжатлар билан бирга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза, шунингдек Пенсия жамғармаси бўлимининг пенсия тайинлаш тўғрисидаги қарори пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.



III. ПЕНСИЯЛАР ТАЙИНЛАШ УЧУН ИШ СТАЖИНИ

ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


35. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:

а) фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.

1965 йилгача бўлган даврда жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, ушбу йилдаги меҳнат билан қатнашиш кунлари сонидан қатъи назар, ҳар бир ишлаб берилган йил иш стажига бир календарь йил сифатида қабул қилинади.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади. Агар жамоа хўжалиги аъзоси жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилиш (чиқиш) йилида бажарган бўлса, у ҳолда унинг иш стажи жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилинган санадан бошлаб (чиқиш санасигача) қабул қилинади.

Жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобга олинади.

Ижодий фаолият билан машғул бўлган ижодий уюшмалар аъзоларига 1991 йил 1 январгача иш стажи агар ана шу муаллифнинг асари биринчи марта эълон қилинган ёки жамоат олдида ижро этилган (намойиш этилган) кундан эътиборан, 1991 йил 1 январдан бошлаб эса - улар фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари томонидан белгиланади.

Иш стажига, ўтган давр учун бирйўла қўшиб ҳисоблаш (тўлаш)дан қатъи назар, унинг учун:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўланган ойлар қабул қилинади, деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш, шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотларини) етиштириш билан банд бўлган шахслар бундан мустасно;

б) ҳарбий хизмат (шу жумладан, сафарбарлик чақириғи резервидаги ҳарбий хизмат) ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органларидаги хизмат;

в) ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органларида ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, якка тартибдаги меҳнат фаолияти ёки қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият;

д) қараб туриш вақти:

I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган қарияларга қараб турилган вақт - 80 ёшга тўлган қария ўзганинг парваришига муҳтож бўлган давр.

Бунда I гуруҳ ногиронини ёки 16 ёшгача ногирон болани, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланади;

е) олий таълим муассасаларида (шу жумладан, уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил.

Мисол: Агар 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл иш стажининг 8 йили мобайнида жами 3 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил иш стажи ҳисобланади (30 йил - 8 йил + 3 йил = 25 йил).

Болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан, пули тўланадиган таътилда бўлиш) даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, бироқ кўпи билан 10 йил;

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

36. Агар ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган фақат бир давр қўшиб ҳисобланади. Иш стажини ҳисобга олишнинг шундай тартиби ушбу Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандлари учун ҳам қўлланилади.

Ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" ва "д" - "и" кичик бандларида кўрсатилган даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган даврлардан бири қўшиб ҳисобланади.

37. Ушбу Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандларида назарда тутилган даврлар иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган камида 7 йил умумий иш стажи мавжуд бўлганда қўшиб ҳисобланади.

Ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлашда ушбу Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандларида назарда тутилган даврлар ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган иш стажи мавжуд бўлганда, унинг қанча давом этганлигидан қатъи назар, қўшиб ҳисобланади.

Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлиш вақти ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда стажга қўшиб ҳисобланади.

Ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин ишланган вақт пенсия тайинлаш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди. Эртароқ муддатдан бошлаб ёшга доир пенсия тайинлашда стаж пенсия тайинланган кунгача ҳисобга олинади.


38. Ногиронни саккиз ёшгача тарбия қилган болаликдан ногироннинг онасига пенсия тайинлашда талаб қилинадиган 20 йиллик иш стажига ушбу Низомнинг 35-банди "а" - "д" кичик бандларида кўрсатилган даврлар қўшиб ҳисобланади.

Ушбу Низомнинг 35-банди "д" кичик бандида назарда тутилган давр Қонуннинг 8-моддаси талабларига риоя этган ҳолда иш стажига киритилади.

38-1. Қонун 12-моддасининг "а" бандига мувофиқ уруш ногиронларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга пенсия тайинлашда пенсия тайинлаш учун зарур бўлган талаб этиладиган иш стажи Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ аниқланади.

39. Стажга қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади:

а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш - уч ҳисса баробарида;

б) 1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан, ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган хизматдан ташқари, ҳарбий хизмат - икки ҳисса баробарида;

в) Қонун 10-моддасининг "а" ва "б" бандларига ҳамда 11-моддасининг "а" бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган - эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил - икки ҳисса баробарида;

г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунитет танқислиги вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш - икки ҳисса баробарида;

д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ - бир ярим ҳисса баробарида;

е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти - бир ярим ҳисса баробарида.

Ушбу бандда назарда тутилган иш стажини имтиёзли ҳисоблаш тартиби Қонун бўйича тайинланадиган пенсияларнинг барча турлари учун қўлланади.

40. Пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилашда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи ушбу Низомнинг 39-бандида белгиланган қоидалар қўлланмасдан аниқланади.


41. Талаб қилинадиган иш стажидан ортиқ стаж мавжуд бўлган тақдирда, умумий иш стажи яхлитланиши керак. Бунда иш стажининг умумий 15 календарь кунидан ортиқ даври тўлиқ ойгача яхлитланади, 15 календарь кунигача бўлган давр эса (15-календарь кунининг ўзи ҳам) ҳисобга олинмайди.


42. Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимларга пенсиялар тайинлаш учун белгиланган хизмат муддатларини ҳисоблаб чиқиш тартиби ушбу Низомга 4-иловада келтирилган.


43. Саноатнинг мавсумий тармоқлари ташкилотларида банд бўлган ходимларга ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ тўлиқ мавсум мобайнидаги иш бир йилдаги иш учун, тўлиқ бўлмаган мавсум мобайнидаги иш - амалда банд бўлган давр бўйича ҳисобга олинади.

Имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ерости ишларидаги стажни ҳисоблаб чиқишда (Қонун 10-моддасининг "а", "б" бандлари ва 11-моддасининг "а" банди) меҳнатда майибланиш ёки ушбу ишда олинган касб касаллиги оқибатида ногиронликда бўлиш вақти ушбу Низом 39-бандининг "в" бандида белгиланган қоидалар қўлланмасдан кўрсатиб ўтилган стажга киритилади.


44. Агар деҳқон хўжалиги аъзоси ёки совхоз ходими ушбу йилда 12 ой ишлаган ва камида 9 ой мобайнида:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, деҳқон хўжалиги аъзосининг, шунингдек, совхоз ходимининг иш стажига бир календарь йил қўшиб ҳисобланади.

Бошқа ҳолларда иш стажи:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари тўланган;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган ойлар сонига мутаносиб равишда ҳисобга олинади.

45. Фермер хўжалиги аъзоси ва қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати) ходимининг иш стажи:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишининг;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланишининг амалдаги даври бўйича аниқланади.

46. Қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш‚ шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотларини) етиштириш билан банд бўлган шахсларга меҳнат стажини ҳисоблашда, агар ушбу шахс ушбу календарь йилнинг камида 9 ойи мобайнида:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - бадаллар;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўлаган бўлса, пенсия тайинлаш учун иш стажига тўлиқ календарь йил қўшиб ҳисобланади.

Кўрсатиб ўтилган шахслар, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда етиштириш жисмоний шахслар томонидан:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўловни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган миқдорда тўланган тақдирда, қорамол етиштириш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш ҳамда парранда парваришлаш билан банд бўлиш даврлари Қонунга мувофиқ пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу Низомнинг ушбу бандида, шунингдек, 44-бандида назарда тутилган иш стажини ҳисоблаш тартиби Қонунга мувофиқ пенсиялар тайинлашда қўлланади.

47. Диний ташкилотларнинг банд бўлган шахсларнинг, шу жумладан меҳнат шартномаси ва/ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишловчи шахсларнинг иш стажига:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисоблаш шарти билан уларнинг иш даври қўшиб ҳисобланади.

48. Чет элда ишлаш даврлари:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўловлар тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади, ушбу банднинг бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолат бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Пенсияни ҳисоблаш учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг 2015 йил 1 январга қадар чет элда ишлаган даври меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг 2015 йил 1 январга қадар чет элда ишлаган даври пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини аниқлашда меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди. Бунда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар, шунингдек, уларнинг хотини (эри)га 2015 йил 1 январга қадар тайинланган пенсиялар ушбу Низом ва Қонуннинг 51-моддаси талаблари ҳисобга олинган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилиши лозим.

49. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иш стажига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг учдан биридан ортиқ бўлмаган доирада киритилади.

Мисол. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил этади, шундан 21 йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, 19 йили эса хорижий давлат ҳудудига тўғри келади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқаросининг хорижий давлатдаги иш стажи пенсияни ҳисоблаш учун 7 йил (21 йил/3) доирасида қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни (21 + 7) ташкил этади.

50. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси, иш стажидан қатъи назар, тайинланади.


51. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик оқибатида ногиронлик пенсиясига ўтказишда зарур стаж ногиронликнинг дастлабки белгиланиши вақтига нисбатан ёш бўйича белгиланади.


52. Умумий касаллик оқибатида ногиронлик пенсияси ногиронлик бошланган вақтга нисбатан қуйидаги иш стажи мавжуд бўлганда тайинланади:

Ёш


Иш стажи (йилларда)


20 ёшдан 23 ёшга етгунга қадар


2

23 ёшдан 26 ёшга етгунга қадар


3

26 ёшдан 31 ёшга етгунга қадар


5

31 ёшдан 36 ёшга етгунга қадар


7

36 ёшдан 41 ёшга етгунга қадар


9

41 ёшдан 46 ёшга етгунга қадар


11

46 ёшдан 51 ёшга етгунга қадар


14

51 ёшдан 56 ёшга етгунга қадар


17

56 ёш ва ундан катта ёш


20

53. Иш даврида ёки иш тўхтатилгандан кейин 20 ёшга тўлгунгача умумий касаллик оқибатида ногирон бўлиб қолган шахсга пенсия, иш стажи давридан қатъи назар, тайинланади.

Агар умумий касаллик оқибатида ногиронлик бошланган вақтга нисбатан ушбу Низомнинг 52-бандида белгиланган ёшга нисбатан талаб қилинадиган иш стажи мавжуд бўлмаган тақдирда ва иш стажига қўшимча равишда эришиш шарти билан талаб қилинадиган иш стажи пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кундаги ёшга нисбатан белгиланиши мумкин.


54. Ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки вафот этган ногирон учун боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.


55. Иш стажи иш, хизмат, ўқиш ёки иш стажига ҳисобланадиган бошқа фаолият амалга оширилиши жойидан, шунингдек, архив муассасаларидан бериладиган ҳужжатлар бўйича белгиланади.

Банд шахсларга иш стажи давлат солиқ хизмати органлари томонидан бериладиган:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномалар бўйича белгиланади.

56. Иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.

Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларга иш стажини тасдиқлаш учун қонунчиликда назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда судларга даъволар тайерлашда кўмаклашишади.

57. Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:

иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;

зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.


58. Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар, туманлар (шаҳарлар)нинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) томонидан ташкил этиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига киритилади.


59. Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Иш стажи "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида (кейинги ўринларда - "ЯММТ" ИДАК) мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланади.

Банд шахснинг иш стажи Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома бўйича белгиланади.

Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш тўғрисидаги, иш (лавозим) бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги ва асослари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномасининг тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек, маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ва маълумотномани берган ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади.

60. 1991 йил 1 январгача ижодий уюшмалар аъзолари ҳисобланган ижодий ходимларнинг иш стажи ушбу муаллифнинг асари биринчи марта эълон қилинган ёки жамоат олдида ижро этилган (намойиш қилинган) кунни тасдиқлайдиган ижодий уюшмалар бошқарувлари томонидан берилган маълумотномалар билан белгиланади.

1991 йил 1 январдан кейин иш стажини белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш даври тўғрисидаги маълумотномалар, шунингдек ижодий уюшмалардаги мавжуд маълумотлар асосида ижодий уюшмалар бошқаруви томонидан берилган ижодий фаолият даври тўғрисидаги маълумотнома қабул қилинади.


61. Ижодий уюшмалар аъзолари ҳисобланмаган бошқа ижодий ходимларнинг ижодий фаолиятини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш даври тўғрисидаги маълумотномалар қабул қилинади.


62. Ҳарбий хизматни, давлат хавфсизлиги органларидаги хизматни, шунингдек асирда бўлганлик вақтини тасдиқлаш учун:

ҳарбий гувоҳномалар (ҳарбий билетлар);

мудофаа ишлари бўйича бўлимларнинг, юқори ҳарбий қисмларнинг, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларини ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизматининг штаблари ва муассасаларининг маълумотномалари;

архив маълумотномалари ва ҳарбий-даволаш муассасаларининг маълумотномалари қабул қилинади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар асосида меҳнат дафтарчасига киритилган ҳарбий хизмат тўғрисидаги ёзувлар ҳам тасдиқлаш учун қабул қилинади.

Жанговар ҳаракатлар даврида ҳаракатдаги армия таркибидаги ҳарбий хизмат, шу жумладан, байналмилал бурчни бажаришдаги ҳарбий хизмат ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган мудофаа ишлари бўйича бўлимларнинг маълумотномалари асосида имтиёзли ҳисоблаб чиқилган ҳолда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларидаги хизматни тасдиқлаш учун меҳнат дафтарчасига киритилган бундай хизмат тўғрисидаги ёзувлар, ёзувлар бўлмаган тақдирда эса - ушбу Низомга 8-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган маълумотномалар қабул қилинади.


63. Олий таълим муассасаларида (шу жумладан, уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий-таълим муассасаларида) аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш вақти дипломлар, шунингдек маълумотномалар ва архив маълумотлари асосида берилган ва ўқиш даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Ҳужжатларда бундай маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ўқиш даврининг исботи сифатида, ҳужжатларда тўлиқ ўқув йилини тамомлаганликка кўрсатма мавжуд бўлиши шарти билан, тегишли йилларда мазкур таълим муассасасида ўқиш даври давомийлиги тўғрисидаги маълумотномалар тақдим қилинади.


64. Иш даврида бошланган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври давомийлиги ушбу иш жойи бўйича бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади.

Бунда кўрсатиб ўтилган (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) давр иш стажига фақат:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган тақдирда киритилади.

65. I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага, шунингдек 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туриш вақти:

қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси;

ногиронликда бўлганликни (I гуруҳ ногиронлари ва ногирон болалар учун), ёшни (кексалар ва ногирон болалар учун) тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисида (кексалар учун) даволаш муассасасининг тиббий хулосаси асосида белгиланади.

Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходимларидан ва шахслардан сўраб чиқиш, шунингдек уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади.

I гуруҳ ногиронига ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари I гуруҳ ногирони ёки 80 ёшга тўлган кексаларнинг пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.

66. Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда ташкилот томонидан берилган, болага қаралган вақтни тасдиқлайдиган маълумотномалар асосида белгиланади.

Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда, ушбу давр учун ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврининг тасдиғи сифатида қабул қилинади.

Архив томонидан тасдиқланган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, болани парваришлаш таътилида бўлиш даври қуйидаги даврларни ташкил этади:

1 йил - 1971 йил 1 январдан 1983 йил 1 ноябргача туғилган бола учун;

1,5 йил - 1983 йил 1 ноябрдан 1990 йил 1 июлгача туғилган бола учун;

3 йил - 1990 йил 1 июлдан кейин туғилган бола учун.

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалиги аъзосининг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини аниқлашда, агар жамоа хўжалиги аъзоси бўлган, бола туққан аёл жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини бажармаган бўлса, бола туғилган йил (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганнинг танлови бўйича) меҳнат стажининг тўлиқ йили, бироқ ушбу Низомнинг 35-банди "ж" кичик бандига мувофиқ жами кўпи билан 3 йил сифатида ҳисобга олинади.

67. Олдини олиш чораси сифатида қамоқда бўлиш вақти, жазони ўташ вақти, шахс лавозимдан ноқонуний четлатилганлиги муносабати билан ишламаган вақт, тиббиёт муассасасида бўлиш вақти тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномалари билан тасдиқланади ва реабилитация (оқлов ҳукми, реабилитацияловчи асослар бўйича иш тўхтатилиши тўғрисидаги ажрим (қарор) ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда иш стажига ҳисобланади.


68. Офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақти маълумотномалар билан тасдиқланади.

