Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1993 й. 818-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РБСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1993 й.

N 818-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Вазирлар Маҳкамаси - Ўзбекистон

Республикасининг Ҳукумати

Вазирлар Маҳкамаси - Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати - иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига, қонунлар ижро этилишига, Олий Мажлиснинг бошқа қарорлари, Ўзбекистои Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари бажарилишига раҳбарликни таъминловчи Ўзбекистон Республикасининг ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Вазирлар Макҳкамаси давлат бошқаруви органлари тизимига ва ўзи ташкил этадигаи хўжалик бошқаруви органларига бошчилик қилади, уларнинг ҳамжиҳатлик билан фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси тасарруфига оид бўлган, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва мазкур Қонунга мувофиқ ўзининг ваколатига кирувчи давлат ва хўжалик бошқарувининг барча масалаларини ҳал этишга ҳақлидир.

Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.



2-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг

асосий принциплари

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида коллегиаллик, демократия ва қонунийлик, Ўзбекистон Республикасида яшовчи барча миллатлар ва элатларнинг манфаатларини ҳисобга олиш принципларига асосланади.



3-модда. Вазирлар Маҳкамасининг жамоат бирлашмалари

билан ўзаро муносабатлари

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга зарур ёрдам кўрсатади.



II. ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ТАРКИБИ

ВА УНИ ТУЗИШ

4-модда. Вазирлар Маҳкамаси таркиби

ва уни тузиш тартиби

Вазирлар Маҳкамаси таркибига Бош вазир, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси вазирлари, давлат қўмиталарининг раислари, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг раҳбарлари кирадилар.

Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар, кейинчалик бу масала Олий Мажлис тасдиғига киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозими буйича Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.



5-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Раиси

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда унинг ўз ваколатларини самарали амалга ошириши учун чора-тадбирлар кўради.



III. ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ВА ДАВЛАТ

ҲОКИМИЯТИНИНГ БОШҚА ОРГАНЛАРИ

БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИ

6-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси билан муносабатлари

Янги тузилган Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун ўз ваколатлари давридаги фаолияти дастурини тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, Ўзбекистон Республикаси бюджетининг асосий кўрсаткичларини ва унга киритиладиган ўзгаришларни ишлаб чиқади ҳамда Олий Мажлиснинг тасдиғига тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси ўз иши тўғрисида Олий Мажлис олдида ҳисоб бериб туради.

Олий Мажлис Вазирлар Маҳкамаси алоҳида аъзосининг ўзи раҳбарлик қилаётган давлат ёки хўжалик бошқаруви органи фаолияти масаласи юзасидан ҳисоботини эшитиши ҳамда зарур бўлганда унинг истеъфога чиқиши тўғрисида Президент кўриб чиқиши учун таклиф киритиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Олий Мажлис йиғилишларида, унинг қўмиталари ва комиссиялари йиғилишларида қатнашиш ва ахборот бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Олий Мажлиснинг депутатлари Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг алоҳида аъзолари фаолиятига тааллуқли масалани қўйган тақдирда, Бош вазир шу масалалар юзасидан зарур тушунтириш, изоҳларни олиш ва бериш ҳуқуқига эгадир.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти масалаларига доир тавсиялари ва таклифларини кўриб чиқади ва улар юзасидан чора-тадбирлар кўради. Тавсиялар ва таклифларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари ва комиссияларига улар билан келишилган муддатларда ахборот беради.



7-модда. Олий Мажлис депутатлари, қўмиталари ва

комиссияларининг сўровларига жавоблар

Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзосига Олий Мажлис мажлисида депутатлар, депутатлар гуруҳи, Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки унга буйсунувчи давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари фаолиятига доир сўров билан мурожаат қилганларида, улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мажлисларида уч кундан кеч бўлмаган муддатда оғзаки ёки ёзма жавоб беришга мажбурдирлар.



8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон

Республикаси Вазирлар Кенгаши билан муносабатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ўзаро ҳамкорлик қилади, унинг Ўзбекистон Республииаси қонунлари, Олий Мажлиснинг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда хўжалик ва ижтимоий маданий қурилиш масалалари бўйича бошқа актларнинг қандай бажарилаётганлиги ҳақидаги ахборотларини эшитади;

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифларини кўриб чиқади;

тармоқлараро ва минтақавий энг муҳим комплекс дастурларни амалга оширишда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди, бунда келиб чиқадиган низоли масалаларни ҳал этади;

ўз ваколати доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига зид бўлган қарорлари ва фармойишларининг ижро этилишини тўхтатиб қуйиш ҳуқуқига эгадир.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий, ижтимоий-маданий ва миллий ривожлантиришга, унинг миллий бойликларидан оқилона фойдаланишга тааллуқли масалалар ҳал этилаётганда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг фикри ҳисобга олинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси бўлади.



