Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 31.08.2000 й. 123-II-сон "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Қонуни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.08.2000 й.

N 123-II



ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилик

Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланиш соҳаси

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига психиатрия ёрдами кўрсатишда татбиқ этилади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида психиатрия ёрдами кўрсатишга ихтисослашган юридик шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилишида ушбу Қонунда белгиланган барча ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланадилар.



4-модда. Психиатрия ёрдами ҳамда уни кўрсатиш принциплари

Психиатрия ёрдами руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг руҳий соғлиғини ушбу Қонунда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асослар бўйича ва тартибда текширувдан ўтказишни, уларни профилактика қилишни, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш ва тиббий- ижтимоий жиҳатдан тиклашни ўз ичига олади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатиш давлат томонидан кафолатланади ва қонунийлик, раҳм-шафқат, инсонпарварлик ҳамда инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш принциплари асосида амалга оширилади.



5-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш ва ижтимоий

ҳимоя қилиш кафолатлари

Давлат томонидан қуйидагилар кафолатланади:

шошилинч психиатрия ёрдами;

касалхонадан ташқарида ва стационар шароитларда маслаҳат бериш-ташхис қўйиш, даволаш, психопрофилактика, тиклаш ёрдами;

барча турдаги психиатрия экспертизаси, вақтинча меҳнатга қобилиятсизликни аниқлаш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни ишга жойлаштиришда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш;

васийлик ва ҳомийлик масалаларини ҳал қилиш;

психиатрия муассасаларида ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш ва юридик ёрдамнинг бошқа турлари;

руҳий ҳолати бузилган ногиронларни ва қарияларни ижтимоий-маиший жойлаштириш, шунингдек уларни парваришлаш;

руҳий ҳолати бузилган ногиронлар ва вояга етмаганларни ўқитиш;

фавқулодда вазиятлар пайтида психиатрия ёрдами.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни психиатрия ёрдами билан таъминлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун давлат:

касалхонадан ташқарида ва стационарда психиатрия ёрдами кўрсатувчи барча турдаги муассасаларни барпо этади;

руҳий ҳолати бузилган вояга етмаганларнинг умумий таълим ва касб-ҳунар таълими олишини ташкил этади;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси учун даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари, шу корхоналарда уларни янги касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш, шунингдек бундай шахслар учун меҳнат шароитлари енгиллаштирилган махсус ишлаб чиқаришлар, цехлар ёки участкаларни барпо этади;

руҳий ҳолати бузилган ногирон шахсларни ишга жойлаштириш учун турли ихтисослашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда иш ўринларининг мажбурий квоталарини белгилайди;

руҳий ҳолати бузилган ногирон шахсларга иш ўринларини берувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун иқтисодий рағбатлантириш усулларини қўллайди;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўради.



6-модда. Психиатрия ёрдами сўраб

мурожаат этишнинг ихтиёрийлиги

Психиатрия ёрдами шахс ихтиёрий равишда мурожаат этган тақдирда ёки унинг розилиги билан кўрсатилади, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсга, шунингдек қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга психиатрия ёрдами уларнинг қонуний вакиллари илтимосига биноан ёки розилиги билан ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда кўрсатилади.


7-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари

Руҳий ҳолати бузилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган фуқароларнинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларига эгадирлар.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:

ўзларига нисбатан инсон қадр-қиммати камситилишини истисно этадиган мурувватли ва инсоний муомала қилиниши;

ўз ҳуқуқлари ҳақида, шунингдек руҳий ҳолатининг хусусияти ҳамда қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақида ўзлари учун тушунарли шаклда ва ўз руҳий ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда маълумот олиш;

бундай ёрдамни энг кам чекловли шароитларда, имкони борича турар жойида олиш;

тиббий заруратга кўра даволашнинг барча турларидан фойдаланиш (шу жумладан, санаторий-курортда даволаниш);

бундай ёрдам санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда кўрсатилиши;

тиббий восита ва усулларни синаш, илмий тадқиқотлар ёки ўқув жараёни объекти тариқасида фойдаланилишга, фото, видео ёки киносуратга олинишга олдиндан розилик бериш ва исталган босқичда ундан воз кечиш;

ўзларининг талабларига биноан исталган мутахассисни ушбу Қонун билан тартибга солинадиган масалалар юзасидан тиббий комиссияда ишлаш учун таклиф этиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда адвокат, қонуний вакил ёки бошқа шахснинг ёрдамини олиш.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини (фақат психиатрия ташхисига, диспансер кузатувида, психиатрия стационарида ёхуд ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасасида бўлганига асосланиб ва ҳоказо) чеклашга йўл қўйилмайди, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳуқуқ бузилишларда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.


