Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 18.11.1991 й. 417-XII-сон "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.1991 й.

N 417-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

РЕФЕРЕНДУМИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдуми

Ўзбекистон Республикасининг референдуми (бундан буён матнда референдум деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.

Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир.

Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.

Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.



2-модда. Референдум предмети бўлмайдиган масалалар

Қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;

амнистия ва авф этиш;

жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.



3-модда. Референдум ўтказилишини истисно этадиган ҳолатлар

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида жорий этилган ҳарбий вақт ёки фавқулодда ҳолат шароитларида, шунингдек ҳарбий вақт тугаган ёки фавқулодда ҳолат бекор қилингандан кейин уч ой давомида референдум ўтказилмайди.

Референдум натижалари расман эълон қилингандан кейин бир йил давомида мазмун ёки маъносига кўра худди шундай савол қўйилган референдум ўтказилмайди.



4-модда. Референдум тўғрисидаги қонунчилик

Референдум тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


5-модда. Референдум ўтказишнинг асосий принциплари

Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.

Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.



6-модда. Референдумда иштирок этиш ҳуқуқи

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг референдумда иштирок этиш ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.



7-модда. Референдумга тайёргарлик кўриш

ва уни ўтказишда ошкоралик

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар амалга оширадилар. Улар фуқароларни ўз ишларидан, овоз бериш участкалари тузилганлиги, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништирадилар, овоз бериш якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.



8-модда. Референдумга тайёргарлик кўриш

ва уни ўтказишда очиқлик

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида тегишли ҳудудий комиссияларга референдум ўтказилишига кечи билан ўн кун қолганида маълум қиладилар.

Ҳудудий комиссиялар манфаатдор ташкилотдан, фуқаролар ташаббускор гуруҳидан ариза олганидан кейин беш кун ичида мандатни кузатувчи учун беради. Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.


9-модда. Кузатувчиларнинг ҳуқуқлари

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

референдум ўтказувчи комиссияларнинг мажлисларида ҳозир бўлиш;

референдум участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

овозларни санаб чиқишда ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш якунлари тўғрисидаги баёнини тузишда ҳозир бўлиш;

овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли референдум ўтказувчи комиссия томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва олиш;

агар референдумда ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида референдум ўтказувчи юқори комиссияга маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;

овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш чоғида аралашиш.

Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида уч кун олдин хабардор қилиши керак.


10-модда. Референдумга қўйилган масалалар

юзасидан ташвиқот олиб бориш

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши монеликсиз ташвиқот олиб боришга ҳақлидирлар.

Референдумга қўйиладиган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш мақсадида радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш мумкин.

Ташвиқотни фуқароларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Референдум ўтказиладиган кунда ва референдумни ўтказишга бир кун қолганда ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.


II. РЕФЕРЕНДУМНИ ТАЙИНЛАШ

11-модда. Референдумни ўтказиш ташаббуси

Референдумни ўтказиш ташаббуси билан:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган субъектлар референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни кўрсатишда, референдумга қўйиладиган қонун лойиҳасини ёки ўзга қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, шунингдек масала таърифини (моҳиятининг аниқ ифодасини) белгилашда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг

референдумни ўтказиш ташаббусини

амалга ошириш тартиби

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари агар, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида беш фоизини ташкил этган фуқаролар имзоси тўпланган бўлса, башарти бунда имзолаётган фуқаролар миқдори ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилма (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри) бўйича бир текис ва мутаносиб равишда тақсимланган бўлса, референдумни ўтказиш ташаббуси ҳуқуқини амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқароси ёки фуқаролар гуруҳи референдумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш учун камида юз кишидан иборат ташаббускор гуруҳни тузиши мумкин.

Фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили гуруҳни рўйхатдан ўтказишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

фуқаролар ташаббускор гуруҳи аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, турар жой манзили, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақами кўрсатилган рўйхати;

фуқаролар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг ваколатли вакилни тайинлаш тўғрисидаги қарори ва унинг номига қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

фуқаролар ташаббускор гуруҳи референдум ўтказиш тўғрисида ташаббус кўрсатиб қарор қабул қилган йиғилишининг баёни;

референдумга олиб чиқиш учун фуқаролар ташаббускор гуруҳи таклиф этаётган масаланинг (масалаларнинг) таърифи.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини аниқлагач, улар тушган кундан эътиборан беш кун ичида фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ваколатли вакилга тегишли рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси берилади.

