Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 09.04.2008 й. ЎРҚ-147-сон "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 12.12.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.03.2008 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.04.2008 й.

N ЎРҚ-147



"ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 12 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 27 мартда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 221-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 59-модда; 2002 йил, N 4-5, 74-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 413-модда; 2006 йил, N 10, 536-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 11-модданинг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади";


2) 21-модданинг иккинчи қисми "фойдаланишга қисташга" деган сўзлардан кейин "шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


3) 27-модда иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари ишлаб чиқарувчига (ижрочига, сотувчига):

ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт эканлиги қонун ҳужжатларида белгиланганлигига қарамай ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни реализация қилишга ва сотишга қабул қилганлик учун - товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи тегишли давлат бошқаруви органларининг ушбу товарларнинг истеъмол (фойдаланиш) учун яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси олинган тақдирда, реализация қилиш учун қабул қилинган товарлар ҳажмининг беш фоизи миқдорида ва ушбу товарларнинг истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсизлиги тўғрисидаги хулосаси олинган тақдирда, реализация қилиш учун қабул қилинган товарлар ҳажмининг юз фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилишга ва сотишга қабул қилганлик учун - реализация қилиш учун қабул қилинган товарлар ҳажмининг юз фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;

истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаганлик ёки ўз вақтида бажармаганлик, шунингдек уларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун:

юридик шахсларга - энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда;

жисмоний шахсларга - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш ҳуқуқига эга".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



"Халқ сўзи", 2008 йил 10 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 14-15-сон, 90-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 4-сон, 183-модда