8-модда. Касб билан боғлиқ фаолиятнинг ва ўта

хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим

турларини бажаришдаги чеклашлар

Фуқаро руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли касб билан боғлиқ фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини бажаришга вақтинча (беш йилдан ошмаган муддатга ва кейин қайта текширувдан ўтиш ҳуқуқи билан) яроқсиз деб топилиши мумкин. Бундай қарор соғлиқни сақлаш органи ваколат берган тиббий комиссия томонидан, фуқаронинг руҳий соғлиғи ҳолатини тиббий психиатрия монеликлари рўйхатига мувофиқ баҳолаш асосида қабул қилинади ва унинг устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Касб билан боғлиқ фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун тиббий монеликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ҳамда тўпланган тажриба ва илмий ютуқларни ҳисобга олган ҳолда вақти-вақти билан (беш йилда камида бир марта) қайта кўриб чиқилади.


9-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатилаётган фуқароларнинг

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш

Фуқаро ўзига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи хоҳлаган вакилни таклиф этишга ҳақли. Вакилликни расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахс ва қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки бошқа қонуний вакиллари, улар бўлмаган ҳолларда эса - ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасаси маъмурияти ҳимоя қиладилар.

Фуқарога психиатрия ёрдами кўрсатилишида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини адвокат ҳимоя қилиши мумкин. Адвокатни таклиф этиш ва унинг хизматига ҳақ тўлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади. Психиатрия ёрдамини кўрсатаётган муассаса маъмурияти адвокат таклиф этиш имкониятини таъминлайди, ушбу Қонун 21-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида ва 27-моддасининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


10-модда. Руҳий соғлиқ ҳолати тўғрисидаги маълумотларни

талаб қилишнинг тақиқланиши

Фуқаро ўз ҳуқуқлари ва эркинликларидан фойдаланаётганида унинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишни ёки унинг шифокор психиатр текширувидан ўтишини талаб қилиш тақиқланади, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


11-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишда

шифокор сирини сақлаш

Фуқарода руҳий ҳолатнинг бузилиши борлиги, у психиатрия ёрдами учун мурожаат этганлиги ва шундай ёрдам кўрсатадиган муассасада даволангани ҳақидаги маълумотлар, шунингдек руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги бошқа маълумотлар қонун билан қўриқланадиган шифокор сири ҳисобланади. Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун унинг илтимосига ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига биноан уларга мазкур шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисида ва унга кўрсатилган психиатрия ёрдами тўғрисида тушунарли шаклда ва беморнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда маълумотлар тақдим этилиши мумкин.


12-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларга

ташхис қўйиш ва уларни даволаш

Руҳий ҳолатнинг бузилганлик ташхиси умум эътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда таснифларга мувофиқ қўйилади ва фуқаронинг жамиятда қабул қилинган ахлоқий, маданий, сиёсий ва диний қадриятларга қўшилмаслигига ёхуд унинг руҳий соғлиғи ҳолатига бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа сабабларга асосланиши мумкин эмас.

Руҳий ҳолати бузилган шахсга ташхис қўйиш ва уни даволаш учун қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат этилган тиббий воситалар ва усуллар қўлланилади.

Тиббий воситалар ва усуллар хасталик хусусиятига мувофиқ фақат ташхис қўйиш ва даволаш мақсадларида қўлланилади ҳамда бошқа мақсадларда фойдаланилмаслиги лозим.



13-модда. Даволанишга розилик бериш

Руҳий ҳолати бузилган шахсни даволаш унинг ёзма розилиги олинганидан кейин ўтказилади, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шифокор руҳий ҳолати бузилган шахсга руҳий ҳолатининг хусусияти, тавсия этилаётган даволашнинг мақсадлари, усуллари, шу жумладан, муқобил усуллари ва давом этиш муддати ҳақида, шунингдек эҳтимол тутилган хавф, салбий таъсирлар ва кутилаётган натижалар тўғрисида тушунарли шаклда ва унинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда маълумотлар тақдим этиши шарт. Маълумот тақдим этилгани тўғрисида тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилади.

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсни, шунингдек қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсни даволаш учун розилик уларнинг қонуний вакиллари томонидан, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумотлар уларга маълум қилинганидан кейин берилади.

