Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 14.01.1992 й. 524-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида халқ депутатини чақириб олиш тартиби тўғрисида"ги Қонуни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.01.1992 й.

N 524-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ХАЛҚ ДЕПУТАТИНИ ЧАҚИРИБ

ОЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида халқ депутатини чақириб олиш ҳуқуқи депутатнинг ҳақиқатан ҳам сайловчилар назорати остида иш олиб бориши ва уларнинг олдида масъулиятли бўлишининг кафолатидир.



1-модда. Халқ депутатини чақириб олишнинг асослари


Депутатлик вазифаларини бажармаслик, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ва қонунларини бузиш оқибатида ёки бошқача кўринишда сайловчиларнинг ишончини оқламаган Ўзбекистон Республикасининг халқ депутати, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг депутати исталган пайтда, лекин кечи билан депутатлик ваколати муддати тугашига олти ой қолгунига қадар ушбу Қонунда белгиланган тартибда сайловчилар кўпчилигининг қарори билан чақириб олиниши мумкин.



2-модда. Халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклиф


Ўзбекистон Респубикаси халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклиф тегишли сайлов округи ҳудудида жойлашган меҳнат жамоаларининг йиғилишлари (конференциялари), қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган жамоат бирлашмалар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва хизматчиларининг талабалар билан биргаликдаги йиғилишлари, сайловчиларнинг турар жойлардаги ва ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишлари томонидан киритилиши мумкин.

Маҳаллий Кенгашнинг халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклиф халқ депутатлари тегишли маҳаллий Кенгашининг ҳудудида жойлашган меҳнат жамоаларининг, қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган жамоат бирлашмалари вакилларининг йиғилишлари (конференциялари), олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва хизматчиларининг талабалар билан биргаликдаги йиғилишлари, сайловчиларнинг турар жойлардаги ва ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишлари томонидан, шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгашлари депутатларига нисбатан эса - шунингдек ҳудудий ўзини ўзи бошқариш жамоат идоралари томонидан киритилиши мумкин.

Йиғилишлар "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайлови ҳақида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари сайлови ҳақида"ги қонунларда белгиланган тартибда ўтказилади. Йиғилишларнинг баёнлари корxоналар, муассасалар, ташкилотлар ва маҳаллий ижроия-бошқарув идораларининг раҳбарлари томонидан тасдиқлаб берилади.

Халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклиф ёзма равишда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсатига, xалқ депутатлари маҳаллий Кенгашига берилади.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклифни округда кўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг сони сайлов куни сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчилар умумий сонининг камида 10 фоизини ташкил этиши керак. Бунда Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги таклифни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишлар чақириб олиш тўғрисидаги дастлабки таклиф тушган вақтдан бошлаб 20 кун мобайнида ўтказилади. Йиғилишлар ўтказишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати топшириғига биноан тегишли ноҳия ёки шаҳар ҳокими зиммасига юклатилади, у эса чақириб олиш тўғрисидаги таклифлар бериш тугаган кундан бошлаб 5 кунлик муддат ичида турар жойини кўрсатган ҳолда чақириб олиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсатига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асосли бўлгани такдирда бу таклифни қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг рўйхатини олганидан бошлаб 15 кунлик муддат ичида округ комиссиясини тузиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади, матбуотда хабар эълон килади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати округ комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул килганидан кейин кўпи билан 7 кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашлари ёки уларнинг ҳокими томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш бўйича округ комиссиясининг таркиби тасдиқланади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ёки унинг раёсати депутатни чақириб олиш тўғрисидаги таклифни олгач 7 кунлик муддат ичида уни қараб чиқади ва таклиф асосли бўлган тақдирда округ комиссияси тузиш тўғрисида қарор қабул қилади. Округ комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин 5 кунлик муддат ичида тегишли Кенгаш ёки ҳоким томонидан округ комиссиясининг таркиби тасдиқланади.

Халқ депутатлари шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар, қишлоқ ва посёлка Кенгашининг депутатини чақириб олиш бўйича камида 3 кишидан иборат округ сайлов комиссиясинииг таркиби тегишли Кенгашнинг раиси томонидан мазкур Кенгаш доимий комиссияларининг раислари билан биргаликда тасдиқланади. Агарда муҳокама чоғида доимий комиссиялар раислари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этса ва овоз берганларнинг ярмидан кўпи унинг қабул қилинишини ёқласа, мазкур масалага доир қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Халқ депутатлари шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгашининг раиси ушбу Қонун талабларидан келиб чиқадиган бошқа қарорларни ҳам худди шу тартибда қабул қилади.