9-модда. Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий ижро этувчи

ҳокимият органлари билан муносабатлари

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколати доирасида:

ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантиришни таъминлаш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилишини талаб киладиган масалалар бўйича таклифларини кўриб чиқади, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг бажарилишини назорат қилади, уларни бажариш юзасидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларини таклиф этиш ва уларнинг ахборотини тинглашга ҳақлидир;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, бунда келиб чиқадиган низоли масалаларни ҳал этади;

ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичларини тасдиқлайди, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият апаратининг сони на намунавий тузилмасини белгилайди;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлган қарорлари ва фармойишларини тўхтатиб қуйиш ва бекор қилишга ҳақлидир.



IV. ВАЗИРЛАР МAҲКАМACИНИНГ

АСОСИЙ ВАКОЛАТЛАРИ

10-модда. Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодий,

ижтимоий маданий ривожлантириш соҳасидаги

асосий ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

иқтисодий, ижтимоий-маданий жараёнларни бошқаради, мулкчиликнинг барча шаклларини уйғунлаштириш ва уларнинг тенглиги, иқтисодиётни монополиялаштиришдан чиқариш, бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий механизмини рўёбга чиқариш асосида эркин тадбиркорлик учун шарт-шароитлар яратади;

хўжалик юритишнинг янги шакллари - концернлар, консорциумлар, тармоқлараро бирлашмалар, турли уюшмалар ва бошқа ана шундай ташкилотларни барпо этишга ва мустаҳкамлашга кўмаклашади, халқ хўжалиги ва аҳоли талабларини қондириш заруриятидан келиб чиққан ҳолда улар фаолиятини йўналтиради ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикасида пул ва кредит тизимини мустахкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади, ягона нарх сиёсатини ўтказиш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг белгиланган кафолатларини ва ижтимоий таъминот даражасини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

республика бюджетини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини ва энг муҳим дастурларини ишлаб чиқишни ва уларнинг ижросини ташкил этади;

бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органларини тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

фан ва техникани ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни мухофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширади;

фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш чора-тадбирларини кўради, ижтимоий таъминот тизимини такомиллаштиради;

соғлиқни сақлаш, халқ таълимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йуналишларини белгилайди, маданиятни ривожлантиришга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва мудофаа қудратини ошириш, давлат чегараларини қўриқлашни таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади;

давлат бошқарув органларининг табиатни мухофаза қилиш тадбирларини биргаликда ўтказиш ҳамда республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган йирик экологик дастурларни амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради, катта авариялар ва фалокатларнинг, шунингдек, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш чора-тадбирларини кўради;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди, ҳукуматлараро шартнома ва битимлар тузади, уларни бажариш чора-тадбирларини кўради; ташқи иқтисодий фаолият, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади.



11-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларига

раҳбарликнинг умумий масалалари

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари ҳақидаги низомлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат бюджетида бўлган давлат бошқаруви бошқа органларининг марказий аппарати ходимларининг сонини ва уларга сарфланадиган маблағлар миқдорини белгилайди.

Вазирлар Маҳкамаси вазирларнинг ўринбосарларини, давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарларини, бош бошқармалар ҳамда давлат бошқаруви бошқа органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.

Вазирлар Маҳкамаси хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларини ва вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳайъатлари аъзоларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган хўжалик бошқаруви органлари бошқарувлари аъзоларини тасдиқлайди.

Вазирлар Маҳкамаси зарурият бўлганда давлат бошқарувининг ўз ваколатига кирувчи айрим масалалари ҳал этилишини, агар бу масалаларнинг ҳал этилиши қонунчилик билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мутлақ ваколатига киритилмаган бўлса, вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг ўзига буйсунувчи бошқа органларига бериши мумкин.



12-модда. Вазирлар Маҳкамасининг вазирликлар,

давлат қўмиталари,  идоралар ҳамда давлат ва хўжалик

бошқарувининг бошқа  органлари фаолияти

устидан назорати

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг актлари амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳолларда уларни бекор қилиш ҳуқуқига эгадир.



V. ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ТАРТИБИ

13-модда. Фақат Вазирлар Маҳкамаси мажлисларидагина

қарор қабул  қилинадиган масалалар

Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида давлат бошқаруви, хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилишнинг энг муҳим масалалари ҳал этилади.