Хизмат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўталган ҳолларда ушбу маълумотнома мазкур Низомга 9-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат ҳудудий органи томонидан берилади, хизмат чет элда ўталган тақдирда эса - ушбу Низомга 10-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳарбий хизмат ўталган жой бўйича юқори ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҳарбий-ўқув (ўқув) муассасалари командирлари (бошлиқлари) томонидан берилади.

69. Ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларида хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда қатнашиш мудофаа ишлари бўлимлари ва тегишли органлар томонидан берилган маълумотномалар билан тасдиқланади.


70. Ходимларнинг айрим тоифалари учун белгиланган имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун (масалан: ишларнинг қизғин участкаларида ёки қизғин ишларда бандлик тўғрисида, муайян моддалар ёки хавфлиликнинг муайян даражаларига кирадиган зарарли моддалар билан ишлаш тўғрисида, ерости ишларида бандлик тўғрисида, ишларни муайян усулда бажарганлик тўғрисида, муайян жойда ишларни бажарганлик тўғрисида ва шу кабилар) махсус стажни тасдиқлаш мақсадида ушбу Низомга 11-иловага мувофиқ шакл бўйича ташкилотнинг (солиқ тўловчи ташкилотнинг идентификация рақамини кўрсатган ҳолда) аниқлаштирувчи маълумотномалари қабул қилинади.

71. Учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимларнинг айрим тоифаларига имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи:

учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар учун - тегишли ташкилот томонидан берилган училган соатларни тасдиқлайдиган маълумотнома билан тасдиқланади. Учувчи-синовчилар таркибига кирадиган айрим ходимларнинг синов техникасини синашда бандлиги ташкилотлар томонидан берилган маълумотномалар билан тасдиқланади;

ҳаво ҳаракатини бошқарган ходимлар учун - меҳнат дафтарчаси билан, шунингдек: ҳаво ҳаракатини бевосита бошқаришга қўйиш тўғрисидаги белгилар билан бирга ҳаракат хизмати диспетчери (парвозлар раҳбарининг) гувоҳлиги; мутахассисни ҳаво ҳаракатини бевосита бошқариш билан боғлиқ лавозимга тайинлаш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда ташкилотнинг маълумотномалари асосида тасдиқланади.


72. Театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари ва жамоаларининг артистлари айрим тоифаларининг имтиёзли пенсия таъминоти олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи меҳнат дафтарчаси билан тасдиқланади.

Касб (лавозим)нинг номи, бажариладиган ишнинг жанрга мансублиги, хусусияти ёки иш кечган ташкилотнинг мақоми тўғрисида меҳнат дафтарчасида зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, махсус иш стажи ушбу шахсга нисбатан маълумотлар мавжуд бўлган иш жойидан берилган маълумотнома билан тасдиқланади.

74. Авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу Низомнинг 58-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда, иш стажи суд тартибида белгиланади.


75. Суднинг қарори билан жамоа хўжалиги аъзосининг иш стажи тасдиқланган тақдирда ушбу стажни белгилаш 16 ёшдан бошлаб амалга оширилади, агар иш стажи бошланиши 1941-1945 йиллардаги уруш даврига тўғри келса - 14 ёшдан белгиланади.

76. Иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар мансабдор шахс томонидан имзоланиши ва ташкилотнинг асосий муҳри билан тасдиқланиши керак.

Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ушбу дафтарчани тўлдириш ва юритиш пайтида амалда бўлган меҳнат дафтарчаларини юритишни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари талабига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.

Агар меҳнат дафтарчаларида ва бошқа ҳужжатларда ёзувлар белгиланган қоидалардан четга чиққан ҳолда бажарилган бўлса, уларни иш стажининг исботи сифатида қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масала Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ҳал этилади.


77. Иш стажини тасдиқлаш учун фақат меҳнат дафтарчаларига киритилган ва тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосидаги маълумотномаларда кўрсатилган иш даврлари тўғрисидаги маълумотлар қабул қилинади.

Кейинчалик ўз фаолиятини тўхтатган жамоа хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлар) ва фермер хўжаликлари томонидан берилган маълумотномалар, агар уларда маълумотнома бериш учун асослар мавжуд бўлса, эътиборга олинади.


78. Ҳужжатлар асосида меҳнат дафтарчасига киритилган иш стажи тўғрисидаги жами ёзувлар қуйидаги иш даврларига нисбатан:

1962 йил 14 декабрдан кейин, агар меҳнат дафтарчасига ариза берувчи меҳнат дафтарчасини берган ташкилотга киргунига қадар қайси ташкилотда, қайси вақтда ва қандай лавозимларда ишлаганлиги тўғрисида аниқ ёзувлар киритилган бўлса;

1962 йил 14 декабргача, меҳнат дафтарчасида кўрсатиб ўтилган маълумотлар бор-йўқлигидан қатъи назар, иш стажининг исботи ҳисобланади.

Агар ариза берувчи меҳнат дафтарчасидан ташқари жами ёзувлар тегишли бўлган меҳнат дафтарчаси тўлдирилгунига қадар давр учун иш тўғрисида айрим ҳужжатларни тақдим этса, у ҳолда умумий якун сифатида ёзилган бутун иш стажи ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Бу амалдаги қоидаларга мувофиқ улар тўғрисидаги ёзувлар меҳнат дафтарчасига алоҳида сатрда ёзилиши керак бўлган меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилиши ҳолларига тегишли эмас.