Чақириб олиш тўғрисидаги таклиф асоссиз деб эътироф этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши чақириб олиш тўғрисида таклиф киритган жамоалар ва идораларни, тегишли округдаги сайловчиларни бундан хабардор қилади.



3-модда. Халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги

таклиф қараб чиқилаётганда унинг ҳуқуқлари

кафолатланиши


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати, маҳаллий Кенгаш ёки ҳоким, округ комиссияси 5 кунлик муддат ичида депутатга уни чақириб олиш тўғрисида таклиф тушганлиги ҳамда бу таклифнинг қараб чиқилиш тартибини ёзма равишда маълум килиб, депутатга уни чақириб олиш тўғрисида таклиф киритган жамоа ёки идора йиғилиши баёнининг нусхасини такдим этади. Баёнда чақириб олиш важлари кўрсатилган бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсатининг округ комиссиясини тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарори 3 кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясига жўнатилади.

Депутат ўзини чақириб олиш тўғрисида таклиф киритилиши учун асос бўлиб хизмат қилган вазиятлар хусусида округ комиссиясига ёзма равишда ариза такдим этишга, шунингдек сайловчиларнинг йиғилишларида (конференцияларида) сўзга чиқишга, матбуотда мақола эълон қилишга, телевидение ва радио орқали сўзлашга, ўзига тааллуқли чақириб олиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинаётган йиғилишлар ва мажлисларда иштирок этишга ҳақлидир.

Башарти, депутатни чақириб олиш тўғрисида таклиф киритиш учун асос бўлиб хизмат қилган вазиятлар судда қараб чиқишга тааллуқли иш бўлса, суд ушбу иш юзасидан узил-кесил қарор чиқаргунига қадар тегишли Кенгаш ёки ҳоким, округ комиссияси чақириб олишга доир таклифнинг қараб чиқилишини тўхтатиб туради.

Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги масала қўйилишига сабаб бўлган сохта ахборотни қасддан берган фуқаролар амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгар бўладилар.



4-модда. Халқ депутатини чақириб олиш

тўғрисида масала қўзғатиш


Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини, вилоят, ноҳия, шаҳар (вилоятга бўйсунувчи шаҳар) Кенгаши депутатини чақириб олишга доир масала қўзғатишни округ сайловчиларининг конференцияси ҳал қилади.

Округ сайловчиларининг конференцияси округ комиссияси тузилганидан кейин 10 кунлик муддат ичида округ комиссияси чиқарадиган қарорга мувофиқ ўтказилади ва округ комиссияси томонидан белгиланадиган сайлов округига кирувчи меҳнат жамоалари аъзоларининг, аҳоли пунктларида истиқомат қилувчи сайловчиларнинг сонини ҳисобга олган ҳолда нормалар бўйича шакллантирилади. Округ сайловчиларининг конференциясига вакиллар меҳнат жамоалари йиғилишлари (конференциялари) томонидан, қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган жамоат бирлашмаларининг идоралари томонидан, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва хизматчиларининг талабалар билан биргаликдаги йиғилишлари, сайловчиларнинг турар жойлардаги ва ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишлари томонидан очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан кўрсатилади. Конференцияга тегишли сайлов округи ҳудудида истиқомат қилувчи сайловчиларгина вакил қилинади. Делегатларнинг рўйхати истиқомат жойлари кўрсатилган ҳолда йиғилишнинг эртаси куни округ комиссиясига топширилади.

Сайловчилар вакил қилган кишиларнинг учдан икки қисми ҳозир бўлгани тақдирда округ сайловчиларининг конференцияси қонуний кучга эга бўлади ва у чақириб олиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлашга ёки қўллаб-қувватлашдан бош тортишга ҳақлидир. Бу хусусдаги қарор конференция қатнашчилари кўпчилигининг овози билан яширин овоз бериш йўли орқали қабул қилинади ва округ сайловчиларининг эътиборига етказилади.