Фуқаролар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш рад этилгани тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси асосли жавоб беради.

Фуқаролар ташаббускор гуруҳи ўзининг ваколатли вакили рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини олганидан кейингина референдумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватловчи имзолар тўплашга ҳақлидир. Бунда фуқароларнинг илгари тўпланган имзолари ҳисобга олинмайди. Фуқаролар ташаббускор гуруҳига берилган рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси уч ой мобайнида ҳақиқийдир. Имзолар тўплаш бўйича харажатларни фуқаролар ташаббускор гуруҳи қилади.

Имзо варақасида референдумга қўйилаётган масаланинг таърифи бўлиши керак.

Фуқаролар имзо варақасида ўз фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, турар жой манзили, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақамини, шунингдек имзо қўйилган санани кўрсатадилар.

Референдумга қонун лойиҳаси қўйилган тақдирда, имзолар тўплашни ўтказаётган шахс фуқаронинг талабига биноан шу қонун лойиҳасининг матнини тақдим этиши керак.

Имзо варақасини имзоларни тўплаган шахс, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили тасдиқлайдилар, бунда улар ўз фамилияси, исми, отасининг исми, турар жой манзили, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақамини кўрсатадилар.

Фуқароларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқув, турар жойида, шунингдек ташвиқот қилиш ва имзолар тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда ўтказилади. Бунда имзолар тўплаётган шахс фуқароларни ҳар қандай шаклда мажбурлаши ва ўзига оғдириб олишига йўл қўйилмайди.

Имзолар тўпланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида жилдларга тикилган имзо варақалари, шунингдек фуқаролар ташаббускор гуруҳининг якуний баёни фуқаролар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тушган ҳужжатларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини текширади ва имзо варақалари тушган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ўз хулосасини юборади ҳамда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентини хабардор қилади.

Агар текшириш натижасида имзоларни қалбакилаштириш ҳоллари, ушбу Қонуннинг бошқа бузилишлари аниқланса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббус ҳақиқий эмаслиги ҳақида қарор чиқаради. Мазкур қарор нусхаси фуқаролар ташаббускор гуруҳига юборилади.



13-модда. Референдум тайинлаш ҳуқуқи

Референдум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлган тақдирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин.

Референдумга қўйилаётган масаланинг матни референдум тайинланганда маъқулланади.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

палаталари томонидан референдумни тайинлаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини икки ҳафта ичида кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни референдум ўтказмасдан туриб қабул қилиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум масаласига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмун ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун бир йил ўтганидан кейингина такроран киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг референдум ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорини, шунингдек масъул қўмитанинг мазкур масала бўйича хулосасини икки ҳафта ичида кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдумни тайинлаш ва уни ўтказишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг референдум масаласига доир қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мазкур масалага доир қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ушбу масала юзасидан қарор қабул қилган кундан эътиборан кечи билан уч кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисидаги қарорларида уни ўтказиш санаси белгиланади, бунда овоз бериш палаталарнинг қарорлари эълон қилинган кундан эътиборан бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкин.



III. РЕФЕРЕНДУМ УЧАСТКАЛАРИ

Референдум округлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилади.

Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.



16-модда. Референдум участкалари

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ тузилган сайлов участкалари референдум ўтказиш даврида референдум участкалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдум участкалари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида сайлов участкаларини тузиш учун белгиланган тартибда тузилади.



IV. РЕФЕРЕНДУМ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯЛАРНИ

ТУЗИШ ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

17-модда. Референдум ўтказувчи комиссиялар

Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги комиссиялар томонидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;

ҳудудий комиссиялар - вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари;

референдум ўтказувчи участка комиссиялари.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳудудий комиссияларнинг ушбу Қонунда назарда тутилган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.