Жами ёзувларда ҳисобга олиниши мумкин бўлган 1941-1945 йиллардаги уруш давридаги иш даврлари тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилганда, ушбу ҳужжатлар бўйича иш стажи қўшимча равишда бир баравар ёки икки баравар миқдорга мувофиқ ҳисоблаб чиқилади. Ушбу ҳолатда меҳнат дафтарчасига умумий якун билан ёзилган жами иш стажини тасдиқлаш талаб этилмайди.

79. Ўқиш даврида академик таътилларда бўлиш, шунингдек тайёрлов курсларида ўқиш даври вақти иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.

80. Агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда кўрсатилган исми, отасининг исми ёки фамилияси паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исми, отасининг исми ёки фамилияси билан мос бўлмаса, ушбу ҳужжатнинг мазкур шахсга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин. Бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шарт.

81. Иш стажи тўғрисида тақдим этилган ҳужжатда аниқ саналар белгиланмасдан фақат йиллар кўрсатилган ҳолларда, тегишли йилнинг 1 июли сана сифатида қабул қилинади, агар ойнинг санаси кўрсатилмаган бўлса, тегишли ойнинг 15-куни ана шундай сана ҳисобланади.


82. Пенсия жамғармаси бўлими ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади.



IV. ПЕНСИЯНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИ


83. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома шахс мурожаат қилгандан кейин унинг талаби бўйича ушбу Низомга 12 ва 13-иловаларга мувофиқ шакл бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ташкилот, шунингдек архив томонидан берилади.

84. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома шахсий ҳисоб рақамлари ва ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги бошқа ҳужжатлар асосида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган ёки вафот этган боқувчи ишлаган ташкилот томонидан берилади. Агар ташкилот тугатилган ёки бошқа сабабларга кўра ўз фаолиятини тўхтатган бўлса, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома ташкилотнинг ҳуқуқий вориси ёки давлат архиви томонидан берилади.

Архив сақланаётган ҳужжатлар асосида иш ҳақи турлари бўйича ҳисобланган суммаларни ёйиб кўрсатган ҳолда белгиланган шакл бўйича иш ҳақи турлари бўйича маълумотнома бериш имконига эга бўлмаган ҳолларда, архив фондидаги мавжуд ҳужжатларга мувофиқ маълумотнома ёки маълумотлар бериши мумкин.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда пенсияни ҳисоблаш учун:

а) Ўзбекистон Республикасида тегишли касб ва малака ходимининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома - Ўзбекистон Республикасида ишламаган бошқа мамлакатлардан кўчиб келган фуқаролар учун.

Республикада бундай касб ва малака бўлмаган тақдирда, иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади;

б) муаллифлик гонорари тўғрисидаги маълумотномалар - ижодий уюшмалар аъзолари ва ижодий уюшмаларнинг аъзолари ҳисобланмаган бошқа ижодий ходимлар учун.

1991 йил 1 январдан сўнг кўрсатиб ўтилган шахслар, шунингдек банд бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан берилган маълумотномаларни тақдим этадилар.


85. Иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади.

Иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди.

Архив маълумотларини тақдим этмасдан иш ҳақи миқдорини аниқлаш:

2005-2016 йиллар даври учун - жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

2016-2018 йиллар даври учун - фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2019 йил учун - фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2020 йил 1 январдан кейинги давр учун - "ЯММТ" ИДАКда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Ушбу банднинг тўртинчи-олтинчи хатбошиларида кўрсатилган даврлар учун архив маълумотларидан фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёки фуқаронинг мурожаати асосида фойдаланилади.

Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган ҳолларда мавжуд бўлмаган даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан, қонун ҳужжатларида тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади.

Пенсия тайинлаш учун берилган ҳужжатларда ишончсиз маълумотлар ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни бузадиган тузатишлар аниқланганда, Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлашгача уларни текшириши ёки қўшимча маълумотлар тақдим этиш ёки иш ҳақи тўғрисида берилган маълумотномаларга тушунтиришлар бериш тўғрисида ёзма суров юбориши шарт.

86. Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади.

Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахс томонидан пенсия тайинлаш учун тақдим этилган аризада ушбу банднинг биринчи хатбоши талабларидан келиб чиққан ҳолда у танлаган беш йиллик давр кўрсатилади.

87. Ушбу Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандларида кўрсатилган даврлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўташ вақти, шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмасдан, меҳнатда майибланиш ва касб касаллигига чалиниш оқибатида I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган вақт иш ҳақини аниқлашда меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди.

Меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврида ушбу Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандларида кўрсатилган даврлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўташ вақти, шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмасдан, меҳнатда майибланиш ва касб касаллигига чалиниш оқибатида I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган вақт мавжуд бўлган тақдирда, ушбу даврлар мазкур Низомнинг 35-банди "д" - "и" кичик бандларида кўрсатилган даврларга алмаштирилиши керак, муддатли ҳарбий хизматни ўташ вақти, шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмасдан, меҳнатда майибланиш ва касб касаллигига чалиниш оқибатида I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган вақт бундан мустасно.

Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун суғурта бадаллари, 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ягона ижтимоий тўлов тўлаш ҳуқуқи берилган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов (суғурта бадаллари) тўланмаганлиги сабабли иш стажига қўшиб ҳисобланмаган даврлар меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди.

88. Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим этилмаганлиги ёки уларнинг ишончлилиги ва асослилигини текшириш мумкин эмаслиги муносабати билан иш стажига киритилмаган даврлар, шунингдек иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш даврлари меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даври учун иш ҳақини ҳисоблаб чиқишдан чиқариб ташланмайди.

Меҳнат дафтарчасидаги суд тартибида сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) деб топилган ёзувлар меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даврига киритилмайди.