Фақат қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилаётганда, шунингдек ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизилаётганда даволаш чоралари руҳий ҳолати бузилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ўтказилиши мумкин. Бундай шахсларга нисбатан руҳий ҳолат бузилишларини даволаш учун жарроҳлик усулларини ҳамда асл ҳолига қайтариб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган бошқа усулларни қўллашга, шунингдек уларда тиббий воситалар ва усулларнинг синовларини ўтказишга йўл қўйилмайди.


14-модда. Даволанишни рад қилиш

Руҳий ҳолати бузилган шахс ёки унинг қонуний вакили таклиф этилаётган даволанишни рад қилиш ёки уни тўхтатиш ҳуқуқига эга, ушбу Қонун 13-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Даволанишни рад этаётган шахсга ёки унинг қонуний вакилига даволанишни тўхтатиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтириш лозим. Даволанишни рад этиш олиб келиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар тиббий ҳужжатда кўрсатилган ҳолда ёзиб қўйилиши ва даволанишни рад этаётган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг, шунингдек шифокор психиатрнинг имзо қўйиши орқали расмийлаштирилади.


15-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари

Руҳий ҳолати бузилган, ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қонунчиликда белгиланган асослар бўйича ва тартибда суднинг қарорига биноан қўлланилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари соғлиқни сақлаш органларининг психиатрия муассасаларида, алкоголизм, гиёҳвандлик ёки токсикоманияга дучор бўлган ёхуд ақли расоликни истисно этмайдиган руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан эса - жазони ижро этиш муассасаларида ҳам амалга оширилади. Суднинг тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиш тўғрисидаги қарорига биноан психиатрия стационарига жойлаштирилган шахслар психиатрия стационарида бўладиган бутун даврда меҳнатга лаёқатсиз деб топиладилар ва шифокор психиатр ҳузурида амбулатория мажбурий кузатувида ва даволанишида турган шахслар сингари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа олиш ёки умумий асосларда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.



II. ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ КЎРСАТУВЧИ ШАХСЛАР

16-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш

фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи

Психиатрия ёрдами кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига олий махсус тиббий маълумотга эга бўлган шахслар эгадирлар.

Психиатрия ёрдами кўрсатишда қатнашувчи тиббий психолог, бошқа мутахассислар ва тиббий ходимлар руҳий ҳолати бузилган шахслар билан ишлашга ижозат олиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтишлари керак.

Психиатрия ёрдами кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун юридик шахсларга лицензиялар бериш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Психиатрия ёрдами кўрсатишга ихтисослашган юридик шахслар кўрсатадиган психиатрия ёрдами турлари устав ҳужжатларида ёки лицензия талаблари ва шартларида кўрсатилади. Улар тўғрисидаги ахборот ҳамма учун очиқ бўлиши керак.


17-модда. Тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг

психиатрия ёрдами кўрсатаётган пайтдаги касбий

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Шифокор психиатр, бошқа мутахассислар ва тиббиёт ходимларининг психиатрия ёрдами кўрсатаётган пайтдаги касбий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонунчилик билан белгиланади.

Руҳий ҳолатнинг бузилиши ташхисини белгилаш, ғайриихтиёрий тартибда психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ёки бу масалани кўриб чиқиш учун хулоса бериш шифокор психиатр ёки шифокор психиатрлар комиссиясининг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади.

Бошқа ихтисосликдаги шифокорнинг шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги хулосаси бирламчи хусусиятга эга бўлади ҳамда шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун, шунингдек руҳий ҳолати бузилган шахслар учун қонунда назарда тутилган имтиёзларни унга бериш учун асос бўлмайди.



18-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш пайтида шифокор

психиатрнинг мустақиллиги

Психиатрия ёрдами кўрсатиш пайтида шифокор психиатр ўзи мустақил қарорларга келади ва фақат шифокорлик бурчига ҳамда қонунга амал қилади.

Тиббий комиссия қарорига ўз фикри мос келмаган шифокор психиатр ўз хулосасини беришга ҳақли бўлиб, у тиббий ҳужжатларга қўшиб қўйилади.



19-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи

шифокор психиатрларга, бошқа мутахассисларга, тиббиёт

ходимлари ва бошқа ходимларга кафолатлар ва имтиёзлар

Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи шифокор психиатрлар, бошқа мутахассислар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар алоҳида меҳнат шароитидаги фаолият билан шуғулланувчи шахслар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзларни олиш ҳуқуқига эгадирлар, шунингдек улар хизмат вазифаларини бажариш пайтида соғлиғига зарар етказилиши ёки вафот этиши ҳолларидан давлат томонидан мажбурий суғурталанишлари керак.

Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи шахснинг соғлиғига зарар етказилиб, бу ҳол унинг меҳнат қобилияти вақтинча йўқотилишига олиб келган тақдирда, шунингдек ногиронлик юз берганда унга, у вафот этган тақдирда эса - унинг боқимандаларига қонунчиликда белгиланган тартибда зарар қопланади.


III. ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ ТУРЛАРИ ВА

УНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

20-модда. Психиатрия текширувидан ўтказиш

Руҳий ҳолати бузилганлигини, психиатрия ёрдами зарурлигини аниқлаш, шунингдек бундай ёрдам тури ҳақидаги масалани ҳал этиш учун шахс психиатрия текширувидан ўтказилади.

Психиатрия текшируви, шунингдек профилактика кўриклари: текширилувчининг илтимосига кўра ёки унинг розилиги билан; ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан - унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан; қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга нисбатан - унинг қонуний вакилининг илтимосига биноан ёки розилиги билан ўтказилади. Ота-онадан бири эътироз билдирса ёхуд ота-онаси ёки бошқа қонуний вакили бўлмаса, вояга етмаган шахс васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига биноан текширувдан ўтказилади, бундай қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Психиатрия текширувини ўтказаётган шифокор текширилувчига ва унинг қонуний вакилига ўзини психиатр деб таништириши шарт, ушбу Қонун 21-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



21-модда. Шахсни ўзининг розилигисиз ёки унинг қонуний

вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш

Шахс мавжуд маълумотларга кўра ўзида оғир руҳий ҳолатнинг бузилиши бор деб тахмин қилиш учун асос берувчи ҳаракатларни содир этса, у ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказилиши мумкин бўлиб, бу қуйидагилар билан боғлиқдир:

унинг ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф туғдириши;

унинг ночорлиги, яъни, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги;

агар шахс психиатрия ёрдамисиз қолдирилгудек бўлса, руҳий ҳолати ёмонлашуви оқибатида унинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши.

Агар шахс ушбу Қонуннинг 25-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича диспансер кузатуви остида бўлса, у ўзининг ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказилиши мумкин.

Психиатрия текшируви маълумотлари ва текширилувчининг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги хулоса тиббий ҳужжатларда қайд этилиб, унда шифокор психиатрга мурожаат этиш сабаблари ва тиббий тавсиялар ҳам кўрсатилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор шифокор психиатр томонидан мустақил равишда ёки суд ажримига кўра қабул қилинади.



22-модда. Шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг

розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисида

ариза бериш ва қарор қабул қилиш тартиби

Шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор, ушбу Қонуннинг 25-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, шундай текширув учун ушбу Қонуннинг 21-моддаси биринчи қисмида санаб ўтилган асослар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган аризага биноан шифокор психиатр томонидан қабул қилинади. Ариза психиатрия текширувидан ўтказилиши лозим бўлган шахснинг қариндошлари, ҳар қандай ихтисосликдаги шифокор томонидан берилиши мумкин.

Шахс ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф туғдирган кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ариза оғзаки бўлиши мумкин. Психиатрия текшируви ўтказиш тўғрисидаги қарор шифокор психиатр томонидан дарҳол қабул қилинади ва тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйиш орқали расмийлаштирилади.

Шахс ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф туғдирмаса, психиатрия текшируви ўтказиш тўғрисидаги ариза ёзма равишда бўлиши, шундай текширувнинг зарурлигини асословчи батафсил маълумотларни ўз ичига олган бўлиши ва шахс ёки унинг қонуний вакили шифокор психиатрга мурожаат этишни рад этганлиги кўрсатиб ўтилиши лозим. Шифокор психиатр қарор қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни талаб қилиб олишга ҳақли. Агар аризада ушбу Қонун 21-моддаси биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар мавжудлигидан далолат берувчи маълумотлар бўлмаса, шифокор психиатр психиатрия текшируви ўтказишни ёзма равишда асослантириб рад этади.



23-модда. Амбулатория психиатрия ёрдами турлари

Руҳий ҳолати бузилган шахсга амбулатория психиатрия ёрдами тиббий кўрсатувларга қараб маслаҳат бериш-даволаш муолажаси ёки диспансер кузатуви тарзида кўрсатилади.



24-модда. Маслаҳат бериш-даволаш муолажаси

Маслаҳат бериш-даволаш муолажаси шифокор психиатр томонидан руҳий ҳолати бузилган шахснинг илтимосига кўра ёки розилиги билан, ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсга эса - ота-онасининг ёхуд бошқа қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан кўрсатилади.