Халқ депутатлари шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ, посёлка Кенгашининг депутатини чақириб олишда округ сайловчиларининг конференцияси ўтказилмайди.



5-модда. Депутатни чақириб олиш тўғрисидаги

масала юзасидан овоз беришни тайинлаш


Округ сайловчилари конференциясининг Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш тўғрисида масала қўзғатишга доир қарори 5 кунлик муддат ичида округ комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясига юборилади. Марказий сайлов комиссияси 15 кунлик муддат ичида чақириб олиш тартибига қай даражада риоя қилинганлигини текширади ва чақириб олиш тўғрисидаги масала юзасидан овоз бериш ўтказишни тайинлайди.

Округ сайловчилари конференциясининг вилоят, ноҳия, шаҳар (вилоятга бўйсунувчи шаҳар) Кенгаши депутатини чақириб олиш тўғрисида масала қўзғатишга доир қарори 3 кунлик муддат ичида тегишли округ комиссиясига юборилади, бу комиссия 10 кунлик муддат ичида чақириб олиш тартибига қай даражада риоя қилинганлигини текширади ва чақириб олиш тўғрисидаги масала юзасидан овоз бериш ўтказишни тайинлайди.

Халқ депутатлари шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгашининг депутати чақириб олиш масаласини ҳал қилиш чоғида тегишли округ комиссияси ўзи тузилганидан кейин 7 кунлик муддат ичида чақириб олиш тартибига қай даражада риоя қилинганлигини текширади ва чақириб олиш тўғрисидаги масала юзасидан овоз бериш ўтказилишини тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш тўғрисидаги масала юзасидан овоз беришни ўтказиш куни - округ сайловчиларининг конференцияси қарор қабул қилган кундан бошлаб кўпи билан икки ой ичида; вилоят, ноҳия, шаҳар (вилоятга бўйсунувчи шаҳар) Кенгаши депутатини чақириб олиш юзасидан овоз беришни ўтказиш куни - округ сайловчиларининг конференцияси қарор қабул қилган кундан бошлаб 40 кундан кечиктирмай; шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгаши депутатини чақириб олиш юзасидан овоз беришни ўтказиш куни - округ комиссия тузилганидан кейин кечи билан 35 кун ичида белгиланиши керак.



6-модда. Депутатни чақириб олишни ёқлаб ёки

чақириб олишга қарши ташвиқот ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссияси ёки округ комиссияси депутатни чақириб олиш тўғрисида овоз бериш кунини тайинлаганидан кейин сайловчиларга ва меҳнат жамоаларига: депутатни чақириб олиш билан боғлиқ масалаларни эркин ҳамда ҳар томонлама муҳокама этиш имконияти кафолатланади, шунингдек йиғилишларда, матбуотда, телевидение ва радио орқали депутатни чақириб олишни ёқлаб ёки чақириб олишга қарши монеликсиз ташвиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Чақириб олиш тўғрисида масала қўзғатиш кимга тааллуқли бўлса, ана шу депутатга, шунингдек унинг ишончли вакилларига оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда эркин ташвиқот юритиш ҳуқуқи берилади.

Депутатни чақириб олишга бағишланган овоз бериш кунида ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.



7-модда. Овоз беришни ўтказиш комиссиялари ва

участкалари, овоз берувчиларнинг рўйхати


Халқ депутатини чақириб олиш бўйича ишларни ташкил этиш тегишли округ комиссиялари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чакириб олиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун овоз бериш участкалари овоз беришга камида 35 кун қолганида ташкил этилади ва овоз беришга камида 30 кун қолганида участка комиссиялари тузилади.

Маҳаллий Кенгаш депутатини чақириб олиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун овоз бериш участкалари овоз беришга камида 25 кун қолганида ташкил этилади, участка комиссиялари эса овоз бериш кунига камида 20 кун қолганида тузилади.

Вилоят, ноҳия, шаҳар (вилоятга бўйсунувчи шаҳар) Кенгаши депутати чақириб олинаётганида, зарур холларда округ комиссиясининг қарорига мувофиқ участка комиссиялари тузилмаслиги мумкин, бунда уларнинг вазифаларини округ комиссиялари бажаради.

Шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгаши депутати чақириб олинаётганида тегишли округнинг ҳудуди битта участка деб ҳисобланади, участка комиссияси тузилмайди, бунда унинг вазифаларини округ комиссияси бажаради.