89. I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган шахснинг, шунингдек вафот этган, ногиронлик бошланган ёки вафот этган вақтида бир ойдан кам иш стажига эга бўлган боқувчининг иш ҳақи ишланган кунлар учун иш ҳақи суммасини ишланган кунлар сонига бўлиш ва олинган натижани ушбу ойнинг иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

90. Иш ҳақи таркибига, шунингдек, иш ҳақининг натурал қисмига 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари, 2019 йилдан кейинги давр учун Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар учун 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилгунига қадар охирги иш жойи бўйича олинган, Ўзбекистон Республикасида бюджет ташкилотлари ходимлари учун иш ҳақи оширилиши ҳисобга олинган ҳолда қайта ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

91. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Электрон технологияларини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг, ички ишлар органлари ва божхона органлари оддий ва бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларининг, шунингдек, ўқув ёки йўқлама қилиш йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларнинг иш ҳақи таркибига қонун ҳужжатларига мувофиқ:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари;

2019 йилдан кейинги давр учун - ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар билан бўлгани сингари пул таъминотининг барча турлари киритилади.

92. Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра ўқиш даврида тўланган стипендия иш ҳақига тенглаштирилади.

93. Банд бўлган шахснинг иш ҳақи миқдори:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари;

2019 йилдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов суммасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

95. Иш ҳақига минтақавий коэффициентлар белгиланган туманларда ишлаган шахсга пенсия тайинлашда минтақавий коэффициент ҳисобга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилган:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар қўшиб ҳисобланган иш ҳақи ҳисобга олинади.

96. Вафот этган пенсионернинг оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади.

Боқувчи ногиронлик пенсияси олувчи ҳисобланган ва пенсия тайинлангандан кейин меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳолларда, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган вафот этган боқувчи оила аъзосининг хоҳишига кўра ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинади. Талаб қилинадиган иш стажи боқувчи вафот этган кунда унинг ёши бўйича аниқланади.

Бунда кўрсатиб ўтилган иш стажи учун олинган иш ҳақи иш ҳақи таркибига киритилади, агар боқувчи ёшга доир пенсия олса ва пенсия тайинлангандан кейин ишни давом эттирса, пенсия тайинлангандан кейин иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.

97. Ўзбекистон Республикасининг чет элда ишлаган фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаш учун иш ҳақи:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари;

2019 йилдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов суммасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ягона ижтимоий тўлов тўлаш ва меҳнат стажини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

98. Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, шунингдек, давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек, шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан, жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ҳамда йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар):

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари тўланиши;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисоблаш шарти билан, улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади.

Ходимга ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади.

99. Иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар учун (ишга кириш ёки ишдан бўшаш муносабати билан) иш ҳақи пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилганнинг хоҳишига кўра иш ҳақи таркибига киритилиши мумкин. Бунда иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.

100. Ташкилотнинг устав сармоясида (фондида) қатнашиш муносабати билан олинган даромадлар ва дивидендларни тақсимлаш тарзидаги тўловлар иш ҳақи таркибига киритилмайди.

101. Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

Агар ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажи беш йилдан кам бўлса, пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи календарь иш ойлари учун қайта ҳисобланган иш ҳақи умумий суммасини ушбу ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

102. Иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда пенсияларни ҳисоблаб чиқиш учун иш ҳақини қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

103. Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсия тайинлашда пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи охирги ўн йилдан исталган кетма-кет беш мавсум учун қайта ҳисоблаб чиқилган иш ҳақини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

104. Пенсияни ҳисоблаш учун қонун ҳужжатларида пенсия тайинланадиган санага белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади.

105. Пенсия тайинлаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда, пенсия миқдори қонун ҳужжатларида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилинган кунда белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб, минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан ҳисоблаб чиқилади.

106. Пенсия миқдори иш стажи даврига боғлиқ бўлади ва:

пенсиянинг базавий миқдоридан;

иш стажи учун пенсия оширилишидан;

пенсияга устама ҳақлардан шаклланади.


107. Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияларнинг қуйидаги базавий миқдорлари белгиланади:

а) ёшга доир пенсиялар учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас;

б) I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам эмас;

г) ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас.

108. Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг базавий миқдорлари:

а) ёшга доир пенсиялар - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига;

б) I ва II гуруҳлар ногиронларига ногиронлик пенсиялари - пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига - боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизига оширилади.


109. Ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияларни ошириш пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн баравари миқдори доирасида ҳар иккала ота-онанинг иш ҳақи умумий миқдоридан амалга оширилади.

Бунда ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори ҳар иккала ота-онанинг умумий иш стажи миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади, яъни пенсия тайинлаш ва талаб этиладигандан ортиқ стаж учун пенсияни ошириш ҳар иккала ота-онанинг умумий иш стажи миқдори бўйича амалга оширилади.

Агар ота-онадан бирининг иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори ҳар иккала ота-онанинг умумий иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдоридан кўп бўлса, у ҳолда, чин етим мақомини сақлаб қолган ҳолда, мурожаат этганнинг хоҳиши бўйича ота-онадан бирининг иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган пенсиянинг энг кўп миқдори тайинланади.

110. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳлар ногиронларига ногиронлик пенсиясининг базавий миқдори ногиронлик бўйича пенсия тайинланган кунда ушбу Низомнинг 52-бандида назарда тутилган иш стажи мавжуд бўлганда оширилади.


111. Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ шахсларнинг айрим тоифалари пенсияга устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга.