Референдум ўтказиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органларига сайловлар ўтказиладиган бўлса, референдумни ўтказиш тегишли сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши мумкин



18-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссиясининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси:

ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Қонуннинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди;

ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади, референдумни ташкил этиш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, йўриқномалар чиқаради, низомларни тасдиқлайди ва тушунтиришлар беради;

Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга доир фаолиятга умумий раҳбарликни ва бу фаолиятни мувофиқлаштиришни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларини тегишли ҳудудга бириктириш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

ҳудудий комиссияларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тартибини белгилайди;

агар ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссияларининг қарорлари ушбу Қонунга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;

чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг референдумдаги кузатувчиларига мандатлар беради;

референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, пул маблағларини ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссияларига тақсимлайди, референдум ўтказувчи участка комиссияларининг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, референдумни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

сиёсий партияларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди;

референдумда овоз бериш бюллетенларининг, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқаролар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг намуналари ҳамда шаклларини, овоз бериш қутиларининг ва ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари муҳрларининг намуналарини, уларни сақлаш тартибини белгилайди;

ҳудудий комиссиялар, референдум ўтказувчи участка комиссиялари, сиёсий партиялар, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумотларини эшитади;

овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;

референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари ва ҳаракатлари устидан ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

ушбу Қонуннинг талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;

хорижий мамлакатлардаги референдумларни кузатишда иштирок этади, шу жумладан халқаро ташкилотларнинг миссиялари таркибида иштирок этади;

халқаро ташкилотларни, чет давлатларнинг сайлов органларини ва вакилларини референдумни кузатиш учун таклиф этади;

референдумни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;

жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва сайлов тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.


19-модда. Ҳудудий комиссияларни тузиш

Ҳудудий комиссиялар Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.



20-модда. Ҳудудий комиссиянинг ваколатлари

Ҳудудий комиссия:

тегишли ҳудудда ушбу Қонун ижросини назорат қилади;

референдум участкаларини тузади, ҳудуд бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;

референдум ўтказувчи участка комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

референдум ўтказувчи участка комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

маблағларни референдум ўтказувчи участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, референдум ўтказувчи участка комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва тегишли ҳудудда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

референдумга қўйилган масаланинг мазмунини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда оммавий ахборот воситаларига кўмаклашади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;

овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

референдум ўтказувчи участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлайди;

тегишли ҳудуд бўйича овоз бериш якунларини аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;

овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;

ушбу Қонун талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади.

Ҳудудий комиссиянинг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган ваколатлари сайлов тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.



21-модда. Референдум ўтказувчи участка комиссиясини тузиш

Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин ҳудудий комиссия томонидан йигирма беш кундан кечикмай беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси таркибининг сони зарур бўлган ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияси раисининг вазифаларини уларнинг раҳбари амалга оширади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли референдум ўтказувчи ҳудудий комиссияга тасдиқлаш учун тавсия этилади.


22-модда. Референдум ўтказувчи участка

комиссиясининг ваколатлари

Референдум ўтказувчи участка комиссияси:

1) участка бўйича референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатини тузади;

2) фуқароларни овоз берувчи фуқаролар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

4) аҳолини овоз бериш ўтказиладиган кун ва жой тўғрисида хабардор этади;

5) овоз бериш хоналари, кабиналари ва қутилари ҳамда бошқа ашёлар тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) референдум участкасида овоз беришни ташкил этади;

7) референдум участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) овоз беришга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ўтказиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.


23-модда. Референдум ўтказувчи участка комиссияларига аъзолик

Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, депутатлар, сенаторлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этадиган бўлса, улар ушбу комиссия таркибига тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари мустасно.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган ҳудудий комиссияга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Зарурат бўлганда комиссиянинг янги аъзоси ушбу Қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган тартибда тасдиқланади.

Айни бир шахс референдум ўтказувчи фақат битта комиссияга аъзо бўлиши мумкин.



24-модда. Референдум ўтказувчи комиссияларнинг

ишини ташкил этиш ва уларнинг ваколат муддати

Агар референдум ўтказувчи комиссиянинг мажлисида шу кунги комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этса, мажлис ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини баён этишга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баёнга илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

Референдум ўтказувчи комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи комиссиялар, шунингдек барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ижроси учун мажбурийдир.

Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоларидан бири комиссиянинг қарорига биноан референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин. Бунда референдум ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар референдум ўтказувчи комиссияларга ўз ваколатларини амалга оширишлари учун ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар керакли бинолар ва жиҳозларни референдум ўтказувчи комиссиялар ихтиёрига бепул бериб турадилар.

Референдум ўтказувчи комиссия референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ва жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қўйилган масалани кўпи билан уч кун ичида кўриб чиқишлари ва референдум ўтказувчи комиссияга жавоб қайтаришлари шарт.

Референдум ўтказувчи участка комиссиялари референдум натижалари эълон қилинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.


25-модда. Референдум ўтказувчи комиссияларнинг

қарорлари устидан тушган шикоятларни

кўриб чиқиш

Фуқаролар, шунингдек кузатувчилар референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан ушбу қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилади. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.



25-1-модда. Ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи

участка комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик

шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби

Ҳудудий комиссиялар ва референдум ўтказувчи участка комиссиялари референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Қонун талаблари бузилганлиги ёки референдумни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, референдумга олти кундан кам вақт қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт, бундан ҳудудий комиссияларнинг ва референдум ўтказувчи участка комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно.

Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.

Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Қонунда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган референдум ўтказувчи участка комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.



V. ОВОЗ БЕРУВЧИ ФУҚАРОЛАРНИНГ РЎЙХАТЛАРИ.

РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ БЮЛЛЕТЕНИ

26-модда. Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларини тузиш

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.

Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардаги овоз берувчи ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа фуқароларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкалари бўйича фуқароларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Овоз берувчи фуқароларнинг фамилиялари рўйхатларда овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.



26-1-модда. Чет давлатларда турган фуқароларни

овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига киритиш

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияларига уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисида референдумдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларини уч кун ичида текширади ва фуқарони овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиялари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.



27-модда. Овоз берувчи фуқароларнинг

рўйхатлари билан таништириш

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари овоз бериш кунига ўн кун қолганда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса овоз бериш кунига етти кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади. Референдум ўтказувчи участка комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида фуқароларни хабардор этади.

Фуқароларга референдум ўтказувчи участка комиссияси биносида овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан танишиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади. Чет давлатларда турган фуқароларга овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш референдумга беш кун қолганида тўхтатилади.


28-модда. Овоз берувчи фуқаролар

рўйхатлари хусусида баҳслашув

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида референдум ўтказувчи участка комиссиясига арз қилиши мумкин. Референдум ўтказувчи участка комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай аризани текшириб чиқиши ва хатоларни тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.

Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


29-модда. Референдумда овоз бериш бюллетени

Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" ёхуд "рози" ёки "қарши" деб кўрсатилади.

Референдумга бир нечта масала қўйилганда улар битта овоз бериш бюллетенига киритилади, кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади. Қонун лойиҳаси бирон-бир моддасининг муқобил матнлари ҳам кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади.

Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.

Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек тегишли ҳудудий комиссиянинг қарорига биноан тегишли ҳудуд аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда чоп этилади.

Овоз бериш бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.


30-модда. Референдумда овоз бериш

бюллетенларини етказиб бериш

Референдум ўтказувчи участка комиссиялари овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказиладиган кунга, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида ҳудудий комиссиялардан олади. Овоз бериш бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини ҳудудий комиссия ва референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси оладиган овоз бериш бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонининг ярим фоизидан кўп бўлиши мумкин эмас. Овоз бериш бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига референдум ўтказувчи участка комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар референдум ўтказувчи участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка комиссияси томонидан тасдиқланмаган овоз бериш бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларидаги овоз берувчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.


VI. ОВОЗ БЕРИШ ВА РЕФЕРЕНДУМ

НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ

31-модда. Овоз бериш биноси

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланган бўлиши, овоз бериш бюллетенлари тақдим этиладиган жой аниқланган ва овоз бериш қутилари ўрнатилган бўлиши лозим. Овоз бериш қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

Овоз бериш биносида ёки бевосита унинг олдида участка комиссияси стенд жиҳозлайди, унга овоз бериш бюллетенининг намунаси ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилади, агар референдумга қонун лойиҳаси қўйилган бўлса, стендга шу лойиҳанинг матни ҳам жойлаштирилади. Агар референдумга қўйилган қонун лойиҳаси амалдаги қонуннинг бекор қилинишини ёки унга ўзгартишлар ёхуд қўшимчалар киритилишини назарда тутса, стендга бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёхуд қўшимчалар киритилиши таклиф қилинаётган амалдаги қонун матни жойлаштирилади.

