Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 03.04.2006 й. ЎРҚ-27-сон "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартишлар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларига оид айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 10.10.2005 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.02.2006 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.04.2006 й.

N ЎРҚ-27



"ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ВА

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ

4-МОДДАСИГА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ,

ШУНИНГДЕК ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ВА

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИГА ОИД

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЎЗ КУЧИНИ

ЙЎҚОТГАН ДЕБ ТОПИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2005 йил 10 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 25 февралда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 19 ноябрда қабул қилинган "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги 425-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, N 1, 43-модда; 1993 йил, N 5, 236-модда; 1994 йил, N 11-12, 285-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда) 4-моддасининг 2 ва 3-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"2. Қуйидаги давлат мулки объектлари давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди:

1) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида ер (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

2) маданий мерос объектлари, давлат фондларини киритган ҳолда, шу жумладан китобларнинг, кино, фото ва фоноҳужжатлар, архивлар ва илмий-тадқиқот муассасаларининг фондлари, музейлар ва музей бойликлари, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;

3) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, валюта захирасининг, давлат мақсадли жамғармаларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг олтин захираси;

4) пул муомаласи бўйича хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари, қимматли қоғозларни, орденларни, медалларни ва почта тўлови белгиларини ишлаб чиқаришни таъминловчи корхоналар ва ташкилотлар;

5) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар вазирлигининг корхоналари, муассасалари ва ҳарбий-техникавий мол-мулки (саноатда қайта ишлов берилгунига қадар, шунингдек саноатда қайта ишлов берилиши мумкин бўлмаган мол-мулк);

6) ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

7) радиоактив моддаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлашни, радиоактив чиқиндиларни кўмиш, уран ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

8) қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, ҳимоя воситалари, ҳарбий техника, эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар ва улар учун асбоб-ускуналар, портловчи моддалар, пиротехника маҳсулотлари, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва ускуналар ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар;

9) овчилик ва спорт соҳасида фойдаланиладиган ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, шунингдек тиғ қурол (совға тарзидаги миллий пичоқлар бундан мустасно) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

10) кучли таъсир этадиган заҳарлар, гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар ишлаб чиқарувчи, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар бўлган экинлар экувчи, етиштирувчи ва уларга қайта ишлов берувчи корхоналар;

11) Ўзбекистон Республикасининг давлат захиралари. Фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик мақсадидаги объектлар ҳамда мол-мулк;

12) атом энергетикаси объектларини (ускуналари, тизимлари ва аппаратларини ўрнатиш) ва стратегик аҳамиятдаги объектларни қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар;

13) портлаш хавфи бўлган ва заҳарли моддаларни ташишни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар;

14) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари. Ҳарбийлаштирилган автоколонналар;

15) санитария-эпидемиология станциялари. Суд-тиббий экспертизаси бюролари. Атроф муҳит ҳолатини назорат қилувчи ҳамда табиатни муҳофаза қилувчи хизматлар;

16) даволаш-ишлаб чиқариш устахоналари, жазони ижро этиш муассасаларининг корхоналари;

17) махсус вазифаларни бажарадиган корхоналар (Республика махсус алоқа узели, 15361 рақамли Ҳарбий қисм, Электромагнит мослик маркази);

18) қабристонлар.


3. Қуйидаги давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади (ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно):

1) асосий фондларининг баланс қиймати (2005 йил 1 январь ҳолатига кўра) бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган корхоналар;

2) қимматбаҳо, нодир металлар, қимматбаҳо тошларни кавлаб олиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари;

3) саноатнинг таянч тармоқлари: ёқилғи-энергетика, кончилик, машинасозлик ва пахтани қайта ишлаш мажмуаларининг корхоналари ва ташкилотлари. Нефть, газ ва кўмир қазиб чиқариш, қудуқлар бурғулаш корхоналари ва ташкилотлари. Магистрал нефть қувурлари ва газ қувурлари, нефть маҳсулотларини оқизма ҳолда етказиб берадиган қувурлар, электр ва иссиқлик ҳосил қилувчи станциялар ва ҳудудий қозонхоналар, тизим ҳосил этадиган электр тармоқлари. Автомобилларга ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш станциялари;