25-модда. Диспансер кузатуви

Диспансер кузатуви оғир барқарор ёки тез-тез зўрайиб турувчи дардчиллик кўринишлари бўлган сурункали ва узоқ чўзиладиган руҳий ҳолатнинг бузилишига чалинган шахснинг, шунингдек унинг қонуний вакилининг розилигидан қатъи назар ўрнатилиши мумкин.

Диспансер кузатувини ўрнатиш зарурлиги ва уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор амбулатория психиатрия ёрдамини кўрсатаётган психиатрия муассасасининг маъмурияти тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси ёки соғлиқни сақлаш органи тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси томонидан қабул қилинади. Агар даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатадиган ҳудудда психиатрия ёрдами битта шифокор психиатр томонидан кўрсатилса, бундай қарорни у мустақил равишда уч ойдан ошмаган муддатга қабул қилади. Шу муддат ичида масала шифокор психиатрлар комиссияси томонидан кўриб чиқилиши керак.

Шифокор психиатрлар комиссиясининг асослантирилган қарори тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилган ҳолда расмийлаштирилади. Диспансер кузатувини ўрнатиш ёки тўхтатиш тўғрисидаги қарор устидан ушбу Қонуннинг 42-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Диспансер кузатуви шахс соғайиб кетганда ёки унинг руҳий ҳолати анча ва барқарор яхшиланганда тўхтатилади. Диспансер кузатуви тўхтатилганидан кейин амбулатория психиатрия ёрдами шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан маслаҳат бериш-даволаш муолажаси тарзида кўрсатилади. Руҳий ҳолати ўзгарган тақдирда, руҳий ҳолати бузилган шахс ўзининг ёки қонуний вакилининг розилигисиз ушбу Қонуннинг 21 ва 22-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича ва тартибда текширувдан ўтказилиши мумкин. Диспансер кузатуви, бундай ҳолларда, шифокор психиатрлар комиссиясининг қарорига биноан тикланиши мумкин.



26-модда. Психиатрия стационарига ётқизиш учун асослар

Шахсда руҳий ҳолатнинг бузилиши борлиги ва стационар шароитида текширувдан ўтказиш ёки даволаш тўғрисидаги шифокор психиатрнинг қарори ёхуд суднинг қарори психиатрия стационарига ётқизиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда психиатрия экспертизасини ўтказиш зарурати ҳам психиатрия стационарига жойлаштириш учун асос бўлиши мумкин.

Шахсни психиатрия стационарига жойлаштириш, ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, ихтиёрий тартибда унинг илтимосига биноан ёки розилиги билан амалга оширилади.

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахс унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг илтимосига биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига жойлаштирилади. Ота-онадан бири эътироз билдирса ёхуд ота-онаси ёки бошқа қонуний вакили бўлмаса, вояга етмаган шахсни психиатрия стационарига жойлаштириш васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига биноан амалга оширилади, бу қарор устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс унинг қонуний вакилининг илтимосига биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига ётқизилади.

Стационарга ётқизишга розилик тиббий ҳужжатларга ёзиш орқали ва шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг, шунингдек шифокор психиатрнинг имзоси қўйилиб расмийлаштирилади.



27-модда. Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий

тартибда ётқизиш учун асослар

Агар руҳий ҳолати бузилган шахсни фақат стационар шароитида текширувдан ўтказиш ёки даволаш мумкин бўлса, руҳий ҳолатнинг бузилиши эса оғир ва қуйидагилар билан боғлиқ бўлса, бу шахс ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суд қарори чиқарилмасиданоқ стационарга ётқизилиши мумкин:

унинг ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф туғдириши;

унинг ночорлиги, яъни, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги;

агар шахс психиатрия ёрдамисиз қолдирилгудек бўлса, руҳий ҳолати ёмонлашуви оқибатида унинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши.



28-модда. Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига

жойлаштирилган шахсларни текширувдан ўтказиш

Ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган асослар бўйича психиатрия стационарига жойлаштирилган шахс психиатрия муассасасининг шифокор психиатрлар комиссияси томонидан 48 соатдан ошмаган муддатда мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим бўлиб, комиссия стационарга ётқизилганлик қай даражада асослилиги тўғрисида қарор қабул қилади. Ётқизиш асоссиз деб топилган ва ётқизилган шахс психиатрия стационарида қолиш истагини билдирмаган ҳолларда, у дарҳол стационардан чиқарилиши керак.

Агар ётқизиш асосли деб топилса, шифокор психиатрлар комиссиясининг хулосаси шахснинг у ерда бундан буён бўлиши тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун 24 соат ичида психиатрия муассасаси жойлашган ердаги судга юборилади.



