Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.05.2011 й. ПФ-4306-сон "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.05.2011 й.

N ПФ-4306



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МУСТАҚИЛЛИГИГА 20 ЙИЛ" ЭСДАЛИК

НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаш ҳамда давлатимиз мустақиллиги, иқтисодий, сиёсий, илмий-таълим, маданий, маънавий салоҳияти ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимизнинг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялаш, Ватанимизнинг муносиб ёш авлодини тарбиялаш ишига салмоқли ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:


1. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони таъсис этилсин.


2. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишонининг Низоми ва тавсифи 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.Мирзиёев) бир ой муддатда "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишонлари ва гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.


4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов







Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 17 майдаги

ПФ-4306-сонли Фармонига

1-ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига

20 йил" эсдалик нишони тўғрисидаги

НИЗОМ


1. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони билан давлатимиз мустақиллиги, иқтисодий, сиёсий, илмий-таълим, маданий, маънавий салоҳияти ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, унинг сарҳадлари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялаш, Ватанимизнинг муносиб ёш авлодини тарбиялаш ишида фидокорлик намуналарини кўрсатаётган зиёлилар, фан ва санъат арбоблари, ишчи ва хизматчилар, тадбиркорлар, фермерлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ва бошқа шахслар тақдирланадилар.


2. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони билан ушбу Низомнинг биринчи бандида кўрсатилган хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


3. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан вазирликлар, идоралар ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Мукофотланганларга эсдалик нишони билан бирга белгиланган шаклдаги гувоҳнома берилади.


4. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 17 майдаги

ПФ-4306-сонли Фармонига

2-ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига

20 йил" эсдалик нишони

ТАВСИФИ


"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил" эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади, у диаметри 34 миллиметрли доира шаклига эга.


Эсдалик нишонининг олд томонида таралаётган қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркасига ўрнатилган турналар шакли тасвирланган, унинг қуйи қисмида ер шари тасвири туширилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси харитаси акс эттирилган. Эсдалик нишонининг юқори қисмининг марказида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг юбилей санасини англатувчи "20 YIL" деган ёзув берилган.


Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб "O`ZBЕKISTON RЕSPUBLIKASI MUSTAQILLIGIGA 20 YIL" сўзлари ёзилган бўлиб, икки чеккасидан саккиз қиррали юлдуз билан чегараланган.


Эсдалик нишонининг олд томонидаги "O`ZBЕKISTON RЕSPUBLIKASI MUSTAQILLIGIGA 20 YIL" сўзларининг фони қизил эмаль билан, таралаётган қуёш нурлари, турналар ва ер шари акс этган қисмидаги фон мовий ранг эмаль билан қопланган.


Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган, пастки қисмининг марказида "2011" ёзуви қайд этилган.


Тасвирлар ва ёзув қабариқдир.


Эсдалик нишонининг қирралари гардиш билан ҳошияланган.


Эсдалик нишони ҳалқача ва илгакча ёрдамида устки қисмига эни 20 миллиметрли мовий-зангори рангдаги ипак лента ўралган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағич (колодка) билан туташтирилади.



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, 5-сон, 126-модда.