Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.03.2005 й. ПҚ-24-сон "Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш дастури тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.03.2005 й.

N ПҚ-24



ЖАМИЯТНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ

ВА ЯНГИЛАШ, МАМЛАКАТНИ ИСЛОҲ

ҚИЛИШ ҲАМДА МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчлик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган 2005 йил ва узоқ муддатли истиқболда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш устувор вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялашнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга ошириш Дастурини тайёрлаш ҳамда унинг аниқ йўналишларипи амалда рўёбга чиқариш бўйича ишчи гуруҳларнинг янгиланган таркиби 1-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Ишчи гуруҳлар таркибига ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жамиятни модернизациялаш бўйича зарур имконияларга, тажриба ва таклифларга эга бўлган тегишли идораларнинг раҳбарлари ва етакчи мутахассислари, ноҳукумат ва жамоат тузилмалари, халқаро институтлар, илмий ва консалтинг ташкилотларининг вакиллари киритилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Мазкур ишчи гуруҳлар зиммасига амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни танқидий таҳлил қилиш ҳамда қайта кўриб чиқиш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатнинг демократлаштириш йўлидан жадал харакат қилиб бориши ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги асосий мақсад, вазифа ва устувор йўналишлар амалга оширилишини тизимли асосда ва босқичма-босқич таъминлайдиган қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг янги лойиҳаларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари ва ҳукумат қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юклатилсин.

Ишчи гуруҳлар 2005 йилнинг 1 майига қадар муддатда аниқ таклифлар тайёр бўлишига қараб уларни белгиланган тартибда Жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш ва янада ислоҳ қилиш ҳамда маъмурий ислоҳотни амалга ошириш соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш комиссиясига (Р.С. Азимов) киритсинлар.


3. Жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш ва янада ислоҳ қилиш ҳамда маъмурий ислоҳотни амалга ошириш соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш комиссияси (Р.С. Азимов):

ишчи гуруҳлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, уларнинг ишида амалий ёрдам кўрсатсин;

мазкур ишчи гуруҳлар таклиф ва материалларни тақдим этишига қараб қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари ва ҳукумат қарорларининг лойиҳаларини тайёрласин ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бизнинг бош мақсадимиз  жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир" мавзуидаги маърузасида кўзда тутилган:

2-иловага* мувофиқ давлат қурилиши ва бошқаруви, қонунчилик ҳокимиятининг роли ва таъсирини кучайтириш соҳасида:

3-иловага* мувофиқ суд ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада эркинлаштириш;

4-иловага* мувофиқ оммавий ахборот воситалари фаолиятани янада демократлаштириш соҳасида;

5-иловага* мувофиқ ташқи сиёсат соҳасида;

6-иловага* мувофиқ бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни тобора эркинлаштириш соҳасида Ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш концепцияси маълумот учун ва ишчи гуруҳлар томонидан амалда фойдаланиш учун қабул қилинсин.


5. Ўзбекистан Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзтелерадиокомпания, Ўзбекистон Миллии ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари Дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг боришини, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнларини ҳар томонлама ва мунтазам ёритиш борасида мавзулар бўйича кўрсатувлар ҳамда мақолаларни уюштирсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 февралдаги ф-2116-сонли Фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 10-11-сон, 71-модда.