29-модда. Ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизиш

тўғрисидаги масала юзасидан судга мурожаат этиш

Ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган асослар бўйича шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги масала психиатрия муассасаси жойлашган ердаги судда ҳал қилинади.

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ариза судга шахс ётган психиатрия муассасаси томонидан берилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш учун қонунда назарда тутилган асослар кўрсатилиши лозим бўлган аризага шифокор психиатрлар комиссиясининг шахснинг психиатрия стационарида бундан буён бўлиши зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган хулосаси илова қилинади.

Суд аризани қабул қилиш билан бир пайтда аризани судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган муддатда шахснинг психиатрия стационарида бўлиб туриши масаласини ҳал этади.

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ариза суд томонидан қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


30-модда. Ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизиш

тўғрисидаги ариза юзасидан суд қарори

Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги қарори шахсни психиатрия стационарига ётқизиш ва бундан буён сақлаб туриш учун асос ҳисобланади.

Суд қарори устидан психиатрия стационарига жойлаштирилган шахс, унинг қонуний вакили, психиатрия муассасаси раҳбари ёки прокурор қонунчиликда назарда тутилган тартибда шикоят қилиши мумкин.


31-модда. Ғайриихтиёрий тартибда стационарда

ётишни узайтириш

Шахснинг ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарида бўлиши стационарда ётишни узайтиришга сабаб бўлган асослар сақланиб турган вақт мобайнидагина давом этади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига жойлаштирилган шахс дастлабки олти ой мобайнида ҳар ойда камида бир марта психиатрия муассасасининг шифокор психиатрлари комиссияси томонидан стационарда ётишни узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун текширувдан ўтказилиши керак.

Шахс ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига жойлаштирилган пайтдан эътиборан олти ой ўтгандан кейин шифокор психиатрларнинг стационарда ана шундай ётишни узайтириш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси психиатрия стационари маъмурияти томонидан психиатрия муассасаси жойлашган ердаги судга юборилади. Суд стационарда ётишни ушбу Қонуннинг 29-30-моддаларида назарда тутилган тартибда узайтириши мумкин.

Шахснинг психиатрия стационарида ётиши олти ойдан ортиқ узайтирилганда шифокор психиатрлар комиссияси томонидан текширувлар олти ойда камида бир марта ўтказилади.



32-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишда

хавфсизликни таъминлаш чоралари

Стационарда психиатрия ёрдами стационарга ётқизилган шахснинг ва бошқа шахсларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган шароитларда, тиббий ходимлар томонидан унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизилганда ва бу ерда бўлинганда жисмоний сиқувга олиш ва ажратиб қўйиш чоралари, шифокор психиатрнинг фикрига кўра, шахснинг ўзи ёки бошқа шахслар учун хавф туғдирувчи ҳаракатларини ўзга усуллар билан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолларда, шаклларда ва даврда қўлланилади ва тиббий ходимларнинг доимий назоратида амалга оширилади. Жисмоний сиқувга олиш ёки ажратиб қўйиш чораларининг шакллари ва вақти ҳақида тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилади.

Ички ишлар органларининг ходимлари ғайриихтиёрий равишда стационарга ётқизишни амалга оширишда тиббий ходимларга ёрдам кўрсатишлари ва ётқизилаётган шахс билан мулоқотда бўлиш ва уни кўздан кечириш учун хавфсиз шароитни таъминлашлари шарт. Ётқизилаётган шахснинг атрофидагилар ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи ҳаракатларини бартараф этиш зарур бўлган ҳолларда, шунингдек ётқизилиши керак бўлган шахсни қидириш ва ушлаш зарурати бўлганда ички ишлар органларининг ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракат қиладилар.


33-модда. Вояга етмаганлар ва муомалага лаёқатсиз деб

топилган, қонуний вакилларининг илтимосига биноан ёки

розилиги билан психиатрия стационарига жойлаштирилган

шахсларни текширувдан ўтказиш

Қонуний вакилларининг илтимосига биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига жойлаштирилган ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахс ва қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс психиатрия муассасаси шифокор психиатрларининг комиссияси томонидан ушбу Қонун 28-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда мажбурий текширувдан ўтказилиши керак. Бу шахслар дастлабки олти ой мобайнида шифокор психиатрлар комиссияси томонидан ҳар ойда камида бир марта стационарда бўлишини узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун текширувдан ўтказилишлари лозим. Стационарда бўлиш олти ойдан ортиқ узайтирилганда шифокор психиатрлар комиссияси томонидан текширув олти ойда камида бир марта ўтказилади.