4) кимё корхоналари (гербицидлар, минерал ўғитлар, синтетик толалар, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашда ишлатиладиган заҳарли кимёвий дорилар ва шу кабиларни ишлаб чиқариш);

5) фармацевтика саноати ҳамда тиббий-биологик дори-дармонлар саноати корхоналари;

6) электр алоқаси корхоналари, телевизион, радио қабул қилиш ва радио узатиш марказлари ҳамда уларнинг муҳандислик иншоотлари;

7) ракета-космик мажмуалари, алоқа тизимлари ва уларни бошқариш воситаларини ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

8) матбаа корхоналари ва нашриётлар;

9) ахборот ва телеграф агентликлари;

10) шифрлашда ишлатиладиган техникани ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

11) стандартлаштириш ва метрология корхоналари ҳамда ташкилотлари;

12) таваккалчилик хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда ички ва ташқи хавф-хатари бор ишлаб чиқариш объектлари (ушбу модданинг 2-банди 12-кичик бандида кўрсатиб ўтилган объектлар бундан мустасно) қуриш ҳамда улардан фойдаланишни, улар учун ускуналар, назорат қилиш ва фалокатларнинг олдини олиш тизимларини тайёрлашни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

13) ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқловчи, ёнғиндан огоҳлантирувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантиришга мўлжалланган сигнал бериш воситаларини лойиҳалаш, таъмирлаш, монтаж қилиш, созлашни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

14) сув хўжалиги ҳамда мелиорация тизимларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар, авария-қутқарув кемалари, гидротехника иншоотларини техник назорат қилиш кемалари;

15) муҳандислик инфратузилмаси объектлари: туман марказлари ва шаҳарларнинг электр, иссиқлик ва газ таъминоти, водопровод-канализация хўжалиги, ташқи ёритиш, ташқи ободонлаштириш объектлари, шунингдек бундай объектларни лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатишни амалга оширувчи корхоналар;

16) темир йўл, ҳаво ва дарё транспортида йўловчилар ҳамда юклар ташишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

17) шаҳарда йўловчилар ташишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

18) вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари, шунингдек умумтаълим муассасалари;

19) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкилотлари. Давлат илмий марказлари;

20) давлат наслчилик хўжаликлари ва фермалари, от заводлари, элита-уруғчилик хўжаликлари, уруғчилик ва селекция станциялари, давлат уруғчилик инспекциялари ва қишлоқ хўжалик экинларининг технологик сифатини баҳолаш лабораториялари, нав синов станциялари ва участкалари;

21) почта алоқаси корхоналари;

22) ўрмон хўжалигининг, геология, картография-геодезия, гидрометеорология хизмати корхоналари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ахборот марказлари;

23) саноатнинг қаттиқ чиқиндилари ва рўзғор чиқиндилари кўмиладиган майдонлар, бинолар, иншоотлар ва кўмиш учун керакли ускуналар, чорва моллар кўмиладиган жойлар;

24) машина синаш станциялари, элеваторлар, музлаткичхоналар, омбор хўжалиги объектлари;

25) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган давлат санаторий-курорт хўжаликлари;

26) концерт-томоша кўрсатиш муассасаларининг корхоналари ва объектлари, кинолаштириш объектлари, шунингдек кутубхоналар ва ўқув заллари;

27) соғлиқни сақлаш муассасалари;

28) ветеринария хизмати, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати корхоналари ва муассасалари;

29) ногиронлар, қариялар ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя этилмаган бошқа тоифалари қаровда бўладиган уйлар ва интернатлар;

30) болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг соғломлаштириш муассасалари;

31) маросимлар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар".



2-модда. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августда қабул қилинган "Айрим корхоналар ва мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг баъзи масалалари тўғрисида"ги 119-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 194-модда);

Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 82-II-сонли Қонунининг XX бўлими (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил N 5-6, 153-модда).



3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



"Халқ сўзи", 2006 йил 4 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 14-сон, 109-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 4-сон, 153-модда