Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 14.01.1992 й. 513-XII-сон "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.01.1992 й.

N 513-XII



ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ТЎҒРИСИДА

ски таҳрири)


1-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


2-модда. Фуқароларнинг жисмоний тарбия ва

спорт соҳасидаги ҳуқуқлари


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмаларини тузиш, жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар.



3-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий принциплари


Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

инсонпарварлик;

демократизм;

фуқаролар жисмоний тарбиясининг узлуксизлиги ва давомийлиги;

жисмоний тарбия ва спорт тизимида давлат ва жамоат бошқарувининг уйғунлиги.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди;

жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди;

жисмоний тарбия ва спорт ривожининг молиявий таъминланишини белгиланган тартибда амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-модда. Жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли

давлат органининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги:

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг аниқ мақсадга қаратилган дастурларини ишлаб чиқади ва рўёбга чиқаради;

жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари билан биргаликда Ўзбекистон спортчиларини Олимпия ўйинлари ва бошқа халқаро спорт мусобақаларига тайёрлашнинг аниқ мақсадга қаратилган дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

спорт турлари бўйича мамлакат терма командалари таркибларини тасдиқлайди ва улар халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишга тайёргарлик кўришларини таъминлайди;

аҳоли турли тоифаларининг жисмоний камолот даражасини аниқлаш учун спорт нормативларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

жисмоний тарбия-спорт кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказишни ташкил этади;

спорт тайёргарлиги марказларини, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим муассасалари ва илмий ташкилотларни тузади;

жисмоний тарбия ва спорт муаммолари бўйича илмий, услубий ва оммабоп адабиётлар яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилади;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний тарбия ва спортга оид норматив ҳужжатларни, шу жумладан, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

жисмоний тарбия ва спортнинг илмий-ахборот таъминоти тизимини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

ўзларига қарашли ҳудудда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга раҳбарлик қиладилар;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминлайдилар;

жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмаларининг тузилишига кўмаклашадилар;

маҳаллий корхоналарда жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт ва туристик аҳамиятдаги товарлар ишлаб чиқарилишига кўмаклашадилар;

жисмоний тарбия ва спортнинг моддий базасини кенгайтириш ҳамда жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида киритилган маблағларни жамлайдилар;

аҳоли ўртасида спорт нормативларини топшириш бўйича ишларни ташкил этадилар;

ҳаваскорлик жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини ривожлантириш учун фуқароларнинг турар жойлари ва дам олиш жойларида шарт-шароитлар яратадилар;

зарур ўқув-моддий базасини таъминлаган ҳолда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ҳамда жисмоний тарбия-спорт муассасаларини ташкил этадилар ва уларни маблағ билан таъминлайдилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


7-модда. Жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари


Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси, жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, спорт турлари бўйича федерациялар, уюшмалар, жамғармалар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт клублари ва асосий мақсади жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдан иборат бўлган бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ҳамда спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирувчи спорт-техника клублари жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари жумласига киради.

Жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари ўз уставларига мувофиқ фуқаролар ўртасида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ишларини ташкил этадилар ҳамда спорт резервини тайёрлашни амалга оширадилар.



8-модда. Ўзбекистон Республикасидаги олимпия ҳаракати


Ўзбекистон Республикасидаги олимпия ҳаракати Халқаро олимпия ҳаракатининг бир қисми бўлиб, олимпия ғоялари ва принципларини оммалаштириш, Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг Олимпия ўйинларида қатнашишлари мақсадларини кўзлайди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Республикаси олимпия ҳаракатига ихтиёрийлик асосида спортчилар, спорт турлари бўйича федерациялар ва уюшмалар, Олимпия академияси, олимпия клублари ҳамда бошқа жисмоний тарбия-спорт бирлашмалари ва ташкилотлари киради.

Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига ва ўз уставига мувофиқ амалга оширади, шунингдек Халқаро олимпия қўмитасининг олимпия рамзи, шиори, байроғи, мадҳияси, "олимпия", "Олимпиада" номларидан фойдаланишга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширади.


9-модда. Жисмоний тарбия ва спортни,

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш


Жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органлари, соғлиқни сақлаш органлари, таълим муассасалари ва жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ҳамда соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинишини уюштирадилар.

Спортда шафқатсизлик ва зулмни, инсон кадр-қимматини камситишни, инсон соғлиғига зарар етказадиган стимуляторларни қўллашни тарғиб қилиш тақиқланади.



10-модда. Таълим муассасаларида жисмоний тарбия


Таълим муассасаларида жисмоний тарбия узлуксиз таълим тизимининг энг муҳим мажбурий қисми бўлиб, давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ юқори малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади. Жисмоний тарбия бўйича мажбурий дарслар, дарсдан ташқари машғулотлар ва тест синовлари барча таълим муассасаларида ўқувчиларнинг физиологик имкониятларига мос равишда ўтказилади.