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсни ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсни стационарга ётқизишда шифокор психиатрлар комиссияси ёки психиатрия стационари маъмурияти йўл қўйилган суиистеъмолликларни аниқлаган тақдирда, психиатрия стационари маъмурияти бу ҳақда васийликдаги шахснинг турар жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилади.



34-модда. Психиатрия стационарида

даволанувчиларнинг ҳуқуқлари

Даволанувчига уни психиатрия стационарига жойлаштириш асослари ва мақсадлари, унинг ҳуқуқлари ва стационарда ўрнатилган қоидалар тушунтирилиши керак. Бу ҳақда тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилади.

Психиатрия стационарида даволанаётган ёки текширувдан ўтаётган даволанувчилар:

даволаш, текширувдан ўтказиш, психиатрия стационаридан чиқариш ва ушбу Қонун билан берилган ҳуқуқларга риоя этиш масалалари юзасидан бевосита бош шифокорга ёки бўлим мудирига мурожаат этишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига шикоятлар ва аризалар беришга;

адвокат ва руҳоний билан ёлғиз учрашишга;

тиббий монеликлар бўлмаса диний урф-одатларни бажо этишга;

газета ва журналларга обуна бўлишга;

агар даволанувчи ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса умумий таълим мактаби ёки интеллектуал ривожланиши бузилган болалар махсус мактаби дастури бўйича таълим олишга;

агар даволанувчи фойдали меҳнатда иштирок этаётган бўлса меҳнати учун унинг миқдори ва сифатига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг равишда ҳақ олишга;

хатлар ёзиш ва олишга, посилкалар, бандероллар ва пул жўнатмалари олиш ва жўнатишга, телефондан фойдаланишга, келувчиларни қабул қилишга, энг зарурий нарсаларга эга бўлиш ва уларни олишга, ўз кийим-кечагидан фойдаланишга ҳақли. Бу ҳуқуқлар даволанувчи ва бошқа шахсларнинг соғлиғи ёки хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб шифокорнинг тавсиясига кўра чекланиши мумкин.

Газета ва журналларга якка тартибда обуна бўлиш, телефонда сўзлашувлар ва бошқа пулли хизматлар даволанувчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Психиатрия стационарида даволанаётган ёки текширувдан ўтаётган даволанувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


35-модда. Психиатрия стационари маъмурияти

ва тиббий ходимларининг мажбуриятлари

Психиатрия стационарининг маъмурияти ва тиббий ходимлари даволанувчиларнинг ва уларнинг қонуний вакилларининг ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратишлари, шу жумладан:

психиатрия стационаридаги даволанувчиларни зарур тиббий ёрдам билан таъминлашлари;

ушбу Қонун матни, мазкур психиатрия стационарининг ички тартиб қоидалари билан, даволанувчиларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда мурожаат этишлари мумкин бўлган давлат ва жамоат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг манзиллари ва телефонлари билан танишиш имкониятини беришлари;

даволанувчиларнинг хат ёзиши ва олиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига шикоят ва аризалар йўллаши учун шарт-шароит яратишлари;

даволанувчи ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига тушган пайтдан эътиборан 24 соат ичида унинг қонуний вакили, қариндошлари ёки у кўрсатган бошқа шахсни хабардор қилиш чораларини кўришлари;

даволанувчининг соғлиғи ҳолатидаги ўзгаришлар ва у билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар ҳақида унинг қонуний вакили ёки қариндошларини, шунингдек у кўрсатган бошқа шахсни хабардор қилишлари;

стационардаги даволанувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашлари, посилкалар ва унга олиб келинган нарсаларнинг таркибини назорат қилишлари;

қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган, аммо қонуний вакилга эга бўлмаган даволанувчиларнинг қонуний вакили вазифасини бажаришлари;

қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажаришлари шарт.


36-модда. Психиатрия стационаридан чиқариш

Даволанувчини психиатрия стационаридан чиқариш у соғайиб кетган ёки унинг руҳий ҳолати яхшиланиб, бундан буён стационарда даволаниш талаб қилинмаган ҳолларда, шунингдек стационарга жойлаштириш учун асос бўлган текширув ёки экспертиза ниҳоясига етказилганидан кейин амалга оширилади.

Психиатрия стационарида ихтиёрий равишда турган даволанувчини чиқариш унинг шахсий аризасига, унинг қонуний вакилининг аризасига ёки даволовчи шифокорнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизилган даволанувчини чиқариш шифокор психиатрлар комиссиясининг хулосасига ёки суднинг бундай ётишни узайтиришни рад қилиш тўғрисидаги қарорига биноан амалга оширилади.