Фақат Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида қуйидагилар кўриб чиқилади:

Ўзбекистон Республикаси бюджетини тайёрлаш ва ижро этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ихтиёридаги бюджетдан ташқари давлат жамгармаларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш масалалари;

бошқарув тузилмасини такомиллаштириш масалалари, Ўзбекистон Республикасини ва унинг айрим минтақаларини иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантириш дастурлари лойиҳалари;

давлатнинг қимматбаҳо қоғозларини чиқариш ҳажми ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат ички ва ташқи қарзи кўламлари тўғрисидаги таклифлар;

солиқ ва давлат божларининг ставкаларини белгилаш ва ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар;

давлат мулки объектларини хусусийлаштириш дастурларининг лойиҳалари ва хусусийлаштиришдан олинган маблағлардан фойдаланишнинг асосий йуналишлари тўғрисидаги таклифлар;

белгилаб қуйилган давлат нархлари қўлланиладиган маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар рўйхати;

қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга киритиладиган Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари;

давлатлараро шартномалар ва битимларни имзолаш тўғрисида таклифлар.



14-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларини

ўтказиш тартиби

Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларини Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ёки унинг топшириғига биноан Бош вазир ўтказади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг Иш тартиби билан белгиланади.



15-модда. Бош вазир

Бош вазир Вазирлар Маҳкамасининг ишини ташкил этади.

Бош вазир:

Бош Вазирнинг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, кейинчалик бу масала Вазирлар Маҳкамасининг Раиси томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан иш кўради ҳамда ҳукуматлараро шартномалар ва битимларни имзолайди;

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида кўриб чиқиш талаб этилмайдиган давлат ва хўжалик бошқаруви масалалари буйича қарорлар қабул қилади;

Вазирлар Маҳкамаси Раисиниг топшириғи бўйича бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Бош вазир бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини биринчи ўринбосар бажаради.



16-модда. Бош вазирнинг ўринбосарлари

Бош вазирининг ўринбосарлари вазифалар тақсимотига мувофиқ ўзлари раҳбарлик қиладиган тармоқлардаги ишларнинг аҳволи учун жавоб берадилар, улар тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни, уларнинг ишини назорат қилишни амалга оширадилар ва уларга топшириқ берадилар, Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларни ҳамда қарор ва фармойишлар лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқадилар.



17-модда. Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари

Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари:

ўзларига топширилган фаолият соҳаси учун жавоб берадилар;

Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этадилар;

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқиш ҳақида таклифлар киритишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатишлари мумкин;

корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда бошқа пул тўланадиган лавозимни эгаллаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслар.



18-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати

Вазирлар Маҳкамасининг доимий органи сифатида Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан иборат таркибдаги Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати фаолият кўрсатади. Вазирлар Маҳкамаси Раисининг қарорига биноан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг таркибига Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг бошқа аъзолари ҳам киритилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг ҳужжатлари қарорлар, фармойишлар ва баён қарорлар шаклида чиқарилади.



19-модда. Вазирлар Маҳкамасининг доимий,

вақтинчалик комиссиялари  ва бошқа ишчи органлари

Вазирлар Маҳкамаси доимий комиссияларни тузади ва уларнинг вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолият тартибини белгилайди.

Давлат ва хўжалик бошқарувининг алоҳида масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида топшириқларини бажариш учун Вазирлар Маҳкамасининг вақтинчалик комиссиялари ва бошқа ишчи органлари тузилиши мумкин.



20-модда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

ва фармойишлари

Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги ёки жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари шаклида чиқарилади.

Шошилинч ва бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари шаклида чиқарилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ёки унинг топшириғига биноан Бош вазир томонидан имзоланади.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари Вазирлар Маҳкамасининг Раиси, Бош вазир ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, агар уларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Вазирлар Маҳкамаси ўзи қабул қилган қарорларнинг бажарилиши устидан бевосита ёки вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари орқали назоратни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги қарорлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўпламида эълон қилинади, кенг оммага дарҳол етказиш зарур бўлган тақдирда эса - оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинади.



21-модда. Вазирлар Маҳкамасининг аппарати

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини тайёрлаш, тегишли қарорлар лойиҳаларини, таҳлилий, ахборот ва бошқа материалларни тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда текшириб бориш учун Вазирлар Маҳкамасининг аппарати фаолият кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати ва унинг бўлимлари тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати асосий таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари Бош вазирнинг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамасининг Раиси томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., N 5, 202-модда