Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2010 й. ПҚ-1358-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўн тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2010 й.

N ПҚ-1358



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ

ЎН ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ

ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Биз учун энг буюк, энг азиз қадрият бўлмиш истиқлолимизнинг ҳар бир санаси янги тарихимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир амалий намоёни, эркин, озод ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар эл-юртимиз, айниқса, ёш авлодимиз қалбида она-юрт тупроғини кўзга тўтиё қилиб яшаш, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини юксалтиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Ана шу муҳим йўналишда шаклланган анъаналарни узвий давом эттирган ҳолда, ўтган давр мобайнида барча соҳа ва тармоқларда қўлга киритган улкан марралар, ютуқ ва натижаларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини, қадр-қимматини теран идрок этиш, уларни эл-юртимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, байрам тадбирларини халқимиз қалбида чуқур таассурот қолдирадиган юксак савияда ўтказиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўн тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда "Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.


2. Ушбу дастурни тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

ўтган ўн тўққиз йиллик мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистонимиз учун сиёсий соҳада, давлат ва жамият курилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида ривожланиш ва юксалиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш даври бўлганини чуқур очиб бериш;

мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз - халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётганини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

шу ўтган даврда бетакрор меросимиз, бой тарихимиз, дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тиклангани, одамларимизнинг дунёқараши тубдан ўзгариб, Ватан тақдири ва истиқболига дахлдорлик туйғуси маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб бораётганини ҳар томонлама очиб бериш;

истиқлол халқимиз учун янги-янги имкониятлар туғдириб бераётганини, ҳар бир юртдошимизнинг ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт барпо этишнинг мустаҳкам замини бўлиб келаётганини ўтказиладиган барча тадбирларнинг маъно-мазмунига теран сингдириш;

биз танлаб олган миллий тараққиёт йўли асосида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар янги босқичда давом эттирилаётгани, Ўзбекистоннинг жаҳон молиявий инқирози шароитида иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари, аҳолининг ҳаёт даражасини барқарор сақлаб қолиш борасида эришаётган амалий натижалари, тараққиётнинг ўзбек моделига хос устувор тамойиллар дунё жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилаётганига алоҳида эътибор қаратиш;

мамлакатимизда қабул қилинган муҳим ижтимоий дастурлар, жумладан, "Баркамол авлод йили" Давлат дастурининг ижобий самараларини, ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний соғлом бўлиб камол топаётганини аниқ ва таъсирчан ҳаётий мисоллар ёрдамида ёритиб бериш.


3. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминлансин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармаларига Мустақиллик байрамининг ўн тўққиз йиллигини муносиб нишонлаш учун жойларда тегишли комиссиялар тузиш ҳамда республика дастурида белгилаб берилган асосий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, байрам муносабати билан шаҳар ва қишлоқларда, маҳалла ва гузарларда, кўп қаватли уйлар атрофида ободонлаштириш ишларини олиб боришни кўзда тутадиган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилсин.

Мазкур режа ва дастурлардан ўрин олган тадбирларни расмиятчилик ва баландпарвозлик ҳолатларига йўл қўймасдан, кенг жамоатчиликнинг вакилларини жалб этган ҳолда, оддий одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган таъсирчан шаклда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.


5. Республика комиссияси ўз йиғилишларида дастурда белгиланган чора-тадбирлар марказда ва жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар қайси ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.


6. Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.


7. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этишга қаратилган энг яхши кўшиқлар, мусиқа асарлари учун "Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика танловининг якуний босқичини ўтказсин. Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинсин.


8. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан биргаликда август ойининг охирида мамлакатимиз мустақиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий танловининг якуний босқичини ўтказсин.


9. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва Бастакорлар уюшмаси ёш ижрочилар ўртасида "Ниҳол" мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини август ойининг биринчи ярмида юқори даражада ташкил этсин.


10. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, хўжаликлар, жамғармалар ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.


11. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Жаҳон" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг ўн тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2010 йил, 1 июль