Туман, шаҳар ҳокимлиги овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир участкани бино билан таъминлайди.

Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти референдум ўтказувчи участка комиссияси зиммасида бўлади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди.


32-модда. Овоз бериш вақти ва жойи

Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларида овоз бериш референдум куни ушбу референдум участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган референдум участкаларида овоз бериш қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.


33-модда. Овоз беришнинг бошланиши

Референдум куни овоз бериш биноси референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлгандагина очилади. Референдум ўтказувчи участка комиссияси раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида овоз бериш қутисини муҳрлайди, овоз бериш бюллетенлари ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда овоз бериш бошланганлигини эълон қилади. Овоз бериш бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.



34-модда. Овоз беришда иштирок этувчи

фуқаронинг шахсини аниқлаш

Овоз бериш биносига келгач, фуқаро участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.

Бирор-бир сабабга кўра рўйхатга кирмай қолган фуқароларнинг фамилиялари шахсни, турар жойни тасдиқловчи ҳужжатга асосан овоз берувчи фуқаролар рўйхати иловасига киритилади.



35-модда. Овоз бериш тартиби

Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга "+" ёки "v" ёхуд "х" белгисини қўяди.

Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка комиссияси овоз беришни ушбу фуқароларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма овоз бериш қутиси билан фуқаронинг турган жойига юборилади, улар фуқаронинг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзоси, оммавий ахборот воситаси вакили ёки кузатувчи овоз бериш сирини ошкор қилса ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, участка комиссиясининг аъзоси комиссия ишида иштирок этишдан четлаштирилади, оммавий ахборот воситаси вакили, кузатувчи эса овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда референдум ўтказувчи участка комиссияси қарор қабул қилади.


35-1-модда. Муддатидан олдин овоз бериш

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади.

Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.

Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.


35-2-модда. Фуқаронинг чет давлатда турган жойида овоз бериши

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияси фуқароларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда фуқароларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Фуқароларнинг турган жойида овоз бериши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги овоз бериш бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни пломбалайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Овоз бериш бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан бирга референдум участкасига олиб борилади ва референдум куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.



36-модда. Референдум участкасида овозларни санаб чиқиш

Овоз бериш тугагач, фойдаланилмаган барча овоз бериш бюллетенлари овоз бериш қутиларини очишдан олдин референдум ўтказувчи участка комиссиясининг аъзолари иштирокида санаб чиқилади ва референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан бекор қилинади.

Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси овоз бериш тугади деб эълон қилганидан кейин референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан очилади. Овоз бериш тугагунига қадар овоз бериш қутиларини очиш тақиқланади. Овоз бериш қутиларини очиш навбатма-навбат амалга оширилади аввал кўчма, сўнгра стационар овоз бериш қутилари очилади.

Овозлар бевосита референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзолари томонидан санаб чиқилади.

Овоз бериш бюллетенининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилса, масала референдум ўтказувчи участка комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади. Овоз бериш бюллетенини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинса, участка комиссияси унинг орқа томонида ҳақиқий эмаслигининг сабабларини кўрсатади. Бу ёзув референдум ўтказувчи участка комиссияси камида уч аъзосининг имзолари билан тасдиқланади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг умумий сонини, бюллетенларни олган фуқароларнинг сонини аниқлайди.

Овоз бериш қутиларидаги овоз бериш бюллетенларига асосан комиссия:

овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;

референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;

референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сонини аниқлайди.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш чоғида келиб тушган шикоятларни (аризаларни) кўриб чиқади. Шундан сўнг участка комиссияси овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича мажлис ўтказиб, унда овоз бериш якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари референдум ўтказувчи участка комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда раис, раис ўринбосари, котиб, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомага киритилади. Шундан сўнг баённома референдум ўтказувчи участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун референдум ўтказувчи участка комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Овозларни санаб чиқиш жараёнида иштирок этаётган кузатувчилар референдум ўтказувчи участка комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси баённомасининг кўчирма нусхаси ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли ҳудудий комиссияга дарҳол тақдим этилади, асл нусха эса раис ёки унинг ўринбосари томонидан ички ишлар органлари ходимлари кузатувида олиб бориб топширилади.