112. Пенсияга устама ҳақлар қуйидаги миқдорларда белгиланади:

а) I гуруҳ уруш ногиронларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 150 фоизи;

б) II гуруҳ уруш ногиронларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 125 фоизи;

в) кўриш бўйича I гуруҳ ногиронларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи;

г) I гуруҳ ногиронларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 75 фоизи;

д) II гуруҳ ёлғиз ногиронларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи;

е) уруш қатнашчиларига ва уларга тенглаштирилган шахсларга - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи;

ж) 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт орқасида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятларни бажарган шахсларга - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 30 фоизи; умумий якун билан ёзилган жами иш стажини тасдиқлаш талаб этилмайди.

з) ўлими ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш ёки ички ишлар органларида хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналарига ва янги никоҳга кирмаган бева хотинларига (бева эрларига) - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 30 фоизи;

и) Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахсларга - хизматларга қараб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизигача;

к) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотларда ишлаган имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган артистларга, Қонуннинг 10-моддаси "г" бандига мувофиқ, ёшидан қатъи назар - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 75 фоизи;

л) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган лавозимларда ва ташкилотларда ишлаган (эркаклар учун камида 25 йил ва аёллар учун камида 20 йил) театр, концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъатининг ижодий ходимларини тайёрлаш билан банд бўлган таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркибига ва концертмейстерларига - пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи.

113. Устамалар тайинланадиган пенсиялар туридан қатъи назар, тайинланади. Агар пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган ушбу Низомнинг 112-бандида назарда тутилган бир неча устама ҳақни бир вақтда олиш ҳуқуқига эга бўлса, у ҳолда устама ҳақлар қуйидаги ҳолларда бир вақтнинг ўзида тайинланиши мумкин:

а) пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахсга ушбу Низомнинг 112-банди "а" ёки "б" кичик бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда ушбу Низомнинг 112-банди "з" - "л" кичик бандларида кўрсатилган устама ҳақлардан бири қўшиб ҳисобланиши мумкин;

б) пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг танлови бўйича ушбу Низомнинг 112-банди "в", "г" ёки "д" кичик бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда ушбу Низомнинг 112-банди "е" - "л" кичик бандларида кўрсатилган устама ҳақлардан бири қўшиб ҳисобланиши мумкин.

113-1. Ушбу Низомнинг 112-банди "и" кичик банд ига асосан ишламайдиган пенсионернинг пенсиясига устама Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини белгилаш ва олий нишон - "Олтин Юлдуз" медалини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни билан тасдиқланган "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.

Ушбу Низомнинг 112-банди "к" ва "л" кичик бандларида назарда тутилган пенсияга устамалар пенсионер Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1995 йил 20 октябрдаги ПФ-1280-сон Фармони жорий қилинадиган республика театр-концерт ташкилотларидан ёки театр ва мусиқа санъати ижодий кадрларини тайёрловчи таълим муассасаларидан ишдан бўшагандан сўнг пенсияни қайта ҳисоблаш учун мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб белгиланади.

114. Ушбу Низомнинг 112-бандида назарда тутилган устама ҳақлардан ташқари, ишламайдиган пенсионерларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фахрий унвонлар учун тўловлар миқдорини ошириш тўғрисида" 2007 йил 17 декабрдаги ПФ-3942-сон Фармонига иловага мувофиқ фахрий унвонлар учун қўшимча ҳақ, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига эса ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2015 йил 14 апрелдаги ПФ-4715-сон Фармонига мувофиқ пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов қўшиб ҳисобланади.

Илгари амал қилган қонун ҳужжатларига асосан берилган фахрий унвонларга эга бўлган шахсларга тўловлар амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорларда амалга оширилади.

Фахрий унвон учун, шунингдек 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга қўшимча тўлов, пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар, амалга оширилади.

115. Бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан, илгари Ўзбекистон Республикасидан кетган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдини ҳисобга қабул қилиб олишда, унинг бошқа давлатда пенсия олганлигидан қатъи назар, пенсия миқдори ҳисобга қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисобланади.

Пенсия Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилинган кундан бошлаб ҳисоблаб чиқилади ва тўланади.


V. ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


116. Пенсия тайинлаш масалаларини кўриб чиқиш учун пенсия жамғармаси бўлимида пенсия тайинлаш бўйича комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади. Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


117. Комиссия бошқа зарур ҳужжатлар билан биргаликда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза тушгандан кейин ўн кун муддатда тегишли қарор қабул қилади (пенсия тайинлаш тўғрисида, пенсия тайинлашни рад этиш ҳақида, тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлигини текшириш тўғрисида ва шу кабилар).


118. Агар пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ариза берувчи пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда назарда тутилган зарур ҳужжатларни тақдим этмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлар уларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги юзасидан қўшимча текширишни талаб қилса, комиссия томонидан ҳужжатларни текшириш тугагунига қадар аризачи тақдим этган ҳужжатларга асосан қонунчиликда белгиланган миқдорда пенсия тайинланади ҳамда текшириш якунига мувофиқ қўшимча ҳужжатлар асосида пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Агар ариза берувчи текшириш якунига қадар пенсия тайинлашга рози бўлмаса, комиссия ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тамом бўлгандан кейин пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

119. Пенсия иши комиссия томонидан пенсия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кун мобайнида расмийлаштирилиши керак.

Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби, шунингдек пенсия ҳужжатлари шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


120. Пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай ташкилот ёки ариза берувчига рад этиш сабабларини, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган билдиришномани бериши ёки юбориши ҳамда барча тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан пенсионернинг (ота-онанинг, қонуний вакилнинг) қўлига қайтариши шарт.