Таълим муассасалари ҳарбий хизматга чақириш ёшига етмаган ёшларни жисмоний жиҳатдан тайёрлайдилар.


11-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳамда

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жисмоний

тарбия ва спортни ривожлантиришдаги иштироки


Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фуқароларнинг жисмоний тарбиясига давлатнинг муҳим ижтимоий сиёсати сифатида қарайдилар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш., давлат дастурларини амалга оширадилар ҳамда улар асосида жисмоний тарбия ва спортни бошқариш маҳаллий давлат органлари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир ўз дастурларини ишлаб чиқадилар.

Фуқароларнинг турар жойларида ва оммавий дам олиш жойларида жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари учун шарт-шароит яратиш ва уларни ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади.



12-модда. Санаторий-курорт муассасаларида, дам олиш уйлари

ва туристик базаларда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишлари


Барча санаторий-курорт муассасаларида, дам олиш уйлари ва туристик базаларда жисмоний тарбия моддий базаси ҳамда якка тартибда ва гуруҳ бўлиб ўтказиладиган жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотлари учун бошқа зарур шарт-шароит яратилади. 

Санаторий-курорт муассасалари, дам олиш уйлари ва туристик базаларнинг маъмурияти дам олувчиларнинг сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун жисмоний машқлардан, жисмоний тарбиянинг бошқа шаклларидан фойдаланишлари шарт.


13-модда. Ногиронлар учун жисмоний тарбия ва спорт


Ногиронлар учун жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш уларнинг ижтимоий камол топишига ҳамда жисмоний жиҳатдан қайта қувватга киришига қаратилган бўлиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари яратилишини ҳамда умумий фойдаланишдаги иншоотларда бошқа шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлайдилар.


14-модда. Соғлиқни сақлаш органлари ва муассасаларининг

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдаги иштироки


Соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари:

жисмоний тарбиядан саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш воситаси сифатида фойдаланадилар;

аҳоли турли ижтимоий гуруҳларининг жисмоний камол топиши ҳолатини ва унинг юксалиш суръатларини таҳлил қиладилар ҳамда тегишли давлат бошқаруви органларига таклифлар киритадилар;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган шахсларнинг тиббий назоратини олиб борадилар;

спорт бўйича терма командалар халқаро спорт мусобақаларига тайёрланишини тиббий жиҳатдан таъминлашда қатнашадилар;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги соғлиқни сақлаш мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказишни амалга оширадилар;

жисмоний машқларнинг махсус дастурларини ишлаб чиқадилар, соғломлаштириш марказларини, тиббиёт-жисмоний тарбия диспансерларини ташкил этадилар, уларни махсус аппаратлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлайдилар.Қарори



15-модда. Жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини, спорт

мусобақалари ва спорт-томоша тадбирларини ўтказишда

хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя этиш,

фуқароларнинг саломатлигини, шаъни ва қадр-қимматини

муҳофаза қилиш


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг маъмурияти машғулотлар ва мусобақалар ўтказиладиган жойларнинг жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органлари томонидан тасдиқланган техника хавфсизлиги қоидаларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқ зарур даражада техник жиҳатдан жиҳозланишини таъминлайди.

Жисмоний тарбия, спорт машғулотлари ва спорт мусобақалари уларнинг қатнашчилари ҳамда томошабинларнинг саломатлиги, шаъни ва қадр-қимматига зиён етказмайдиган қилиб ўтказилиши керак.

Белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган шахслар спорт мусобақаларида ҳакамлик қилишига йўл қўйилади.



16-модда. Спортда қўлланиш ман этилган воситалар


Спорт билан шуғулланишда жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органлари, халқаро спорт ташкилотлари томонидан ман этилган воситаларни қўллашга йўл қўйилмайди.

Юқори спорт кўрсаткичларига эришиш мақсадида стимуляторлардан, допинг моддаларидан, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ман этилган бошқа воситалардан фойдаланган спортчи мусобақалардан четлаштирилади.

Стимуляторлар, допинг моддалари ва бошқа ман этилган воситаларни тарқатишга ёки ишлатишга қасддан кўмаклашаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



17-модда. Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳаваскорлик спорти билан, шунингдек профессионал спорт билан спортчи, тренер ёки ҳакам сифатида шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Профессионал спорт соҳасидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни тузиш тартиби ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Спорт тури бўйича спортчи, тренер ва ҳакам касбларига қўйиладиган малака талаблари жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.