Суд қарорига биноан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган даволанувчини стационардан чиқариш фақат суд қарори билан амалга оширилади.

Ихтиёрий равишда психиатрия стационарига ётган даволанувчини, агар психиатрия муассасасининг шифокор психиатрлари комиссияси томонидан ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш учун ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган асослар аниқланса, уни чиқариш рад этилиши мумкин. Бу ҳолда психиатрия стационарида бўлиш, ётишни узайтириш ва стационардан чиқариш масалалари ушбу Қонуннинг 28-31-моддаларида, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тартибда ҳал этилади.



37-модда. Шахсларни ижтимоий таъминот психиатрия

муассасасига жойлаштириш асослари ва тартиби

Ижтимоий таъминот психиатрия муассасасига жойлаштириш учун руҳий ҳолати бузилган шахснинг шахсий аризаси ва шифокор психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг хулосаси, ўн саккиз ёшгача бўлган шахс ёки қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс учун эса - шифокор психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг хулосаси асосида васийлик ва ҳомийлик органи қабул қилган қарор асос ҳисобланади. Хулоса шахсда унинг ихтисослашмаган ижтимоий таъминот муассасасида бўлиш имкониятидан маҳрум этадиган руҳий ҳолатнинг бузилиши борлиги ҳақидаги, муомалага лаёқатли шахсга нисбатан эса - шунингдек уни муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги масалани суд олдига қўйиш учун асослар йўқлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Васийлик ва ҳомийлик органи ижтимоий таъминот психиатрия муассасасига жойлаштирилган шахсларнинг мулкий манфаатларини муҳофаза қилиш чораларини кўриши шарт.


38-модда. Шахсларни махсус таълим психиатрия

муассасасига жойлаштириш асослари ва тартиби

Ўн саккиз ёшгача бўлган, руҳий ҳолати бузилган шахсларни махсус таълим психиатрия муассасасига жойлаштириш учун унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг аризаси ва психолог, педагог ва шифокор психиатрдан иборат таркибдаги комиссиянинг мажбурий хулосаси асос ҳисобланади. Хулоса вояга етмаган шахсни интеллектуал ривожланиши бузилган болалар махсус мактаби шароитида ўқитиш зарурлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.


39-модда. Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия

муассасасида яшаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва шу

муассасалар маъмуриятининг мажбуриятлари

Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасаларида яшаётган шахслар ушбу Қонуннинг 34-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасаси маъмурияти ва ходимларининг у ерда яшовчи шахсларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратишга доир мажбуриятлари ушбу Қонуннинг 35-моддаси ҳамда бошқа қонунчилик билан белгиланади.

Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасасининг маъмурияти бир йилда камида бир марта у ерда яшовчи шахсларни бу муассасада бундан буён сақлаб туриш тўғрисидаги, шунингдек уларнинг муомалага лаёқатлилиги ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш мақсадида уларни шифокор психиатр иштирокидаги тиббий комиссия томонидан текширувдан ўтказиши шарт.



40-модда. Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия

муассасасидан бошқасига ўтказиш ва чиқариш

Шахсни ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасасидан умумий типдаги шундай муассасага ўтказиш учун шифокор психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг ихтисослаштирилган психиатрия муассасасида яшаши ёки таълим олиши учун тиббий зарурат йўқлиги ҳақидаги хулосаси асос ҳисобланади.

Ижтимоий таъминот ёки махсус таълим психиатрия муассасасидан чиқариш:

шифокор психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг шахс соғлиғи ҳолатига кўра мустақил равишда яшашга лаёқатлилиги тўғрисидаги хулосаси бўлса, шахснинг шахсий аризасига биноан;

чиқарилаётган шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсни ёки қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсни парваришлаш мажбуриятини зиммасига олаётган қариндошларининг аризасига биноан амалга оширилади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

41-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш

фаолияти устидан назорат қилиш

Психиатрия муассасалари ва психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахсларнинг фаолияти устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа давлат органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширадилар.

Психиатрия муассасалари, шунингдек психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назорати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилиши мумкин.


42-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишга доир

ҳаракатлар устидан шикоят қилиш

Тиббиёт ходимлари, бошқа мутахассислар, ижтимоий таъминот ва таълим ходимлари, тиббий комиссиялар ва бошқа шахсларнинг фуқароларга психиатрия ёрдами кўрсатишда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатлари устидан бўйсунувига кўра юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш мумкин.


43-модда. Психиатрия ёрдами тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси" 2000 й., N 7-8, 215-модда