121. Комиссиянинг қарори юзасидан ариза берувчи томонидан Пенсия жамғармаси бўлимининг бевосита юқори органига ёки судга шикоят қилиш мумкин.


122. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига битта умумий пенсия тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг пенсиядаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади.

Бошқа туманда (шаҳарда) яшайдиган оила аъзоси ўзига пенсия улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда, мурожаат қилганнинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими расмийлаштирадиган ёки ушбу оиланинг амалдаги пенсия ҳужжатлар йиғмажилди турган Пенсия жамғармаси бўлимига тегишли хабарномани юборади. Хабарномага ариза ва янгидан мурожаат қилган оила аъзосининг пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу ҳолатда пенсия боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан улуш ажратиб бериш тўғрисида мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

Пенсия ишини расмийлаштиришнинг барча ҳолларида оила ҳар бир аъзосининг пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқини аниқлашда вафот этган боқувчи оиласининг ногиронликнинг III гуруҳига эга бўлган аъзолари вафот этган боқувчи оиласининг меҳнатга лаёқатсиз аъзолари жумласига киритилмайди.

Агар вафот этганнинг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки неваралари парвариши билан улар икки ёшга тўлгунгача банд бўлган оила аъзоларидан бири пенсия турларидан биттасини олувчи бўлса, у ҳолда унинг хоҳиши бўйича Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ фақат пенсиянинг битта тури тайинланади.

Б оқувчисини йўқотганлик пенсияси (шу жумладан боқувчисининг вафотидан кейин туғилган болага) ушбу пенсияга ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, пенсия тайинлаш учун биринчи марта мурожаат қилинганда, боқувчи вафот этган кундан бошлаб 6 ойдан кечикмай тайинланади. Қолган ҳолатларда пенсия мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.

Мисол. Боқувчи вафот этгандан (2010 йил 10 июнь) кейин туғилган боланинг (2010 йил 6 август) боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ҳуқуқи туғилган кунидан бошлаб пайдо бўлади. Тегишли равишда, боқувчининг вафотидан кейин туғилган болага боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб 2010 йил 10 декабрга (мурожаат қилишнинг охирги куни 2010 йил 9 декабрь) қадар мурожаат этилганда пенсия 2010 йил 6 августдан тайинланади.

123. Агар оиланинг алоҳида яшайдиган аъзосининг пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар оиланинг бошқа аъзоларига пенсия тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилганидан кейин тушса, у ҳолда алоҳида яшайдиган оила аъзосига пенсия улуши ажратилган ҳолда оиланинг барча аъзоларига пенсия тайинлаш тўғрисида янгидан қарор қабул қилинади.

Оиланинг кўрсатиб ўтилган аъзосининг тушган ҳужжатлари амалдаги пенсия ишига қўшиб қўйилади, пенсия улушини ажратиш тўғрисидаги қарор нусхаси эса, унинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Пенсия жамғармаси бўлими пенсия улушини ажратиш учун асос бўлган барча зарур ҳужжатларнинг нусхалари билан бирга пенсия улушини олувчига мустақил пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдини расмийлаштириши керак.


124. Улушли пенсияни тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлими пенсия улушини ажратган Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия миқдорини қайта кўриб чиқиш ёки уни тўлашни тўхтатиш зарурлигига олиб келган боқувчисини йўқотганлик бўйича улушли пенсия олувчи оиланинг таркибида юз берган барча ўзгаришлар тўғрисида хабар қилиши шарт.

Пенсия улушини тўлаш тўхтатилган тақдирда, ҳужжатлар пенсия тўлаш давом этаётган Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади.


125. Шахсларнинг айрим тоифалари Қонунга мувофиқ имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга.


126. Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 1, 2 ва 3-рўйхатларда (кейинги ўринларда рўйхатлар деб аталади) назарда тутилган ишларни бажариш билан банд бўлган ходимлар эга бўладилар.


127. Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган иш ҳажмининг қисқариши ёхуд корхона тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга ёшга доир муддатидан олдин бериладиган пенсия Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган муддатларга мувофиқ тайинланади.


128. Тўлиқ бўлмаган иш стажи шароитида пенсия:

а) ёшга доир пенсия - ушбу Низомнинг 35-банди "а", "б", "в" ва "г" кичик бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлганда пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсга;

б) ногиронлик пенсияси - пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳлар ногиронларига (шу жумладан, болаликдан ногиронларга);

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси - умумий касаллик оқибатида вафот этган ва ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига тайинланади.


129. Стаж тўлиқ бўлмагандаги пенсия миқдори Қонунда белгиланган миқдорлардан паст бўлиши мумкин эмас.

Стаж тўлиқ бўлмаган ҳолда пенсия олган вафот этган пенсионернинг оила аъзоларига пенсия вафот этган боқувчига пенсия ундан келиб чиқиб тайинланган иш стажига мутаносиб равишда тайинланади.


130. Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия қуйидаги тарзда мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади: дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади.


131. Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия Қонуннинг 47-моддасида назарда тутилган муддатларга мувофиқ тайинланади.


132. Пенсионерга расмий ҳужжат ҳисобланадиган пенсия гувоҳномаси берилади.



VI. ПЕНСИЯЛАРНИ БИР ТУРИДАН БОШҚА

ТУРИГА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


133. Пенсияларнинг бир турини олган пенсионер Қонунга мувофиқ унга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирда пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади ва қонун ҳужжатлари билан қўйиладиган талабларга мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади.


134. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Вафот этган боқувчининг вояга етмаган оила аъзоси (боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ўтказишда) ёки белгиланган тартибда ҳуқуқ