Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.10.2007 й. ПҚ-706-сон "2008 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.10.2007 й.

N ПҚ-706



2008 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН ШУДГОРЛАШ

ИШЛАРИНИ ЎТКАЗИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


2008 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш, қулай агротехник шарт-шароитларни яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагромашсервис" уюшмасининг 2008 йил ҳосили учун шудгорлаш ҳажми ва муддатлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган таклифлари иловага* мувофиқ қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда "Ўзагромашсервис" уюшмасининг раҳбарлари зиммасига қуйидагилар учун шахсий жавобгарлик юклансин:

техника таъмирланишини ўз вақтида ниҳоясига етказиш, машина-трактор парклари ва фермер хўжаликларининг буюртманомалари бўйича ҳайдов агрегатларига хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар ҳамда таъмирлаш материалларининг тегишли захирасини тайёрлаш ва ҳозирлаб қўйиш;

тасдиқланган агротехника нормаларидан келиб чиққан ҳолда шудгорлаш сифатини, шудгорлашнинг зарур чуқурлиги ва бир текислиги, минерал ва органик ўғитлар солинишини ҳамда шудгорлашнинг белгиланган муддатларда тугалланишини таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси шудгорлаш ишларининг сифатли олиб борилиши, тасдиқланган агротехника нормаларига, шунингдек, ушбу Қарор билан тасдиқланган иловага мувофиқ ҳажм ва муддатларга риоя қилиниши устидан назорат ўрнатсин. Ҳисоботни бузиб кўрсатиш ва бошқа қоидабузарлик фактлари аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган қаттиқ жавобгарлик чоралари кўрилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагромашсервис" уюшмаси, республиканинг қишлоқ хўжалик машинасозлиги корхоналари билан биргалиқда қуйидагиларни таъминласин:

уч кун муддатда шудгорлашнинг бориши ва сифатини назорат қилувчи ҳудудий комиссиялар тузиш ва уларга шудгорлаш ишларининг ҳажмлари, муддатлари ва сифатини баҳолаш натижаларига кўра танлов асосида кенг муҳокама ва ошкораликни таъминлаган ҳолда ҳар бир туман бўйича хўжаликлар ва машина-трактор паркларининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларига рағбатлантирувчи мукофотлар жорий этиш ҳуқуқини бериш;

бир ҳафта муддатда, ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, туманлар ва хўжаликлар бўйича шудгорлашни ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ҳайдов тракторлари ва кўчма таъмирлаш устахоналари икки сменада тўлақонли ишлашини ташкил қилиш, шунингдек, уларнинг ишларини отряд услубида ташкил қилган ҳолда улардан самарали фойдаланиш;

шудгорлаш ишларида қатнашаётган механизаторлар ва операторлар учун маиший ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратиш;

корхона ва ташкилотларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, уларнинг ҳайдов тракторлари ва кўчма таъмирлаш устахоналарини шудгорлаш ишларига шартнома асосида жалб этиш;

хўжаликлар ва машина-трактор парклари буюртмаларига асосан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, шунингдек кўчма таъмирлаш устахоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси белгиланган тартибда тузилган шартномалар ва тўловларга мувофиқ шудгорлаш даврида минерал ўғитлар солинишини таъминлайдиган муддатларда республиканинг барча минтақаларига ўғитлар бир маромда етказиб берилишини таъминласин.


6. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси ёнилғи-мойлаш материалларининг зарур захирасини яратсин ҳамда уларни шудгорлашда иштирок этувчи қишлоқ хўжалик корхоналарига, машина-трактор парклари ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда узлуксиз етказиб берилишини ташкил қилсин.


7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 й., 10-сон, 497-модда