18-модда. Юқори даражали спортчиларни тайёрлаш


Юқори даражали спортчиларни тайёрлаш ихтисослаштирилган таълим муассасалари (олимпия резерви коллежлари, олий спорт маҳорати мактаблари, олимпия тайёргарлиги марказлари ва бошқалар) томонидан амалга оширилиб, уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат органлари спорт бўйича терма командаларнинг аъзоларига спорт машғулотларини таълим олиш, меҳнат фаолияти ва ҳарбий хизмат билан самарали уйғунлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида спортчилар ишлаётган, таълим олаётган ёки ҳарбий хизматни ўтаётган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва ҳарбий қисмлар билан тегишли шартномалар тузишлари мумкин.



19-модда. Жисмоний тарбия ва спортни молиялаш


Жисмоний тарбия ва спортни молиялаш республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади.

Жисмоний тарбия ва спортни молиялаш манбалари жумласига қуйидагилар ҳам киради:

тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар;

аҳолига пуллик жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш хизматлари кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

белгиланган тартибда спорт лотереялари ўтказишдан тушадиган маблағлар;

аҳоли, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ихтиёрий бадаллари, жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари қатнашчиларининг аъзолик бадаллари;

спорт турлари бўйича махсус жамғармаларнинг маблағлари;

спорт-томоша тадбирларини ўтказишдан тушадиган даромадлар;

ҳомийлик ёрдами;

спорт рамзлари, тимсолларидан фойдаланганлик учун корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмалари;

чет эл инвестициялари ва халқаро жамғармаларнинг маблағлари;

халқаро ташкилотлардан келадиган тушумлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар.


20-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш

ва спорт иншоотлари


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари оммавий ёки хусусий мулк бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни рўёбга чиқаришда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари янги эгаларга ўтишини, иншоотдан ўз мақсадида фойдаланишнинг сақлаб қолинишини таъминлайдиган тартиб ва шартлари белгилаб қўйилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудудларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги объектларнинг режалаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши ва фойдаланишга топширилиши устидан назорат қиладилар.

Таълим муассасаларини, тураржой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари мажмуини барпо этмаган ҳолда қуриш ва қайта қуришга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан туриб, тугатишга йўл қўйилмайди.

Таълим муассасалари, корхоналар, тураржой даҳаларининг асосий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва (ёки) спорт иншоотлари билан энг кам таъминланиш нормативлари жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.


21-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги

педагогик фаолият


Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги педагогик фаолият билан тегишли маълумот ва касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар шуғулланишига йўл қўйилади.

Даволаш жисмоний тарбия соҳасида педагогик фаолият билан тегишли маълумот ва касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шуғулланишига йўл қўйилади.



22-модда. Аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш


Аҳолига жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш пуллик хизматлари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек жисмоний шахслар томонидан кўрсатилади.

Жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш пуллик хизматлари турларининг рўйхати жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



23-модда. Имтиёзли жисмоний тарбия-спорт хизматлари


Ўн олти ёшга тўлмаган болаларга, ногиронларга, етим болаларга, пенсионерларга, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига ҳамда уларга тенглаштирилган шахсларга жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш хизматлари бепул кўрсатилади. Жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш хизматларидан бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланувчи фуқаролар бошқа тоифаларининг рўйхати, шунингдек имтиёзлар кўлами, уларни бериш тартиби ва тегишли харажатларни қоплаш манбалари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



24-модда. Спортчиларнинг ижтимоий ҳимояланиши


Давлат бошқарув органлари, спорт турлари бўйича федерациялар, жамоат бирлашмалари, шунингдек жисмоний шахслар спортчиларга молиявий ёрдам кўрсатишлари мумкин.

Давлат бошқарув органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамоат бирлашмалари, спорт клублари ва марказлари, бошқа ихтисослаштирилган спорт ташкилотлари ва муассасалари спортчиларга зарур ижтимоий-маиший шароитларни яратишлари ҳамда уларнинг сиҳат-саломатлиги муҳофаза қилинишини таъминлашлари шарт.

Спортчиларнинг айрим тоифалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Спорт мусобақаларида қатнашувчи шахслар суғурта полисларига эга бўлишлари шарт.


25-модда. Халқаро ҳамкорлик


Жисмоний тарбия ва спортни бошқариш ваколатли давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари жисмоний тарбия ва спорт муаммолари бўйича халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, чет давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, улар билан жисмоний тарбия ва спорт бўйича қўшма бирлашмалар тузиш, биргаликдаги спорт-соғломлаштириш мусобақаларини, учрашувларни, матчларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиш ҳуқуқига эгадирлар.


26-модда. Низоларни ҳал қилиш


Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.



27-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2000 йил, 5-6-сон, 147-модда