Сайловчиларнинг рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш ўтказиладиган кунга камида 10 кун қолганида тақдим этилади.

Чақириб олиш бўйича овоз беришни ўтказиш учун комиссиялар тузиш ва уларнинг фаолияти, овоз бериш участкаларини ташкил этиш, сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайлови ҳақида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови ҳақида"ги қонунларида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади.

Округ ва участка комиссияларининг ваколат муддатлари депутатни чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари чиқарилиб, рўйхатдан ўтказилгач тугайди.



8-модда. Овоз бериш бюллетени


Чақириб олиш масаласи бўйича овоз бериш бюллетенида депутатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими (машғулоти), унинг ишлаш ва яшаш жойи кўрсатилади.

Чақириб олиш тўғрисидаги овоз бериш бюллетени давлат тилида ва миллатлараро муомала тилида босиб чиқарилади.



9-модда. Овоз бериш ва унинг натижаларини аниқлаш


Ўзбекистон Республикасида халқ депутатини чақириб олиш масаласи юзасидан овоз бериш яширин ўтказилади. Овоз беришни ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайлови ҳақида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайлови ҳақида"ги қонунларига мувофиқ ўтказилади.

Овоз бериш чоғида агар сайловчи депутатнинг ваколати сақлаб қолинишини ёқлаб овоз берса - депутатнинг бюллетендаги фамилиясини қолдиради, депутатни чақириб олиш учун овоз берса - унинг фамилиясини ўчириб ташлайди.

Агар овоз берувчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ярмидан кўпи депутатни чақириб олишни ёқлаб овоз берган бўлса, депутат чақириб олинган ҳисобланади.

Агар овоз берувчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ярмидан ками чақириб олишни ёқлаб овоз берган бўлса, шунингдек овоз беришда овоз берувчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ярмидан ками қатнашган бўлса, чақириб олиш рад этилган ҳисобланади.

Чақириб олишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар тенг бўлган тақдирда депутат ўз ваколатларини сақлаб қолади.

Қонун бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли округ комиссияси овоз бериш натижаларини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Овоз бериш натижалари овоз беришнинг эртаси куни округ комиссиясининг мажлисида аникланади, баёнга киритилади ва тегишинча Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига ёки ҳокимга юборилади.

Марказий сайлов комиссияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ёки ҳоким, шаҳар (ноҳияга бўйсунувчи шаҳар), қишлоқ ва посёлка Кенгашининг раиси ўзига юборилган округ комиссиясининг баёни асосида 5 кунлик муддат ичида овоз бериш натижаларини қайд этади, ушбу Қонун бузилганлиги аниқланган ва овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда такрор овоз беришни белгилайди. Такрор овоз бериш узоғи билан икки ҳафта муддат ичида ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини чақириб олиш бўйича овоз бериш якунлари тўғрисида Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашини ёки унинг Раёсатини хабардор қилади.

Башарти, овоз бериш натижасига кўра халқ депутати чақириб олинган бўлса, депутатни чакириб олиш бўйича овоз бериш якунлари рўйхатга олинган пайтдан бошлаб унинг ваколати муддатидан олдин тугатилган ҳисобланади.



10-модда. Овоз беришни ўтказиш билан боғлик харажатлар


Депутатни чақириб олиш масаласи бўйича овоз беришни тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тегишинча республика ёки маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.

Корxоналар, муассасалар ва ташкилотлар, давлат ва жамоат идоралари овоз беришни тайёрлаш ва ўтказиш учун зарур бинолар ҳамда жиҳозларни тегишли комиссиялар ихтиёрига берадилар.

Чақириб олиш масаласи ўзига тегишли бўлган депутат сайловчилар билан учрашув ўтказадиган давр ичида ўз аризасига биноан ишдан бўшаб туради, унинг харажатлари тегишинча республика ёки маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатини

чақириб олиш тартиби тўғрисидаги Ўзбекистон

Республикаси Қонуни бузилганлиги

устидан шикоят қилиш


Ушбу Қонун бузилганлигига доир аризалар ва шикоятларни тегишли округ комиссияси кўриб чиқади. Округ комиссиясининг қарори устидан шикоят тушган тақдирда бу шикоят бўйича Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссияси, тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ёки ҳоким узил-кесил қарор чиқаради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 4-сон, 179-модда