37-модда. Ҳудуд бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш

Референдум ўтказувчи участка комиссияларининг баённомалари асосида ҳудудий комиссия:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқароларнинг умумий сонини;

овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;

референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;

референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенлари сонини аниқлайди.

Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг баённомаларида акс эттирилган овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, ҳудудий комиссия ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли.

Тегишли ҳудуд бўйича овоз бериш натижалари ҳудудий комиссия мажлисида аниқланиб, баённомага киритилади. Баённома раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун ҳудудий комиссиянинг биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.



38-модда. Референдум натижаларини аниқлаш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳудудий комиссияларнинг баённомалари асосида:

Ўзбекистон Республикасининг овоз берувчи фуқаролари умумий сонини;

овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сонини;

референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сонини;

референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенларининг сонини аниқлайди.

Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб топилади.

Агар рўйхатга киритилган фуқароларнинг ярмидан ками референдумда иштирок этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумни ўтмаган деб топади.

Овоз бериш чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли овоз бериш якунлари умуман ёки айрим ҳудудлар ёхуд айрим участкалар бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Айрим ҳудудларда ёки айрим участкаларда овоз бериш якунлари ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан ана шу ҳудудлар ёки участкалар бўйича овоз бериш натижалари (агар бу натижаларсиз ҳам референдум умуман ҳақиқий деб топилиши мумкин бўлса) умумий натижалардан чиқариб ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мажлисида овоз бериш якунлари чиқарилади ва бу ҳақда баённома тузилади. Баённома раис, раис ўринбосари, комиссиянинг котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади. Референдум якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қабул қилади.


VII. РЕФЕРЕНДУМДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН

ҚАРОРЛАРНИНГ ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ,

КУЧГА КИРИШИ ВА МАЖБУРИЙЛИГИ

39-модда. Референдум якунларини эълон қилиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдум якунлари бўйича қабул қилинган қарорни референдум ўтказилгандан кейин кўпи билан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва расмий манбаларда эълон қилади.

Референдумда қонун қабул қилинган тақдирда, унинг матни референдум якунлари бўйича қарор билан бирга эълон қилинади.



40-модда. Референдумда қабул қилинган

қарорларнинг кучга кириши

Агар референдумда қабул қилинган қарорнинг, қонуннинг мазмунидан бошқача қоида келиб чиқмаса, референдумда қабул қилинган қарор, қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Референдумда қабул қилинган қарор, шу жумладан қонун шаклида қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



41-модда. Референдумда қабул қилинган

қарорларнинг мажбурийлиги

Референдумда қабул қилинган қарор Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари билан бирон-бир тарзда тасдиқ талаб қилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатлари референдум қарорига мувофиқлаштирилмоғи лозим.

Референдумда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим нормаларига ўзгартириш киритишни тақозо этувчи қарор қабул қилинган тақдирда, бу нормалар референдум қарорига мувофиқлаштирилади.

Агар референдумда қабул қилинган қарорни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш талаб этилса, давлат ҳокимияти органи референдумда қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу масала бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини ва уларни тайёрлаш муддатини ўз ваколатлари доирасида белгилаши шарт.


VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42-модда. Референдумни молиялаштириш

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ушбу мақсадлар учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини ихтиёрий равишда референдум ўтказиш учун беришлари мумкин. Бу маблағларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.



43-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдуми

тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жавобгарлик

Фуқароларнинг референдумда иштирок этиш, референдум масалалари юзасидан ташвиқот юритиш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатаётган шахслар, шунингдек сохта ҳужжатлар тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, яширин овоз беришни бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар, референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари, фуқаролар ташаббускор гуруҳларининг аъзолари белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2001 йил, 9-10-сон, 176-модда