Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 28.12.1993 й. 994-XII-сон "Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлар тўғрисида"ги Қонуни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.12.1993 й.

N 994-XII



ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИГА

СОЛИНАДИГАН СОЛИҚЛАР ТЎҒРИСИДА


1-модда. Солиқ тўловчилар

Ушбу Қонун билан белгилаб қўйиладиган объектларга эга бўлган жисмоний шахслар мулк солиғи тўловчилардир.



2-модда. Солиқ солиш объектлари

Жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган турар-жойлар, квартиралар, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари аъзоларининг боғ уйлари, гаражлар ва ўзга иморатлар, бинолар ҳамда иншоотлар, шунингдек моторли қайиқлар, вертолётлар, самолётлар ва бошқа транспорт воситалари (резина ғилдиракли автомобиллар, мотоцикллар ҳамда бошқа ўзиюрар машина ва механизмлардан ташқари) ушбу Қонунга мувофиқ солиқ солинадиган объектлар ҳисобланади.



3-модда. Солиқ ставкалари

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Солиқ тўловлари солиқ солиш объектлари жойлашган (рўйхатдан ўтказилган) ердаги маҳаллий бюджетга киритилади.



4-модда. Солиқ имтиёзлари

Ушбу Қонунда белгилаб қўйилган барча солиқларни тўлашдан:

Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан мукофотланган шахслар;

Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва партизанлари, уларга тенглаштирилган шахслар, Улуғ Ватан уруши даврида ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органларида хизмат қилган, ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмларда, штабларда ва муассасаларда штатли лавозимларни эгаллаб турган шахслар, Ленинград шаҳри қамалини бошдан кечирганлар, концентрацион лагерларнинг собиқ кичик ёшли маҳбуслари, байналмилалчи жангчилар;

"Қаҳрамон она" унвонига сазовор бўлган шахслар, шунингдек ўнта ва ундан ортиқ бола туққан ҳамда тарбиялаган оналар;

Чернобиль атом электр станцияси теграси доирасидаги фалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашганлиги учун имтиёз оладиган (шу жумладан, у ерга вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига йўлланган) фуқаролар озод қилинадилар.

Иморатлар, бинолар ва иншоотларга солинадиган солиқ тўлашдан:

пенсионерлар, I ва II гуруҳ ногиронлари;

ҳарбий хизматчилар жумласидан бўлмиш солдатлар, сержантлар, старшиналар, прапоршчиклар ва уларнинг оилалари - ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ даврида, шунингдек муқобил хизматни ўтаётган шахслар;

ҳарбий хизмат вазифаларини адо этаётганда ярадор бўлганлик, контузияга учраганлик ёки шикастланганлик натижасида ёхуд фронтда бўлиш туфайли орттирилган касаллик оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва бошқа турмуш қурмаган рафиқалари (эрлари);

Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларининг хизмат вазифаларини адо этаётганда яраланганлик, контузияга учраганлик ёки шикастланганлик оқибатида ногирон бўлиб қолган бошлиқ ва оддий аскар шахслар жумласидан бўлмиш ногиронлар озод қилинадилар.



5-модда. Солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби

Солиқларни давлат солиқ органлари ҳисоблаб чиқарадилар.

Солиқ имтиёзлари ҳуқуқига эга бўлган шахслар керакли ҳужжатларни солиқ органларига мустақил равишда тақдим этадилар.

Иморатлар, бинолар ва иншоотларга доир солиқ уларнинг ҳар йили 1 январгача бўлган ҳолати юзасидан коммунал хўжалиги органлари берадиган инвентаризация қийматига доир маълумотлар асосида, бундай маълумотлар бўлмаган тақдирда эса - мазкур объектларнинг давлат мажбурий суғуртасига мувофиқ тўловларни ҳисоблаб чиқишда қўлланиладиган баҳо асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Бир неча мулкдорнинг улушбай асосидаги умумий эгалигида бўлган иморатлар, бинолар ва иншоотлар учун солиқ ҳар бир мулкдор томонидан мазкур иморатлар, бинолар ва иншоотлардаги улушига мутаносиб равишда тўланади.

Транспорт воситаларига солинадиган солиқ тўлов ёзиладиган йилнинг 1 январигача бўлган ҳолат бўйича, транспорт воситаларини рўйхатга олишни амалга оширувчи ташкилотлар ҳар йили солиқ органларига тақдим этадиган маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқ тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун керакли маълумотлар солиқ органларига бепул тақдим этилади.

Янги иморатлар, бинолар ва иншоотлар, шунингдек янги сотиб олинган транспорт воситалари юзасидан солиқ қуриб битказилган ёки сотиб олинган йилдан кейин келадиган йилдан бошлаб тўланади.

Бир неча жисмоний шахс эгалигидаги транспорт воситаси учун солиқ транспорт воситаси рўйхатда кимнинг номига қайд этилган бўлса, шу шахсдан ундирилади.

Меросга қолган иморат, бино, иншоот ёки транспорт воситаси учун солиқ мерос очилган пайтдан эътиборан меросхўрлардан ундириб олинади.

Иморат, бино, иншоот ёки транспорт воситаси йўқ қилинган, батамом бузилган ҳолларда солиқ ундириш иморат, бино, иншоот ёки транспорт воситаси йўқ қилинган ёхуд батамом бузилган ойдан бошлаб тўхтатилади.

Иморат, бино, иншоот ёки транспорт воситасига эгалик ҳуқуқи календарь йил давомида бир мулкдордан иккинчисига ўтган тақдирда солиқни биринчи мулкдор ўша йилнинг 1 январидан бу мулкка эгалик ҳуқуқини йўқотган ойнинг бошигача бўлган давр учун, янги мулкдор эса эгалик ҳуқуқини қўлга киритган ойдан бошлаб тўлайди.

Календарь йил давомида солиқ имтиёзлари ҳуқуқи юзага келган тақдирда солиқ бу ҳуқуқ юзага келган ойдан бошлаб қайта ҳисоблаб чиқилади.

Солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлов қоғозлари солиқ органлари томонидаи ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай топширилади.

Мол-мулк эгалари солиқни тенг иккига бўлиб икки муддатда - 15 июндан ва 15 декабрдан кечиктирмай тўлайдилар.

Солиқ тўловига ўз вақтида тортилмаган шахслар уни кўпи билан олдинги уч йил учун тўлайдилар.

Нотўғри олинган солиқнинг кўпи билан олдинги уч йиллиги қайта кўриб чиқилишига йўл қўйилади.



6-модда. Солиқ тўловчиларнинг жавобгарлиги

Ушбу Қонун талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ҳолларда муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун тўланмаган сумманинг 0,5 фоизи миқдорида пеня ёзилади.



7-модда. Солиқ ундирилишини назорат қилиш

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкидан вақтида, тўғри ва тўлиқ солиқ ундирилишини назорат қилиб бориш давлат солиқ органлари зиммасига юклатилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., 1-сон, 10-модда